Биз киммиз ўзи? (Бўрибой Аҳмедов ва Шодмон Отабек суҳбати) (1992)

%image_alt%

Ш. Отабек. — Бўривой ака! Қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати туфайли кўп муаммоларга янгича тафаккур нуқтаи назаридан қараш имкони туғилди. Советлар диёрида миллий масала узил-кесил ҳал этилганлиги ҳақидаги афсоналарнинг миси чиқди. Аммо миллий низоларни келтириб чиқарган сабабларга енгил-елпи, юзаки баҳо берилаётгани ачинарли ҳол, албатта. Кўпчилик эса фожианинг туб, асл моҳиятини англашдан ҳали-ҳамон ожиз. Шу муносабат билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари тарихидаги умумий, муштарак жиҳатлар бу борадаги муаммолар хусусида гурунглашсак. Яқин ўтмишда яхлит, қон-қариндош бўлган туркий халқларнинг ажратиб юборилиши қандай аянчли оқибатларга олиб келганини кўриб турибмиз. Илгари уларнинг маънавий бойликлари ўртада эди, китобларини таржимонсиз тушунишарди. Дини, урф-одатлари муштарак бу халқлар эндиликда ҳатто қирпичоқ бўлганини ҳам кўрдик. Чингиз Айтматовнинг таъбири билан айтганда, «бу ўз-ўзини туркчасига қириш» — яъни «тюркский самогеноцид»дир. Наҳотки, кўҳна тарих бизга сабоқ бўлмаса?!.

Б. Аҳмедов. — Шодмонбек! Гурунгимиз аввалида бир истиҳолани айтиб қўймоқчиман. Одатда, бундай суҳбатлар кўпинча мансабдор кишилар, давлат арбоблари билан бўларди. Камина эса камтарин бир фуқаро. Шунинг учун мулоҳазаларимга оддий олимнинг фикри, деб қаралишини истардим. Мутлақ ҳақиқатга даъво қилолмайман, албатта.

Энди юқоридаги гапларингизга келсак, уларда жон бор, албатта. Менимча, юз бераётган айрим низолар, ҳатто қон тўкилишига олиб келган нохушликларнинг асосий сабабларидан бири Туркистон халқлари сунъий чегаралар воситасида ажратиб ташланганида, зўравонлик билан имлолари ўзгартириб юборилганида, деб биламан. Миллий низоларга қандайдир жангариларни, қайта қуриш сиёсатига қарши турган айрим доираларни сабабчи қилиб кўрсатилаётганига келсак, шахсан мен бундай гапларга ишонмайман. Бу — нари борса қуруқ сафсатадан, атай сувни лойқалатишдан ўзга нарса эмас. Миллатлараро низолар қаердан келиб чиққанини Фарғона, Ўш ва Ўзган воқеалари яққол кўрсатиб турибди. Аминманки, ўзбек билан қирғиз, тожик билан ўзбек ёки бошқа халқлар ҳеч қачон ўзича бир-бирига қўл кўтармаган, кўтармайди ҳам.

Ш. О. — Октябрь инқилоби ҳақида анчадан бери бир-бирига зид фикрлар айтилмоқда. Бу ўзига хос синов — тажриба ўзини оқламагани, турли халқлар бошига чексиз азоб-уқубатлар келтиргани, шунинг учун еттинчи ноябрни байрам эмас, балки мотам куни сифатида нишонлаш лозим, деган мулоҳаза ва таклифлар билдириляпти. Шундай шароитда биз лоақал Туркистонда Октябрь инқилоби қай тарзда рўй бергани ҳақидаги бор ҳақиқатни айтолмасак адолатдан бўлмас. Ленин инқилобни бир юртдан иккинчи юртга юбориш мумкин эмас, деган эди.

Б. А. — Октябрь инқилоби, шубҳасиз, жаҳон тарихида катта воқеа. Унинг муҳимлиги шундаки, байроғида «Бутун ҳокимият Советларга, ер — деҳқонларга, завод-фабрикалар — ишчиларга!» деган сўзлар битилган эди. Лекин, бахтга қарши, бу шиорлар оқибатда қуруқ гап бўлиб чиқди. Ҳокимиятни коммунистик партия эгаллаб олди: деҳқонларга ер тегмади, балки боридан ҳам ажралиб, мажбуран колхозларга бирлаштирилди. Ўртаҳол деҳқонлар эса қулоққа чиқарилиб, қувғин қилинди, қамалди. Завод-фабрикаларнинг инон-ихтиёри ҳам Совет давлатининг (давлат ҳам аслида компартия тасарруфида эди) қўлида қолди.

Туркистонда инқилоб қай тарзда рўй берганига келсак, бу энди мутлақо сир эмас. Туркистон халқларининг мақсад ва манфаатларини ифода этган ва халқ сайлаган Туркистон мухторияти (1917 йил 29 ноябрь куни ташкил топган) орадан кўп вақт ўтмай, халқ комиссарлари Совети деб аталмиш ҳукуматнинг (бошлиғи Ф. И. Колесов) амри-фармони билан Тошкентдан Қўқонга, ўлка ҳарбий комиссари Е. Перефильев бошчилигида 11 та эшелон билан жўнатилган пиёда ва отлиқ аскарлар ҳамда артиллерия қисмлари, шунингдек, арман буржуа-миллатчилари уюшмасининг аъзолари бўлмиш дашноқлар томонидан 1918 йил 19 февралда ағдариб ташланди. Воқеа қандай кечгани ҳақида гапирмай қўя қолай. Батафсил маълумотни Н. Норқуловнинг «Фан ва турмуш»да (1990 йил, 8-сон) ҳамда Марат Ҳасановнинг шу ойномада босилган (1990, 9—10-сонлар) мақолаларидан ўқиб олиш мумкин. Аслида мустақил бўлган Бухоро амирлиги ҳукумати ҳам куч билан (М. В. Фрунзе бошчилигида) ағдариб ташланди. Хоразм ҳукуматининг мустақиллиги ҳам шу тарзда топталди.

