Боқижон Тўхлиев: «Адабиёт истеъдодли ёзувчинигина эмас, балки истеъдодли китобхонни ҳам талаб қилади»

“Китоб бизнинг ҳозирги ҳаётимиздир. Унга ҳамма муҳтож, …болалар ҳам. Ҳамма гап улар учун китоб танлашда, биз ҳаммадан олдин номуносиб танланган китобларни ўқиш ҳеч нарса ўқимагандан кўра ёмонроқ ва зарарлироқдир, деган фикрга қўшиламиз”.
В.Г.Белинский

“Шарқ юлдузи” журнали: — Бадиий асар тарбия воситасими? Яхши китоб эзгуликка, ёмони ёвузликка етаклашига ишонасизми?

Боқижон Тўхлиев: — Саволга ҳеч бир иккиланишсиз, узил-кесил ҳолда ижобий жавоб бериш мумкин. Бадиий асар ҳақиқатда ҳам тарбия воситаси. Бўлганда ҳам ниҳоятда кучли, қудратли ва таъсирчан восита. Бу ҳақиқат одамзод томонидан жуда қадим замонлардаёқ англаб етилган. Агар шундай бўлмаганида, эрамиздан олдинги 106-43 йилларда яшаб ўтган Марк Туллий Цицерон: “Китоби йўқ уй жони йўқ танага ўхшайди”, – деб ёзмаган бўларди. Агар шундай бўлмаганида, подшолар ўз хазиналарида энг нодир ва ноёб ашёлар қаторида китобларни сақламаган бўлар эди. Агар шундай бўлмаганида, Шарқнинг ҳам, Ғарбнинг ҳам буюк мутафаккирлари бутун дунё аҳлини китоб ўқишга чорлашмаган бўлар эди.

XI асрнинг буюк мутафаккири Юсуф Хос Ҳожиб яхши китобларни муносиб кишиларга бериш, аксинча, номуносиб кишилардан уларни асраш кераклиги ҳақида ўгит беради:

Китаб қадрини ма билиглиг билур,
Уқушсиз кишидин адин не келур.
Э, текма кишика китаб бермагу
Апанг дўстунг эрса, эмин бўлмагу.

Маъноси:

Китоб қадрини ҳам билимли билади,
Заковатсиз кишидан (жаҳолатдан) бўлак нима келади?!
Эй, ҳар хил кишига китоб бермаслик керак,
Агарчи дўстинг бўлса ҳам, хотиржам бўлмаслик керак.

 Одамзоднинг пайдо бўлганидан то ҳозиргача яшаб, умргузаронлик қилиб келиши унинг бир ўзи эмас, балки бошқалар, ўзини қуршаб турганлар билан биргаликда, ҳамжиҳатликда фаолият юритишини тақозо этган. Улар ўзаро иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда мулоқотда бўлсагина жамият ҳаётининг текис, хотиржам, эртанги кунга ишонч ва умид билан одимлаш имкониятларини ҳис этишган. Бундай фаолият турлари ичида маънавий фаолиятнинг ҳам ўз ўрни ва аҳамияти борлигини тобора кўпроқ ҳис этиб боришган. Албатта, бадиий адабиёт биз тасаввур қилган, билган ва кўрган ҳозирги даражасига бирданига етиб келган эмас. У ҳам ниҳоятда узун ва мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтган. Зеро, одамзод биргаликда яшаш жараёнида ўзи биладиганини бошқаларга ўргатиш ҳамда билмаганларини бошқалардан ўрганиш заруратига кўпроқ дуч кела бошлаган. Ҳатто, улар дастлаб яратган иш қуроллари ҳам бошида ишга яроқлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган бўлса-да, аста-секин унинг қулайлиги, ниҳоят, унинг кўринишида ҳам кўзга манзур бўлиши устуворлик касб эта борган. Демак, улар инсондаги диднинг, хусусан, бадиий диднинг такомили учун хизмат қилган. Буларнинг барчаси кечаги кунга, инсониятнинг ўтмишига дахлдор. Бугун эса…

Бугун ҳам бадиий дид тарбияси алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги ёшларимизнинг бадиий дидлари тарбияси жамиятимиз, жонажон юртимиз – Ўзбекистоннинг эртаси, келажаги билан бевосита боғлиқ эканлигини тан олишимиз керак. Бунинг учун эса тарбиявий муҳитнинг ҳозирги ҳолати ижобий томонга янада жиддий тарзда ўзгариши, ёшларимизнинг онгу шуурига таъсир қилиши мумкин бўлган мафкура, ғоя ва оқимларнинг салбий таъсирларига нисбатан иммунитет ҳосил қилган авлоднинг тарбияланиб бориш даражаси мунтазам, изчил ва барқарор бўлиши керак.

Бугунги жамият инсоният эришган цивилизациянинг энг баланд чўққисида турибди. Албатта, жаҳон аҳли бу чўққининг атрофида ўзига хос ва ўзига мос бўлган даражалардан жой олган, шунга кўра, улар бир-бирига ўхшайди ва бир-бирларидан фарқ ҳам қилади. Бу фарқларнинг катта қисми, назаримизда, уларнинг китобга, хусусан, бадиий адабиётга бўлган муносабатларидан келиб чиқади.

“Эртаклар – яхшиликка етаклар”, – деган айтим тасодифий эмас. Халқ билиб айтади. Билганини бошқаларга етадиган қилиб айтади. Мазкур айтимда халқ оғзаки ижодининг бир намунаси – эртак мисолида халқнинг бадиий адабиётга бўлган муносабати, унга берган баҳоси мужассамлашган. Бадиий адабиёт ҳаёт манзараларини китобхон кўз олдида жонли, худди ҳаётнинг ўзига ўхшатган ҳолда намоён этиши билан мароқли. Бу мароқ, айниқса, ёш авлодда ниҳоятда кучли ва таъсирли бўлади. Шунинг учун ҳам уларни яхши китобларга ошно қилишнинг шарофати кўп.

