Адабий танқид: бугун ва эртага (давра суҳбати) (2015)

Танқид ва адабиётшунослик кенгаши ташаббуси билан уюштирилган “Адабий танқид: бугун ва эртага” деб номланган давра суҳбатида айни соҳага оид камчиликлар ўртага ташланди, адабий танқиднинг ижодий жараён кўзгуси экани, адабиётнинг тараққиёт йўлини белгилаб бериши, унинг ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланди.

Таҳририятимиз давра суҳбатида айтилган фикр-мулоҳазаларни газетада ёритиб, адабий жамоатчиликни, кенг китобхонлар оммасини танқидчилик муаммоларидан, бу соҳа жонкуярларининг саъй-ҳаракатларидан, таклиф ва тавсияларидан хабардор қилишни режалаштирган эди. Албатта, бу ижодий мулоқот давомида айтилган ҳамма гапни газета саҳифасига сиғдиришнинг имкони йўқ. Шу боис иштирокчиларнинг танқидчилик аҳволи ва ривожи учун фойдали, бевосита мавзунинг ўзига доир фикр-мулоҳазаларини саҳифага олиб чиқишни мақсад қилдик.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Танқид ва адабиётшунослик кенгаши раиси таниқли олим Сувон Мели олиб борди.

Сувон Мели, филология фанлари номзоди:

— Бугунги адабий жараёнда танқиднинг ўрни ва роли ҳар қа­чонгидан-да муҳим. Зеро, ижодий шароит барча жанрларда, турли услубларда ёзиш имкониятини яратиб берди, бадиий тафаккур уфқлари кенгайди. Анъанавий, реалис­тик услубдаги асарлар билан бир қаторда ҳар хил адабий оқимларга хос усулдаги асарлар ҳам чоп этилаётир. Бугун танқидчилик олдида мазкур жараённи ўрганиш, жамоатчиликка, кенг китобхонлар оммасига уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб бериш, эстетик дидни тарбиялаш, жорий адабий тафаккурдаги ўсиш-ўзгаришларни аниқлаб, истиқболдаги тараққиёт йўлларини кўрсатишдек долзарб вазифалар турибди. Бу вазифаларни адо этишга чоғланган адабий танқиднинг айни пайтдаги фаолияти қониқарлими? Адабий танқид сустлашди, тақризчилик ҳолига тушиб қолди, ҳатто “танқидчилик” атамасидан воз кечиб, “адабиётшунослик” атамаси билан кифояланган маъқул, деган фикрлар қанчалик рост?..

Бугунги давра суҳбатимизда юқоридаги каби бир қатор саволларга биргаликда жавоб қидирсак, муаммоларни рўй-рост ўртага ташласак, аниқ таклиф ва мулоҳазаларимизни баён этсак. Мақсад бадиий тафаккур тараққиётининг етакчи кучи бўлган адабий танқиднинг янада фаоллашувига, таҳлил ва талқинда теранлашувига, оммабоп ва ҳозиржавоблигига туртки беришдан иборатдир.

Нурбой Жабборов, филология фанлари доктори:

— Мустақиллик барча соҳалар қатори адабиётшунослик ва адабий танқид ривожи учун ҳам катта имконият яратди. Бу имкониятни воқеликка айлантириш масаласига келсак, афсуски, буни тўла-тўкис уддалай олаётганимиз йўқ. Адабий танқид аслида ижоднинг алоҳида тури мавқеига кўтарилиши керак. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Танқид сараламоқдур” деган таърифи бу соҳанинг моҳиятини аниқ ва лўнда ифодалаган. Лекин бизда бу соҳа мудом оқсаб келади. Нима учун? Яна Беҳбудийга мурожаат этамиз: “…ҳануз тан­қид даврига етишганимиз йўқ. Иттифоқо, танқид шаклинда бир нимарса ёзилса, бизларға қаттиқ тегар. Ёзганларимизни(нг) бузуқлиги ва фикримизни(нг) хатолиги, ишимизни(нг) ноқислигини бирор киши кўрсатса, аччиғимиз келур. Ва ул одамни душман кўруб, шахсидан наф­рат ва фикриға норозилик баён этурмизки, бул бизни(нг) янгидан ишға бошлаганимиздан, бошқа тил ила ноқислигимиздандур”. Бу — биринчи ва бош сабаб. Бугунги кунда ҳам руҳиятимизда айни ҳолат етакчилик қилади. Шунинг учун ҳам мунаққидларимиз кескин танқиддан сақланишга уринади. Бошқача айтганда, душман орт­тирмасликка интилади. Натижада, бозорбоп шеърлар, енгил-елпи, улуғ ҳазрат Навоий сўзлашни “боиси беадаблик” деб атаган уятли ҳолатларни баён этувчи “насрий асар”лар урчиб кетди. Ахир, бизда чинакам танқидий асарлар, ёзувчи-шоирларимиз тан олган мунаққидлар бор эди-ку. Устоз Озод Шарафиддиновнинг қўлма-қўл ўқилган “Ўзбекнома” ҳақидаги машҳур мақоласини эсланг. Матёқуб Қўшжоновнинг, Норбой Худойбергановнинг матбуотдаги чиқишлари-чи? Тўғри, бугун ҳам танқидий мақолалар босилиб турибди. Лекин бармоқ билан санарли. Қолаверса, бир-икки мақола билан адабий жараённинг ўзига хос тенденцияларини, тамойилларини аниқлаб, баҳолаб бўлмайди.

Кейинги пайтда адабий танқидчиликда яна бир ножоиз урф кўзга ташланмоқда. Бу урф бизда яратилган бадиий асарларни сунъий равишда Ғарб­да пайдо бўлган “изм”ларга боғлашга интилиш билан боғлиқ. Аён ҳақиқат шундаки, муайян асар савияси қайсидир “изм”га алоқадорликда эмас, муаллифнинг бадиий маҳоратида намоён бўлади. Мунаққид асар бадииятини, муаллифнинг ижодий услубидаги ўзига хосликни, образлиликда, қаҳрамонлар руҳияти тасвирида эришилган ютуқларни ёки аксинча, камчиликларни чуқур таҳлил этиши, шу асосдаги мантиқий далилланган хулосаларни бера олиши зарур. Унинг адабий-танқидий мақоласини ўқиган тажрибали адибу шоирлар ҳам, ёш бошловчи қаламкашлар ҳам нимадир ўргансин, ўзида изланиш заруратини сезсин. Мунаққид шундагина ўз вазифасини бажарган ҳисобланади. Устоз шоиру адиблардан: “Ижод қилаётганимда, ҳар доим Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов елкамдан қараб тургандек туюлади. Бу асарни ўқиганда улар нима дер эди, қандай баҳоларди, деган андиша мени мудом таъқиб этади”, деган эътирофларни кўп эшитганмиз. Ана шундай шахсиятлар етишмоғи адабий танқид ривожининг асосий шартларидан.

Адабий танқид борасида ҳам муваффақиятларимиз оз эмас. Бироқ биз бу ютуқлар билан чекланиб қолмаслигимиз, муттасил изланишда бўлмоғимиз зарур. Адабий танқид бевосита адабий жараён билан баравар қадам босиши, унинг тараққиёт йўналишини, ривожланиш истиқболини белгилашга ёрдам бериши керак. Бунинг учун барча имкониятлар мужассам. Ижодий эркинлик ҳам, илмий салоҳият ҳам етарли. Нав­қирон, умидли мунаққидларимиз ҳам бор. Энг муҳими, адабий танқиднинг холис, журъатли, таъсирчан ва юқори савияли бўлишига эришмоғимиз, танқидни тўғри қабул қилишга ўрганишимиз зарур. Бу эса, ўз навбатида, адабий-эстетик тафаккурнинг ўсишига, миллий адабиётнинг равнақига олиб келади.

Баҳодир Каримов, филология фанлари доктори:

— Танқидчининг иши осон эмас. Бу юкни ҳис қилиш керак. Маънисиз, танқиддан тубан “асар”ларни дўппини ҳидлаб ўқиш, сўнгра “ёзғувчи”ни савалаш одамга хушкайфият бағишламайди. Санъат дурдоналари ҳақидаги ҳар қандай адабий-тан­қидий мақола эса ўша бадиий асарлар билан ёнма-ён яшайди. Танқидчилик мартабаси кўп ҳолларда бадиий асарнинг поэтик даражасига боғлиқ бўлади. Агар одамни тафаккурга чорлайдиган, қалбга завқ, фикрга қувват берадиган бетакрор, гўзал ва умрбоқий асарлар ёзилмаса, адабий танқид ҳаракатдан тўхтайди.