В. И. Ленин ва И. С. Сталин имзо чеккан икки ҳужжат: «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» мурожаатномасида (1917 йил 20 ноябрь) халқларга катта-катта ваъдалар берилганди. Улар ҳам амалга ошмади. Октябрь бунёд этган тузумнинг ўз халқига ўтказган зуғуми-чи?! Мёълумотларга қараганда, 1937—1952 йиллар ичида 20 миллион бегуноҳ кишилар қатағон қилиниб, шундан беш миллиони отиб ташланган. Қолганларининг суяги Россиянинг совуқ ва борса-келмас ўлкаларида чириб кетди. Шу жиҳатдан қаралганда, 7 ноябрь кунини миллий байрам сифатида эмас, аксинча, мотам куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги таклифлар тўғри, албатта.

Ш. О. — Келиб чиқиши муштарак бўлган қон-қардош халқларнинг бирлашиш ҳақидаги интилиши, адолатли талабини тўғри тушуниш, бундай ҳаракатларни бошқаларнинг манфаатларига зид деб қарамаслик катта аҳамиятга эга. Масалан, немис халқининг ягона Германия давлати байроғи остида бирлашувига биз ҳам хайрихоҳ бўлдик. Қайта қуриш сиёсатининг Шарқий Европага, бутун дунёга кўрсатаётган улкан таъсирини кўриб турибмиз. Шундай экан, туркий халқлар қачон бирлашади? Ёки пантуркист деган ёрлиқлардан ҳамон қўрқамизми? Эзгу ният йўлидаги улкан курашларга тайёрмизми? Бу саволларни ҳаётнинг ўзи кун тартибига қўймоқда.

Б. А. — Туркий халқлар қадим-қадим замонлардан, Олтой ва Сибирдан то Мармар денгизигача, Хитой ва Мўғилистон ҳудудидан Кавказ ортигача бўлган жуда катта музофотда истиқомат қилганлар. Буларнинг бир бўлаги — анатолия турклари аллақачонлар ўз тақдирини ўзлари белгилаб олишган. XIV асрдан бери Туркия мустақил, бугунги кунда тараққий этган давлат ҳисобланади.

Сибирь, Олтой, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Қозоғистон, Волга бўйи ва Кавказда истиқомат қилувчи туркий халқларга келсак, уларнинг ҳам илгари Турк ҳоқонлиги, Чиғатой ва Жўжи улуслари, Сибирь ва Қозон хонликлари, Дарбанд хонлиги, Ерканд хонлиги каби мустақил давлатлари бўлган. Булар кейинчалик кучли қўшни давлатларнинг мустамлакасига айланиб қолди.

Ўрта Осиё ва Қозоғистонда истиқомат қилувчи туркий халқлар IX асрдан бошлаб тожиклар билан қўшилиб, бир давлат таркибида, сомонийлар (819—1005), хоразмшоҳлар (995—1220), қорахонийлар (1005—1370), темурийлар (1370—1500), шайбонийлар (1500—1601), аштархонийлар (1601—1757) давлати таркибида ҳаёт кечирдилар. Шайбонийларнинг ягона давлати XVI асрнинг бошларида (1512) икки қисмга: Бухоро ва Хива хонлигига бўлиниб кетди, 1709 йили Фарғона ўлкаси Бухоро хонлиги таркибидан ажралиб чиқди ва бу ерда Қўқон хонлиги ташкил топди. Булар ҳам МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЛАР эди. Ҳар учала хонликда ҳам туркийзабон ўзбеклар, туркманлар, қирғизлар, қозоқлар ва қорақалпоқлар билан форсийзабон тожиклар биргаликда аҳил яшаб келдилар. XIX аср иккинчи ярмида Туркистон чор Россияси тарафидан босиб олингач, маҳаллий халқлар миллий мустақилликдан ажралиб қолди. Туркистон генерал-губернаторлиги ўрнатган шароитда ҳам бу халқлар бирга эдилар.

1920 йилнинг ўрталарига келиб улар сунъий равишда бўлиб юборилди. Бу маълум мақсад билан қилинган, албатта. Инглиз мустамлакачиларининг «Бўлиб юбор ва идора қил!» сиёсати ҳокимият тепасидагиларга яхши маълум эди.

Келажак ҳақида башорат қилолмайман-у, лекин, фикримча, Туркистон аталадими ёки Ўрта Осиё ва Қозоғистон Федератив жумҳурияти деб аталадими, бундан қатъи назар, бу халқлар қачонлардир яна бирлашадилар. Бунга имоним комил, албатта.

Ш. О. — Минг афсуски, гоҳо қон-қардошлигимизга раҳна соладиган, асосий масалалар бир четда қолиб, майда, бачкана манфаатларни байроқ қилиб олаётган кучлар ҳам йўқ эмас. Бундай ғайриилмий қарашлар оддий халқдан эмас, бурнидан нарини кўролмайдиган зиёлилардан чиқмоқда.

«Дружба народов» ойномасининг 1990 йил 9-сонида Тожикистон Фанлар Академиясининг академиги М. Шукуров «Ҳақиқатни биргаликда қидирайлик» дея жуда олийжаноб сарлавҳа қўйилган мақола чиқарганидан хабарингиз бор. Унда айрим зиёлиларимиз, олим ва ёзувчиларимизга жиддий айб қўйилган, улар миллатчиликда, пантуркизмда айбланадилар. Шу жиҳатдан қараганда, мақола биз учун у қадар катта янгилик эмас, негаки бунақа даъволар, таъна-дашномларни аҳён-аҳён тожик биродарларимиздан эшитиб турибмиз. Гарчи мақолага Ҳамид Исмоилов киноя оҳангида, аммо кўнглида чексиз дарду ғусса билан жавоб қилган бўлса-да, йирик тарихчи олим сифатида сизнинг фикрингиз қимматлидир. Айтинг-чи, бунақа баҳс-мунозараларнинг илдизи нималарга бориб тақалади? Наҳотки, ўзаро саъй-ҳаракатлар билан муаммоларга узил-кесил нуқта қўйиш мумкин бўлмаса?

