Алоуддин Мансур: «Ҳаёт нақадар ширин бўлмасин, эътиқоддан кечиб яшашга арзийдиган даражада қимматбаҳо эмас!» (1990)

Қуръони карим таржимони Алоуддин Мансур билан мулоқот

«Олим ёки толиби илм, олимларни тингловчи ёки илмни суювчи бўлинг. Илмнинг душмани бўлишдан сақланинг, акс ҳолда ҳалок бўласиз», дегандилар пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳи алайҳи васаллам. Худди шунингдек инсон ҳар қанча шаккок бўлмасин, вужудида яратганга иймон келтириш ҳисси борлигини доимо сезади. Бу туйғуни йўқота олиш инсоннинг қўлидан келмайди. Пайғамбаримиз самога боқиб, «Шундай анвар юлдузларни яратиб қўйган Аллоҳга нега одамлар иймон келтирмайдилар-а», — дея йиғлаган. Юлдузларни одамлар йўқотолмаганларидек, қалбларидаги Аллоҳга бўлган иймонни ҳам йўқота олмайдилар. Фақат бугунги куннинг фожиаси, биз ўз кўнглимиздаги иймонга эътиборсиз бўлиб қолганимизда. «Шарқ юлдузи» ойномасида эълон қилинаётган Қуръони каримнинг ўзбекчалаштирувчиси Алоуддин Мансур билан Ислом дини, умуман диний адабиётлар таржимаси борасидаги суҳбатимиз ана шундай бошланди. Ушбу суҳбатимиз айни чоғда «Қуръон таржимони ким? У киши ҳақида ҳикоя қилинглар» деб илтимос қилувчиларга ҳам жавоб бўлади деган умиддамиз.

— Алоуддин ака, мана «Шарқ юлдузи» журналида Қуръони карим илк марта ҳозирги ўзбек тилида сизнинг таржимангизда эълон қилина бошлади. Суҳбатимиз аввалида журналхонларимизга шу муқаддас китоб ва унинг таржимаси ҳақида маълумот берсангиз.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аввало Қуръонни фақат бир адабий асар деб қараш тўғри эмас. Бу илоҳий Китоб Тангрининг борлигига иймон келтирган кишига биринчидан Яратганнинг қандай зот эканини танитади, сўнгра инсонга инсоннинг ким эканини, бу дунёга нима учун келганини, зиммасида қандай вазифалар борлигини ва яратган билан қандай алоқа боғлаши кераклиги, ўзи каби яралганлар, яъни атрофидаги олам билан қандай муомала қилиши лозимлигини… қисқача айтганда, қандай қилиб инсон ўзининг нисбатан қисқа умрини ҳақиқий инсондай яшаши зарурлигини ўргатади. Шунинг учун ҳам мана 1400 йилдирки, дунёда бу Китобни ўқимаган миллат, у таржима қилинмаган тил йўқ ҳисоби. Бизнинг аждодларимиз ҳам уни яхши билишган, ўқиб амал қилишган. Лекин афсуски неча ўн йиллардан буён халқимиз бу илоҳий асардан бебаҳра яшади. Унинг на ўзини, на таржима тафсирларини ўқиш имкониятига эга бўлди. Хайрият, бугунга келиб шоир айтмоқчи:

Шукрким, ўтди жаҳолат даври, уйғонди жаҳон,
Эл эшитгай нени билсанг айт, ҳақиқатдан гапир.

Мана энди бу азиз Китоб билан ўз она тилимизда учрашиш имкони туғилди. Шу боисдан мен Қуръонни ўзбек тилига таржима қилиш тўғрисидаги таклифни бажонидил қабул қилиб, баҳоли қудрат бу муборак

ишга киришдим. Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб кўнглимдаги бир гапни айтмоқчиман: Қуръон ким томонидан қайси тилга таржима қилинмасин унинг аслият даражасида бўлмаслиги аниқ. Чунки ундаги ҳар бир оят, ҳар бир калима, балки ҳар бир ҳарф шу қадар топиб айтилиб ўз ўрнига қўйилганки, бундай айтишга ёлғиз Яратганнинг ўзи қодир.