Кейинги пайтларда телевизордан, айниқса, компьютер (интернет)лардан ёзғиришларнинг тобора кўпайиб бораётгани очиқ сезилади. Бу ёзғиришларнинг бир томонламалигини эътироф этиш керак. Зеро, фақат ёзғиришнинг ўзи билан ҳеч иш битган эмас, битмайди ҳам. Бунинг ўрнига телевидение, радио, компьютер технологияларидан, оммавий ахборотнинг бошқа воситаларидан ўз манфаатимиз йўлида – ёш авлодни тарбиялашга ижобий ҳисса қўшиши мумкин бўлган жиҳатларни кўпайтириш ҳақида ўйлаш муҳимроқ кўринади. Айни мана шу соҳада бизнинг нотугалликларимиз, кемтикликларимиз кўпроқ.

Эндиликда телевизорда ҳам миллий маънавиятимизга таянадиган мульт­фильмлар сони ва салмоғининг тобора кўпайиб бораётганидан кўз юммаслигимиз керак. Улардаги айрим камчилик ва кемтикликлар ҳақида эса мутахассислар ўз сўзларини айтишлари лозим. Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, мультфильмнинг асосий таянч нуқтаси бадиий адабиётдир. Шунга кўра, биз уларга ҳам бадиий адабиётнинг ўзига хос тарғиби, демакки, энг кенжа авлоднинг тарбиясидаги муҳим омил сифатида қарашимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Шундан келиб чиқиб, яхши китоб тарғибининг жиддий тарзда кенгайтирилиши мақсадга мувофиқ кўринади. Бунда ранг-баранг шакл ва кўринишларнинг имконлари катта. Ҳамма гап улардан ўз ўрнида ва омилкорлик билан фойдаланишда, холос. Жажжи болажонларимизнинг мультфильмлар олдида ўзини қандай тутаётганини кўрган киши, уларнинг инсон руҳиятига нечоғли таъсир ўтказишини жуда очиқ ва ёрқин тасаввур қила олади. Шунинг учун ҳам бадиий адабиётнинг тарбиявий имкониятларига шубҳаланиб қарашга ҳеч қандай асос йўқ. Аксинча, бу имкониятнинг тенгсиз таъсир қувватига эга эканлигини эътироф этган ҳолда, уни бевосита болаларимизга яқинлаштиришнинг йўлларини кўпроқ излашимиз керак, холос.

Яна бир марта алоҳида таъкидлаш жоизки, бадиий адабиётнинг таъсир кучи, қуввати ниҳоятда катта. У инсонни яратишга, бунёдкорликка ҳам, бузғунчиликка ҳам ундаши, рағбатлантириши мумкин. Зеро, К.Гельвеций айтганидай: “Китоб­лар орасида худди кишилар орасида бўлгани каби яхши ёки ёмон жамиятга рўпара келиб қолиш мумкин”. Шунинг учун ҳам болаларни “ёмон жамият”га эмас, балки “яхши жамият”га рўпара қилиш айни муддао бўлади.

Психологларнинг кузатишларича, боланинг илк тасаввурлари ниҳоятда яшовчан ва таъсирчан бўлади. Улар мана шу илк “тасаввур ва тажрибалари”ни кейинчалик ҳаётда қилиб кўриш учун уринишар экан. Демак, бемаза урф-одатлар, ноўрин хатти-ҳаракатлар, бир сўз билан айтганда, бузғунчилик ғояси билан йўғрилган мультфильм ёки бадиий асар воқеалари ҳамда қаҳрамонларига тақлиднинг реал ҳаётда ҳам юз бермаслигига ким кафолат бера олади?!

Буларнинг барчаси биз учун сабоқ бўлиши, эзгуликни тарғиб қиладиган, уни болаларимизнинг онгу тафаккури, руҳиятига сингдиришга восита бўладиган адабиёт намуналаригина бугунги жамиятимизни, айниқса, ёшларимизни қўлларидан етаклаб, мунаввар истиқбол сари бошлаши жоиз ва зарурлигини эътироф этишга тўғри келади. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир тарихий мисолга мурожаат этиш ўринли кўринади. Гап буюк Низомий “Хамса”сига жавоб тариқасида ёзилган “Махзан ул-асрор” (Хоразмий) асаридаги бир ҳикоя устида боради. Ҳикоянинг муҳим жиҳати шундаки, у реал ҳаётий асосга эга. Ҳикоя қаҳрамони – Амир Темур. Муаллифнинг тасвирлашича, Темурбек бирданига олий даражага етишган эмас. У дастлаб анча қийинчиликларни, машаққатларни бошдан кечирган. Унинг давлати ҳам бирданига барқарор бўлиб қолмаган:

Чунки Темурбек бурун этти хуруж,
Давлати топмайдур эди бу уруж.[1]
Хоразмий Темурбекнинг “ожизу мафлук” (“фалокатга учраган”, “жафо кўрган”) тарзда кезишини уқтирар экан, кутилмаганда:
Тенгри қазоси била ахтаргузар,
Бу сиқув жо қилди илкин захмдор.

“Илки захмдор” – қўли ярадор бўлгандан кейин унинг умиди кесилади. Бироқ “ҳиммати олий” унга яна “зўр даст” беради. Унда “Тангридан умидвор” бўлишга имкон туғилади. Аммо ҳали синов давом этади. Тақдир унга яна бир янги муаммони тақдим этади:

Токи азал ҳукми била дасти ғайб,
Солди аёқина шикаст узра айб.

Бир илиги, бир оёғи мубтало,
Қолди бу ғарибликда душман аро.

Яъни бир қўли ва бир оёғи шикастланиб, душман орасида қийин аҳволда қолди. У мутлақо умидсизлик гирдобида қолган эди. Ана шу ҳолатда тақдир унга ажойиб бир кузатувни рўпара қилади:

Кўрдики бир мўр: оёғи, али йўқ,
Бўксаси мажруҳу ёрим бели йўқ.

Энг ажойиби шуки, мўр (чумоли) шу ҳолати билан бир зум ҳам тиним билмасди. У мунтазам ҳаракат билан ўз мақсади сари интиларди:

Келди-ю ул томға ёвушти равон,
Саъй ҳамон эрди, йиқилмоқ ҳамон.