Б. А. — Қон-қардошлигимизни бузишга уринаётганлар ҳақидаги гапга келсак, минг афсуски, бундай нохуш аҳволга дуч келиб турибмиз. Ачинарлиси шундаки, бундай фикрлар, Сиз ҳақсиз, зиёлилар, олимлар орасидан чиқмоқда. Тожикистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси Муҳаммаджон Шукуровнинг юқоридаги мақоласини ўқиб, кўп ранжидим, афсусландим. У халқлар дўстлигини ривожлантиришга хизмат қилмайди. Мен исми жисмига мос келиши лозим бўлган ойномада бу мақола босилганини ачинарли ҳол, деб ҳисоблайман. Халқлар ўртасидаги умумийликни ажратувчи омиллардан эмас, балки бирлаштирувчи, қон-қардошликни мустаҳкамловчи негизлардан қидирса дуруст бўларди.

Ш. О. — Ёдингизда бўлса, М. Шукуров ўша мақоласида Темур ҳақида алоҳида тўхталади, унга очиқдан-очиқ ҳақоратомуз ёрлиқлар ёпиштиради. Темур шахсига дунё миқёсида қизиқиш ҳар қачонгидан ҳам кучайган, у ҳақда янги-янги тадқиқотлар, китоблар, фильмлар яратилаётган бир даврда тожик академиги томонидан айтилган мана бу шафқатсиз сўзлар кишини ўйлантириб қўяди: «Бугунги кунда Темурни улуғлаш кўплаб халқларнинг тарихий хотирасига нисбатан ҳурматсизликдир, деб ҳисоблайман. Айниқса, унинг қиличи узоқ муддат тожиклар бошидан тушмаган эди».

Б. А. — Ҳа, ҳурматли олимимизнинг юқоридаги ва бошқа мақолаларида Муҳаммаджон Шукуров уни «қонхўр», «халқлар жаллоди» деб атайди. Амир Темур шаънига кўп нохуш гаплар айтилган. Амир Темурни пантуркизмда айблайди. (Қизиқ, пантуркизм деган ижтимоий-сиёсий оқим Темур даврида эмас, балки бизнинг замонамизда, XX аср бошларида пайдо бўлди.) Унингча, Темур ҳатто тожик халқининг ҳам жаллоди бўлганмиш. Кизиқ, Темур бутун Ўрта Осиё устидан, шунингдек, тожиклар устидан ҳам олий ҳукмдор бўлатуриб, нега унинг қиличи фақат биргина тожиклар устида ўйнаган экан? Нима, XIV асрнинг 40—50-йилларида ўзбеклар, туркманлар, қирғизлар ва бошқалар, аниқроғи, феодал тарқоқлик тарафдорлари бўлган Хизр Ясавурий, Ҳусайн Сўфи, Анқа Тўра ва бошқалар устидан ҳам қилич ўйнатмаганмиди у? Тарихий воқеалар ва айниқса, тарихий шахсларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятига баҳо беришнинг илм-фан тан олган маълум мезони бор. Бу мезон — холислик. Шунга кўра, бўлиб ўтган воқеа ва ҳодисаларга тўғри, ҳалол ёндашиш талаб қилинади.

Маълум шахснинг кимлиги, қайси замон фарзанди эканидан қатъи назар, унинг яхши ва ёмон томонлари ҳам мавжуд бўлади. Бу гап муҳтарам Муҳаммаджон Шукуровга ҳам, каминага ҳам тегишли. Шунинг учун ҳам бир шахснинг ижтимоий фаолиятига баҳо берганда холис қараш зарур. Афсуски, баъзилар Амир Темур шахсига баҳо берганда тирноқ остидан кир қидириб, фақат салбий томонларини кўришади. Темурнинг Ўрта Осиёни бирлаштириб, феодал тарқоқликни тугатгани, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, зироатчилик, илм-фан ва маданият ривожига катта йўл очиб берганини эса кўргилари келмайди. Аниқроғи, буни хаспўшлаб ўтадилар. Амир Темурнинг бошқа мамлакатларга қилган босқинчилик юришлари ҳақида оғиз кўпиртириб гапирадилар-у, лекин, негадир у Тўхтамиш ҳукмронлигидаги Олтин Ўрда давлатига қақшатқич зарба бериш билан Россиянинг мўғуллар асоратидан озод бўлишини тезлаштиргани ёки 1402 йили Туркия султони Боязид Йилдиримни тор-мор келтириб, Болқон ярим оролидаги халқларни усмонли турклар истибдодидан қутқариб қолганлигини ҳисобга олмайдилар ҳам. Тўғри, Амир Темур Искандар Зулқарнайн ва Қутайба, Пётр Биринчи ва Иван Грозний сингари ўз синфининг вакили, замонасининг фарзанди бўлган. Тарихда ёлғиз Амир Темургина босқинчи бўлган дейсизми? Юқорида санаб ўтилган подшолар фариштами? Улар қон тўкмаганми? Ўзгалар юртига босқин қилмаганми?

Ш. О. — Бўривой ака! Мавриди келганда яна бир муҳим гапдан муштарийларни хабардор қилсак. Мен Темур ҳақидаги фильмни назарда тутяпман. Унга бош маслаҳатчисиз.

«Ўзбекфильм» ижодкорлари шу маҳалгача асосан ўтмишимизни, айниқса, «босмачилик» деб аталмиш (ҳақиқий босмачи ким эканлиги эндиликда кўпчиликка аён бўлиб қолди) ҳаракатларни ниҳоятда масъулиятсизлик билан, юзаки, тарих ҳақиқатига зид равишда кўрсатиб келгани сир эмас. Шу туфайли улар эл-юртнинг назаридан қолдилар. Буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳақида яратилаётган янги асар қандай чиқар экан, деган хавотир кўнглимизни безовта қилиэ6б турибди.

