Зафар Диёр (1912-1946)

Ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Зафар Диёрдир. У 1912 йили Наманган вилоятининг Чуст туманида камбағал деҳқон оиласида туғилди. Аввал эски мактабда, сўнг болалар уйида таълим олди. Бўлғуси шоир 1927 йилда Наримонов номли ўзбек эрлар билим юртига ўқишга кириб, уни 1933 йилда аъло баҳолар билан тугатиб, ўша ерда адабиёт муаллими бўлиб хизмат қилди.  1941 йилда эса Тошкент Давлат педагогика олий институтини тугатди.

Шоир ижоди гарчи эрта бошланган ва кўпгина шеърлари «Ленин учқуни», «Ёш ленинчи», «Ёш куч», «Колхозчи болалар» каби газеталарда чоп этилган бўлса ҳам, унинг «Қўшиқлар» номли биринчи шеърий тўплами 1938 йилда нашр этилади. Шоирнинг ижодий фаолияти журналистика билан чамбарчас боғлиқдир. У аввал «Ленин учқуни» (1936—1941) газетасида масъул котиб, 1941 йилдан умрининг охиригача «Қизил Ўзбекистон» газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган.

Шоирнинг «Қўшиқлар» тўпламидан сўнг «Тантана» (1938), «Шеърлар» (1939), «Бизнинг қуролимиз», «Бизнинг оила» (1942), «Совға» (1944) каби шеърий мажмуалари босилган.

Зафар Диёр Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1941—1945) ранг-баранг жанрларда самарали ижод қилди. Унинг «Қурол беринг менга ҳам!» шеъри Ҳ. Олимжоннинг «Қўлингга қурол ол!» асарига ҳамоҳанг. Шунингдек, «Орзу», «Темурчилар мактуби», «Отам келар яқинда», «Табассум», «Тўққизинчи май» каби шеърлари ёшларни қаҳрамонлик, ватанпарварлик ва биродарлик руҳида тарбиялашда муҳим роль ўйнайди.

Зафар Диёр моҳир болалар шоири бўлиши билан бирга, болаларнинг суюкли драматурги ҳам эди. Унинг уч қисмдан иборат «Бахтли ёшлик», «Уч оғайни» пьесаларида болалар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ардоқланади. У адабий-танқидий мақолалар муаллифи, таржимон ва носир ҳам эди.

Зафар Диёр 1946 йил 14 апрелда бевақт вафот этди. Унинг вафотидан кейин «Кичкина боғбон ҳақида достон» (1947), «Чаман» (1948), «Гунафша» (1952), «Асарлар» (1954), «Қанотли дўстлар» (1958), «Сув билан суҳбат» каби тўплам ва сайланмалари нашр этилган.