Чумолида аҳд қатъий эди, бу йиқилишлар унинг аҳдини мутлақо қайтаролмасди. Шунинг учун ҳам у ҳаракатида мунтазамликни канда қилмасди:

Ушбу йиқилғонға тўнгулмади мўр,
Ёрманиб ул томға яна қилди зўр.

Чиқди ёрин йўлга ёвушқуча тунд,
Тирноғи сустайди, тиши бўлди кунд.

Энг ёмони шу эдики, чумоли том бошига етай деганда, яна ерга қулаб тушади. Бу ҳол бир неча марта такрорланади:

Тушти яна бош қуйи ул томдин,
Келди-ю яна ёпушди нокомдин.

Олти-ети қатла туша ярмана,
Чиқти ўшул том бошина тирмана.

Темурбек бу жараённи мароқ билан кузатади. Ундан тегишли хулоса ҳам чиқаради:

Бек этиб ул иштин ўз ишини ёд,
Бўлди ўшул рамз била кўнгли шод!

Кучланиб ул дам юраки жўш этиб,
Заҳмати хуш бўлғучи хомуш этиб…

Тутти жаҳон мулкиятин як қалам,
Урди етти кишвар ичинда алам!

Муаллиф – Хоразмий ҳолатни умумлаштирар экан, шундай мулоҳазаларни билдиради:

Кимгаки ҳиммат назари туш бўлур,
Кўкни талашқучи учар қуш бўлур.

Ҳикмат ила давлат этагин тутар,
Эр киши ҳиммат ила ишга етар.

Хоразмийнинг мазкур хулосаси, бадиий адабиётнинг таъсир кучига беҳад ишонч ва эътиқод замирида юзага келганига шубҳа йўқ.

— Энг катта адабиёт юрагимизда яшайди. Демак, адабиёт ҳар биримизнинг, ҳаммамизнинг ичимизда. Лекин адабиётга “яқин” бўлганимиз ҳолда нега дунёда зулм бор? Нега бугун инсоният янги йўл қидирмоқда? “Йўлини йўқотган дунё”да адабиётнинг ўрни ва роли борми? Нега у, яъни адабиёт дунёнинг йўлини йўқотишига жим қараб тур(а)ди? Энди-чи, адабиёт дунёнинг равишига таъсир этиб, унинг янги, муносиб йўл топишига илҳомлантирувчи куч бўла оладими-йўқми?..

— Дастлаб шуни айтиш лозимки, зулм адабиётнинг борлиги учун, унинг кўпчилик қалбидан муносиб ўрин олганлиги учун эмас, аксинча, мана шу шифобахш дори – малҳамнинг ҳаммага бирдай етиб бормагани учун юзага келади, шундай муҳитдан куч олади. Зулм озиқланадиган энг асосий манбалардан бири ҳам маърифатсизлик, маънавиятсизликдир. Оддий одамнинг маърифатсизлиги, маънавиятсизлиги билан қўлида бошқаларга таъсир ўтказиш имкони бўлган айрим шахсларнинг маънавиятсизлигида, албатта, фарқ бор. Юсуф Хос Ҳожиб таъбири билан айтганда, агар нарса кирланса, ифлосланса, уни сув билан ювиб тозалаш мумкин бўлади. Агар сувнинг ўзи кир бўлса-чи? Ёки:

Киши игласа ўт ўтачи берур,
Ўтачи игинга эмин ким қилур?

Маъноси:

Одам дардга гирифтор бўлса, табиб унга дори-дармон қилади, табибнинг дардига ким дори-дармон қилади?!

Агар тараққиётнинг энг олий даражаси сифатида ХХ аср ҳамда бизнинг асримиз олинадиган бўлса, айтиш мумкинки, инсониятнинг ҳайратомуз кашфиётлари айни мана шу даврларга тўғри келади. Афсуски, бузғунчи ғояларнинг энг олий даражалардаги “кашф этилиши” ҳам айни мана шу асрлар зиммасига тушиб турибди.

Инсоният янги ва муносиб тараққиёт йўлини изламоқда. Бу йўл уруш ва вайронагарчиликларни, инсоният эришган цивилизация ютуқларининг йўқ бўлиб кетишини, жаҳолат ва ёвузлик илдизларини йўқотишга, қўпориб ташлашга қаратилган. Бунда ҳар қандай воситалардан кўра китобнинг, бадиий адабиётнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. В.Гюгонинг кўрсатишича, “Ҳар куни яхши китобларни ўқиш таъсирида қўполликнинг ҳар қандай шакли худди оловга тушгандек эриб кетади”. Китобга яқин бўлмаган одамнинг инсон маънавиятига дахлдор олам ҳодисалари ичида яшашига шубҳанинг уйғониши аниқ.

Дарҳақиқат, адабиёт том маъноси билан тарбия мактаби эканлигини ҳеч ким инкор этмайди, инкор этолмайди (зеро, “адабиёт” сўзининг ўзагиёқ бунга очиқ далолат қилиб туради). Аммо унинг ўз вазифасини бажариш-бажармаслиги тўғрисида эса фикрларнинг ранг-баранг бўлиши ҳам бор гап. Бу адабиётнинг ўзигагина боғлиқ эмас. Бу ерда, назаримизда, иккита омил бор. Уларнинг биринчиси, яратилаётган бадиий асарларнинг ўзи, иккинчиси эса, у билан мунтазам танишиб бор(ма)аётган китобхон.

Адабий асар яратилиб китоб ҳолига келгунича у муаллифнинг, ижодкорнинг хос, шахсий мулки бўлади. Китобхон ҳукмига ҳавола этилган кундан бошлаб, у ижодкорнинг шахсий мулки мақомидан чиқади. Энди у шу мулкдан баҳраманд бўладиган, уни ўқиб ўзига тегишли хулосалар чиқариб, муайян мулоҳазалар юритиш имконини берадиган ижтимоий объектга айланади. Шундай экан, мана шу “ижтимоий объект”нинг моҳияти нимадан иборат? Нима учун барча “ижтимоий объект”лар жамият аъзолари ўртасида бир хил мавқе ва обрў қозонмайди? Уларнинг замондошларга, хусусан, ёш авлоднинг онгу шуурига ижобий маънодаги “дахл қилиши”га нималар халақит беради? Ўқилмаётган китоб ҳақида фақат ёшлар, китобхонлар эмас, ёзувчи, шоир, драматургнинг ўзи ҳам, ёзувчи ва китобхон мулоқотини таъминлаш учун сафарбар қилинган танқидчи, мураббий, ўқитувчи, ота-оналар ҳам бу ҳақда ўйлаб кўриши керак эмасмикан?!