Бу даъвойимизга Қуръон нозил бўлган даврда юз берган бир воқеа далил бўлса керак: Муҳаммад алайҳиссалом замонларида араб оламида адабиёт ниҳоят даражада ривожланган бўлиб, адиблар орасида тез-тез мусобақалар ўтказилиб турилар ва ғолибларнинг асарларини Каъба деворларига илиб қўйишар эди. Кунлардан бир куни саҳоба (яъни, пайғамбаримиз билан ҳамсуҳбат бўлган мусулмон)лардан бири Қуръондаги энг ихчам — «Кавсар» сураси ёзилган варақни ғолиб асарлар ёнига илиб қўяди. Шунда уни ўқиган шоирлар бир овоздан «Бу башар сўзи эмас», деб гувоҳлик берадилар. Шунинг учун уламолар Қуръонни аслидек қилиб таржима қилиш имконсиз ишдир, фақат унинг мазмунинигина алоқадриҳол таржима қилиш мумкин деб ҳисоблайдилар. Мен ҳам мазкур таржимани Қуръон сари бир қадам деб баҳоланишини лозим деб биламан.

— Қуръон яралгандан буён не-не даврлар ўтмади, лекин Китоб ўзлигини сақлади. Шу маънода «Биз Қуръонни туширдик ва уни сақлагаймиз» деган оят хусусида тўхталсангиз.

— Дарҳақиқат, Қуръонда «Бу эслатмани (яъни, Қуръонни) биз ўзимиз туширганмиз ва уни ўзимиз сақлагувчимиздир» мазмунидаги оят мавжуд. Асрлар оша мазкур оят Қуръоннинг илоҳий Китоб эканини қайта-қайта исботлаб келмоқда. Ўтмишни қўйиб турайлик, бизнинг асримизда бу азиз Китобга қарши

қанчадан-қанча хуружлар бўлмади? Уни ўтга ёқдилар, сувга оқиздилар, тупроққа кўмдилар. Бугина эмас. Яъни Қуръонни ёд олган ёки ҳаётини шу илоҳий китоб асосида ўтказмоқни истаган ҳисобсиз кишиларни йўқотиб юборишди. Кейин-чи? Кейин эса бошқа миллионлар қўлларида, тилларида ва дилларида бир ҳарфи ҳам заҳаланмаган ҳолда шу азиз Китоб билан пайдо бўлдилар. Ислом таълимотига кўра Қуръон илоҳий китобларнинг сўнггисидир. Бинобарин уни то қиёматгача йўқотмай, бузмай сақлашни Тангри ўз зиммасига олган. Шу боисдан бошқа илоҳий китобларга ўзгаришлар кириб, бузилгани ҳолда (масалан, Инжилнинг 70 дан ортиқ таржималари бор, лекин асл нусхаси ҳеч қаерда мавжуд эмас) Қуръон пайғамбар алайҳиссаломга қандай нозил қилинган бўлса шундай сақланмоқда. Бу тўғрида япон олимлари жуда қизиқ тажриба ўтказдилар: XX аср мўъжизаси бўлган компьютер воситасида Қуръондаги ҳарфлар, калималар, оятлар ва суралар ўртасидаги юксак мутаносибликни ва теран изчилликни ҳамда унда қамраб олинган мавзулар ва амрифармонларнинг ўлмас-ўчмас эканини кўриб улар бу китобни бир киши эмас, бутун бир академия ҳам ёзиши амримаҳол деган хулосага келганлар ва бу тажриба ҳақида битилган рисолаларда адолатли бир фаразни ўртага ташлаганлар: «Бизнинг асримизнинг одамлари шу қадар тошбағир бўлиб кетганларки, ҳатто темир машина текшириб, исботлаб, иймон келтириб турган китобни ҳам инкор қиладилар».

— Домла, Ислом дини ҳақида суҳбатлашганда мавзу бари бир, иймон-эътиқодга келиб тақалади.

