Эрнест Хемингуэй: “Ёзувчилик – машаққатли меҳнат” (1955)

Эрнест Хемингуэй

Америкада чиқадиган “Эсквайр” журнали ўзининг 1935 йил октябр сонида Э.Хемингуэйнинг “Маэстро” билан мулоқот” асарини эълон қилди. Унда машҳур ёзувчи ёш қаламкашларга, гарчи ҳазил тариқасида, лекин фойдадан холи бўлмаган қимматли маслаҳатлар беради. Адибнинг Ки-Уэстда ва Кубадалик пайти ёзилган мактубларида “маэстро” сўзи бот-бот учраб туради. Хўш, “маэстро” ким ўзи? Бу адабий қаҳрамон эмас, балки донгдор ёзувчи билан роса бир йил бирга яшаб, унинг сабоқларидан озиқ олган реал шахс эди.

Бирда Миннеаполис дорилфунуни журналистика факультетининг 22 ёшли битирувчиси Арнольд Самуэльсон маҳаллий “Трибюн” газетасида амалиёт курсини ўтаркан, Флорида штатига, Хемингуэй ҳузурига бормоқчи бўлади. Ўзининг қадрдон Мичиган штатидан Флоридагача қарийб икки минг километрли масофани йўловчи уловларда босиб ўтган мухбир Хемингуэйнинг уйини излаб топади. Бир куни тонгда у тўғри ёзувчиникига кириб боради ва дабдурустдан ундан ёзувчилик борасида таълим беришини илтимос қилади.

Шуниси ажабланарлики, Хемингуэй кутилмаган меҳмоннинг “камтарона” илтимосига рўйхушлик билдиради: ундан орзулари, келажакдаги режалари ҳақида батафсил сўраб-суриштиради. Сўнгра, баҳолиқудрат кўмаклашишга ваъда бериб, йигитдан ўзининг машҳур “Пилар” яхтасига соқчилик қилишини сўрайди ва кунига бир доллардан унга мояна ҳам тайинлайди. Тиришқоқ мухбир дарров рози бўлади ва бир йил мобайнида ўз вазифасини астойдил бажариб келади. Улар деярли ҳар куни балиқ овига чиқишар, ишдан бўш пайтлари у “Ота”га скрипкада куйлар чалиб берарди. Шу боис уни ҳамма “маэстро” деб чиқарар эди.

Улар кўпинча очиқ денгизда ёлғиз қолишарди, шунда турмуш ҳақида, одамлар ва балиқ ови тўғрисида суҳбат қуришарди, аммо “маэстро”ни ҳаммадан ҳам “ота”нинг ёзувчилик хусусидаги қарашлари қизиқтирарди. Соҳилга қайтгач, у устозининг ўгитларини пайдар-пай қоғозга тушириб борарди. “Маэстро” қисса ва ҳикояларини таҳририятларга йўллар, лекин улар чоп этилмасдан қолиб кетаверар эди. Барибир интилувчан йигитнинг меҳнатлари зое кетмади – “Мотор-боатинг” овчилар журнали унинг ҳикоясини босиб чиқаради. Севинчини яширолмаган устоз: “Энди сени ҳам ёзувчи деса бўлади, маэстро”, – деб қўяди.

Орадан бир неча йил ўтиб, А.Самуэльсон ўзининг “Дарбадарлар Мексикаси” романини эълон қилади. 1955 йилда “Эсквайр” журнали унинг “Битта – бу жуда кўп дегани” ҳикоясини чоп этгач, кутилмаганда устозидан қуйидаги мазмунда телеграмма олади: “Эсквайр”да босилиб чиққан асарингиздан бағоят мамнунман. Сиз билан фахрланаман. Эзгу тилаклар билан Эрнест”.

Бироқ Арнольд Самуэльсоннинг шу йиллар давомида Хемингуэй ҳақида, буюк устози билан Ки-Уэстда ва Кубада бирга ўтказган дамлари тўғрисида китоб ёзиш билан машғул бўлганлигини ҳеч ким билмас эди. Фақат орадан тўрт йил ўтиб, Самуэльсоннинг вафотидан кейингина, қизи Диана отасининг столи устидан “Эрнест Хемингуэй билан ёнма-ён” номли каттагина қўлёзмани топиб олади. У 1984 йили АҚШда китоб бўлиб чиқди. Қуйида буюк ёзувчининг ёш мухбир билан ёзувчилик маҳорати хусусидаги айрим мулоқотлари илк бор эълон қилинмоқда.