Гап шундаки, ҳақиқий асарнинг бадиийлиги, демакки, унинг замонавийлиги, ҳаққонийлиги, одам ва олам ҳақидаги ҳақиқатларни акс эттириб бериш, инсонлар кўнглидаги ранг-баранг туйғулар билан уйғунлик даражаси, ўзбекона сўзнинг оҳор ва ифодаси мавжуд эҳтиёжларга мос ва муносиб келиши керак. Бу ижодкорнинг “бадиий маҳорат” деб номланадиган мавқеига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараладиган бўлса, биз адабиётнинг қайси йўлдан юришини, қаёққа қараб бошлашини айни мана шундай олийқадр намуналарнинг кўп ва озлиги билан ўлчашга мажбурият сезамиз.

Бу андозани бизга дастлаб ҳазрат Алишер Навоий берган. Унинг назарида, шоирлар “назм гулистонининг хушнағма қушлари”дир. Аммо уларнинг барчаси бир даражада эмас. Улар аъло, ўрта ва паст даражаларни ташкил этади. “Назм адоси бағоят аржуманд ва бениҳоят шариф ва дилписанд” (“Маҳбуб ул-қулуб”) бўлганлари уларнинг аълоларидир. Али ибн Абу Толиб, Шайх Фаридиддин Аттор, Мавлоно Жалолиддин Румий, Муслиҳиддин Саъдий Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий, Заҳируддин Саноий, Шайх Авҳадуддин, Шамсуддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий сингари улуғ ижодкорлар шу сирага киради. Айни пайтда, булар орасида шундайлари ҳам борки, “юз машаққат била бир байтким боғлаштурғайлар даъво овозасин етти фалакдин ошурғайлар. Сўзларида не ҳақойиқ ва маъориф нўшидин ҳаловат ва назмларида не шавқ ва ишқ ўтидин ҳарорат”. (Демак, бундай китобларни ўқиш зарурати йўқ, бугина эмас, улар зарарли ҳамдир).

Алишер Навоий тасниф охирида бир рубоийни илова қилади:

Аълоларидур нединки дерсен аъло,
Аднолари ҳам барча данидин адно.
Авсатлариким, ҳеч нимага ярамас,
Билким, нафас урмамоқ алардин авло.

Маъноси:

Уларнинг аълолари ҳар нарсадин аълодир,
Тубанлари эса барча тубанларнинг тубанидир.
Ўртачалари эса ҳеч нарсага ярамайди,
Билгинки, улар ҳақида оғиз очмаслик муносибдир.

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, бадиий асар бадиийлик талабларига мукаммал даражада жавоб берганидагина “завқу ҳол аҳли булар латойифи била масрур” ҳамда “булар маорифи била ҳузур қилурлар”. Бошқа ҳолатларда эса улар ижтимоий-маънавий ҳамда адабий-бадиий чиқит ҳисобланади. Чиқитдан, яроқсиз нарсадан фойдаланиш эса фойда эмас, балки зарар келтиради.

Том маънодаги яхши асар ёзган адибнинг, ижодкорнинг сояда қолиб кетиши мумкин эмас. Биз кўплаб ижодкорларимизнинг бу борада муносиб ижод йўлини давом эттираётганларини, ёшларнинг эса шу муқаддас йўлга муносиб бўлишга интилаётганларини кўриб, кузатиб келамиз. Албатта, ният ва ижро, мақсад ва натижа ҳар доим ҳам бир хил бўлавермайди. Шунинг учун ҳам ижодкор омилининг бу борада ҳал қилувчи аҳамият касб этишини эътироф қилиш жоиз. (Демак, Ф.М.Достоевскийнинг: “Ўрганинг ва ўқинг. Жиддий китобларни ўқинг. Бошқасини ҳаётнинг ўзи қилади”, – деган ўгитлари бугун ҳам ўз кучини сақлаб турибди).

Ҳодисанинг иккинчи томонида китобхон деган энг асосий “омил” ҳам бор. Яхши ёки ёмон асарнинг биринчи ва олий даражадаги ҳаками – китобхон. Лекин бу ҳакамлар ниҳоятда серқатлам. Улар бир-бирларидан дунёқарашлари, эътиқоди, қизиқиш доиралари, ёши, жинси, умумий адабий тайёргарликлари, яъни бадиий дидларига кўра фарқланади. Бундай ранг-баранг қатламнинг ҳар бирида шакллан(ма)ган турфа эҳтиёжлар мавжуд.

Китоб дўконларида турсангиз, китобхонларнинг алоҳида муаллифлар ёзган асарларни излаб келаётганларини кўрасиз. Бу ҳол кишини қувонтиради. Демак, бугун биз замондошларимизни, айниқса, ёшларни китоб ўқимасликда айблай олмаймиз. Ахир, мамлакатимизда юздан ортиқ нашриётлар фаолият юритмоқда. Улар янги ва ранг-баранг китобларни мунтазам равишда чоп этишмоқда. Бу асарларнинг барчаси китобхон “бисоти”дан жой олмоқда. Аммо бу китобларнинг бадиий-эстетик даражаси бир хилми? Уларнинг барчаси бир хил даражадами? Уларнинг барчаси ҳам бир хилда эҳтиёжмандларнинг, хусусан, ёшларимизнинг бадиий-эстетик жиҳатдан бойиб боришларига хизмат қила оладими?

Агар ҳақиқий бадиий асар ёшларимизнинг қўлига етиб борса, ундан муносиб озиқланиш амалга ошса, менинг назаримда, бунинг натижасида ёш кўнгилларда эзгуликка, гўзалликка, эрк ва адолатга, мустақиллик ва ижодкорликка бўлган майл ва рағбатга ҳам ижобий таъсир бўлади.

