Абдулла Орипов: “Сен мисли камалак – юксак ва сўлмас…” (2011)

http://n.ziyouz.com/images/abdulla_oripov2.jpgСарлавҳага чиқарилган сатр Абдулла Ориповнинг “Руҳим” шеъридан бўлиб, шоир, аввало, кўп синовларда тобланган руҳига “Сен мисли камалак – юксак ва сўлмас” дея таъриф беради. Яъни:

Сен мисли камалак – юксак ва сўлмас,
Камалакни эса парчалаб бўлмас…

Бу сатрлар ҳаётида кўп машаққатларни, маломатларни бошдан кечирган шоир қалбининг хитобидир.

Дарҳақиқат, Абдулла Орипов қийин ва мураккаб ижодий йўлни босиб ўтди. Зотан шеъриятимизда у янги туйғуларни куйлади, кашф қилди, янги иқлим яратди.

Бугун умрининг ҳар бир йилини юксак ижодий руҳ билан кечираётган шоир – 70 ёшда!

Мен устоз шеърияти билан дастлаб ошно бўлган даврларимни, унинг ўзи билан илк танишган кезларимни ҳамиша мароқ билан эслайман.

Йиллар ўтаверди. Мен ўзим ҳам маълум бир ёшни қоралаб қўйдим. Ҳар бир соҳа вакили босиб ўтган умр йўллари давомида ўз соҳасига оид воқеаларни, кечинмаларни, хотираларни ёдига олади. Шоирга эса умр йўли қирғоқларидан тошиб оққан, шафақ алангасида ял-ял товланган сермавж шеърият наҳри тимсолида кўринса сира ажаб эмас.

Мен устоз билан унинг муборак айёми арафасида бир суҳбат уюштиришни ва уни журналимизда ёритишни кўнглимга тугиб қўйган эдим. Дам олиш кунларининг бирида устозга дабдурустдан сим қоқдим. Абдулла ака бугун жиндек тоби келишмай турганини айтди. “Унда эртага борсам-чи?”, – дедим мен. “Майли, телефон қилиб кўргин”, – деди.

Келишилган вақтда Абдулла аканинг Дўрмондаги ҳовлисига чиқиб бордим. Устоз мени хушҳол кайфиятда қарши олдилар. Суҳбатимиз ўз-ўзидан қовушиб кетди.

Абдулла ака, суҳбатни болалик йилларингиз, шеъриятга илк ҳавас қўйган даврларингиздан бошласак…

– Майли, шундоқ бўла қолсин. Мен Қарши (қадимги Насаф) шаҳридан беш-ўн чақирим шимолроқ томонда Қўнғиртов ёнбошидаги Некуз қишлоғида туғилганман. Болалигим ўша Қўнғиртов этакларида ўтган. Баҳор келганда ҳавони ўт-ўланнинг ёқимли, хушбўй ҳиди қоплар, шаррос ёмғир қуйганда биз тоғ ёнбағри унгуридаги кичик-кичик ғорларга беркиниб олардик. Мен кўпинча ўша юксакликдан шимол тарафдаги ям-яшил бепоён кенгликларни томоша қилар эдим, тўйиб-тўйиб нафас олардим. Адирлар бу пайтда минг хил ўт-ўлан, чучмомаю қизғалдоқлар билан, каррагу ҳазориисфанд билан, қўзигуллар билан қопланарди…

Шеъриятга ҳавас сизда ўша гўзал табиат қўйнида уйғонган экан-да?..

– Балки… Лекин мен бунда бошқа сабабни ҳам кўраман. Биз оилада тўрт ўғил, тўрт қиз ўсганмиз. Мен ўғиллар орасида кенжаси эдим. Акаларим Бухоро ва Тошкентда олий ўқув юртларида тил ва адабиёт факултетларида ўқишарди. Улар ҳар сафар уйга келишганида даста-даста бадиий китобларни кўтариб келишарди. Менинг аллақачон саводим чиққан, китобларни шариллатиб ўқий олардим. Яна бир нарса муҳимки, болалигимда хотирам ниҳоятда кучли эди. Бир ўқиганим эсимда қолаверар эди. Радио, телевидение ёхуд бошқа томошалар бўлмаганидан кейин эрмагим китоб эди-да. Дуч келган нарсани ўқиб, дуч келган нарсани ёдлаб олаверардим.

Албатта, бу китоблар орасида халқ достонлари ҳам, Навоий бобомизу Пушкиндан таржималар ҳам, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон шеърияти ва яна бошқа кўп роману қиссалар бўларди.

Одамнинг ҳаёти тасодифлар билан боғлиқ. Агар мен тасодиф билан адабиёт факултетига эмас, бошқа факултетга ўқишга кирганимда бошқа соҳанинг одами бўлиб кетардим. Масалан, осмон илми мени ниҳоятда қизиқтирарди. Астроном бўлишни орзу қилган пайтларимни яхши эслайман. Қишлоғимиз осмонидаги пиёладай-пиёладай юлдузларга маҳлиё бўлиб, қандай сир бор экан у ерларда деб кўп ўйлардим. Ҳозир ҳам юлдузлар дунёсига кўп қизиқаман. Юлдузлар ҳақидаги китобларни кўп ўқийман. Боғда кичиккина телескопим бор. Бўш вақтларимда юлдузларни кузатишни яхши кўраман.

– Матбуотда илк чиққан шеърингизни эслайсизми?

Шеърларим аввал туман, вилоят газеталарида босилиб турган бўлса-да, биринчи марта болалар газетасида “Қушча” деган шеърим босилиб чиққан. Ундан кейин қанчадан-қанча шеърларим, тўпламларим чоп этилди. Бироқ илк шеърим босилиб чиққан ўша кун, унинг қувончи сира-сира эсимдан чиқмайди. Эҳтимол, бу ҳам адабиётдаги биринчи муҳаббат нашъасидир.