Адабий жараён ҳар доим ўзининг оригинал таҳлил усулларига, хос дун­ё­қараши ва услубига эга мунаққидлар сўзига муҳтож. Даврадошининг янги босилган китобига тақриз ёзиш, ора-орада уюштириладиган юбилей анжуманларида умумчапакка жўр бўлиш билан мунаққид бу соҳада ўз қалби ва қиёфасини намоён эта олмайди. Мунаққиднинг талқинлари ва танқидларини ўқиган китобхон бадиий асар сирини, жозибасини, моҳиятини, адабий ҳақиқатни англасин.

Менингча, икки сабабга кўра адабий жараёнда пайдо бўлаётган асарлар эътиборсиз қолади. Биринчидан, янгича бадиий тафаккур маҳсулини тушуниш ва тушунтиришга мунаққиднинг идрок кучи етмаслиги мумкин. Иккинчидан, ҳикоя аталган “воқеанома”, шеър дейилган “дарак гап” ҳеч кимга таъсирсиз, ҳеч қандай сирларсиз, ҳаммага маълум, жўн, танқид қилишга арзимайдиган нарсалар бўлади. Бугунги кунда тарози палласини шу иккинчи сабаб босиб кетгандек таассурот бор. Насрда рамз ва ибратдан кўра қуруқ гапбозлик, оилавий ғийбат ва ғурбат машмашалари, кўрпа-ёстиқ ва қўйди-чиқди интригаларнинг баёни авж олди. Носирларда назарий билим етарли эмас, сюжет ва композиция такомилини режалаштира олмайди; ички манера устида бош қотирмайди, параллелизм ва симметрияга аҳамият бермайди; деталга юк юкламайди, бадиий нутқни ишламайди… Шеъриятда эса “сен-мен”сираш, образсизлик, маънисизлик, услубсизлик, тилсизлик, товушсизлик, рангсизлик, айниқса, ўз йўлига эга истеъдодли шоирларга тақлид кучайди.

Ўқувчи бадиий асар эгасининг мусоҳиби. Ёзувчи учун ёзганини биров ўқимаганидан каттароқ фожеа бўлиши мумкинми? “Ўзим учун ёзаман”, деган камтарлик ортида манманлик бор. “Тан­қидга эътибор бермайман”, деган одамнинг гапи аразли.

Машҳур француз мунаққиди Шарль Сент-Бёв ўз даврида: “Чинакам тан­қидчи одамлардан ўзиб кетади, жамоатчилик фикрини бошқаради. Агар халойиқ бўронлар алғов-далғовида адашиб, тўғри йўлдан чалғиган бўлса, мунаққид асло ўзини йўқотмасдан бор овози билан “Ортга қайтмоқ керак”, дея қичқиради”, деб ёзган эди. Бу гап қайсидир маънода ҳозир ҳам ўз қимматига эга. Худди шу олим маънавий олам нафосати ва улуғворлигини эъзозлаган ҳолда адабиётдаги меркантилистик кайфиятларни, яъни манфаатпарастлик, фойдахўрликни танқид қилади. Бу нохуш кайфият эгалари ҳақиқий санъаткор ва олимларга давр­дош бўлади, аммо орадан йиллар ўтиши билан изсиз йўқолади. Бу ҳам тарихнинг бир ибратли сабоғидир.

Бировдан эшитган ёки ҳар жойдан “чўқиб” ўқиганлари асосида, айниқса, ҳозирги интернетлашув замонида кўрганларидан кўчириб мақола ёзиш қийин иш эмас. Эпик асар сюжети ёки воқеий шеърларни қайта гапириб бериш билан ҳам қоғоз қоралаш мумкин. Аммо асл адабий танқидий мақола чинакам санъат асарига ўхшаб туғилади. Унинг ўзига хос услуби, композицион қурилиши бўлади.