Худди шу нарсанинг ўзи уларнинг қалбида ёвузлик ва хунукликка, лоқайдлик ва бепарволикка нисбатан кескин эътироз ва раддияларни ҳам келтириб чиқаради. “Зулм” тушунчасининг ҳам мана шу гуруҳ ичида инқироз ва тошбўронга учрашини тасаввур қилиш мумкин.

Адабиёт ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз китобхонига осонгина, ўз-ўзича етиб боравермайди. Ваҳоланки, “адабиёт истеъдодли ёзувчинигина эмас, балки истеъдодли китобхонни ҳам талаб қилади” (И.Гёте). Истеъдодли китобхон эса алоҳида ва жиддий тарбияга муҳтождир. Ҳазрат Навоий таъбирлари билан айтганда, истеъдод эгаларини тарбия қилмамак ҳайфдир. Бу жуда узун ва машаққатли йўл. Бу йўлнинг тармоқланиши ҳам ўзига хос ва мураккаб. Оила, мактабгача тарбия муассасалари, умумий ўрта таълим мактаб­лари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, мактабдан ташқари муассасалар, оммавий ахборот воситалари, нашриётлар, телевидение, радио…

Назаримда, биз оила кутубхонасининг шаклланиши ва ривожига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу борадаги яхши тажриба ва ташаббуслар оммалаштирилиши, рағбатлантирилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Таълим муассасаларидаги кутубхоналар фондининг янада янги ва яхши китоблар билан бойитилиши борасида қайғуришимиз ўринли бўлади. Наш­риётларнинг янги китобларини таълим муассасаларига совға қилишлари учун, эҳтимол, солиқ тизимида енгиллик ва имтиёзларнинг жорий этилишини кўзда тутиш самарали бўлар.

— Битта асар жамиятга икки хил таъсир кўрсатадими? Нима учун?..

— Бадиий адабиётнинг ўзига хосликларидан бири – унда кўп маънолиликнинг мужассамлашгани билан белгиланади. Айниқса, буюк асарлар, буюк адибларнинг ижодларида бундай ҳолатлар кўп учрайди. Бир асарнинг икки ёки ундан ортиқ талқинларининг юзага келиши тасодифий эмас.

Тасаввуф тарихида машҳур бўлган хуросонлик Шайх Абу Саид ибн Абул Хайр (967-1049) тасаввуф тарғибига бағишланган фаолиятида келиб чиқиши халқ оғзаки ижодига бориб тақаладиган рубоийлардан унумли фойдаланган. Шайхнинг ўзи рубоийлар ёзган эмас. Бу ва бошқа далилларга таяниб туриб Е.Э.Бертельс шундай ёзади: “Бошқа шайхлар ҳам олдинги даврларда шундай йўл тутишган деб ўйлаш учун асослар мавжуд. Улар, асосан, дунёвий лирика сифатида яратилган ишқий шеърлардан фойдаланишган. Уларда одатдаги инсоний муҳаббат куйланган, фақат тегишли талқинлар билан шарҳлаб берилган” (Бертельс Е.Э. Избранные труды. Суфизм и суфийская литература. – М.: Наука, 1965, с.44-45). Биз Алишер Навоийнинг “Ашрақат мин акси шамсил…”, “Кеча келгумдур дебон…”, “Ўн саккиз минг олам…” сингари ғазалларининг, Чўлпон қаламига мансуб “Гўзал”, Абдулла Орипов ёзган “Тилла балиқча” сингари шеърларининг ранг-баранг талқинларини эсга олишимиз мумкин.

Яхши китоб ҳамма учун озиқ бера олади. Масалан, “Авесто”ни катта ҳам, кичик ҳам ўқиши мумкин. Шундай экан, уни мутахассисларга, оддий китобхонларга тақдим ва тавсия этишнинг йўлларини излашга тўғри келади. Аммо уни ҳамма бир хилда тушуна оладими? Бу бошқа масала.

Илгари Алишер Навоий асарларини диндан холи қилиб кўрсатишга, унинг тасаввуф билан алоқадорлигини инкор қилишга мойиллик бор эди. Эндиликда Навоийнинг барча асарларидан, ҳар битта шеъридан тасаввуф излашга майлу рағбатнинг ортиб бораётгани кузатилади. Бу йўналишнинг фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиришини муҳтарам олимларимиз Наж­миддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулов ва бошқалар бот-бот таъкидлашган. Назаримизда, бундай жиддий ва катта муаммоларнинг ҳал қилинишида мутахассисларимиз ўз сўзларини кўпроқ ва мунтазамроқ айтиб боришлари керак. Муҳтарам шоиримиз Эркин Воҳидовнинг бу борадаги ажойиб бир шеъри ёдга келади:

Жиян тоғасига: “Жиннисан”, – деди,
Ота ўгит берди ўғлига секин:
Тоғанг катта одам, каттани эса
Сизлаш керак, ўғлим, “Жиннисиз”, – дегин.

Отанинг ўғли томонидан содир этилган ножўя ҳаракат ва сўзига муносабати тўғри. У ўғлидаги ножўяликни ўз ўрнида пайқаган. Шунга кўра, унга дашном бериш ва уни бу йўлдан қайтаришга уриниши ҳам табиий. Шунга қарамай, унинг “тарбиявий воситаси” ўринли эмас. Зеро, у бу соҳанинг мутахассиси эмас. Унинг мўлжални тўғри ололмай қолиши айни мана шу нуқта билан алоқадор. Шунинг учун ҳам бадиий адабиёт тарғибида ҳам мутахассислар фаоллик кўрсатиши шарт.

 — Хос ва омма диди ҳамда адабиёти ҳақида сиз нима деган бўлардингиз? Ҳаммага “ҳамма нарса”ни тақдим қилиш қандай оқибатларга олиб келади? Маънавий иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиладию қандайлари йўқ?

— Албатта, китобхоннинг диди унинг олам ва одамга қарашларининг энг ёрқин ифодаси бўла олади. Ҳамма гап мазкур диднинг қай тарзда шакл­лантирилиши ва ривожлантирилишига боғлиқ. Педагоглар, психологлар, физиологлар, умуман, олимлар, ижодкорларнинг кўплаб авлодлари бу борада жиддий бош қотириб келишган.