Сизни катта йўлга олиб чиққан устозларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз…

Факултетимизда адабиёт тўгараги муттасил фаолият кўрсатарди. Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов каби устозлар биз билан соатлаб машғулот олиб борардилар. Кейин Озод аканинг “Оқ йўл”и билан “Шарқ юлдузи”да шеърларим босилиб чиқди. Ёзувчилар уюшмасидаги мушоиралардан бирида “Муножотни тинглаб”, “Бургут” деган шеърларимни ўқидим, ўша куни Абдулла Қаҳҳор назарига тушдим. Миртемир домладан кўп шогирдлари қатори сабоқ олдим. Шайхзодадек донишманд устозга эргашиб, у киши шеър ўқиган минбарда мен ҳам шеър ўқидим. Эсимда, Эски шаҳардаги “Турон” кутубхонасида ўқиган шеърларимни тингловчилар жуда илиқ кутиб олдилар. Учрашувдан қайтаётганимизда Шайхзода домла билагимдан тутиб, “Шоир, сизга битта гапим бор. Эҳтиёт бўлгайсиз, ишқилиб қарсаклардан талтайиб кетмасангиз бўлгани”, деган. Бу гаплар ҳам қулоғимга қўрғошиндай қуйилиб қолди.

Устоз Ғафур Ғулом қатнашган давраларда шеърларини ўз оғизларидан неча-неча бора эшитдим. Бир сафар Ғафур ака елкамга қоқиб, “Кеча телевизорда шеър ўқиган бола сенмисан. Ёзавер, ўғлим”, деганларини ҳеч қачон унутмайман. Ойбек домла уйларига чорлаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка тавсия ёзиб, уни қўлимга тутқазганлар. Бу воқеа ҳам сира эсимдан чиқмайди.

Абдулла ака, ўтган асрнинг 60-йиллари “илиқлик даври” деб номланади. Бу йиллар шахсга сиғиниш давридан кейинги жамиятда куртак ёза бошлаган эркин нафас олиш мумкин бўлган давр эди. Ана шу йилларда адабиётга янги тўлқин кириб келди. Бу сиз мансуб бўлган авлод ижодкорлари эди…

– Адабиётимизда ўтган асрнинг қарийб ярмидан кўпи урра-уррачилик, ғоябозлик даври бўлган эди, десак тўғри бўлади. Адабий жараёнга ялпи назар ташлаганда шундай таассурот туғилиши табиийдир. Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ мамлакат маънавий ҳаётида қандайдир ўзгаришлар бошланган эди. Бу силжишлар ўша даврда майдонга чиққан шоирлар ижодида, айниқса, бўртиб кўрина бошлади. Рус адабиётида Е.Евтушенко, А.Вознесенский, Б.Ахмадулина сингари шоирлар пайдо бўлди. Янги эпкиннинг хосияти шундан иборат бўлдики, бундай ижодкорлар қаттиқ танқидга учрадилар, лекин қамалмадилар.

Муҳитдаги энг катта ютуқ мана шундан иборат эди. Бизникилар ҳам, шубҳасиз, Москва соатига қараб иш тутардилар. Биз ҳам дилимизни очиб, айрим шеърларимизни унда-бунда эълон қила бошлаган эдик. Эркин Воҳидов каби шоирларнинг нафасида янги баҳор шабадалари уфуриб турарди.

Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, баъзи мисолларни келтириш билан чекланаман. “Тилла балиқча”, “Биринчи муҳаббатим” каби шеърларимиз ошдан чиққан тош янглиғ ўша давр мафкурасининг тишини қарсиллатгани сир эмас. Бу шеърларга қўйилган айбларни эшитса, бугунги кунда ёш бола ҳам кулиб юбориши мумкин. Жумладан, “Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим” сатрини катта мажлисларда тилга олишиб, “партияга суян, давлатга суян” қабилидаги кўрсатмалар билан “сийлашган”. Ҳатто биз тарихда ижобий роль ўйнади деган 60-йиллар адабий муҳитининг ижтимоий-сиёсий башараси мана шундай эди.

“Қатағон йиллари” билан солиштирганда гарчи бу давр “ҳолва” туюлса-да, совет тузуми, коммунистик сиёсат миллатимизни сира кўкартирмади. Эркка талпинган қўлларни ҳамиша кесиб, озодликни ўйлаган бошларни ҳар вақт дорга тортди. Шундай оғир даврларни бугун эслаб, этинг сесканиб кетади…

– Сиз ҳақсиз. Мустабидлар сиёсатнинг энг таъсирли йўлини танлаган, халқлар бошига манқуртлик терисини кийдириб, қуллик ва қарамликка ялпи равишда кўниктиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эди. Бу айниқса биз учун жароҳатли ва унутилмасдир. Чунки биз оққан дарёнинг авлодларимиз. Лекин истибдод даврида “Сен ҳеч ким эмассан, омисан, ёввойисан”, деган ҳақоратга чидаб келинди. Етти иқлимга оёғи етган, ҳар ишда адолатни байроқ қилган улуғ бобомиз Амир Темурни оқсоқ ва қонхўр деб бадном этдилар. Дунё сардафтарини шеъру ҳикмат билан бойитган, юлдузларни кашф этган халқни саводсизликда, маданиятсизликда айбладилар. “Сенларни шўро тузуми одам қилди, йўқса, ҳамон феодализм ботқоғига ботиб ётар эдиларинг”, деб таҳ-қирладилар.

Оғир ўтмишни эслаб, нега кўнглингда оғриқ уйғонмасин! Айниқса, қатағон йилларини! Сиз тасаввур қилинг, туппа-тузук бир одам, шоир ёки ўқитувчи “халқ душмани” деб бадном этилса! Чекистлар келиб уйини тинтув қилса, кўз ўнгида қизларини, аёлини ечинтирса…

Мен бу гапни осмондан олиб айтаётганим йўқ, халқ таълими ходими Носир Саидийнинг қизи Раъно Ашурбекова қон йиғлаб: “НКВД ходимлари уйимизни тинтув қилишди, – дейди. – Биз ёш болаларни ҳам ота-онамиз олдида ечинтириб кўришди.

