Аждодлар сабоғи — истиқбол маёғи (ёш фольклоршунос Фаррух Жабборов билан суҳбат) (2017)

— Кўпчилигимиз фольклор деганда аллаю ялла, топишмоғу мақолни тушунамиз-да. Атласу адрасга бурканиб, доира жўрлигида қўшиқ айтаётган момолар, беқасам чопон билан дўппи кийволиб, бўғиқ овозда куйлаётган боболар кўз ўнгимизга келади. Фольклор жўн ҳодисадек туюлади. Бир мақолангизда халқ оғзаки ижоди меросини қирқ сандиқ ичидаги хазинага менгзаган экансиз…

— Янаям аниқроғи, ичма-ич қирқ деворли қалъа ўртасидаги ичма-ич қирқ сандиқ ичида сақланадиган хазинага. Ҳаммамиз ҳам болалигимизда эртак эшитиб катта бўлганмиз. Эсласангиз, қирқ пўлат эшик бирма-бир очиб борилганидан кейин битта сандиқ чиқади. Уни очиб қарашса, яна бир сандиқни кўришади. Яна, яна… шундай қилиб, ичма-ич қирқ сандиқда ноёб хазина сақланади. Қиёсдан муддао шуки, халқ оғзаки ижоди замиридаги ҳикмат ҳам асрлар мобайнида кўз қорачиғидай аспаллаб (авайлаб) келинган. Алла, қўшиқ, лапар каби лирик жанрлар, эртак, афсона, достон каби эпик жанрлар шаклан қанча ўзгаришга учрамасин, асрлар оша турфа маданий, ижтимоий, сиёсий таъсиротларни бошдан кечирмасин, барибир, моҳият асл ҳолича қолган. Эҳтимол, “сандиқ”нинг у ер-бу ери тузатилгандир. Эҳтимол, “қалъа” сал-пал таъмирлангандир. Бугунги тил билан айтганда, реконструкция қилингандир. Лекин “хазина”га зарар етмаган.

Ўзбек фольклори замиридаги ҳикмат кўламини умуммиллий деган таъриф билан анча чеклаб қўямиз. Умуминсоний қадриятлар тараннум этилган, дейиш ҳам қамровни торайтиради. Бутун коинотга, ўн саккиз минг оламга дахлдорликни назарда тутишимиз, космик миқёсда қарай олишимиз керак. Бу гапларимни халқ оғзаки ижодига хос муболаға санъати намунаси деб ўйламанг, тағин.

— Йўқ, мен бошқа нарса ҳақида ўйлаётган эдим. Қирқ сандиқ ичидаги хазина деган ўхшатиш тагида фольклорни тушуниш осон эмаслигига ишора ҳам бордек, назаримда.

— Тўғри илғабсиз. Ҳамма муаммо нимада, биласизми?

— Билмаганим учун сўраяпман-да.

— Ҳамма муаммо шундаки, халқ оғзаки ижодини тушуниш осон деб ўйлаб катта хатога йўл қўямиз. Фольклор асарлари жуда кўп қатламли. Агар сиз ўша эртакдаги қаҳрамонлардан бири бўлсангиз, қалъанинг ташқарисидаги безакларга оғзингиз очилиб, ичкарисида нима борлигига қизиқмай қўя қолишингиз, “Бўлди, кўрдим”, деб ортга қайтаверишингиз ҳам мумкин. Ёки бир, икки, уч… эшикни очиб кирарсиз. Ана боринг, сандиққача ҳам етиб бордингиз. Хазина шу экан, деб чеклансангиз, билингки, сафарингиз беҳуда кетибди.

Халқ оғзаки ижоди намуналарини, хусусан, йирик эпик жанр бўлган достонларни синчиклаб ўқисак, худди археологик қазишмалардаги асрий маданият қатламларини томоша қилаётгандек ёки генетик олим каби халқимизнинг ДНК маълумотларини таҳлил қилаётгандек ҳолатга тушамиз. Ёзма адабиётга кўзи ўрганган китобхон учун фольклор асарлари мутолааси доим ҳам серзавқ машғулот туюлавермаслиги мумкин. Ўзимда ҳам шундай бўлган. Икки-уч олим телевизорга чиқволиб, достонларни мақтагани-мақтаган, бори шу чўпчак экан-ку, деган вақтларимни бугун кулиб эслайман. Мен ҳам эртакдаги “дишан қалъа” деворларига термулиб, қадимий ғишту тошдан бўлак бирор қизиқарли нарса топмасдан ҳафсаласи пир бўлган китобхонлардан эдим. Илтимос, шу жойини таҳрир пайти қисқартириб ташламанглар. Бирор йил олдин телевидениега интервью берсам, ўз фикрига ўзи қарши борган, деб ўйлашган, шекилли-да, монтаж пайти айнан шу гапларимни кесишибди. Мен бугун — ўттиздан ўтиб, фольклор бўйича илмий изланиш олиб бораётган бўлсам-да, университетни битиргунча халқ оғзаки ижодини мирламаганман, умуман қизиқмаганман. Тўғри, биринчи курслигимизда устод Маҳмуд Саъдий “Алпомиш” достонини ҳаммамизга мажбурлаб ўқитган эди…

— Наҳотки?! Кейин нима ўзгарди? Ҳатто журналистика соҳасидан бироз чекиниб, фольклоршуносликка киришиб кетибсиз. Бунга нима мажбур қилди?