– Бир ўтиришда ҳаддан зиёд ёзиб юбормаслик – ёзувчилик фаолиятининг устивор қоидасидир. Ботинингизда йиғилиб қолган кечинмаларнинг барини бирваракайига тўкиб солманг. Эртанги кунга ҳам қолдиринг. Ёзувчиликда энг муҳими – вақтида ёзишдан тўхтай билиш. Қўлингиз келиб қолишини зинҳор кутиб ўтирманг. Агар ҳаммаси хамирдан қил суғургандай силлиқ кетаётган ва сиз ҳикоянгизни қизиқ жойига келиб қолгансиз-у, у ёғи нима бўлишини олдиндан билгандай, – худди шу ерда ўзингизга дам беринг. Қоғоз ва қаламни четга суриб қўйиб, у ҳақда бошқа ўйламанг; ҳали пишмаган асар шуурингизда маромига етсин.

Кечаси мириқиб ухлаб олгач, эртасига ўзингизни тиниққан ҳис этсангиз, ёзганларингизни бошқатдан кўчириб чиқинг. Қўлёзманинг кечаги қизиқ жойидан бошлаб, давоми қандай кечишини билганингиз ҳолда, диққатни тортадиган жойга етгунча қоғоз қоралайверинг. Ишни айнан шу йўсинда тугатганингиздан кейин, ҳикоянгизнинг мароқли ва ажиб лаҳзаларга бой чиққанлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Ҳар куни асарнинг аввал-бошига қайтиб, уни янгитдан кўчириб чиқинг. Салмоғи хийла ошгач, қўлга яна қалам тутиш олдидан қиссанинг кейинги 1-2 фаслини диққат билан ўқиб чиқинг ва уларни бошқатдан оқ қоғозга туширинг. Ҳафтада кам деганда бир марта қўлёзманинг муқаддимасига қайтинг ва барини бир бошдан ёзиб чиқинг. Ўшанда сизда яхлит асар пайдо бўлади. Қисса битгач, сизнингча, унинг матнидан олиб ташланиши керак бўлган сўз ва ибораларни қидириб топинг. Энг асосийси – айнан нималарнинг кераксизлигини англаб етишда. Матндаги ўринсиз жумла ва гаплардан воз кечишингизга қараб, иқтидорингиз нечоғлик ўсгани ҳақида фикр юритиш мумкин. Модомики, қиссангиздан, бошқа асарларда баланд нуқта ҳисобланадиган эпизодни тушириб қолдира олсангиз, ишончингиз комил бўлаверсин: сиз тўғри йўлдасиз…

Ёзувчилик кўтара савдо, оғир қўл меҳнатидан иборат иш экан, деб кўп ҳам руҳингизни тушираверманг. Бу – бор гап, лекин илож қанча. Мен “Алвидо, қурол!”нинг биринчи қисмини салкам 50 марта кўчириб чиққанман. Бунинг учун катта сабр-тоқат керак. Ҳа, айтгандай, ўзинг билмаган нарсага зинҳор қўл урмаслик лозим. Мутлақо хаёлот билан боғлиқ нарсалар поэзияга дахлдор. Қаламга олганингиз – жой, сиз таърифини келтирган одамларни яқиндан билишингиз лозим, акс ҳолда асарингиз аллақандай бўшлиқда осилиб қолади. Сўнг, ёзиш баробарида ўйлаб топаверасиз. Айтайлик, қиссанинг бир улушини ёзиб тугатдингиз, эртага нималар ҳақида ёзишни билсангиз-да, индин, яна икки кундан кейин ёзилажак нарсалардан мутлақо бехабарсиз. Қисса ниҳоясига етгунча ижод шу зайлда давом этаверади.

– Ижод қилишга киришаркансиз, миянгизда унинг аниқ белгиланган сюжети йўқлигига қарамасдан, қалам тутяпман деб ўйлайсизми?