Онам ҳомиладор эди. Унга ҳам ечинасан, дейишди, ечинтиришди. Бечора отам: “Гулсумхон, кечир, сизларни ҳимоя қилолмайман”, – дея жовдираб йиғлагани ҳамон ёдимда. Шундан сўнг онам эс-ҳушидан айрилиб, руҳий касалликлар шифохонасига тушиб қолди…”

Бу қандай бедодлик? Ўша даврда бундай хўрлик ва ситамларнинг чек-чегараси бўлганми ўзи?

Мустабидлар назарида: бутун эл “халқ душманлари”дан иборат эди, озод бўламан деган ўлимга гирифтор этиларди.

Жумладан, яқин ўтмишни эсга олинг. “Ўзбеклар иши” деган айбнома қанча оилани қон қақшатиб юборди, шаънимизни ер билан битта қилди. Одамларни “Мен порахўрман”, дейишга мажбур қилдилар. Бизни уюшган жиноятчиликда айблаб, дунёга жар солишди.

Не бахтки, миллатимиз, халқимиз бир умр зулмат бағрида қолиб кетмади. Жафокаш юртимиз орзуси рўёбга чиқди – истиқлолга эришдик. Ана шу муборак айём муҳтарам Юртбошимиз Ватан мустақиллигини эълон қилган анжуманда сиз ҳам тўлиб-тошиб шеър ўқидингиз:

…Елкамизга офтобнинг текканлиги рост бўлсин дея.

– Истиқлол миллат шаънини ҳимоя қилибгина қолмай, унинг дунёқарашини ҳам рўёбга чиқаради. Руҳи озод инсон ўзи яшаётган жамиятга, шу билан бирга, бутун башарият ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан яшайди.

“Нега кеча бизга беписандлик билан қарашди, нега қадримизни ерга уришди, нега бор бойликларимизни талашди, тилимиз, дину дунёимиздан мосуво қилишга уриндилар?” деган саволни ўзимизга бериб кўрсак, кўп нарсалар ўз-ўзидан ойдинлашади. Энг асосийси, бу дориламон кунларнинг қадрига етмоқ, бу кунларга шукрона айтмоқ лозимлигини англаб етамиз.

– Тўғри айтасиз. Бугунги кунда у даврларни эсга олиб хотирласак, ёшлар учун бир чўпчакдек бўлиб туюлади. Айни чоғда истибдоднинг моҳияти тобора равшанроқ кўринмоқда. Жумладан, коммунистик сиёсатнинг яна бир даҳшатли томони шунда эдики, у бутун-бутун халқларни темир қафас ичида сақлаб, шодиёна қўшиқлар айтишга мажбур қилди. Тўғрироғи, уни шунга ўргатиб ҳам қўйди. Ўз ноғорасига ўйнамаганларни қатл қилди, қувғин остига олди. Айтмоқчиманки, сиз ўша даврда “шодиёна қўшиқлар”ни эмас, халқ дардига йўғрилган Ватан эркини орзулаган туйғуларингизни дадиллик билан сатрларга туширдингиз ва бошингизда қора булутлар айланди. Ўша дамларда кимлар сизга руҳий суянч бўлди?

– Устозларим, албатта.

– Ақлим танидим-у қошимда шу кун
Жасур акаларим сафини кўрдим…

сатрларида (“Табиат” шеъридан), демак, ўша устозларни назарда тутган экансиз-да?..

– 60-йиллар охирида адабиёт дунёсида ёшларни “тарбиялаш” мавсуми авж олди. Ўша даврда Эркин Воҳидовга ва менга қарши хуружлар, бизни яккалашга уринишлар бўлди. Шундай бир вақтда Абдулла Қаҳҳордай атоқли бир зот бизни ўз ҳимоясига олиб, асарларига шеърларимиздан эпиграфлар қўйди. Улкан адибимизнинг ушбу хатти-ҳаракати “Ҳой, бирордарлар, бу болаларни қаровсиз экан деб ўйламанглар!” – деган хитоби эди.

Ижодимнинг дастлабки палласида ҳар томондан турткиланиб, “бошим балога қолиб” юрган пайтларимда устоз Озод аканинг айтган ушбу гапи сира эсимдан чиқмайди. Жасурқалб, қўрқмасюрак домламиз: “Абдуллажон, сизни олиб кетишса, мен ҳам сиз билан бирга кетаман”, – деганди…

– Ўша даврларда ҳасадгўйларга, ичиқораларга, ўзганинг муваффақиятини кўролмасларга бу тузум муҳити, сиёсати қўл келиб қолди ҳам… Айтмоқчиманки, Ҳасадгўй тимсоли кўп шеърларингизда ёрқин намоён бўлади, худди ҳаётдан олиб чизилгандек…

– Балки… Ҳар ҳолда мен Ҳасадгўй образини ўйлаб топганим йўқ, тўқима образ ҳам эмас у. Ўз кучи ва келажагига ишонмайдиган одамнинг кўнгли тор бўлади, бошқаларнинг муваффақиятини ҳазм қилолмайди. Ҳасад ана шунақа чиркин хасталик. У, асосан, талантсизлар кўнглида кўкаради.

Қадимгилар айтади, ҳар кимнинг гўри бошқа, Азроили бўлак, деб. Ҳеч ким бировнинг шон-шуҳратини тортиб ололмайди ёки бировга шон-шуҳрат бахш этолмайди ҳам. Олам, табиат шундай қурилган. Ҳар ким ўз овозида, ўз даражасида куйлайди. Ана шу жиҳатга кўра мен ҳасад, ғараз туйғуларига ниҳоятда нафрат билан қарайман…

– Абдулла ака, комил инсон деган тушунча бор. У қандай инсон ўзи? Шахсан мен комил инсон ҳақида ўйлаганимда, аввало кўз ўнгимда Навоий сиймоси гавдаланади. Муҳтарам Юртбошимизнинг улуғ шоиримизга берган таърифлари нақадар топиб айтилган: “Навоийни агар биз аллома десак, у – алломаларнинг алломаси, агар авлиё десак, у – авлиёларнинг авлиёси, агар шоир десак, у – шоирларнинг султони”.