— Ҳозир номини эслаб ўтдим. Халқаро журналистика факультетини ё битиргандим, ё битирмагандим, бир куни устод Саъдий принтердан чиқарилган етмиш-саксон бетча илмий асарни қўлимга тутди. Эртагача ўқиб кел, фикрлашамиз, деди. Таниқли фольклоршунос Шомирза Турдимовнинг “Эпос ва этнос” асари экан (кейинчалик, адашмасам, 2010 йили “Ўзбекистон” нашриётида китоб бўлиб чиқди). Шу олимнинг “Гўрўғли” туркум достонлари генезиси тўғрисидаги монографиясини ҳам ютоқиб ўқидим. Газетаю журналларда эълон қилинган мақолаларини излаб топдим. Муаллиф билан юзма-юз суҳбатдан кейин эса халқ оғзаки ижодининг мубталосига айландим. Хуллас, ўша эртакдаги қалъаю сандиқларнинг калитини қўлга киритгандек бўлдим. Ярқ этиб кўзим очилиб кетди. Яна, бунда фольклор муҳити батамом сўниб битмаган маконда униб-ўсганимнинг ҳам муҳим ўрни бор, менимча.

— Хўш, нима экан ўша калитлар? Қисқача айтиб ўтсангиз, ёшларимизга ҳам асқатиб қолармиди?

— Бир сўз билан тушунтириш қийин-ов. Халқ достонларини ўқишнинг олтин қоидаларидан бири, эпоснинг ёзма адабиёт намунаси эмаслигини, оғзаки ижро учун мўлжалланганлигини назардан қочирмаслик керак. Шунда бироз чўзилгандек, бироз қайтариқдек туюлган жойлари сезилмай кетади. Истаймизми-йўқми, фан-техника тараққий этгани сайин фольклор муҳити, достончилик анъаналари сусайиб бораверади. Оғзаки ижрода тинглаш имконияти ҳам, афсуски, кўпчилигимизда йўқ.

— Кечирасиз, гапингизни бўламан. Миллий телерадио каналларимиздаги “Олтин дўмбира”, “Қўҳна замин оҳанглари” сингари дастурлар бу бўшлиқни бирмунча тўлдириб турибди.

— Ҳа, хабарим бор. “Маданият ва маърифат” телеканали Сафарали Қурбонов саъй-ҳаракати билан бахшилар ижросидаги достонлардан кейин мутахассисларнинг интервьюларини бера бошлаганини олқишлаш керак. Бу ҳам фольклорни теранроқ тушунишимизга кўмаклашади. Филология фанлари доктори Шомирза Турдимовнинг халқ қўшиқларидаги рамзларга бағишланган ўн икки мақоласи бир-икки йил олдин “Маърифат” газетасида эълон қилинди. Афсуски, шу бўйи газета тахламларида қолиб кетди. Ҳурматли ноширларимиз уларни йиғиб, яхлит китоб тарзида нашр этишса, уни ўқиган ёшларимиз ўзлари кунда-кунора хиргойи қилиб юрадиган, бир қарашда жўн туюладиган халқ қўшиқларининг илдизи қанчалар чуқур кетганини билиб, ҳайрон қоладилар ва фольклор меросимизга меҳрлари чандон ошади. Яна бир йўли, эртак, афсона, достонлар мазмун-моҳиятини замонавий санъат турларига кўчиришимиз керак. Ишонасизми, фольклорда Уолт Дисней ёки Ҳолливуднинг ҳатто тушига кирмаган сюжет ва мотивлар бор. Уларни мультфильм, кинофильм ва спектаклларга айлантиришимиз лозим. Эпик сюжетлар асосида балладалар, қиссаю романлар ёзишимиз керак. Шунда ёшларимизнинг онгу қалбига янада яхшироқ сингади. Лекин бу борада пала-партишлик кетмайди. Аксинча, тескари таъсир кўрсатади. Ҳамманинг ҳафсаласини пир қилиши ҳам ҳеч гап эмас. Энг аввал калитни қўлга киритиш, бисотимизни яхшилаб ўрганиш, тагмаъноларига етиш ва замонавий санъат асарларига моҳирона татбиқ этиш, албатта, уч-тўрт киши ёки бир-икки соҳа вакилларининг имкони доирасидаги иш эмас. Айтиш жоизки, ҳукуматимиз мазкур йўналишга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Халқ оғзаки ижоди хазинаси миллий маънавиятимизнинг сарчашмаларидан бири эканини Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам алоҳида таъкидлаган эди.