Менингча, бугун адабий танқид шакл ва мазмун жиҳатидан янгиланиши керак. Ушбу илм соҳаси ўзининг назарий мезонларини дунё адабиётшунослигида кечаётган жараёнларга уйғунлаштириши лозим. Чунки жаҳон адабиётшунослигида адабий танқидчиликнинг структурал ва имманент анализ, семиотик, интертекстуал, генетик, герменевтик, психотанқид каби турлари мавжуд. Бундай усуллар ўрганилиб, ўзбекона адабий-илмий тафаккур билан синтезлашиши натижасида бизда ҳам янги танқид майдонга келади. Ғарб адабиётшунослигида бадиий асарга бир хилдаги ёндашувлардан, жўн ижтимоий талқинлардан, яхши ва ёмон, реал ва нореал, оқ ва қора тарзидаги атиги икки сифатдан безиш оқибатида “янги танқид” пайдо бўлган эди. Зеро, назарий мезонлар мактабларга, мактаблар шахсиятларга, шахсиятлар муайян миллатларга мансуб. Шу маънода бизда ҳам келажакда дунё адабиётшунослигига ўз таъсирини ўтказадиган юксак илмий савияли олимлар ва уларнинг индивидуал мактаблари пайдо бўлишини орзу қиламиз.

Адабий танқид жонланиши учун назарий қарашларни кучайтириш баробарида бевосита амалий ишлар ҳам зарур: биринчидан, олий ўқув юртларининг филология факультетлари магистратура босқичида махсус “Адабий танқид назарияси” йўналишини очиш ва унга истеъдодли ёшларни ўқишга қабул қилиш керак. Мутахассис шаклланади, илм олади. Бу фаолият турини адабий тўгараклар доирасида ҳал қилиб бўлмайди; иккинчидан, Нусратулло Жумахўжа тўғри таъкидлаганидек, адабий танқидга доир махсус журналга зарурат бор; учинчидан, нуфузли журналлар ва нашриётларда босилаётган бадиий асарларни ички тақриз орқали мутахассис назаридан ўтказиш низомларини ишлаб чиқиш лозим.

Сайди Умиров, филология фанлари номзоди:

— Танқидчилар йиллик ҳисобот йиғилишларини кутмай вақт-вақти билан, бугунгидай тўпланиб, долзарб масала, муаммоларни муҳокама этиши фойдадан холи эмас.

Танқид — нақд фикр, тақриз — қарз калом дегани. Ютуқлар ўзимизники, улар бор, бундан кўз юмиб бўлмайди. Лекин ҳар доим ҳам нақд гапни айтаётибмизми? Йўқ-да. Қанчадан-қанча яхши, ўртамиёна, бўш асарлар ёзилаётибди, кўпчилиги ҳақида нақд гап, насия ваъда у ёқда турсин, умуман, ҳеч нарса демаётибмиз. Сукутни аломати ризога йўйиб, иқтидори ҳамин қадар назмбозларнинг ҳиссиз-тузсиз шиғирларини тўй-томошаларда “эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари” гумбурлатиб ижро этишаётибди. Хайрият, адабиёт газетамизда бир-икки ўткир луқмалар, тишли-тирноқли фикр-мулоҳазаларни ўқиб хурсанд бўлдик.

Устоз Матёқуб Қўшжонов учта тақриз ёзсанг битта муаммоли мақолага замин яратасан деб айтар ва буни ўзи амалда кўрсатарди. Ҳозир тақриз ан­қонинг уруғи бўлиб қолди, кўп шеърий, публицистик асарлар, совчи кутган қизлардай, мунаққидлар қиё боқиши, фикри, баҳосини кутиб турибди. Тўғри, чоп этилаётган ҳар бир китобга бир тақриз бағишлаш имкони йўқ, бундай ҳолларда муштарак мавзуларда ёзилган асарлар умумий кузатувдан ўтказилган, маъно, маҳорат жиҳатидан таҳлил қилинган обзор мақолалар қўл келади.