Эндигина шаклланиб келаётган фарзандларимиз, ўғил-қизларимизнинг, ёш авлоднинг биринчи навбатда жисмоний имконияти ҳар хил бўлади. Уларнинг руҳий-маънавий ривожида ҳам бир хилликдан кўра ҳар хиллик­ мўлроқ. Бунга фақат жисмоний эмас, балки уларнинг ривожланиш шароитлари, тарбияланаётган оилавий муҳитлари, уларни қуршаб турган ижтимоий муҳит ва бошқалар ҳам кучли таъсир ўтказади. Буларнинг барчаси уларга алоҳида-алоҳида муносабат билдиришни, ўзига хос ёндашувларни тақозо этади. Бу ерда педагогикадаги умумий қонуниятларни такрорлаб ўтиришнинг зарурати йўқ. Аммо мактабгача ёшдаги болалар учун алоҳида, кичик мактаб ёшидагилар учун алоҳида, умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ёшидагилар учун алоҳида бадиий китобларга эҳтиёж борлигини таъкидлаш ўринли бўлар. Мана шу йўналишда устоз ва мураббийларимиз, ижодкорларимиз, ноширларимиз ҳали улар олдида қарздор бўлиб туришибди. Уларга биринчи навбатда халқимизнинг ўз миллий-маънавий қадриятлари билан табиий равишда йўғрилган оғзаки ижоднинг қадим ва бой намуналарини, мумтоз адабиётимиз дурдоналарини, замонавий ижодкорларимиз яратаётган бебаҳо бадиий кашфиётларни, жаҳон адабиётининг энг муносиб жавоҳирларини уларнинг ёш ва савияларига муносиб ҳолда тавсия этиш жоиз бўлади. Эртак, мақол ва топишмоқлардан бошлаб болалар шоир ва ёзувчиларининг энг сара асарларигача катта ададлар билан нашр этилиши ва имкони борича ҳар бир хонадонга етиб бориши учун ҳаракат қилишимиз ўринли бўлади.

Ҳамма босқичларда мумтоз адабиётимиз намуналарини, хусусан, Алишер Навоий асарларини ўқиб-ўрганишга муносиб шароит ҳозирланиши керак. Бунинг учун эса ҳар бир ёшдаги боланинг ўзига хос хусусиятларни эътиборга олган ҳолда, Алишер Навоийнинг турли жанрлардаги асарлари сараланиб тавсия этилиши, иккинчидан, уларни тегишли луғат ва изоҳлар билан таъминлаб бериш, учинчидан, буюк мутафаккир асарларини ўқиб тушунишни қулайлаштирадиган қўшимча шакл ва воситалар: насрий баён, изоҳ ва шарҳлар билан ёнма-ён бериш, мустақил ўқиш учун Навоий асарларининг хилма-хил (жумладан, рангли ва безакли) оммавий нашрларини амалга ошириш ўринли бўлади.

Биз ёшларимизнинг, айниқса, болаларимизнинг яхши ва ўзларига мос ҳамда муносиб бўлган китоблар билан тезроқ кўришишлари, мулоқотга киришишлари учун шароит яратиш ҳақида кўпроқ қайғуришимиз жоиз кўринади. Илк ёшликдан ҳосил қилинган кўникма ва малакалар инсон умрининг охиригача ўзига ҳамроҳ бўлиб қолади. Шундай экан, оила, мактабгача тарбия муассасалар, умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари учун мос ва муносиб китоб фондларини кўпайтириш йўлларини излашимиз, болаларимизнинг китоб билан ошнолигига имкон берадиган энг кичик имконлардан ҳам унумли фойдаланишнинг шакл ва усулларини излашимиз, бу борадаги яхши ва муносиб тажрибаларни оммалаштиришимиз ўринли бўлади. Янги китобларнинг тарғиби, намойиши, муаллиф билан учрашувлар, адабий кечалар ижтимоий-маънавий ҳаётимизнинг таркибий бўлакларига айланиб борса қани эди.

— Умидбахш ва тушкун адабиётнинг ўқувчи ва жамиятга таъсири масаласида нималар дея оласиз? Замонавий дунёнинг бугун қандай адабиётга эҳтиёжи бор?

— Бугунги жамиятимизнинг тараққиёти жаҳоний оқимларга уйғунлашиб бормоқда. Бу бадиий адабиётга ҳам тааллуқли. Катталарнинг бадиий адабиётга муносабатида ҳам мадад керак, албатта, аммо ёшларимизнинг бу борада ҳимоя ва ёрдамга муҳтожлиги аён ҳақиқат. Ёш Алишернинг қўлида Фаридиддин Атторнинг тасаввуф фалсафасига бағишланган “Мантиқ ут-тайр” китобини кўриб қолган ота – Ғиёсиддин Кичкина нима учун безовталанган эди? Ота қалбида мурғак кўнгилнинг ёшига номуносиб бўлган фикр ва ғоялар таъсирида ўзининг табиий ривожланишидан четга оғиб кетиш хавфи намоён бўлган эмасми?! Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳозирги пайтда бизда танлаш имконияти ниҳоятда катта. Шунинг учун ҳам болаларимизга оламни, замонавий дунёни кўрсатадиган, уни тушунтириб, изоҳлаб берадиган, уларнинг маънавий оламига ижобий таъсир ўтказа оладиган китобларни топишда, саралашда, уларни бевосита фарзандларимизнинг қўлига етиб боришида катталарнинг, мутахассисларнинг ёрдам ва маслаҳатлари жуда-жуда зарур бўлиб турибди.

Бадиий адабиёт олам ва одамга хос бўлган ҳаёт ҳодисаларининг барчасини ўзига хос тарзда акс эттириш хусусиятига эга экан, китобхон сифатидаги ёш ниҳол ана шу ҳаёт билан рўпара келади. Мана шу ҳаёт ҳақида ўйлашга, мулоҳаза юритишга, тегишли даражада муносабат билдиришга эҳтиёж сезади. Демак, унинг онги, тафаккури ҳам, туйғулари ҳам ундан озиқ олади. Шунинг учун ҳам улар ўқийдиган китобларнинг ҳам маърифий, ҳам маънавий жиҳатдан юксалишига ижобий таъсир кўрсата оладиган бўлиши муҳим кўринади. Энг муҳими, болаларимизни номуносиб, бадиий-эстетик жиҳатдан савияси паст бўлган китоб ва асарлардан йироқ тутишимиз керак. Бунинг асосий йўли эса янги ва яхши асарларнинг салмоғи мунтазам ва изчил равишда ортиб бориши керак, холос.