— Суҳбатимиз аввалида ўзбек халқ оғзаки ижодининг жаҳоний кўлами ҳақида гапирдингиз. Шунда бир маълумот ёдимга тушди. Савол десам ҳам бўлади. Ўрни билан изоҳ бериб ўтсангиз. Юнонларнинг дунёга машҳур “Одессея”си билан бизнинг “Алпомиш”имиз орасида ўхшашлик борлигини оддий китобхон ҳам пайқайди. Давр жиҳатидан олсак, Ҳомер асари қадимийлиги билан оригиналликка даъвогарлик қилиши мантиқийдек, назаримда.

— Масалани бундай қўйиб бўлмайди. Баҳс қўзғайман десангиз, икки тарафнинг ҳам ҳимоячилари исталганча топилади. Кейин тонгга довур ёқа бўғишишимизга тўғри келади. Биз достонларимиздан “Алпомиш”ни нисбатан яхши билганимиз учун ҳам ўхшашликни шу асар доирасидагина чеклаймиз. Аслида инсонни ҳайратга соладиган бошқа артефактлар ҳам кўп… Масалан, Фозил Йўлдошдан ёзиб олинган “Машриқо” достонида Авазхон қисилчанг ерга дуч келиб қолади. Тўқишган тоғларни кўради. Икки қоя мана шундай (муштларини жипслаштириб кўрсатади) келиб бир-бирига урилади, кейин ораси очилади, яна урилади, яна очилади… Манзил томон борарга бошқа йўл йўқ. Қоялар ўртасидан ўтаман десанг, мажақлаб ташлайди.

— “Ясон ва аргонавтлар” киносини эслатди!

— Ҳа, ана! Топдингиз. Фарқи шундаки, юнонларда тўқнашувчи қоялар денгизда бўлади, бизнинг достонда тасвирланишича эса, чўлда жойлашган. Ясон каптар учириб, сирли-сеҳрли тўсиқни “алдайди”. Бир тўқнашиб, ораси очилиб, қайта тўқнашгунча, кемасини эсон-омон ўтказиб олади. “Машриқо”да эса тўқишган тоғларнинг механизми бор. Ғор ичидаги айёрлик чархи буралса, қоялар қўзғалмай тўхтаб қолади. Кейин Авазхон ва ҳамроҳлари ҳадикли ердан соғ-саломат ўтиб кетади. Халқ оғзаки ижодида бунақа артефактлар жуда кўп.

Достонларимизда фақат юнон эпослари билан эмас, бошқа халқларнинг фольклори билан ҳам муштарак жиҳатларни учратиш мумкин. Қадимги шумерларнинг “Гилгамеш”ини айтасизми, ҳиндларнинг “Рамаяна”сию “Маҳабҳорат”иними, қаерларидир ўзимизнинг достонларга ўхшаб кетаверади. Аслида ушбу уйғунликлар инсон тафаккури, оламни англаш тарзига асос бўлган ягона манбага бориб боғланади. Ҳамма гап бу хил фактларни қайси халқ қай тарзда сақлаб келганида ва қай усулда тақдим эта олганида, деб ўйлайман. Бадиий-эстетик талқинлар кейинги ҳодиса дейишдан аввал шу даражага кўтарилиш босқичларини назардан ўтказиб, сўнг хулоса чиқариш керакка ўхшайди. Манави сюжетни ким кимдан олган, деган савол атрофида даҳанаки баҳсга киришиш бефойда. Ахир, дунё ягона, инсоният яхлит. Биз худди бир организмдаги минглаб ҳужайраларга менгзаймиз. Аждодларимизнинг асрлар бўйи оғиздан-оғизга ўтиб келаётган сабоғи шундай. Фольклор сабоғи шундай!

— Катта илмий ходим-изланувчи сифатидаги тадқиқотларингиз хулосасими бу?