Тасдиқлаш орқали бевосита тасдиқловчи, инкор этиш орқали билвосита тасдиқловчи танқид бор. Шу нуқтаи назардан қараганда, биринчи хилининг, яъни ёзувчи ижодидан, асаридан фазилат қидирувчи, топувчи, бадиий маҳоратининг янги қирраларини кашф этувчи, тасдиқловчи танқид намуналари кўпроқ. Конкрет асар ёки асарларнинг мазмуни, тили, услубига хос камчилик, нуқсонларни далиллар, мантиқий муҳокамалар орқали кўрсатиб, исботлаб берувчи мақола, тақризлар кам. Баъзан бир неча асар, муайян туркум ҳақида наридан-бери фикр юритгандан кўра бир шеър, бир ҳикояни батафсил таҳлил қилиш, фазилатлари ёки нуқсонларини далиллар билан кўрсатиб бериш кўпроқ самара келтиради. Бунга мисоллар талайгина. Чўлпоннинг “Рақамли севги” шеърининг бир сатри нашр­да “сийна” сўзи “сана” деб берилгани оқибатида асар мазмуни ўзгариб кетганини Бойбўта Дўстқораев “Сийнани санага алмаштириб бўлмайди” сарлавҳали мақоласида асослаб берган эди. Шу ўринда Қозоқбой Йўлдош Ҳалима Худойбердиеванинг “Йўлдадирман” номли гўзал шеъри, Муртазо Қаршибоев Эркин Аъзамнинг “Манана” ҳикояси таҳлилига махсус мақола ёзиб эълон қилганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Кейинги йиллар танқидчилигимизда бир тамойил кўпроқ кўзга ташланаётибди. Бу – бир қатор мақола, тақриз, эссе, тадқиқотларнинг илмий-фалсафий ва бадиий-публицистик руҳ касб этаётганидир. Фалсафий, публицистик унсурлар муаллиф диққатини четга тортмайди, ўқувчини чалғитмайди, аксинча, ғояни кенгроқ, теранроқ очиб беришга, асар воқеаларини ҳаёт ҳодисалари билан қиёслаб ўрганишга, матн­нинг янада мароқли, жозибали, ўқишли чиқишига ёрдам беради. Ғафур Ғулом шоҳ шеърларидан “Вақт”­нинг Сувон Мели томонидан янгича теран талқини, Қурдош Қаҳрамоновнинг Эшқобил Шукур шеъриятига бағишланган мақоласи, Шуҳрат Ризаевнинг “Баҳодир Йўлдошев театри” эссеси шундай усулда битилган мароқли, ўқишли асарлардандир.

Кейинги пайтларда танқидчилик иши, асосан, бир гуруҳ мутахассислар ва айрим ёшлар чекига тушаётир. Иқтидорли, умидли ёш мунаққидлар сафи кенгаймаётгани ташвишланарли. Турфа соҳа кишилари, кенг ўқувчилар оммаси фикр-мулоҳазалари, эътироф, эътирозлари матбуотда, эфир ва экранда негадир кам берилаётир. Турфа касб соҳибларининг ижодий жараён, адабиёт, танқидчилик, публицистика, санъат ҳақидаги кутилмаган, ноанъанавий, дангал, тўғри фикр-мулоҳазалари, хулоса, таклифларини ўзаро гурунг, норасмий мулоқотларда тез-тез эшитиб турамиз. Қанийди шуларнинг бир қисми матбуот, китоб саҳифаларида чиқса.

Нусратулло Жумахўжа, филология фанлари доктори:

— Адабий танқиднинг ҳозирги аҳволи, муаммолари, ечимлари тўғрисида “Адабий тан­қид: бугун ва эртага” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилгани жуда ўринли, деб ҳисоблайман. Назаримда, адабий танқиднинг бугунгидай аҳволга тушиб қолишига иккита асосий сабаб бор. Биринчиси, адабий танқидчи ва адабиётшуносларнинг жараёнга лоқайдликлари, бўшашиб кетганликлари, ўз вазифаларини сидқидилдан бажармаётганликлари бўлса, иккинчиси, оммавий ахборот воситаларида тан­қидий тафаккурга камроқ ўрин берилаётгани, адабий-танқидий рукнлардан фойдаланилмаётганлиги, адабий-тан­қидий мақолалар турли сабабларни рўкач қилиб чиқарилмаётганидадир.