Б. А. — Ҳақиқатан ҳам «Амир Темур» (русчаси «Великий Темур») деган икки қисмдан иборат бадиий фильм устида иш олиб борилмоқда. Муаллифлари Фридрих Горнштейн (Германия), Али Ҳамроев (СССР), Анжело де Дженти (Италия). Уни «Самарқандфильм» студияси билан Италия кинокомпанияси биргаликда суратга туширади. Ҳозир сценарий устидаги, шунингдек, кийимлар, қурол-аслаҳалар, безаклар, бош ролларни ижро этувчиларни танлаш ва бошқа ишлар поёнига етай деб қолди. Яқин орада суратга олиш бошланади. Фильмнинг қандай чиқиши муаллиф ва режиссёрнинг маҳоратига боғлиқ. Айни чоғда тарихни яхши билиш ва юксак эътиқод ҳам зарур деб ўйлайман. Тўғрисини айтсам, сценарийнинг дастлабки муҳокамаларидан кўнглим тўлгани йўқ. Баҳоли қудрат фикр-мулоҳазалар айтиб, тузатишлар киритишга уриниб кўрдим. Муаллифлар буни қай даражада инобатга олишганини билмайман. Дастлабки мулоқотлар, таассуротларга асосланиб фильм кўнгилдагидай чиқади, деб ишонч билан айтишим қийин. Сиз айтган хавотир кўнглимда икки ҳисса ортиқ, десам муболаға бўлмайди.

Ш. О. — Тарих сабоғи ҳақида гап кетганда, кўпинча бир маҳаллар жумҳуриятимиз мафкурасига раҳбарлик қилган Раъно Абдуллаева шахси кўз олдимга келади. Наврўзнинг ман қилиниши, динга нотўғри муносабат, ижодий зиёлиларга тазйиқ каби маънавий қатағонлар бевосита шу опа номи билан боғлиқ эканлигини ўйлаганимда ҳар гал бир савол менга тинчлик бермайди: бугун одамларнинг, эл-юртнинг кўзига қандай қараркин? Наврўз тантаналари бўлаётган давраларга қандай аралашаркин? Ҳойнаҳой, бутун умри тавба-тазарру билан ўтса керак?!

Йўқ! Янглишган эканман. «Совет Ўзбекистони» рўзномасида («Совет Ўзбекистони», 1991 йил, 12 июнь) опанинг Шароф Убайдуллаев билан суҳбати босилди. Унда собиқ котиба шундай дейди: «Мен оддий қишлоқ ўқитувчисидан Марказқўм котибасигача бўлган йўлни босиб ўтдим ва 32 йил раҳбарлик лавозимларида ишладим. Бутун умримни, ҳаёт йўлимни ҳалол ва виждоним тоза ҳолда (таъкид бизники — Ш. О.) ўтаб келдим ва иш манфаати учун баъзан ўзимдан ҳам, оилам қувончларидан ҳам кечдим. Менинг виждоним тоза ва ҳеч қачон халқимга қарши борган эмасман».

Бундай изҳори дилга нима дейсиз энди?

Б. А. — Мен ҳам «Кимсиз, Раъно Ҳабибовна?» сарлавҳали суҳбатни ўқиб, бир қадар таажжубландим. Р. Ҳ. Абдуллаева билан шахсан таниш бўлмасам ҳам, ижтимоий-сиёсий фаолиятидан бир қадар хабардорман. Бир вақтлар яхши комсомол раҳбари эди. Лекин жумҳурият партия Марказий Кўмитасига ишга ўтгандан кейин тамоман ўзгарди. Ўтмиш тарихимизга, маданий меросимизга, миллий анъаналар ва маросимларимизга ҳужум қилганларнинг тепасида турди. 1937—38 йил бўронларидан кейин одамлар ўғилларига Файзулла, Акмал деб от қўйишга қўрқиб қолгани маълум. Илгари болаларига шундай исм берганлар ҳам тавба-тазарру қилиб, Тельман, Мэлсбек, Октябржон, Дарвинжонга ўзгартириб олишганди. Мазкур опа даврида ҳам айнан шундай бўлди. Боласини Темур, Бобур деб атаганлар маломатга учради. Даҳшатлиси шу бўлдики, ислом динига қарши жиддий ҳужумга ўтилди: динни фош қилиш мақсадида азиз-авлиёларнинг мозори остин-устун қилинди, коммунистлар ҳатто отасининг жанозасига боришдан ҳам қўрқиб қолишди. Борганлар эса фирқадан ўчирилиб, ишдан олинди. Шарқ халқларининг анъанавий байрами — Наврўз тақиқланди. Йигитлар дўппида, қизларимиз узун кўйлак-лозимда кўчага чиқишдан қўрқиб қолдилар. Бугунги кунда: «Менинг виждоним тоза ва ҳеч қачон халқимга қарши борган эмасман», дея оби дийда қилиш кимга керак бўлиб қолдийкин?! Менимча, халққа, жамиятга етказилган маънавий зарар ҳар қандай бошқа жиноятдан оғир бўлса керак. Моддий зарар ҳамённи ғариб қилса, маънавий зарар қалбни бир умрга вайрон этади. Лекин совет жиноят қонунлари мажмуасида бунга қарши жазо белгиланмаган. Минг афсус!..

Ш. О. — Бўривой ака! Етмиш йилдан зиёд давом этган хатолар, фожиалар ҳақида ўйларканман, энг катта маънавий йўқотишлардан бири — миллий ғурур, Ватан туйғусининг заифланганидан ўзимча куюнаман, эзиламан. 1917 йили Санкт-Петербургда чоп этилган «Полжизни Туркестана» деган китобда бундай сўзларни ўқигандим: «…шундай катта тарихга эга бўлган бу маҳаллий халқда фахр туйғуси жуда кучсиз».

Бу фожианинг ҳам ижтимоий-тарихий илдизлари биз ўйлагандан кўра чуқурроқ бўлса керак?

