Зулфия (1915-1996)

Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова 1915 йил 1 март куни Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. Шоира хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларидаёқ (1931—1934) адабий тўгаракларда шеърлар машқ қила бошлади. 1935—1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.  Сўнгра 1938—1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Дав-лат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950—1953 йилларда эса «Ўзбекистон хотин-қизлари» («Саодат») журналида бўлим бошлиғи. 1953—1980 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади.

Зулфия 17 ёшида ёзган «Хаёт варақлари» (1932) биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосият Тиллахоновалар сафига кириб келди.

Зулфиянинг ижодий камолотида ўзбек ва рус мумтоз адабиёти, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли бениҳоя бўлди.

Шоира «Шеърлар» ва «Қизлар қўшиғи» (1938) каби поэтик асарларини она-Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоғда мазкур тўпламлардаги шеърлари шоиранинг шеърий маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди.

Уруш даврида шоиранинг «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944) каби тўпламларининг нашр этилиши Зулфиянинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан нишона эди. Тўпламдаги шеърлар ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерлидир. Зулфиянинг «Менинг Ватаним», «Қўлимда қуролу устимда шинель», «Бизни кут» каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг жанговар руҳини ифодаловчи асарлар қаторидан ўрин олган.

Шоиранинг урушдан сўнгги йилларда ёзилган «Далада бир кун» (1948), «Тонг қўшиғи» (1953) каби бир қатор шеърлар туркуми, «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар» (1958), «Куйларим сизга» (1965) тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади. Уни «Сўроқлайди шоирни шеърим» (1960), «Ойдин» (1953), «Қуёшли қалам» (1967) каби очерк ва достонлари Ҳ. Ҳакимзода, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устоддарнинг ёрқин хотираларига бағишланган.

Зулфия Ҳ. Олимжоннинг «Семуруғ», «Зайнаб ва Омон» достонлари асосида пьеса ва опера либреттосини ҳам яратган.

Зулфия «Уйлар», «Шалола» каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти совриндори бўлган. Ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлал Неру номидаги халқаро соврин, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро «Нилуфар» мукофотига сазовор бўлган.

Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шри Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлди. У 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи конференциясида қатнашиб, машҳур «Мушоира» (1958) асарини яратди.

Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Некрасов, Лермонтов, В. Инбер, Леся Украинка, Эди Огнецвет, М. Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

Атоқли шоира 81 ёшида, 1996 йил 1 августида вафот этган.