– Энг яхши ҳикояларимни худди шу услубда яратганман. Агарда кўнглингизда ҳикояга арзигулик ажабтовур сюжет бўлса, дарров ёзишни бошланг. Уни бир ўтиришда қоғозга туширасиз. Аммо-лекин энг зўр асар бир кунда эмас, ҳафталар, ойлар давомида бунёдга келади. Бу анчайин мушкул, бироқ наинки ўзингиз, балки ўқувчингиз учун ҳам хийла мароқли иш. Модомики машқларингиздан бирон жўяли нарса чиқишини ўзингиз билмас экансиз, буни китобхон қаердан ҳам билсин.

Кенг жамоатчилик ва танқидчилар ўртасида эътироф этилган барча ажойиб асарларни мутолаа қилиб бориш керак, чунки сиз ёзган қисса ёки ҳикоя олдингиларникига ўхшаб қолса, табиийки, улар сизга ҳеч нарса бермайди. Сиз улардан-да беҳроқ ва теранроқ ёзишингиз зарур.

Айтганча, қайси адибларни севиб ўқийсиз?

– Стивенсон, Торо… Ҳаммасини бирданига айтиб беролмайман-ку…

– “Уруш ва тинчлик”ни ўқиганмисиз?

– Йўқ.

– Жудаям яхши роман. Албатта ўқиб чиқинг. Ҳозир мен хонамга ўтиб, биринчи навбатда ўқиб чиқишингиз шарт бўлган китоблар рўйхатини тузиб бераман.

Бир қарашда бир нарса дея олмайман-у, лекин жиддий одам кўринасиз… Сермулоҳазалик – ижодкор аҳлининг асосий хислати. Қалами ўткир ёзувчининг довруғи оламни тутади. Шунингдек, тасаввурга ва ифодалиликка бойлиги билан бу машғулот юксак санъат чўққиси ҳамдир. Кишида салоҳият ҳам бўлиши шарт. Ахир баъзилар умуман ёза олмайди. Баъзан уқувингиз йўқлигини сезиб қолсангиз, қандай иш тутган бўлардингиз?

– Қайдам? Киши ўзида қобилият бор ёки йўқлигини фаҳмлаши мумкинми?

– Асло. Иқтидор кутилмаганда яшиндек ярқ этиб чақнаши учун ёзувчи тинмай ёзишига тўғри келади. Зеро, истеъдодингиз бўлса, эртами-кечми у албатта ўзини намоён этади. Гарчи ёзувчилик барқарор даромад манбаи бўлмаса-да, сизга мунтазам ижод қилиб туришни маслаҳат бераман.

– Тасаввур ҳақида нималар дея оласиз? Башарти ёзувчида фантазия бўлмаса ҳам бўлаверадими?

– Ижод қилиш жараёнида тасаввурингизни бойитиб боринг.

Кишининг ўзи азалдан ношуд бўлса-чи?

– Баъзан шундай ҳам бўлиб туради.

– Ўтган йили мен бир қанча штатларни дарбадар кездим, оғир юк уловларини бошқардим. Саргардонлик ижодкор учун яхши тажриба мактаби вазифасини ўташи мумкин дейсизми?

– Ҳа, ўтайди. Бу менинг ҳам бошимдан кечган. Ҳозир эса оиламга тугал боғланиб қолганман. Бундан ташқари, ўз шахсиятингни ўрганмоқчи, юриш-туришингни кузатмоқчи бўлсанг, фақат йўл юришдан иш чиқмайди. Бирон жойда хийла вақт қўним топиб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўришинг, ўзлигингни англаб етишинг лозим. Оддий шарт-шароитлардан ҳам маҳрум дайдиларнинг бу қўналғаларидан материал тўплай билиш керак. “Гекльберри Финнинг саргузаштлари”ни ўқиганмисиз?

– Жудаям илгари.

– Яна ўқиб чиқинг. Бу Америка адиби қаламига мансуб энг ажойиб роман. Америка адабиётининг ибтидоси бу. Стивен Крейннинг “Мовийранг меҳмонхона” романини ўқиганингиз борми?

– Ўқиганим йўқ.

– Мана сизга ҳар бир ёзувчи мутолаа қилиши шарт асарлар рўйхати. Булар бўлғуси қаламкаш ўзлаштириши зарур мажбурий таълимнинг бир қисмидир.