— Эътиқод нафақат кўнгил ободлиги, балки ҳар икки дунёнинг ободлигидир. Зотан илму фан равнақининг ўзи инсонни бахтли қилолмайди. Билъакс, эътиқоддан айру тушган илм одамзодни ҳалокат ёқасига олиб бориб қўйиши тайин. Дунёдаги бор илму фалсафалар ақлни тўлдиради, аммо кўнгилга озуқа беришга қодир эмас. Дилни фақат пок эътиқод обод қилади. Яъни, эътиқодсиз дил — харобадир. Инсоннинг зиммасида ақлдан кўра қалбнинг ҳаққи кўпроқ. Инсоннинг тириклигини билдириб турадиган нарса ҳам унинг қалби. Зеро, сиз дам олганингизда миянгиз ҳам дам олади. Уни баъзан қаттиқроқ, баъзан эса секинроқ ишлатишингиз мумкин. Аммо бу беором қалб дунёга келганингиздан кетгунингизгача билсангиз-билмасангиз, истасангиз-истамасангиз тинмасдан уриб-ишлаб туради. Демак, ИНСОН деган оламнинг маркази — пойтахти — қалб, уни пок эътиқод билан обод қилмоқ — бурчдир! Ажабки, эътиқод нопок дилларга сиғмайди — худди шўр ерда гул унмаганидек! Ажабки, кўпинча ўша шўр диллар тоза кўнгиллар устидан, уларнинг эътиқодлари устидан куладилар — эътиқодсизлик эътиқоддан устун бўлиб олади. Лекин шундай қора кунларда ҳам юксак эътиқод эгалари ўз эътиқодлари йўлида қурбон бўлишни шараф деб биладилар. Бунга тарихдан истаганча мисол топиш мумкин. Мана, масалан, Октябрь инқилобидан кейинти сургун ва қирғинларда қанчадан-қанча улуғ зотлар ўз эътиқодлари сабабли шаҳид бўлдилар. Қўқонлик бир фозил мўйсафиднинг ҳикояси орадан ўн беш йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам кечагидек қулоғим остида эшитилаверади: 20-йилларда аскарлар кунда-кунора уламо ва фузалоларни шаҳар чеккасидаги бир жарлик ёқасига олиб бориб отишар, улар кетганидан кейин, одамлар қўрқа-пуса келишиб шаҳидларни чуқурдан тортиб чиқариб қабристонга олиб бориб кўмишар эди. Биз болалар пана-пастқам жойларга яшириниб бу даҳшатни томоша қилардик. Бир куни уч-тўрт кишини олиб келиб, командир энди отишга буйруқ бермоқчи бўлиб турганида узоқдан бир киши кўринди ва шошиб шу тарафга қараб кела бошлади. Афтидан қўқонликка ўхшамас эди. Яқин келгач, жар ёқасига тизиб қўйилган кишиларни кўрсатиб, аскарлардан, «Булар кимлар?» деб сўради. Командир, «Булар руҳоний, диндор унсурлар бўлгани учун отувга ҳукм қилинган. Агар жонингдан умидинг бўлса йўлингдан қолма!» деб пўписа билан жавоб қилди. Шунда ҳалиги киши, «Ундай бўлса, шошмай туринглар»,— деб ўзи ҳам маҳбуслар ёнига бориб турди ва деди: — «Мана энди отинглар. Сал кечиксам, мен ҳам булар билан кетмай, сенлар билан қоларканман».

Муҳаммаджон, мана шу ҳикояни эшитганимдан буён буюк туркигўй адиблар — Абдуллоҳ Қодирий, Абдулҳамид Чўлпоннинг ўлими ҳақида ўйлайман, «Улар ночор, ноилож ўлиб кетган» деган фикрни ҳеч қабул қила олмайман. Назаримда улар ўзгалар тирик қолиш учун ҳар қандай разолатдан қайтмаётганларини кўриб турсалар-да, эътиқоддан кечиб яшайдиган ҳаётни ихтиёран тарк этиб, пок эътиқод билан шаҳид бўлишни танлаганлар. Ва адашмаганлар! Зотан, бу ҳаёт нақадар ширин, нақадар тотли бўлмасин, эътиқоддан кечиб яшашга арзийдиган даражада қимматбаҳо эмас!

— Руҳ парвариши жасаднинг хоҳишларидан устун демоқчисиз-да? Инсоннинг жасади ердан-тупроқдан бўлиб, жони осмондан — руҳлар оламидан тушиб жасадга кирган, десак бўладими?

— Ҳа-ҳа, шунинг учун ҳам оёғи ердан узилган одам жисман ҳалок бўлса, қалби осмондан узилган — эътиқоддан кечган одам руҳан ҳалок бўлади. Ҳақиқий осмондан ажраб қолган одам назаримда иссиқхонада — сохта осмон остида ўстирилган ўсимликка ўхшайди: на мазаси бор, на ҳиди. Чунки жон инсоннинг ҳеч қачон ўлмайдиган асли-моҳияти, жасад эса бир муддат кийиб юрилиб, эскириб, яроқсиз, ҳолга тушгач ечиб қўйиладиган либос кабидир. Шунинг учун ҳам баданингизнинг бирон аъзоси касалланса, кесилса ё шилинса ўша аъзо . эмас, балки жонингиз оғрийди. Мана шу аён ҳақиқатдан кўз юмган киши адашади.