Буюк бобомизнинг салоҳияти, шеър санъати, унинг ижодининг қай даражада ўрганилаётганлиги ҳақида фикрларингизни ўртоқлашсангиз…

– Ижодкорлар орасида ҳаққа етгани Навоий деган тушунча бор. Зеро, унинг асарларини ўқиганимизда кўз ўнгимизда соҳиби камол, беназир бир инсон сиймоси гавдаланаверади.

Алишер Навоий ўзининг буюк истеъдоди билан ўша даврдаёқ адабиётимизни ўртамиёначилик ботқоғидан олиб чиқиб кетди. Навоий шеърият қофиябозлик эмас, балки улуғ санъат эканлигини ҳар бир сатри орқали исботлади. Шоирнинг бирор байти йўқки, унда доҳиёна ташбеҳлар учрамасин. Масалан, ёрнинг лабига учуқ тошган ҳолатни Навоий, мана қандай лутфу назокат, мутойиба билан тасвир этадилар:

Эрмас учуқ, шакарга ёпишди чибин пари,
Икки лабим била они олсам дудоғидин.

Навоий ғазалларини бир ёқлама талқин қилиш ҳоллари кўзга ташланади баъзан. Айрим адабиётшунос олимларимиз унинг ҳар бир байтидан тасаввуф унсурларини ахтарадилар ва бу руҳни бошқаларга ҳам сингдирмоқчи бўладилар. Лекин шуни унутмаслик керакки, Навоий ижодида ҳаётийлик ҳамиша бўртиб кўринади. Ушбу байтга эътибор беринг:

Дард туфроққа ниҳон қилди Навоий жисмини,
Топибон бир шуша олтин, дафн қилгандек гадо.

– Менимча, Навоий шеъриятини турли қолипларга солиб талқин қилмаслик керак. Чунки Навоий ижодига ҳар қандай қолип, ҳар қандай рамка торлик қилади. Шу боисдан Навоийни ўқиш эмас, англаш керак.

Шоирона бир ташбеҳ айтай: халқимизнинг бир фазилати ёққанки, бизга ўзбек туркийсида сўзловчи Алишердек табаррук зот жўнатилган экан, бунинг учун Яратганга минг бора шукр қиламиз.

Бугунги кунда ер юзининг барча пучмоқларида буюк шоиримизни фақат илтифот юзасидан эмас, балки башариятга меҳнати сингган зот бўлганлиги учун ҳам ардоқлаб турибдилар.

– Абдулла ака, шон-шуҳрат дегани нима эканлигини биз тенги ижодкорлар сизда кўрганмиз. Зеро, ўзбек шеъриятида сиздек довруғ қозонган шоирлар бармоқ билан санарлидир. Ана шу шон-шуҳратни кўтариб юриш сизга оғирлик қилмадими?

– Албатта, ҳар қандай шон-шуҳратнинг замзамаси-ю васвасаси бисёр… Боя айтганимдек, устозларнинг, жумладан, Шайхзоданинг “Эҳтиёт бўлинг, ишқилиб қарсаклардан талтайиб кетмасангиз бўлгани” деган гапларини доим ёдимда тутдим. Ижодкорнинг учта душмани бор: мол-давлат, мансаб, шон-шуҳрат. Ижодкор мана шу учта нарсани енгиши керак. Мол-давлат ва мансаб бир-бирига моҳиятан яқин туради. Лекин шон-шуҳрат хавфлироқ. Мана шу учта нарсани енголмаганларнинг кўпини кўрдик. Шон-шуҳратни енгдим деганларда ҳам бир асорат қоладики, бу – кибр. Кибр – ёмон нарса. Аллоҳдан биринчи душманинг ким деб сўрашганида, кибр, деган. Инсонни ўша кибрдан мосуво ҳолда тасаввур қилиб кўринг, кимни кўрасиз – комил инсонни… Ғурур – бошқа, албатта, у фақат такаббурликдан холи бўлса.

Шон-шуҳрат ҳақида яна гапирсам, меҳнат билан, риёзат билан банд киши шон-шуҳратга кўп ҳам эътибор беравермайди.

– Мутолаага муносабатингиз қандай?

– Буюк олмон шоири Иоганнес Бехернинг шундай гапи бор: “Киши фикрлари ўлмаслиги учун ҳар куни, ҳар доимо фикрлаб, тафаккурини чархлаб турмоғи шарт”. Тафаккурни чархлашнинг энг беназир усули мутолаадир. Мутолаасиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Газета-журналларни ҳам мунтазам кузатиб бораман. Юз-кўзингиз эмас-ку, “Жаҳон адабиёти” журнали менинг энг севимли журналимдир.

Китоб ўқиган, ўқийдиган одамнинг фариштаси бўлади. Мулоҳазакор, оқ билан қорани ажрата оладиган, шеърни, китобни қадрлайдиган инсонлардир улар. Бизнинг ҳақиқий дўстларимиз, танқидчиларимиз ана ўшалар.

Адабиётимиз ҳамиша ёзувчиларга сероб бўлган адабиёт. Уларнинг ҳар бирининг мухлиси, ўқувчиси бор. Аммо эндиликда совет тузумида яшаб ўтган ёзувчи ва шоирлар ижодини ўйлаганда, кўнгилда бир иштибоҳ туғилади: уларнинг меросига бугун қандай ёндашишимиз керак, балки қайта нашрларда уларни жиддий саралаш, ҳатто айримларига таҳрир ҳам лозим бўлар?

Албатта, бу жиддий муаммо. Бу муаммо Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Шайхзода каби кўплаб ижодкорларимизга тааллуқли. Масалан, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ҳақида, унинг талантининг кучи атом қудратига тенг, лекин бу кучни ўтин ёришга сарфлаб юрибди, деган. У бу билан Ғафур Ғуломнинг Москва, Кремль, Коммунизм ҳақидаги шеърларини назарда тутган. Бу шеърларни бугун ёритиб бўладими? Мутлақо йўқ. Бу борада раҳматли устоз Туроб Тўланинг бир гапи ёдимга тушади. Абдуллажон, деганди у бир куни, уйимдаги китоб жавони олдидан ўтаётганда ўзимнинг томликларимни кўрмайин деб кўзимни юмиб ўтаман… Туроб ака, мен қандоқ ўтай, мен ҳам кўзимни юмиб ўтайми, деб сўраганимда, йўқ, сиз кўзингизни пирпиратиб ўтсангиз бўлаверади, деганди. Самимий одам эди Туроб ака. Унинг назари билан ёндашадиган бўлсак, адабиётимизда собиқ тузум даврида ёзган асарларидан кўз юмиб ўтадиганлар озмунчами? Вақт шафқатсиз ҳакам дегани шу бўлса керак-да…

Ҳар ҳолда улар ижодига бугунги кун ва келажак назари билан ёндашганда, миллий мафкурамизни бойитадиган асарларни асраб-авайлашимиз керак.