— Ўтмиш меросни ҳар бир замон ўз мезонлари чиғириғидан ўтказиб туриши керакми? Нима учун?

Инсоният ўз келажаги томон интилиб яшайди. Бу табиат ва жамиятнинг энг муҳим қонуниятларидан бири. Шунга қарамай, у келажакни ўтмиш орқали реаллаштириб бориши ҳам бор гап. Гап ўтмишдан келаётган мерос ҳақида борадиган бўлса, усиз бугунни ҳам, эртани ҳам тасаввур қилиш мумкин эмас. Биз, ҳар қандай ҳолатда ҳам андоза учун мавжуд нарсаларга қарашга мажбурмиз. Бизгача етиб келган маънавий мерос хазинаси жуда муҳташам ва бой. Бу хазина ичидаги ҳар битта алоҳида олинган маънавий мулкнинг ўз вазифалари бор. Ҳар бир замон улардан ўз эҳтиёж ва заруриятларига кўра фойдаланади. “Авесто”, Ўрхун-Энасой обидалари, исломгача бўлган даврда яратилган кўплаб ёзма ёдгорликлар, Маҳмуд Қошғарий закоси билан бунёд этилган “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибдек мутафаккир адиб яратган “Қутадғу билиг”, ҳазрат Алишер Навоий даҳоси туфайли юзага келган беназир мўъжизалар…

Маҳмуд Қошғарий туркий сўзларнинг араб тилидаги маъноларини изоҳлаб, шарҳлаб берган. Фикр-мулоҳазаларига далил сифатида туркий халқларнинг ҳаёти ва оғзаки ижодига оид манба ва материаллардан фойдаланган. Улар орасида кўплаб халқ мақоллари ҳам мавжуд. Мана уларнинг айримлари: Қут белгуси – билик (бахт белгиси илмдир). Эрдам баши – тил (одобнинг боши – тил). Язин қатиғланса, қишин севнур (Ёзда тиришган киши, қишда севинади). Кузаку узун бўлса, қўл куймас (Косов узун бўлса, қўл куймайди)…

Китоб ўзида кўплаб афсона ва ривоятларни, халқ қўшиқларини, мадҳия ва марсияларни, урф-одатлар тасвири ва халқона сўзларнинг маъно ва мазмунининг талқинларини мужассамлаштирган. Улкан меросимиз намуналари орасида “Қуманлар тузуги” деган ном билан етиб келган яна бир ажо­йиб обида бор. Бу обида ХIV асрда яратилган. Таркиби ва мазмунига кўра мутлақо оригинал бўлган бу асар ўз давридаги айрим туркий халқларнинг дунёқараши, қизиқишлари, эътиқоди, урф-одатлари ҳақида ниҳоятда бой маълумотларни жамлаган. Китоб файласуфлар, фольклоршунослар, адабиётшунослар, тилшунослар учун жуда бой ва ранг-баранг маълумот ҳамда материалларни мужасcамлаштиргани билан алоҳида аҳамият касб этади. У туркий халқларнинг нисбатан қадимги даврларга дахлдор бўлган айрим мақол ва кўплаб топишмоқларининг илк ёзма манбаси ҳамдир.

Мазкур китоб биринчи маротаба кўп тилли туркий-форсий-немисча-итальянча ихчам луғатни мужассамлаштиргани билан ҳам эътиборли. Китобда христиан дини мадҳияларининг қуман тилидаги таржималари асосий ўрин тутади. Биз учун муҳими, мазкур матндаги туркий сўзларнинг қайдларидир. Мазкур матнлардаги сўз маъноларининг жиддий ўрганилиши қадимги туркий тилимиздаги айрим очиқ қолган саҳифаларни тўлдириш ва тузатиш имконларини кенгайтиради.

Гап Алишер Навоий ҳақида борадиган бўлса, айтиш лозимки, буюк мутафаккиримиз қолдирган бебаҳо мерос ўз замонида қанчалик ижтимоий-маънавий вазифаларни адо этган бўлса, бугун ҳам улар шу вазифани адо этишдан оғишгани йўқ. Улар орасида ёшларимизни юксак маънавий мезонлар руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган бебаҳо дуру жавоҳирлар истаганча топилади.

Аммо бу айтилганлар, ўтмиш маънавий меросимизнинг барчасини ҳеч истисносиз бугунги кунимизда ҳам фойдаланишимиз керак, дегани эмас. Уларнинг орасида ўз замонасининг тақозоси ёки муаллифнинг шахсий андазалари билан яратилган, ўз замонида муайян тарихий, ижтимоий-эстетик вазифаларни адо этган, бироқ бугунги кунимиз учун маънавий жиҳатдан эскирган айрим ақида ва мулоҳазалар ҳам йўқ эмас. Уларни илмийлик нуқтаи назаридан, тарихийлик тамойилларига амал қилган ҳолда ўрганиш зарурияти бор, холос. Бу ёдгорликлар ва уларнинг асл моҳиятини олимлар, соҳа мутахассисларининг ўрганишлари кифоя қилади.

Аммо бундай ҳолат ва ҳодисалар денгиз олдидаги томчи, холос. Энг муҳими, кўз илғамас сарҳадларга бориб тақаладиган маънавий меросимиз дурдоналари жуда бой ва ранг-баранг. Уларни жамиятимиз аъзоларининг, айниқса, ёшларимизнинг ҳар доим ардоқланадиган маънавий мулкига айлантириш асосий вазифа сифатида тураверади.

— Инсон тирик экан, ҳар доим танлов қаршисида туради. Худди уч йўл бошидан чиқиб қолган эртак қаҳрамони каби. Ҳар қанақа мулозаматни бир четга суриб қўйиб айтганда, тўғри танлов қилишда адабиётнинг роли борми-йўқми, бўлса, қай даражада?