Стивен Крейн – “Мовийранг меҳмонхона”, “Очиқ китоб”

Гюстав Флобер – “Бовари хоним”

Жеймс Жойс – “Дублинликлар”

Стендаль – “Қизил ва қора”

Сомерсет Моэм – “Башарий эҳтирослар юки”

Лев Толстой – “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина”

Томас Манн – “Будденброклар”

Жорж Мур – “Идеализмнинг инкор этилиши”

“Инглиз шеъриятининг Оксфорд китоби”

Ф.М.Достоевский – “Ака-ука Карамазовлар”

Эдуард Каммингс – “Маҳобатли хона”

Шарлотта Бронте – “Жэн Эйр”

Генри Жеймс – “Америкалик”.

Мабодо ушбу асарларни ўқимаган бўлсангиз, унда бадиий савиянгиз паст экан. Бу асарлар ўзида ёзувчилик санъатининг турли услубларини мужассам этган. Уларнинг айримлари сизни зериктирса, баъзилари шундай маҳорат билан ёзилганки, роман-навислик сизга, гўё эришиб бўлмайдиган орзудек туюлади.

– Романни бошлашдан аввал унинг сюжетини ривожлантириш мақсадида, албатта, режа тузиб чиқиш, ҳали ёзилмаган асарни бобларга ажратиш кераклиги тўғрисида ўқиганман…

– Бекор гап! Башарти режа асосида ёзадиган бўлсангиз, унда китобхон сизни бир зумдаёқ фош этиб қўяди. Баён усулингиз зўрма-зўраки чиқади, фантазиянгиз қовушмай, ғайритабиий кўринади. Баъзан буларнинг бари нима билан тугаши сизга олдиндан маълумдек туюлади. Бироқ қаламга қўл урганинг ҳамон ҳаммаси бутунлай бошқача тус олади. Асарнинг фасли қаерда тугашини ёш ижодкорлар ҳам билишади. Мен эса романни ёзиб тугатмагунча уни фаслларга ажратмайман.

– Ёзувчи ўз фаолиятини газета ва арзон-гаров нашрлардан бошлаши керак дейишади…

– Мутлақо нотўғри! Бу сафсатага асло ишонманг! Ёзувчи бўлишга аҳд қилдингми, пул топишни мухбирлик ёки бошқа касб-кордан ахтаришинг керак. Дарвоқе, мўмай пул топиш учун ёзувчилик қилиш шарт эмас. Агарда кундалик ёки ҳафталик нашрлар учун ҳар хил бўлмағур нарсалар ёзиш билан ўзингни овора қилаверсанг, натижада ҳеч қачон қалам тебратишни ўргана олмайсан. Бунинг учун киши бир муддат мухбирлик қилиб кўриши, бармоқларини қавартиб ишлаши зарур, чунки яхшигина “чигил ёзди” машғулоти – журналистика тилни мукаммал эгаллаш омили бўлиб хизмат қилади. Ва яна ҳар куни машқ қилиб туриш лозим. Кўрган-кечирганларин-гизни оқ қоғозга тушириб боришга, уларнинг жонли ва ёрқин баён этишга эришмоғингиз даркор. Мопассанга шундай ёзишни Флобер маслаҳат беради. Бирон нарсани, айтайлик, бандаргоҳдаги юк вагонини, денгиз бўғозида гувранаётган тўфонни безовта мавжланаётган денгиз сувлари-ни қаламга олинг. Буларнинг барига руҳий таассуротларингизни жо қилиб ёзинг. Зеро, мана шундай ҳар куни ёзиб боришни одат қилсангиз, уларни жон деб ўқиб чиқардим.

– Бир кунда нечта сўз ёза оласиз?

– Ҳар хил. Баъзан бир ўтиришда анча-мунча қоғоз қоралаб ташлайман, гоҳида бир неча кунлаб қўлим келишмай қийналиб юраман.

– Бернард Шоу, ёзувчиликни бўйнига олган киши ҳар куни кам деганда мингтагача сўз ёзиб бориши керак, деб таъкидлайди.

– Йўқ, бу жудаям кўплик қилади. Бир кунда мингта сўз битиш – бағоят мушкул иш. Башарти шу зайлда ишлайдиган бўлсангиз, кўп ўтмай ийиғингиз чиқиб кетиб, ҳар хил бўлмағур нарсаларни ёза бошлайсиз. Бир кунда 500 та сўз ёзганингиздаям, бунча кўп сийқа гап-сўзлар “тизими”ни китобат этадиган ноширни топиш жудаям қийин. Бир юз саксон мингта сўз – бу бир йилда иккита роман дегани.