– Абдулла ака, баъзи шеърларингизнинг ёзилиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз. Масалан, мудом тилдан тушмай келаётган “Тилла балиқча” шеъри…

– Олтмишинчи йилларда, нашриётда ишлаб юрган кезларимда улкан биномиз ёнида бир ошхона бўларди. Биз у ерга бориб тушлик қилардик.

Ўша жойда бир ҳовузча бўлиб, ичида иккита тилла балиқча сузиб юрарди. Мен шуни кўриб ушбу шеърни ёзганман. Бундан бошқа хулоса келиб чиқиб, ўша пайтда ур калтак-сур калтак бўлиб кетди. Нечта олим, нечта адабиётшунос ундан турли маънолар чиқарган. Шеърда бу сассиқ ҳовузга тилла балиқчани келтириб ташлангани, шўрлик тилла балиқ турли емишлар ва ушоқларни еб кун кечириши, алам қиладиган жойи – тилла балиқча дунёни шу сассиқ ҳовуздан иборат деб билишлиги ҳақида ёзилган. Менга қўйилган айб даҳшатли эди: гўё мен мамлакатни кўлмак, сассиқ ҳовуз деб талқин этган эмишман. Бу гапга бугунги кунда жилмайиб қўя қолиш мумкин. У даврда эса бу айб оғир айб эди. Зотан ана шундай айблар Усмон Носирни дорга торттирган эди.

Унинг:

Йўлчиман, манзилим уфқдан нари
Ложувард денгизнинг тубига яқин,

сатрлари учун, шоир океан ортини қўмсаябди, деб айб қўйишган.

Шеърим, яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг гуллар шарманда…

Бу сатрларга қўйилган айбни эшитинг: “Бу нима дегани? Совет гуллари Усмон Носир шеъридан хунукми? Шоир шеърларини совет гулларидан ортиқ кўраркан-да?!”

Совет тузуми мафкураси ҳар бир шеърни, ижод намунасини ана шундай рамкаларга солган ва шунга кўра ҳукм чиқарган.

“Ўзбекистон” қасидангиз услуб жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам беназир ва бетакрордир. Уни узоқ йиллар давомида яратгансиз…

– У даврларда бутун Совет Иттифоқи она-Ватан сифатида улуғланар ва куйланарди. Бу ҳолатда менинг кўнглимда: “Унда – Ўзбекистон-чи?!” деган савол туғилган. Ва бу савол бутун шеър давомида “Ўзбекистон, Ватаним маним!” хитоби бўлиб янгради. Қизиқ бир детал. Шеърнинг буюк соҳибқиронга бағишланган сатрларида “Дейман бу кун – у маним, маним” мисраси бор эди. Цензура тазйиқи билан “Демам бу кун – у маним, маним” деб эълон қилинган. Буюк бобомизни меники дейишга ҳаққимиз йўқ эди ўша даврларда!

– Абдулла ака, қишлоғимизда бир аёл бўларди. Эри урушдан қайтмаган. Ёлғиз ўғли билан бева қолганди. Сизнинг “Аёл” шеърингизни ҳар гал ўқиганимда кўз ўнгимда унинг сиймоси гавдаланарди…

– “Аёл” номли шеърим урушдан қайтмаган амакиларимнинг беваларига бағишланган. Уларнинг изтиробларини кўриб, кузатиб улғайган кўнглимнинг нидоси бу шеър.

Севимли қўшиққа айланиб кетган “Биринчи муҳаббатим”нинг ёзилиш тарихи-чи? Агар сир бўлмаса, унинг “прототипи” борми?

– Албатта бор… Яхшиси, бу сир бўла қолсин.

Абдулла ака, яқинда “Онажон” шеърингизга қайта кўзим тушиб, мижжаларим яна намланди. Унда худди менинг ёнишларим мужассам бўлгандек туюлаверади ҳар гал. Қолаверса, мен ҳам Онам ҳақида туркум шеърлар ёзганман… Муҳтарама волидангиз ҳамон ёдингизга тушиб турадими? Сизни дунёга келтириб, вояга етказган ул зотнинг жойлари жаннатда бўлсин…

– Онам раҳматликни мен жуда ҳам миннатдор бўлиб эслайман. Ҳамманинг ҳам ўз онаси бир фариштадай, илоҳий кўринади. Зотан Она – бу меҳр деганидир.

Мен онамга бағишланган шеъримни, марсия десам ҳам бўлади, узоқ вақт ёздим. Ўша пайтдаги аҳвол-руҳиятимдан сўз очмай қўя қолай. Лекин мен бу шеърни матбуот учун ёзган эмасман. Ҳеч қачон ғам одамнинг байроғи бўлолмайди. Икки йил шеърни эълон қилмадим. Сабаби, мендан кейин учта синглим бор эди. Бу шеърни ўқишса улар учун онам иккинчи марта қазо қилгандек бўларди-да… Кейинчалик эълон қилдим.

Оналар ҳақида гап кетганда, муқаддас ҳаж сафарида Макканинг улуғ шайхи амри маъруфида эшитганим ёдимга тушади:

“Аё, аҳли муслим, сизга икки йўл кўрсатилгандир: сажда қилинг, Оллоҳга ва яна Оллоҳга. Саждага яна бир йўл бордир, у эса Онага ва фақат Онага. Аё, аҳли муслим! Расули акрамнинг ўгитларини такрор қиламизки, шул икки хилқатдан ташқари ҳеч бир мавжудот саждага лойиқ эмас. Пайғамбарларимизга, падари бузрукворимизга ҳам сажда қилинмайди, улар зиёрат қилинади”.