Биз бугун ҳаётни китобсиз тасаввур қила олмаймиз. Зеро, эндиликда “Инсон ҳавосиз яшай олмаганидек, китобсиз ҳам яшай олмайди” (С.П.Королёв). Буюк алломаларимиз, мутафаккирларимиз, ижодкорларимизнинг ҳаёти ва ижоди биз учун ўрнак ва намуна, улар қолдирган мерос саҳифаларидаги донишмандона ўгит ва кузатишлар эса маёқ, машъала вазифасини адо этади. Улар ҳар қандай кашфиётнинг пойдевори – китоб, деб таъкидлашади.

Юсуф Хос Ҳожиб кўплаб касб-ҳунар эгаларидаги доимий фазилатлар ҳақида гапирганида уларнинг китобга, бадиий сўзга яқинлигини ҳам эътиборда тутган. Адиб мамлакат бошлиғининг китоб ўқиб турган ҳолати ҳақида ҳам маълумот беради. Алишер Навоий Амур Темурнинг китобга, хусусан, шеър ва шеърхонликка муносабатини алоҳида таъкидлайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам буюк тарихий шахсларнинг китобга, бадиий адабиётга бўлган муносабатларига алоҳида эътибор берганлиги мухлисларига яхши маълум бўлган.

Юсуф Хос Ҳожибнинг элчи ҳақидаги мулоҳазалар силсиласида қуйидаги мисралар ҳам мавжуд:

Китаблар ўқир ҳам билир эрса сўз,
Уқар эрса сўз ҳам қўшар эрса сўз.

Маъноси:

Китоблар ўқиса ҳамда сўз (маъноларини) билса,
Шеърларни уқадиган (ҳис этадиган) ва ўзи ҳам ёзадиган бўлса.

Шунинг учун ҳам инсоннинг ким бўлиши, келажакда қандай шахс бўлиб етишиши кўп жиҳатдан китобга боғлиқ. Китоб – билим манбаи. Бадиий адабиёт эса инсоннинг шахс сифатида шаклланиши ва камол топишида, энг муҳими, унинг мустақил ва ижодий фикрлашида, ҳаётнинг бебаҳо ҳикматлари хазинасига йўл очадиган тилла калитдир. Бу калитнинг бошқа оддий калитлардан фарқ қиладиган ажойиб хислати бор: у ёпиқ эшикларнинг кўпини оча оладиган универсал хусусиятга эга. Шунинг учун ҳам у ёшларимизнинг, ўсиб келаётган авлоднинг қўлига қанчалик эрта берилcа, шунчалик яхши ва самарали бўлади.

Бадиий адабиёт бола учун ҳаёт ҳодисалари билан танишиб боришнинг энг содда, осон ва қулай воситасидир. Алишер Навоий бадиий адабиётнинг, айниқса, шеърий асарларнинг ўргатилиши “равон ўлсун савод” деган мақсадга хизмат қилишини таъкидлайди. Алланинг ёш гўдакни тинч­лантиришидан ташқари, унга ҳузур ва ҳаловат, айни пайтда, катталар оламига яқинлаштирадиган восита эканлигини оналарнинг ўзлари кашф этишган. Топишмоқларнинг болалардаги ақлий фаолият – тафаккур тарзининг шаклланиши ва ривожидаги ўрни ва аҳамиятини доно халқ илмий тадқиқотларсиз ҳам ниҳоятда пухта даражада англаб етган. Эртак ва дос­тонларимиз болаларни ҳаёт ҳодисалари билан ҳам, кундалик урф-одатлар, расм-русумлар билан ҳам, халқнинг орзу-умидлари билан ҳам таништириб боришнинг энг муносиб воситаларидан бири сифатида ўз вазифасини адо этиб келган. Бадиий асар қаҳрамонлари катталарни ҳам бефарқ қолдирмаган. Агар шундай бўлмаганида эди, кўплаб бадиий асарлардаги қаҳрамонларнинг киши номлари сифатида оммалишиб кетиши содир бўлармиди? Анвар, Жамила, Зебунисо, Зулайҳо, Кумуш, Нодира, Ота­бек, Раъно, Улуғбек, Фарҳод, Фарруҳ, Ширин, Юсуф, Ҳошимжон сингари номлар, аслида, адибларга ёки уларнинг асарларига, аниқроғи, асар қаҳрамонларига бўлган ишонч ва эътиқодларнинг гўзал намуналаридир.

Қадим-қадимдан яхши асарлар ҳам, уларнинг муаллифлари ҳам муносиб қадрланган. Бундай асарларнинг асрлардан асрларга, аждодлардан авлодларга етиб келишининг ўзи уларга берилган энг олий баҳо вазифасини адо этади.

Ёш авлоднинг бадиий асарларга, унинг қаҳрамонларига ижобий маънолардаги тақлидлари уларнинг ҳаётий ақидалари ва андозалари ҳақида ҳам нишон бериб туради. Юсуф Хос Ҳожиб жамият аъзоларини иккига: ўргатувчилар ва ўрганувчиларга ажратади. Биз бу фикрни давом эттирган ҳолда ўргатувчиларнинг муносиб китоблар тавсия этишларида, ўрганувчиларнинг эса бу йўлда ҳормай-толмай мунаввар манзилларга олийжаноб ниятлар, битмас-туганмас иштиёқ билан интилишларида собитлик тилаб қоламиз.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 3-сон


Боқижон Тўхлиев 1954 йилда туғилган. Хўжанд Давлат педагогика институтини битирган.   “Билим – эзгулик йўли”, “Моддий ва маънавий ҳаёт уйғунлиги Юсуф Хос Ҳожиб талқинида”, “Қутадғу билиг”нинг поэтикаси масалалари”, “Бадиий асарларни шарҳлаб ўрганиш (мумтоз асарлар мисолида)” сингари ўндан ортиқ китоблари, умумий ўрта таълим мактаблари учун “Адабиёт” дарсликлари ва ўқув қўлланмалари муаллифи.

[1] Уруж – “юксалиш”, “равнақ” маъноларини билдиради.