Аввало, шуни аниқлаб олиш керакки, адабий танқид мафкуравий масала эмас, балки адабий-эстетик муаммодир. Шу сабабли, мафкуравий ўзгаришлар жараёнида адабий танқидга хавотир билан қараш ўринсиздир. Адабий танқид жамият тараққиёти ва равнақи учун энг зарур бўлган адабий ҳамда абадий қадриятдир.

Шайх Саъдий Шерозий “Гулистон” асаридаги бир ҳикматида жуда чиройли асослаб берган: “Уч нимарса уч нимарсасиз пойдор қолмағусидурур: мол тижоратсиз, илм баҳссиз, мулк-мамлакат сиёсатсиз”. Мана шу баҳслар воситасида тараққиётга туртки берувчи илм­лар туркумига танқид ва адабиётшунослик ҳам киради. Афсуски, баҳс моҳиятини нотўғри тушуниш, баҳс маданиятига риоя қилмаслик матбуотдаги адабий баҳсларга барҳам берди. Адабий танқиднинг ижтимоий зарурияти яна шунда кўринадики, танқиднинг чекиниши ёки чекланиши ўртамиёна, саёз асарларга кенг йўл очиб берди. Аслида, атоқли мунаққидлар — Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Норбой Худойберганов, ёзувчилар тан­қидчиси Абдулла Қаҳҳорники сингари жанговар мақолалар эълон қилиниб турганида, шубҳасиз, адабиётдаги халтура чекинган бўлар эди.

Танқидчи, адабиётшунос ҳам — ижодкор. У ҳам меҳрга, рағбатга, қўллаб-қувватлашга муҳтож. Не ҳафсала билан, машаққат тортиб ёзган асари чоп этилса, рағбатланади, илҳомланади, яна ижод завқига тўлади. Юқоридагидек муносабат эса ҳар қандай ижодкорга тўсиқ қўяди. Чинакам тан­қидий тафаккурга йўл бермаётган тушунчалардан бири “жанговарлик” билан “жангарилик”ни бир нарса деб тушунишдир. Аслида, булар инсонлардаги бошқа-бошқа хусусиятлар. “Жанговарлик” — курашчанлик, дадиллик, жасурлик, фидойилик, ғалаба, ютуқ келтирувчилик фазилатидир. “Жангарилик” эса урушқоқлик, жанжалкашлик қусуридир. Номлари юқорида тилга олинган атоқли мунаққидларимизнинг етакчи фазилатлари ҳам жанговарлик эди. Умуман, танқидчини адабий жараённинг энг олдинги сафида тутувчи асосий фазилати ҳам жанговарлик бўлиши керак.

Яқинда шеърият мавзусидаги давра суҳбатида бир ижодкор дўстимиз асарини танқид қилган мунаққидга кутилмаганда ташланиб қолди. Ахир, унинг асарини кимдир ўқигани, диққат-эътибор билан бош қотиргани ва давра суҳбатида таҳлил доирасига тортганидан миннатдор бўлиши лозим эмасмиди? Зотан, то бир киши “айб қилмағунча” шоир ўз шеърларининг айбини сезмайди ҳам.