– Нима бўлгандаям ёзувчиликка иштиёқим баланд. Бироқ ҳар сафар, қўлимга қалам тутарканман, ўзимни беҳуд ва ночор ҳис қила бошлайман.

– Бу ҳали ҳеч нарса дегани эмас. Масалан, мен ҳар гал, ёзишга ўтирарканман, лоақал икки мисра хат битишгаям ожиздек сезаман ўзимни. Ёзувчилик нақадар заҳматли иш. Бу касблар орасида энг мушкули! Агарда у осон бўлганида, унда ҳамма ёзувчиликни ихтиёр этармиди… Камдан-кам кишиларнинг қўлидан келгани учун ҳам уларга яхшигина пул тўлашади. Шунинг учун ёзгандаям зўр ёзиш керак!

– Ҳикоянгиз ўқишли чиқиши учун нима қилиш керак?

– Анчайин кишилар қизиқ бир воқеани оқ қоғозга тушириб, уни таъсирчан баён эта оладилар. Ҳамма гап ҳадеганда кўзга ташланавермайдиган осуда, жўн воқеани қизиқарли, сермазмун, ҳиссиётларга бой қилиб ифодалай билишда.

– Энг яхши асарларингиз шахсий ҳаётингиздан олиб ёзилганми?

– Мен уларни ўйлаб топганман. Воқеа, ҳодисаларни бичиб-тўқиш керак. Шахсий ҳаётини кузатган ўн кишингиздан атиги биттасининг кечинмаларини қаламга олиш мумкин. Масалан, бирон танишингизни ёши, исм-фамилияси, насл-насабини ўзгартириб, уни умрида кўрмаган мамлакат фуқароси қилиб, ундан ишонарли персонаж яратиш мумкин. Асар қаҳрамони учун бирон қизиқарли ҳолат яратиб, воқеа-ҳодисаларнинг жонли, тўлақонли чиқишига эришинг. Агар ўйлаб топиш, кашф этиш ҳадисини эгаллаб олган бўлсангиз, кўнглингизга сиққанича ёзаверинг.

Миянгизга ажойиб бир фикр келиб, сизни безовта қила бошласа, дарҳол уни қоғозга туширинг. Бир ўтиришда яратиладиган асарлар айнан шундай ёзилади. Ёдимда, бирда иккита ҳикояни бирданига ёзиб ташлаганман. Биттасини тамомлаб, ҳеч қандай чарчоқ ҳис қилмадим ва иккинчисиниям қотириб ташладим. Сиз тайёр ҳикоянгизни 1-2 ҳафта чеккага ташлаб қўйинг. Кейин, уни ўқиётганингизда, сизда муаллифнинг эмас, ўқувчининг тасаввури уйғонади…

– Мендаям ёзувчилик иқтидори шаклланармикин?

– Бунинг учун сизда барча имкониятлар мавжуд. Башарти ҳар биримиз довруғи оламни тутадиган буюк ёзувчи бўлишдек рўёга хомтамаликдан кечсаккина, орзу-умидларимиз ушалиши мумкин. Мен ибратли умр йўлини босиб ўтган инсонга адабиёт эшикларини очиб бердим. Унинг нечоғлик услубда ёзиши анчайин муҳим эмас, зеро яхши асар ёзган бўлса, у албатта ўз ноширини топади.

– Киши ўзига тўғри йўл танлаганлигини идрок эта олиши мумкинми?

– Ботинида алланима буни унга эслатиб туради.

– Биласизми, мен яккаш чиройли сўзларга учиб юраман…

– Бу – кўпларнинг қусури. Кенг китобхонлар оммаси ўртасида довруғ қозонган адабиёт ҳеч қачон ўз мавқеини йўқотмайди. Сен ўзинг ҳамиша мулоқотда бўлиб келган одамларнинг сўз бойлигидан ўз луғатингни қидириб топишинг лозим. Бу асрлар синовидан ўтган каломдир. Оддий, жўн сўзлар – сўзларнинг энг афзалидир.

Русчадан Илҳом Ҳафизов таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 6-сон