Б. А. — Мушкул саволни ўртага ташладингиз, Шодмонбек. Аввало шуки, ўтмишда йўл қўйилган хато-камчиликлар, жиноятларнинг ҳаммасини ҳам очиқ-ошкора айтаётганимиз йўқ. Ҳали кўп нарсаларни билмаймиз. Миллий ғурур масаласига келсак, дарҳақиқат бу нарса бизда йўқ даражада. Ғурур, аввало, ўзлигини таниган-билганларда бўлади. Биз эсак байналмилаллик, «ҳамма нарса умумий» деган ақидалар руҳида тарбияланганмиз. Бизда «сеники-меники» деган калима йўқ. Шунинг учун ҳам маълум луғатларда «миллий ғурур» деган гапни деярли учратмаймиз. «Ғурур» сўзи, масалан, «Ўзбекча-русча луғатида (Москва, 1959) 1. «задор» (ғурур, ғайрат, шижоат); «гордость» (ифтихор, фахр, фахрланиш): 2. «тщеславие» (шуҳратпарастлик, манманлик, кеккайишлик, димоғдорлик); «высокомерие» (ғурурланиш, кибрланиш, кеккайиш, такаббурлик, димоғдорлик); «напышенность» (манманлик, такаббурлик, мағрурлик); «спесь» (кибр, ғурур, димоғдорлик) деб изоҳланган. Қаранг, сўзнинг салбий маъноларига кўпроқ эътибор берилган! «Ғурур» сўзига келтирилган мисолларни қаранг: «Ғурур билан гапирмоқ (фақат гапириш мумкин!)— говорить с гордостью, говорить напышенно; «Ғурурдан тушмоқ» (ғурурдан тушмаса бўлмайди, тақдирга тан бериш керак!) — смирится; «Ғурур — ғурбатга солур». (Ҳа, буни доимо ёдда тутиш керак!) 1981 йили Москвада чоп этилган (таажжубланманг, луғатлар асосан марказда чоп этилади) «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «ғурур» сўзи (1-том, 666-бет) мана бундай тушунтирилади:

  1. Инсоннинг ўз қадр-қимматини билиш, уни ҳурмат қилиш ҳисси; иззат-нафс. Бу тўғри, лекин мисолларга эътибор беринг-а! Йигитлик ғурури, қизлик ғурури. (Ғурурнинг бошқа маъноларига йўл бўлсин!)
  2. Инсоннинг бирор нарсадан мамнун бўлиб фахрланиш ҳисси; фахр, ифтихор. Мисол: Бугун қурултойнинг минбарида ғурур билан сўзлар пахтакор.
  3. Фахрланишга асос бўладиган нарса, кимса ва шунинг кабилар. Мисол: пахта ўзбек халқининг миллий ифтихори ва ғурури.

Фақат пахта етиштиришдан бошқа нарсани билмайдиган, бой тарихи, маданиятидан узилиб қолган халқда миллий ғурур қаердан пайдо бўлсин!

Ш. О. — Жуда кўп муаммоларимиз айланиб келиб халқнинг миллий онгига, ўзлигини англашига тақалаверади. Бу янги фикр эмас, албатта. Аммо афсуски, қайта қуришнинг олтинчи йилида ҳам халқимизнинг кўзи очилмаётир. Бу, айниқса, шу йили ўтказилган Бутуниттифоқ референдумида яққол кўринди. Мен ана шу тадбир арафасида маҳалладошлардан фикрларини сўраганимда шундай жавоблар олдим. «Э, окоси, биз «за Союз-да!»

«Нега энди?»

«Ахир иттифоқдан чиқсак бизни биронта душман давлат қайта босиб олиши мумкин-да! Қолаверса, иқтисодий ёрдам бўлмаса қийналиб қоламиз!…»

Севимли шоиримиз Абдулла Орипов «Қаршингда ҳасратли ўйга толаман, Қачон халқ бўласан сен, эй оломон!» дея бежиз куюнмаган экан.

Юксак минбарлардан туриб бизда демократияни тушунишмасликлари, халқнинг савияси пастлиги, шунинг учун ҳам митинг, намойишларни ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслиги айтилаётир. Табиий савол туғилади: Хўш, шундай экан, халқнинг онгию тушунчасини ўстириш учун нималар қилишимиз керак? Бунга имконият берилаяптими ўзи? Беихтиёр халқнинг миллий онги ўсмаслигидан манфаатдор бўлган кучлар борми, дея ўйлаб кетасан…

Б. А. — Биз ўзбеклар, умуман мўмину мусулмонлар — барчамиз ўзимизга хос одат ва анъаналар руҳида тарбияланганмиз. Ота-боболаримиз: «Ўзингдан каттага (ёш маъносида эмас, амал маъносида) тик қарама», «Сабр қилсанг ғўрадин ҳолва битур», «Бу кунингни ўйла, эртага худо раззоқ», «Ўнг юзингга урганга, чап юзингни ҳам тутиб бер», «Отангни ўлдирганга онангни бер», деб тарбиялашган. Гарчи итдай ишлаб, оч қолсак ҳам тишимизнинг оқини бировга кўрсатмаймиз.

Бир куни, апрель ойининг бошларида, нарх-наво оширилгандан кейин, зангори экран мухбири колхоз бригада бошлиғи билан суҳбатда шундай савол берди:— Амаки, турмушингиз қалай? Нархнаволар кўтарилиб кетиб, қийинчилик бўлмаяптими?

— Йўқ. Худога шукур, тинчмиз; яхшимиз. Тўрт ўғлим, икки қизим бор. Невараларим йигирма тўрттага етди. Ўтган йили бригадамиз бўйича ҳар гектар ердан 37 центнердан пахта топширдик. Бу йил 40 центнерни мўлжаллаб турибмиз…»

Боёқиш мухбир эртаси, индини ҳам одамлардан айнан шундай жавоблар олди.

Худди тўтиқушнинг ўзи. Ўлгудай мутемиз, гўё бир умр қул бўлиш учун яратилгандаймиз. Ҳа, Шодмонбек, биз азалдан шунақа одамлармиз…

Ш. О. — Тарих — буюк тарбиячи. Онги-шуури заифлашган, ғурури топталган халқни бу қудратли воситадан кўпроқ, самаралироқ баҳраманд қилиш зарур. Минг афсуски, тарих фани ҳам узоқ йиллар қукмрон сиёсатнинг қурбони бўлиб келди. Эндиликда ўтмишимизнинг кўп саҳифалари чалкаш, ҳужжатлар оёғи осмондан қилиб кўрсатиб келинди. (Бунақа тарих қандай тарбиячи бўлсин?} Айниқса, яқин ўтмишимиз ҳақидаги қарашлар жуда зиддиятли. Сиз, Ҳамид Зиёев, Ҳайдарбек Бобобеков, Марат Ҳасанов сингари олимларни мустасно қилганда, кўпчилик тарихчилар ўтмишга ҳали ҳамон эскича мафкура андозаси билан ёндошмоқдалар. Ҳатто айтиш мумкинки, улар олимлик эътиқоди, адолат ва виждон туйғусини бир четга йиғиштириб қўйиб, онгли равишда сувни лойқалатишга уринадилар.