Халқда: “Одам ўз киндигини ўзи кесмайди”, деган нақл бор. Ёзувчи ҳам ўз камчилигини ўзи топиб, ўзи тузата олмаслиги мумкин. Бироқ Абулғози Баҳодирхон: “Ўксиз (яъни, чорасиз) одам ўз киндигини ўзи кесар экан”, дейди. Шундай экан, асарларининг биринчи танқидчиси ёзувчи-шоирнинг ўзи бўлиши керак. Ўз асарларининг айбини аниқлай олган, камчиликларини ислоҳ эта олган, яъни ўзини ўзи танқид қилолган ижодкор ҳақиқий санъаткордир. Диққат қилинг: “Кўпроқ ўқияпман, учинчи жилдга киритилган ҳикояларни яна бир бор қайтадан ўқиб чиқяпман, бу менга ҳаёт бағишлайди”, деб ёзган эди атоқли ёзувчи Шукур Холмирзаев қизига мактубида. Бу гап навқирон ёзувчиларимизга сабоқ бўлиши керак. Ёзувчи умрбод ёзган ҳикояларини қайта-қайта ўқиган, демакки, улар устида узлуксиз ишлаган. Англашиладики, ўз асарларини қайта мутолаа этишда, ишлашда ҳам лаззат, ҳам ҳикмат бор. Янги адабиёт намуналарини ўқир эканман, ўйга толаман: бу ёзувчилар ўз асарларини, ҳеч бўлмаса, навбатдаги янги нашрдан олдин яна бир бор таҳририй назар билан ўқиб чиқармикинлар? Афсуски, шундай бўлиб чиқмаяпти. Ёш ёзувчиларимизни қўя турайлигу, ҳикоялари “Озод Ватан саодати” тўпламидан ўрин олган, айни етуклик давридаги ижодкорларимизнинг ҳикоя­ларига назар ташлайлик. Матбуотда чизиб-чизиб ўқиганим бир неча ҳикояни катта китобдаги нусхаси билан солиштириб ўқидим. Бу ҳикоялар айни газетамизда бадиий тил тўғрисида давомли баҳс-мунозара ўтказилган кезлар чоп этилган эди. Қайта ўқирканман: “Қани, муҳтарам ёзувчиларимиз асарлари устида бир неча йил мобайнида қандай ишлашди экан?” — деган савол мени ўйлантирарди. Бирор жумла ёки сўзни ўзгартиришдимикин? Йўқ, 50-60 ёш оралиғидаги бу забардаст ёзувчилар ҳикояларидаги тумтароқ жумлалар, ноўрин қўлланган сўз-иборалар айнан матбуотда чоп этилганидай жой-жойида турибди. Чунки уларнинг сўзларини ҳеч ким “айб қилмаған” ва улар ислоҳ топмаган. Китоб муҳаррири ҳам таҳрир этмаган. Мана шундай бадиий ҳақиқатларни айтсак, матбуот чоп этармикин ва бунга атоқли ёзувчиларимиз чидашармикин?

Мамлакат адабий танқидчилигининг марказий ўчоғи Ёзувчилар уюшмасининг Танқид ва адабиётшунослик кенгашидир. “Ўз-ўзини танқид” тушунчасининг мазкур кенгашга ҳам тегишлилигидан келиб чиқсак, Кенгашнинг амалий фаолияти қаноатланарли, дея олмайман. Кенгашнинг йиллик режаси талабга жавоб бермайди. Кенгаш режасига йил бошида биз тавсия этган тадбирларнинг кўпчилиги қабул қилинмади.

Айтилган фикр-мулоҳазалар асосида қуйидаги хулосаларни таклиф этамиз: Танқид ва адабиётшунослик кенгашининг таркибини ҳақиқий ишлайдиган мутахассислар ҳисобига янгилаш ва кенгайтириш лозим. Кенгаш жорий режасини қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Адабий танқид муҳитини жонлантириш зарур. Адабий жамоатчиликда танқидни тўғри тушуниш, қадрлаш туйғуларини шакллантириш муҳимдир. Юқорида таъкидланганидек, адабий танқид учун алоҳида нашрга эҳтиёж бордай. Шу боисдан, адабий танқид бугуни ва эртасини таъминлаш мақсадида, адабий-бадиий газета-журналлар саҳифаларида адабий-танқидий мақолаларга кенг ўрин ажратишни ташкил этиш билан бирга, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ижод фонди муассислигида ҳар уч ойда битта чиқадиган янги “Адабиёт масалалари” номли адабий-танқидий журнал таъсис этилса яхши бўларди. Шунингдек, Сувон Мелиевнинг “ҳар йили ўтказиладиган ёш ижодкорлар семинарлари дастурига адабий танқид номинациясини, албатта, киритиш керак”лиги ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлайман.