Менимча, кейинги пайтларда, хусусан аёллар ўртасида кўпайган арзир-арзимас баҳоналар билан ўз-ўзини ҳалок қилиш каби бемаъни одатлар ҳам лиана шу ҳақиқатни — жон абадийлигини англамасликдан келиб чиқмоқда. Ҳақсизлик азобидан, айрим ҳолларда эса шармандаликдан қутулиш учун ўз-ўзини ўлдириш, ёндириш васвасасига тушиб қолган иродаси заиф опа-сингилларимиз шу қилмишлари билан ҳаммасидан қутуламан деб ўйласалар қаттиқ адашадилар. Чунки жасадлари куйиб кул бўлиши билан улар ҳеч нарсадан қутулмайдилар — жонлари куймайдиям, ёнмайдиям. Жонлари, мана шу қилмишлари туфайли баттар азобга қолади, холос.

Ҳаёт нақадар оғир, нақадар аччиқ бўлмаеин, арзир-арзимас сабаб-баҳоналар билан кечиб юборилаверадиган даражада арзон матоҳ эмас!

Қиссадан ҳисса шуки, пок эътиқод кишини диёнатсиз яшашдан сақлагани каби, арзимас сабаблар билан ўзини ҳалок қилишдан — ўз жонига жабр қилишдан ҳам сақлайди.

— Домла, яна таржимага қайтсак. Қуръонни ўзбекчалаштириш жараёни қандай кечяпти? Шу ҳақда икки оғиз сўзласангиз.

— Қуръон таржимаси менга насиб этган экан, бунинг учун Аллоҳга беадад шукур. Вақти келади, оддий бадиий асарнинг туб моҳиятини ҳамма бирдек тушунавермайди. Қуръони каримни мутолаа қилганда эса англаш чандон оғир. Шу боис таржима асносида Ибн Касийр, Қуртубий тафсирларидан, Абдуллоҳ Андалусийнинг «Ал-мухаррарул важийз» тафсиридан, «Тафсирул жалолайин», «Тафсирун Насафий» ва бошқа манбаларни қиёсий ўрганишга тўғри келяпти.

— «Ёшлик» журналида Ғаззолийдан таржимангиз босилди. Қуръонни ўзбекчалаштириш билан бир вақтда бошқа ишларга имкон топаётган экансиз.

— Ислом тарихида ўчмас из қолдирган Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид-дин» асаридан парчаларни бир неча йил бурун таржима қилгандим, алҳамдулиллоҳ мана, шу йилга келиб ёруғ олам юзини кўрди.

— Кечирасиз, араб тилини қаерда ўргангансиз? Ўзингизни таништирсангиз.

— Ўш вилоятининг Қорасув шаҳриданман. Болалигимдан диний тарбия олганман. Бухоро мадрасасида, Тошкентдаги маъҳадда ўқиган эмасман… Устозларим бор. Қолаверса, мустақил мутолаа… Шу ўринда ҳозир эски ўзбек алифбосини ўрганишга бўлган оммавий қизиқишни қўллаб-қувватлаган ҳолда кўпчиликнинг назарида жуда мушкулдек туюлаётган бу машғулотнинг аслида анча осонлигини — қалбимизга, қонимизга яқин бўлган араб ёзувини, ҳатто тилини ўрганишга қунт ва ҳавас бўлса бас, ниятлар амалга ошаверишини таъкидламоқчи эдим.

— Домла, Ислом оламида ҳозирги ёш авлод ўқиши зарур бўлган бошқа адабиётлар ҳам бўлиши табиий. Уларнинг айримларини санаб ўтсангиз?

— Ислом тарихида бири биридан қадрли асарлар кўп, уларни ўзбекчалаштиришни йўлга қўймоқ керак. Узим Ғаззолийнинг юқорида тилга олинган асарини, шунингдек, Абдуллоҳ Шубровийнинг «Унвонул баён» номли гўзал асарининг таржимасига киришганман.

Суҳбатдош — Муҳаммад Исмоил.
“Ёш куч” журнали, 1990 йил, 10-сон.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!