Б. А. — Ўтмишни хонлар, подшоҳлар, муштумзўрлар даври, деб қоралаб ёздик. Совет даври тарихини эса ёрқин бўёқларга бўяб, кўкларга кўтариб мақтадик. Оқибатда ўтмишни сохталаштирдик, холос. 1989 йил 15 декабрда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ижтимоий фанлар шўъбаси бу ҳақда муҳим қарор қабул қилган эди. Лекин, ачинарлиси шундаки, биз тарихчилар уни кўнгилдагидек бажараётганимиз йўқ. Ўрта Осиёнинг чор Россияси томонидан босиб олиниши масаласини кўрайлик. Ўтган асрнинг 60-йилларида Туркистонга фақат москвалик, тверлик, нижний новгородлик мовут ортган савдогарлар карвони ёки оқ подшонинг элчиси эмас, қилич таққан, милтиқ осиб, замбарак судраган кўп сонли ҳарбий аскарлар келишди. Қирғин уруш бўлди, қон тўкилди, бутун бир мамлакат асоратга солинди. Лекин баъзи муаррихлар бу тарихий ҳодисани «Ўрта Осиёнинг Россияга қўшилиши» деб юришибди. Аҳвол аслида қандай бўлганлиги ҳақида ҳанузгача биронта йирик илмий асар яратилганича йўқ. Ҳеч бўлмаса инқилобдан аввал ўтган рус ҳарбий арбоблари ва олимларининг (Кауфман, Колокольцев, А. Г. Серебренников, М. А. Терентьев, Г. К. Гинс, Н. И. Гродеков ва бошқалар) асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, чоп этсак бўларди! — Ҳатто давлат архивларида сарғайиб ётган расмий ҳужжатларни эълон қилиш у ёқда турсин, уларни дурустгина ўрганаётганимиз ҳам йўқ. Кисқаси, мутахассис олимларимиз Ўрта Осиёнинг чоризм тарафидан босиб олингани ва ўлканинг мустамлакага айлантирилгани ҳақида яхши бир китоб ёзиб беришлари лозим.

Ш. О. —Домла! Сиз йирик манбашунос олим сифатида бу соҳадаги муаммоларни яхши биласиз. Айтинг-чи, маданий мерос, хусусан, қадимий қўлёзма асарларнинг ўрганилиши ва уларга ҳозирги муносабат Сизни қаноатлантирадими?

Б. А. — Жумҳуриятимизда ота-боболардан қолган қўлёзма китоблар кўп. Улар илм-фаннинг жуда кўп соҳаларини қамраб олган. Лекин бу ноёб асарларни сақлаш ҳам, ўрганиш ҳам, мазмуни билан халқни таништириш ҳам мутлақо қониқарсиз аҳволда. Бу ҳақда тинмай гапириб келаяпмиз. Лекин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Кўлёзма асарлар ҳар ерда (жумҳуриятимиздаги ўнга яқин кутубхонада) сочилиб ётибди. Уларга ажратилган бинолар китоб асрашга мутлақо мослашмаган. Ҳар беш-ўн йил ичида зўрға битта асар таржима қилиниб, чоп этилади. Ҳатто қўлёзмаларни каталоглаштириш иши қачон поёнига етишини ҳеч ким айтиб беролмайди. Тўғрироғи, биз ҳали аксар китобларнинг номини ҳам билмаймиз. Эътиборингизни қизиқ, айни чоғда ачинарли бир далилга жалб қилмоқчиман. Улуғ Ватан урушидан кейин ўтган 40—45 йил мобайнида жумҳуриятимизда борйўғи саккизта тарихий асар (6 таси тўла, 2 таси қисман) таржима қилиниб, чоп этилибди. Ваҳоланки, феодал ҳукмдор, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (1865—1910) даврида, аниқроғи, 1830—1910 йиллар орасида, фақат Хоразмнинг бир ўзида ўндан ортиқ йирик асар араб ва форс тилларидан таржима қилинган. Булар ичида Табарий, Масъудий, ибн ал-Асир, Рашидиддин, Мирхонд ва бошқа машҳур олимларнинг китоблари бор.

Мен бир нарсага ачинаман. Арманистон, Озарбойжон, Тожикистондай жумҳуриятлар қўлёзма китобларни асрашга мослаштирилган ва ҳозирги замон техника воситалари билан жиҳозланган биноларни аллақачон қуриб олишган. Кўриб, ҳавасинг келади. Надоматларки, йигирма бир миллион аҳолиси бўлган, иқтисодий имконияти жиҳатидан бақувват Ўзбекистонда муҳташам маъмурий биноларга пул топилади, лекин китобга пул йўқ.

Ш. О. — Миллий мулк деганда асосан ер ости ва ер устидаги моддий бойликлар назарда тутилади. Бу борадаги тасаввуримиз ҳам анча чекланган. Сир эмас, халқимизнинг талон-торож этилган мулки беҳисоб. Кўплаб санъат дурдоналари, қадимий қўлёзмалар юртимиздан олиб кетилди. Аммо уларни қайтариш ҳақида жиддий гап бўлаётгани йўқ. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида Н. Содиқованинг бу ҳақда жон куйдириб айтган мулоҳазаларига қўшилмай илож йўқ.

Б. А. — Ўрта Осиёда битилган жуда кўп нодир китоблар ҳозир Англия, Франция, Германия, Туркия ҳамда Ленинград, Москва кутубхоналарида сақланмоқда. Ҳеч бўлмаганда уларни микрофильм тарзида қайтариб олишимиз зарур. Бу муҳим иш. Уни пайсалга солиб бўлмайди. Жумҳурият ҳукумати, Фанлар Академияси астойдил киришса, мазкур муаммони ҳал қилиш мумкин.