Сувон Мели:

— Адабий танқиднинг нафақат амалий, балки назарий муаммолари ҳам бор. Истиқлол даврида адабий танқиднинг ўрни ва мавқеи ҳақида гап борар экан, назаримда, дастлаб унинг ғоявий-эстетик принципларини белгилаб олиш ва ишлаб чиқиш лозим. Бунга жиддий ижтимоий талаб бор. Истиқлол ва ­дунёнинг глобаллашув ҳолати мамлакатимизда янги адабий муҳитни ҳосил қилди. Янги муҳитда эса адабий тан­қид ўзига юклатилган миссияни уддалаш учун, юқорида айтилганидек, унинг ғоявий эстетик принциплари ишлаб чиқилиши, адабий танқид ва танқидчилик жараёнига изчил тадбиқ этилиши зарур. Бу принциплар, бизнингча, қуйидагилар: эстетик идеал (у ўзида жамиятнинг олий мақсадларини гўзаллик қонунлари асосида жамлайди), олижаноб ғоя, соф ҳис-туйғу, ахлоқийлик ва ҳоказо.

Адабий танқид яратилаётган ва ўзбек тилига ўгирилаётган асарлардан ушбу принциплар тасдиғини талаб қилишга ҳақли, деб ўйлайман.

Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида шундай ёзади: “Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим, деб ўйлайман”.

Шаҳар бедарвоза эмас дегандек, адабиёт ҳам бедарвоза эмас. Унинг муқаддас ҳудудига ҳар қандай ғоя, воқеа ва кечинмаларни олиб кириш мумкин эмас. Адабиёт ёмонликдан асранмоғи лозим. У ҳеч қачон маънавий таҳдид қуролига айланмаслиги, аксинча, бундай таҳдидга қарши фаол курашмоғи керак.

Адабий танқид эса ҳамиша маънавий соғлом адабиёт тарафида қоим туриши лозим.

Адабий танқид ўзининг юксак нуқталарида миллий ва жаҳоний бадиий тафаккурнинг аккумулляторидир. Маълумки, аккумуллятор электр ва иссиқлик энергиясини кейинчалик фойдаланиш учун тўплайдиган қурилма, техник асбобдир. Худди шундай адабий танқид ҳам яратилган ва яратилаётган буюк бадиий обидалар жисми жонидаги улуғ ҳақиқатлар, эзгу ҳиссий кашфиётларни қайта кашф этиб, умумнинг ақлий ва кўнгил мулкига айлантиргувчи адабий ижод соҳасидир.

Танқид муайян маънода адабиёт фалсафаси, бадиий адабиётнинг юксак маънодаги кўз-кўзидир. Адабий тан­қид ўз таҳлилу кашфиётлари билан яратилажак буюк асарларга доялик қилса, қандай яхши.

Бугунги суҳбатимизда кўпроқ адабий танқид муаммолари ҳақида гапирилди. Ютуқларга кам тўхталдик. Адабий-бадиий нашрларимизда босилаётган таҳлилий мақолалар, тақризлар, адабий суҳбатлардан, чоп этилаётган адабий-танқидий тўпламлардан кўз юммаган ҳолда айтиш жоизки, бугунги адабий танқид ўз вазифасини баҳоли қудрат бажараётир. Шу ўринда мен “Ўзбек адабиёти масалалари”, “Ўзбек адабиёти. Таъсир ва типология”, “Истиқлол. Адабиёт. Танқид” тўпламларини, таниқли адабиётшунос олимларимиздан Нўъмон Раҳимжоновнинг “Истиқлол ва бугунги адабиёт”, Нурбой Жабборовнинг “Замон. Мезон. Шеърият”, Дамин Тўраевнинг “Рангин тасвирлар жилоси”, Ҳакимжон Каримовнинг “Ҳаёт, давр ва адабиёт” номли китобларини мисол тариқасида таъкидлаб айтишни истардим. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Ватан мавзусидаги шеърлар таҳлилига бағишланган туркум чиқишлар, “Шарқ юлдузи” журналида адабий жараён муаммоларига доир изчил бериб борилган савол-жавобларни ҳам эслайлик. Мана, “Ёшлик” журнали ёш ижодкорларнинг бир асари ва унга икки-уч муаллифнинг муносабат-таассуротини эълон қилаётир. Изланишлар давом этаётир, бугун сиз, биз куюниб айтаётган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилинаётир. Энг муҳими, танқидда фаолликни оширсак, лоқайдликка чек қўйсак, фикр-мулоҳазаларимизда холис ва беғараз бўлсак, марра бизники. Бугунги даврда суҳбатимиз ҳам ана шу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлди, деб ишонаман.

Саҳифани А.Отабоев тайёрлади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 41-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!