Мана, Онага берилган баҳо.

– Абдулла ака, сиз таржима соҳасида ҳам улкан фаолият кўрсатдингиз. Аниқса, Дантенинг “Илоҳий комедия”сини таржима қилганингиз тарихий иш бўлди.

– Ҳозирча унинг “Дўзах” қисми таржима қилиниб, нашр этилди. Таржима жараёни мен учун улуғ мактаб бўлди. Агар қоғоз устида энг кўп тер тўккан бўлсам, ўша таржима устида тўкканман. Она тилимизнинг нақадар бой эканлигига имон келтирган бўлсам, ўша таржима жараёнида имон келтирганман. Азбаройи таржима асл нусхадан кам бўлмаслиги учун тилимиз бойлигидан имкон борича тўлиқ фойдаланиш учун изландим, тил хазинамиздан сўзлар ахтардим.

– Нега бу улуғ асар таржимасини ниҳоясига етказмаябсиз? Олдинда ҳали “Аъроф” ва “Жаннат” қисмлари турибди…

– Бунинг ўзига хос сабаблари бор… Бир сабаби асарнинг ниҳоятда буюклиги ва мураккаблигидир. Унинг таржимасини бир киришганда поёнига етказмоқлик мумкин бўлмаган иш. Бу асарнинг улуғлигини, залворини рўй-рост, қалбдан ҳис қилиш керак. Орада маълум бир танаффус бўлмаса, бу эзиб ташлайди одамни. “Дўзах”ни таржима қилганимда, тушларимда одамларнинг суякларини қазиб юрардим. Бундай туш кўриш – кетмон билан қабрларни кавлаб, каллалар, суяклар билан гаплашиб чиқиш – кимга ёқади, дейсиз.

Данте айтишича, дўзах дарвозасига “Эй банда, бу ерга умидларингни ташлаб кир”, деб ёзиб қўйилган экан. Бу гап айнан таржимонга ҳам тегишлидир. Яъни таржимон ҳам жаҳаннамий меҳнатни бўйнига олиб, бу ишга киришмоғи шарт. Мен “Дўзах” таржимасида ана шу уқубатларни бошдан ўтказдим. Эндиликда “Аъроф”нинг ҳам анчагина қўшиқлари ўгирилди. Худо умр берса, таржимани тўла-тўкис ниҳоялашни ният қилганман.

Абдулла ака, шоир учун қачон осон бўлган – беш юз йил олдинми, ҳозирми ёки беш юз йил кейинми?

– Шоир учун ҳеч қачон осон бўлган эмас, ҳеч бир замонда осон бўлмайди.

Умр йўлингизга қараб, баъзан армон ва пушаймон ҳам туясизми?

– Албатта. Армоним – беҳуда кечган вақтларим, пушаймонларим – собиқ тузум сиёсатига маҳлиё бўлиб ёзганларим…

Кўнглингизда баъзан бисотингиздаги шеърларни саралаш нияти уйғонмайдими?

– Вақт саралагани маъқул, менингча…

Бошқа жанрда нега ижод қилмайсиз?.. Масалан, прозада

– Прозада ҳам ёзиш ниятим бўлган, ҳозир ҳам йўқ эмас, лекин ўқувчини зериктириб қўйишдан қўрқаман. Шеър бошқа, проза бошқа, Шеър менга ўз ётоғимга, наср эса меҳмоннинг уйига ўхшаб кўринади.

“Дунё бу – қувғинди оҳудай елар…” дегансиз бир шеърингизда. Мана шу безовта дунё, югурик умр кўнглингизда қандай туйғулар уйғотади?

– Умрнинг югуриклигини қабристонларга йўлим тушганда сезиб қоламан ва юрагим титраб кетади… Гоҳ-гоҳида Форобий қабристонига ўтиб тураман, тиловат қиламан. Ажабо, ўнгимга бурилсам – устозим ётибди, чапимда эса – шогирдим! Умр бунча югурик, дунё бунча бевафо!..” деган туйғу кечади кўнглимдан.

Туғилган юрт меҳри деган тушунча бор. Шоир учун эса бу айниқса қадрли. Сизни ҳам туғилган заминингиз – Қашқадарё меҳри бот-бот тортиб турадими?

– Нимадандир сиқилсам, кайфиятимда сўниқлик пайдо бўлса, кўнглим Қашқадарё кенгликларини қўмсаб қолади. Бу диёрнинг соддадил, самимий, жўмард одамлари кўз ўнгимдан кетмайди. Қитмирликни билмайдиган, фақат меҳнат билан умргузаронлик қиладиган эзгу инсонлар ҳақида ўйлаганимда дастлаб кўзим ўнгида мен болалигимдан билган ўша одамлар гавдаланади.

Абдулла ака, жаҳон адабиёти саҳнасига ўзбек адиблари ҳам чиқадиган кунлар келишига ишонасизми? Токи, дунёда турли жараёнлар давом этар экан, уларга баҳо беришда катта доирадаги одамлар, келинглар, бу борада бир ўзбек адиби бор, унинг фикрига ҳам қулоқ солиб кўрайлик-чи, дейиладиган давр ҳам келармикин?

– Нега келмас экан? Бизнинг халқимизнинг иқтидори жаҳоннинг бошқа халқлариникидан камми? Албатта, шундай ижодкорлар биздан чиқади. Чиқиши керак. Боболаримиз дунёни ўзига қаратганди-ку, ахир. Муҳтарам Юртбошимизнинг ижодкорларга кўрсатаётган улкан ғамхўрликлари заминида шу муддао бор эмасми?

– Модерн шеъриятига муносабатингиз қандай?

– Мен ҳамиша айтиб келганман, кўк шеър ёзасанми, оқ шеър ёзасанми ёки қизил шеър ёзасанми уни, аввало, одам тушуниб, ўқиб баҳра олсин.