Ш. О. — «Миллат тарихини ям-яшил боққа қиёсласак, биз ўша боғдаги қуриган, мевасиз дарахтлармиз», дея куюниб ёзади шоир Хуршид Даврон. Дарҳақиқат, миллат тарихини мактабларда, билим юртлари ва олий илмгоҳларда мукаммал ўқитиш, янги, сифатли дарсликлар яратиш масаласи ҳамон ночор аҳволда. ёш авлоднинг, мурғак қалбларнинг онгу шуури ҳамон эски ақидалар, эски дунёқараш билан суғорилмоқда. Бу аҳволда маориф, таълим-тарбия соҳасида икки дунёда ҳам қайта қуриш (афсуски, бу ибора энди кинояга айланди) бўлмайди, шекилли.

Б. А. — Ростини айтсам, бу соҳалар яқин орада ўзгаришига ишонмайман. Чунки мактабга муносабат хамон аввалгидек. Мутассадди ўртоқлар ҳозирча қуруқ гапдан нарига ўтганларича йўқ, ваҳоланки, ўқув дастурлари талабга жавоб бермайди.

Дарсликларга келсак, бу муҳим ва масъулиятли иш ҳам эътибордан четда. У ҳалигача эгасини топмаган. Кўлланма ёзиб юрганлар кўп, лекин улар орасида ўз соҳасининг етук мутахассиси жуда кам. «Ўзбекистон халқлари тарихи» қўлёзмалари билан танишман. Афсуски, биронтасини ҳам дарслик деб бўлмайди. Дарсликларни альтернатив йўл билан яратиш усули, менимча, тўғри бўлмаса керак. «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин», деган мақол бор. Бу ишни мутахассислар жамоасига топшириш зарур. Етук олим, яхши услубчи ва ўз фанини пухта билган ўқитувчи қўлланмани ҳам, дастурни ҳам, ўқитиш услубини ҳам кўнгилдагидек ёзиб бера олади. «Болалар бизнинг келажагимиз» деган ҳақиқатни ҳаммамиз кўп такрорлаймиз. Жумҳуриятимиз, халқимиз том маънодаги мустақилликка эришмоқчи экан, болаларга бўлган муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз лозим. Менимча, ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛ ЖУМҲУРИЯТНИ БОЛАЛАРИМИЗ ҚУРАДИ. Бунга қаттиқ ишонаман.

Ш. О. — Сизнинг назарингизда, тарихчи ва шарқшунослар олдида қандай долзарб вазифалар турибди? Ўзбек халқининг этник тарихини ўрганиш масаласи қай аҳволда?

Б. А. — Ҳозир тарихчилар олдида турган галдаги вазифалардан бири кўп жилдлик «Ўзбекистон халқлари тарихи»ни тезроқ, холислик билан ёзиб тамомлаш зарур. Шунингдек, бир қатор чигал масалалар: Чиғатой улуси тарихи, Темур ва темурийлар даврида Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-сиёсий аҳволи, Уч хонлик (Бухоро, Хива, Кўқон хонликлари) тарихи. Ўрта Осиё халқларининг миллий-озодлик кураши тарихи, Туркистонда Октябрь инқилоби ва унинг сабоқлари, босмачилик, жадидлик ва унинг Ўрта Осиё халқлари ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида тутган ўрни каби масалаларни чуқур таҳлил этиш керак. Ўзбекларнинг этник тарихини яратиш ҳам тарихчи олимлар зиммасидаги долзарб вазифалардандир. Тўғри, Ўзбекистон Фанлар Академияси тарих институтида шу мавзуга доир уч жилдлик асар ёзиб тамомланди. У том маъноси билан мазкур муаммони тўғри очиб бера олдими-йўқми, уни худо билади. Агар яна аввалги қолипда фикр юритиб, «Ўзбекистонда дастлаб эроний қавмлар яшаган, туркий халқлар келгиндилардир, бу заминда улар кейинги асрда пайдо бўлган» қабилида фикр юритилса, аминманки, ҳақиқат очилмай қолаверади. Қанча меҳнат ва халқ маблағи бекорга совурилади. Шарқшуносларнинг ҳам халқдан қарзи катта. Жумҳуриятимизда камида ўн жойда қўлёзма китоблар ва ҳуқуқий ҳужжатлар сақланаётганини айтиб ўтдик. Уларни каталоглаштириш, фан учун муҳимларини ўзбек ва рус тилларида чоп этиш муҳим юмушлардан биридир. Маҳаллий кадрларни, ворисларни тарбиялашга ҳам катта эътибор бериш лозим. Маданий мерос ва жумҳуриятимиздаги тарих, шарқшунослик илмларининг тақдири кўп жиҳатдан шунга боғлиқ. Катта шарқшунос олим, профессор Неъматилла Иброҳимов бу хусусда жиддий иш бошлади. Унинг ташаббуси билан ТошДУ қошидаги шарқ факультети алоҳида олий илмгоҳга айлантирилди. Бу илм даргоҳи келажакда юксак малакали шарқшунослар тайёрланадиган марказ бўлиб қолиши турган гап.

Ш. О. — Бўривой ака! Сал ноқулай бўлса ҳам яна бир нарсани сўрамоқчиман. Ҳозирги авлод (айниқса, кекса авлод) ҳақида гап кетганда, гоҳо уларни ҒОЯГА, ЁЛҒОН ҒОЯГА алданган кишилар дейишмоқда. Сиз ҳам шу авлодга мансубсиз. Уруш ва меҳнат фахрийсисиз. Утган умр йўлингизга қайта назар солганда кўнглингиздан қандай кечинмалар ўтади? Мамнунлик кўпроқми ёки афсус-надомат туйғулари?

Б. А. — Мен етмишни қоралаб қўйган одамман. КПСС аъзоси эдим. Тўғриси, унинг оддий аъзолариданман. (Афсуски, партия Лениндан кейин табақаланиб, коммунистлар имтиёзли ва имтиёзсиз аъзоларга бўлиндилар). Оддий ҳарф терувчидан профессор, Фанлар Академиясининг мухбир-аъзоси даражасигача улкан ҳаёт йўлини босиб ўтдим. Хурсандчилик, бахтли кунларим ҳам бўлди. Лекин қийинчиликларни, оғир кунларни кўпроқ кечирдим. Учта очарчиликни кўрдим, уч йилдан кўпроқ қонли урушда қатнашиб, саломатлигимни йўқотдим. Партия ва совет ҳукуматининг қарорларини меҳнаткаш халққа тушунтириш қисматига тушган ташвиқотчилар сафида юрт кездим. Қўйингки, бутун ҳаётимни марксизм-ленинизм деб аталмиш ғояга бахшида қилдим.

