Зоҳиджон Обидов (1923-1996)

Зоҳиджон Обидов 1923 йили Тошкентда туғилган. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган. Тошкент давлат университетини битирган.

Наманган педагогика институтида ўқитувчи, вилоят Ёзувчилар уюшмаси раҳбари бўлиб ишлаган. Тошкентга қайтгандан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Ғафур Ғулом номидаги ва «Ёш гвардия» нашриётларида ҳамда «Муштум» журналида фаолият кўрсатган.

Унинг «Яхши ният» (1957), «Янги ойнинг ўроғи» (1961), «Ошиқ кўнгил билан» (1963), «Хитойдан совға» (1963), «Тонг юлдузлари» (1964), «Сенинг изларинг» (1965), «Кўнгил навоси» (1968), «Хандаларим» (1969), «Умид тўлқинлари» (1972), «Юракдаги мавжлар» (1973), «Куйган куёв» (1973), «Танланган асарлар» (1974), «Талпинур дил» (1977), «Қўлингни бер» (1979), «Кўнгил таронаси» (1983), «Куйла, дилкаш дуторим» (1984), «Дилрабосан» (1984), «Бахшида» (1985), «Сенга талпинаман» (1990), «Қанотли қўшиқлар» (1991) каби китоблари наш этилган.

Зоҳиджон Обидов М. Лермонтов, Т. Шевченко, М. Бажан, Р. Ҳамзатов каби машҳур шоирларнинг асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган. Уруш фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган. У 1996 йилнинг 5 августида вафот этган.