Америкалик Роберт Фрост деган шоир бор. Унинг бир шеъри ёдимда қолган. Қафасдаги маймунга бир масалани ечишга беришади. У ечолмайди. Кейин у каталакда ҳар ёнга сакрай бошлайди. Бу билан маймун, кўриб қўйинглар, ақл биринчи ўринда эмас, чаққонлик биринчи ўринда туради, демоқчи бўлади. Айрим “модерн” шеърларни ўқисам, ана шу муқом эсимга тушади. Айтмоқчиманки, умр қисқа, уни тажрибалар учунгина исроф қилиб қўймаслик керак. Адабиётдаги муваффақиятни фақат шаклий изланишларгина таъминламайди. Улар нечоғли замонавий ва илғор бўлмасин, шеърда руҳ ва мазмун муҳимдир.

Лекин, афсуски, адабий танқидчилигимизда бу муамоларни чуқур таҳлил қила оладиган, тўғри йўналишларни кўрсатиб берадиган танқидчиларимиз, адабиётшуносларимиз ҳам йўқ-да. Буни ҳам тан олишимиз керак.

– Мана бу шеърга қулоқ тутсангиз, ўзингиз хулоса чиқариб оласиз.

ТАНҚИДЧИЛАРГА ҲАЗИЛ

Антитеза йўли билан
Абсурдларни яратдик.
Реал ҳамда виртуални
Модернга қаратдик.
Концептуал эклектика
Аралашди ҳар гапга.
Тушимизга кириб чиқар
Экзюпери ва Кафка.

Ёш ижодкорларга қандай истакларни айтган бўлардингиз?

– Биринчидан, ёш қаламкашлар ўз адабиётини теран билишлари керак, иккинчидан, улар жаҳон адабиётини ўрганиши зарур. Учинчи шарт – улар меҳнатга ташна бўлишлари керак. Ўрни келганида ёш шоир укаларимизга бир гапни айтиб ўтай, зинҳор битта шеърни бир ўтиришда ёздим, деб мақтаниб юрманг, шеър, яъни ундаги сўзлар унли ва ундошларига қадар тинимсиз сайқал топгандагина ва айни чоғда биринчи ёзилишдаги руҳий қуввати ва сеҳрини йўқотмаган тақдирдагина мукаммал асарга айланиши мумкин. Албатта, мен бундоқ камолотга эришганман демоқчи эмасман. Лекин мумтоз адабиётимизни ўқиб-ўрганиб, Данте сингари шоирларни таржима қилиб, шу хулосага келганман.

Сизда шеър туғилиши жараёни қандай кечади? Дастлабки учқун мисра тарзида намоён бўладими, фикр ёки мажоз бўлибми? Буни билиш ўзим учун ҳам қизиқарли…

– Менда шеър дастлаб фикр тарзида, баъзан мажоз тарзида намоён бўлади. Кейин у шеър бўлиб шаклланади. Боя айтганимдек, қаттиқ меҳнат натижасида, албатта. Лекин меҳнатда завқ бўлиши керак. Илоҳий завқ. Зеро, қаттиқ меҳнатни юк ташувчи жонвор ҳам қилади. Бу илоҳий завқ сизга уйқу бермасин. Бу илоҳий завқ бўғзингизга қадар келсин, ичингиздан тошиб турсин. Кўзингиз юмилиб кетаётган эса-да, қўлингиз қаламга талпинсин. Хуллас, меҳнат, яна меҳнат… Чўнтагида иккита шеър қораламаси юрмаган шоирни мен шоир санамайман: кези келганда тузатиш киритиш учун «аммо»нинг ўрнига «лекин»ни қўйиш керак бўлар, масалан. Ёшлигимда мен ухламасликдан қўрқмасдим, эндиликда ухламаган туним эртасига дарҳол ўз таъсирини билдиради.

Абдулла ака, ҳозир кўнглингиз кўпроқ нимани тусайди?

– Самимий, беғубор дўст суҳбатини. Бир тўртлигимда айтганман: дўстлашган икки одамнинг бойлиги бойлигига тенг бўлиши шарт эмас, бўйи бўйига тенг бўлиши шарт эмас, мансаби мансабига тенг бўлиши шарт эмас, уларнинг кўнгиллари бир-бирига тенг бўлса, бас…

Абдулла ака, Ватанимиз ўз мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлаш арафасида, халқимиз истиқлолдан қувват олиб, ҳуррият нашидасидан ил-ҳомланиб истиқбол сари дадил қадам ташлаётган бир паллада шоирман, ёзувчиман деган қалам соҳибларининг вазифаси нимадан иборат бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

– Қалам соҳиблари, ўткир тафаккур эгалари ҳар бир замонда ҳам даврнинг энг олдинги марраларида бўлишган. Керак бўлса, халқ саодати, Ватан озодлиги учун жонларини фидо қилишган. Буни тарихдан яхши биламиз. Бугунги кунда мамлакатимиз мустақил, халқимиз буюк бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқда. Биз ижодкорлар мана шу манзаранинг шоҳиди бўлиб турибмиз. Аммо бизлар мана шу руҳга, мана шу шиддатга муносиб асарлар яратаётибмизми? Давримизнинг қаҳрамонларини юксак оҳангларда тараннум эта олдикми? Мана шу туйғу барчамизни безовта қилиши зарур, тунлар уйқу бермаслиги керак.

Чинакам шоирман, ёзувчиман деган қалам соҳиби бугунги кунимиз шукуҳидан қалбида сурур туюши керак. Шу сурурни туймаган ижодкорнинг истеъдодига мен шубҳа билан қарайман.

Устоз, ушбу саволимни сизга кўп истиҳола билан билдирмоқчиман. Бир тўртлигингиз хусусида. Тўртлик шундай:

“Афсус, жаҳон аро денгизимиз йўқ…”
Гоҳо ўкинч билан янграр сўзингиз.
Лекин, Ислом ака, менинг кўнглим тўқ:
Ўзбекистон учун денгиз ўзингиз.