— …Нима десам экан? Диссертация мавзуим ҳам шунга яқинроқ. “Ўзбек халқ эпосида сюжет типлари”ни ўрганаяпман. Лекин ҳали илмий хулосалар чиқарадиган даражада мавзуга чуқур киролмадим, очиғи. Достонларнинг ҳайратлар оламида анграйиб яшаяпман. Ҳозирча билганим, фольклорда шундай формулалар борки, бамисоли математика қоидаларидек ҳамма жойда аниқ ишлайди. Ўзим ўрганаётган сюжетлар борасида ҳам универсал қонуниятларни топишга интилаяпман. Эпос сюжетининг таркиби дунёда кўплаб олимлар томонидан тадқиқ этилган. Масалан, достонларнинг аксарияти сафар мотивига қурилади. Нимадир туртки бўлиб, қаҳрамон машаққатли сафарга чиқади. Йўлда тўсиқларга учрайди, барини мардонавор енгиб, манзилга эсон-омон етиб боради. Ғанимлар устидан ғалаба қозониб, мақсадига эришиб, ортига қайтади. Қайтишида ҳам мушкулотларга дучор бўлади. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, она юртига ёруғ юз билан кириб келади ва ватанида авж олган бошбошдоқликларга ҳам барҳам беради. Ўзингиз ўқиган жаҳон халқлари эпосларини ҳозир хаёлдан ўтказинг-да, аксариятида сюжет шунга яқинроқ. Бу дегани барчаси бир-биридан кўчирилган дегани эмас-ку! Универсал формулага бўйсунган, холос. Ҳар бири ўзича оригинал асар ўлароқ инсоният маданиятини безаб турибди, миллионлаб одамларнинг кўнглини бойитмоқда. Энг муҳими, мурғак қалбларга мингйиллик жавҳарни қадаяпти, шу йўл билан инсонийликдан оғишларни тартибга солаяпти. Маънавият занжири бардавомлигини таъминлаяпти.

— Суҳбатимизни қайта-қайта хулосалаб қўяяпсиз. Ҳали саволларим бор эди.

— Халқ оғзаки ижодида қизиқ гаплар кўп. Айтаверсам, кунлар ботаверади, тонглар отаверади. Фурсатдан фойдаланиб бир таклиф айтиб олсам бўладими?

— Марҳамат! Бемалол.

— Ўзбек фольклоршунослиги асосчиси Ҳоди Зариф 1956 йили ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасида ўқитувчи ва талабаларга мурожаат қилиб, халқ достонларини, қўшиқ ва термаларини эл оғзидан ёзиб олишларини сўраган экан. Болалар адиби Турсунбой Адашбоевнинг хотирлашича, севимли шоиримиз Тўра Сулаймоннинг бахшиёна ижодига ана шу машҳур мактуб туртки бўлган. Бу — биргина мисол. Ўзбек фольклоршунослари халқ зиёлилари кўмагига таяниб жуда катта хазина тўплашганки, бундай бой мерос унча-мунча мамлакатда топилмаслиги халқаро миқёсда эътироф этилади. Бугун ҳам нуроний отахону онахонларимиз бизлар учун бамисоли тирик қомус! Йил ўтган сайин шундай билгичларимиз камайиб, дуру жавоҳирларимиз тупроққа кўмилиб кетмоқда: қанчадан-қанча эртаклар, мақоллар, топишмоқлар, нақллар, сўзлар… Биз уларсиз бутун бўлолмаймиз! Жонкуяр ўқитувчиларимиз, ғайратли талабалару ўқувчиларимиз бобою момоларидан халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олишда жонбозлик кўрсатсалар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, газета-журналлар таҳририятлари ўзаро ҳамкорликда танловлар ташкил этса, фақат кўплаб фольклор материаллари тўпланибгина қолмай, айни пайтда, йигит-қизларимизнинг маънавияти бойиб, шу улуғ халққа дахлдорлик туйғусини чуқурроқ ҳис этиб борардилар. Миллий маданиятимизни бамисоли муҳташам иморатга менгзасак, муаззам пештоқлари янгидан-янги нақшу нигорлар билан музайян бўларди.

“Туркистон” мухбири Нодирабегим ЖАМОЛОВА суҳбатлашди.

 

Фаррух Жабборов 1985 йили Жиззах тумани Шариллоқ қишлоғида туғилган. 2007 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети бакалавриатини, 2012 йили Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультети магистратурасини тамомлаган. “Мен қайтиб келаман” (Тоғай Мурод замондошлари хотирасида) китоби, “Олтин кўприк” ёш ижодкорлар тўплами, “Ахборот асрида таълим-тарбия” китобини нашрга тайёрлашда иштирок этган. Ҳикоялари матбуотда ва адабий тўпламларда чоп этилган. Нозим Ҳикматнинг фиқралари, Азиз Несиннинг ҳажвияларини аслиятдан таржима қилган. “Йилнинг энг фаол журналисти–2007” кўрик-танлови совриндори. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институтининг катта илмий ходим-изланувчиси сифатида “Ўзбек халқ эпосида сюжет типлари” мавзусида илмий изланиш олиб бормоқда.

Туркистонгазетаси. 2017, № 8 (16062)