Қайта қуриш, демократия, покланиш сиёсати кўзимизни очди. Бундан бир неча йил муққаддам Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарларидан бири «Бизлар гипноз қилиб қўйилган эдик», деб айтган эди. У бу ерда аниқ бир шахсни, ўзидан олдин ўтган раҳбарни кўзда тутганди. Менимча, бизни ўша ҒОЯ — МАРКСИЗМ-ЛЕНИНИЗМ ҒОЯси сеҳрлаб қўйган эди. Эндиликда социализм ва коммунизм деган тушунчалар Суҳо юлдузи мисоли жуда олисдаги бир нарса бўлиб чиқди.

Қалбимда армон кўп. Қайси бирини айтай. Юрагимни ўртаб келаётган бир изтироб билан ўртоқлашай. Болтиқбўйи жумҳуриятлари, Молдова, Украина, Грузия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, ҳаттоки кичкинагина Ёқутистон ўзлигини танияпти. Биз эса амалий ишга энди ўтаяпмиз. Одамларда лоқайдлик жуда кучли. Шу йил 17 мартда ўтказилган сохта референдумни эсланг. Ер ости ва ер устидаги асосий бойликларимиз ҳамон ўша «марказ»нинг инон-ихтиёрида.

Партия бир ҳовуч муттаҳамлар қўлида шахсий манфаат қуролига айланиб қолганлигини яқин-яқинларгача англамадик. 1991 йил 19—21 августда Москва, Ленинград, Свердловск ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтган мудҳиш воқеалар кўзимизни очди. Ахир Янаев, Язов, Крючков, Павлов, Пуго ва уларнинг шериклари ҳамда буларга хайрхоҳ булган одамлар КПСС аъзолари ва раҳбарлари эдилар-ку! Тўғрисини айтсам, шундайлар билан бир фирқа сафида бўлганимга ўкинаман. Афсуски, мамлакат ва меҳнаткаш халқ учун бениҳоя оғир бўлган ўша кунларда айрим КПСС раҳбарлари аҳолини осойишталикка, ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ меҳнат қилишга чақиришдан нарига ўтолмадилар, эртани ўйлаб, жимгина ўтирдилар. Эътибор беринг, шундай чақириқ хунтанинг 19 августдаги мурожаатида ҳам бор эди. Менимча, ўша одамлар хунтага очиқ-ошкора хайрхоҳлик билдирганлардан хавфлироқ бўлса керак. Бундайлар эртага ким зўр келса, ўшанинг ноғорасига ўйнайверади. Итоаткор халқимиз наҳотки бу асрда ҳам, келаси асрда ҳам ўзлигини таний олмаса?! Менга катта армон бўлиб қолаётган нарса ана шу!

Ш. О. — Домла, Сиз яқинда туғилган янги партияга аъзо бўлиб кирдингизми?

Б. А. — Сиз 1991 йилнинг 1 ноябрида таъсис қилинган халқ демократик партиясини назарда тутаётган бўлсангиз керак. Йўқ, мен бу партияга аъзо бўлиб кирмадим, кирмоқчи ҳам эмасман. Сабаби, у сиз ўйлаётгандек янги партия эмас, балки 70 йил мобайнида юртга тўкин-сочинлик, халққа бахт-саодат ва фаровонлик ваъда қилиб, унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб алдаб келган Компартиянинг айнан янги ниқобдаги кўринишидир. Ўзингиз ўйлаб кўринг, уни янги одамлар эмас, балки мамлакатни ҳар жиҳатдан ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйган ўша кечаги партаппаратчиларнинг ўзлари тузди-ку! Кечаги райком амакилар, обком тоғалар ана шу янги деб аталаётган партияга раҳбар бўлиб олдилар-ку! Хўш, нима ўзгарди, Ўша-ўша эски ҳаммом, эски тос. Яна ўша бир сиёсий партиянинг яккаҳокимлиги, яна ўша тоталитаризм….

Ш. О. — Ўзбекистон Олий Кенгашининг шу йил август ойида бўлиб ўтган мажлисида НИҲОЯТ жумҳуриятимиз МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ сифатида эълон қилинди! Жуда кўп қардошларимиздан кейин бўлса-да, давлатимиз номига «совет социалистик» атамаси қўшиб айтилмайдиган бўлди. Аммо дўппини осмонга отиб, хурсандчилик қилишга ҳали эрта деб ўйлайман. Биз эълон қилган мустақиллик билан Болтиқбўйи, Грузия, Молдова, Украина давлатлари эълон қилган мустақиллик ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, албатта. Лекин шунга қарамай, мустақиллик йўлида олға ташланган бир қадам тарихий аҳамиятга эга.

Б. А. — ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛЛИК йўлида ҳали жуда кўп тер тўкишимиз, курашишимиз керак бўлади! Озодлик, эркинлик ўз-ўзидан келмайди, албатта!

Ш. О. — Охирги анъанавий савол. Ҳозир нима ишлар билан бандсиз? Келгусидаги режаларингиз билан таништирсангиз?

Б. А. — Бажонидил. Ҳамкасбларимдан бир гуруҳи ҳамда шогирдларим билан ҳамкорликда икки масала устида иш олиб бораётибман. Биринчиси, Туркистон ва Марказий Осиё халқларининг, хусусан туркий халқларнинг этник тарихига оид қўлёзма асарларни илмий муомалага киритиш, иккинчиси, Амир Темур ва Улуғбек замонида Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-сиёсий аҳволи ҳақида ихчам бир китоб ёзиш. Яна бошқа режалар ҳам бор, буёғи тинчлик, хотиржамлик ва саломатликка боғлиқ. «Гар саломатликни қўйса, муддао кам-кам бўлур», деган экан шоир.

Ш. О. — Самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Ҳамиша соғу саломат бўлинг, Бўривой ака!

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 1-сон