Мен ушбу сатрларни илк бор ўқиганимда ундаги ғоят ўринли ташбеҳингизга қойил қолганман. Истеъдодингизга яна бир карра тан берганман. (Мен ҳам шоирман, ахир!) Сиз ушбу тўрт сатр шеърингизда муҳтарам Юртбошимизнинг сиймосини тугал чизиб бергансиз десам, мсуболаға эмас. Зеро, денгизнинг абадий туғён тимсоли эканлигини, зоҳиран ҳам, ботинан ҳам ниҳоятда улуғворлигини, бағрикенглигини ким кўрмаган дейсиз? Сиз халқимиз бахти, Ватанимиз саодатини туну кун ўйлаб шу йўлда жонбозлик кўрсатаётган фидойи, беназир раҳнамомизни денгизга қиёслаб, поэтик ташбиҳ яратгансиз. Дунёдан огоҳ инсонлар сифатида, теварагимизда, яқин-йироқларда қандай жараёнлар кечаётганлигини яхши биламиз.

Юртбошимизниг дунёвий ташвишлардан ортиб, мамлакатимизнинг ички ва ташқи муаммоларига ҳар куни рўбарў бўлган ҳолда маънавиятимиз ҳақида ҳамиша қайғураётганликлари, ижодкорларга алоҳида эътибор бераётганлиги унинг қалбидаги бағрикенгликнинг далил-исботидир. Яратилаётган шарт-шароитдан, кўрсатилаётган ғамхўрликдан биз – ижод аҳлининг кўнглимизда миннатдорчилик туйғуси жўш уриб турибди. Шундай эмасми?

Ушбу эътибор ва ғамхўрликнинг замирига назар солсак, ундаги қалам аҳлига нисбатан юксак ишонч ва катта умидни илғашимиз қийин эмас. Зеро буюк соҳибқирон таъкидлаганидек, ўз қавмимизда бош бўғин эканмиз, шунга муносиб фикрлашимиз жоиз. Тафаккурда дунёвий мавқеларга кўтарилмоғимиз керак. Бундай парвозга биз фақат Мустақиллик шоҳсупасидан, Истиқлол заминидан кўтарилишимиз мумкин эди. Истиқлолнинг қадри шунинг учун буюкдир.

Кўҳна тарихга назар солсак, озодликни ҳеч бир миллат осонгина, ўз-ўзидан қўлга киритмаганлигини кўрамиз. Эҳ-ҳе, қанчадан-қанча кўз ёшлар тўкилган бу йўлда, қанчадан-қанча қурбонлар берилган. Бизнинг миллатимиз, халқимиз учун ҳам Истиқлол осмондан тушгани йўқ. Бу йил мана шу муборак айёмга 20 йил тўлади. Бу давр мобайнида биз эски тушунчалардан қутулдик, буюк келажак сари юз бурдик. Биз мана шу мураккаб кураш йўлини доно йўлбошчимиз раҳбарлигида босиб ўтдик, дея фахр ва ифтихор билан айтаман. Не-не хавф-хатарга, қалтис вазиятларга рўбарў келмадик. Энг машаққатли муаммоларни ҳам Юртбошимиз бошчилигида ҳал қилиб, дунё саҳнасида обрў-эътибор қозонмоқдамиз. Ўзбек деган ном дунёда бугун мағрур жарангламоқда.

Бугун тарихда шахснинг ўрни нақадар муҳим эканлигига амин бўлиб турибмиз.

Ислом Каримовни даврнинг ўзи майдонга олиб чиқди.

Ҳали олдимизда кўп довонлар бор. Барчамиз истиқлолимиз асосчиси Юртбошимиз атрофида мустаҳкам жипслашишимиз керак.

Абдулла ака, давримизнинг алломаси, қолаверса, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб, 70 ёшни қоралаган мўйсафид сифатида умрнинг мазмунини ёшларимизга бир оғиз сўз билан қандай ифодалаган бўлардингиз?

– Шу озод Ватанимиз бахти учун яшашда!..

Дарҳақиқат, сиз бу туйғунгизни бир шеърингизда шундай таъкидлагандингиз:

Ўзбекистон – ягона Ватан учун яшайлик,
Ватан ичра гўзал бу чаман учун яшайлик!

Устоз, мен сизнинг биринчи расман шогирдингизман. Бу гапим ғалати туюлмасин. Чунки бундан қирқ йиллар чамаси олдин биринчи бўлиб менга “Гулистон” журналида “Оқ йўл” тилаган эдингиз. Мендан кейин, албатта, кўпдан-кўп ёш шоирлар сиздан дуои-фотиҳа олди. Мен эса биринчи рақамли шогирдингиз эканлигимдан мудом фахрланиб юраман.

Сизга барча шогирдларингиз номидан, журналимиз таҳририяти номидан муборак айёмингиз муносабати билан мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр тилайман. Ҳамиша шеъриятимиз дарғаси бўлиб қолинг.

Раҳмат. Миннатдорман…

Мен устоз хонадонидан ёруғ туйғулар билан қайтдим. Йўл-йўлакай унинг феномени ҳақида ўйладим. “Абдулла Орипов феномени” – ХХ аср ўзбек шеъриятининг юксак сурури. Унинг ижодида – туғёнли шеъриятида халқимизнинг эркка, озодликка, яхши кунларга бўлган ишончи, боқий Ватан тараннуми, инсон қалбида кечадиган теран кечинмалар, ҳаётга бўлган чексиз муҳаббат, дунёни чуқур англаш туйғулари тажассум топди.

Бир оғиз сўз билан, ўзбек шеърияти Абдулла Орипов ижоди тимсолида ХХ аср жаҳон шеъриятига ўз ҳиссасини қўшди, дея баралла айтишимиз мумкин.

Шеърларида Эркни, Озодликни, инсонга Муҳаббатни авж пардаларда куйлаган, муқаддас замин – Ўзбекистонимиз келажагини ўтли қўшиқларида тараннум этган шоир халқ меҳри-эъзозига, Ватаннинг энг юксак унвонларига сазовор бўлди.

Бугунги кунда Абдулла Орипов шеърияти миллатимиз осмонида камалакдек товланиб турибди.

Мирпўлат Мирзо

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 3-сон.