Вали Ғафуров (1922-1995)

Жангчи-ёзувчи Вали Ғафуров 1922 йилда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат университетида таҳсил олган. Самарқанд вилоят мактабларида ўқитувчилик қилган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Сталинград остоналарида икки кўзи, бир оёғидан ажралиб, ногирон бўлиб қолган.

У жангдан қайтгач, ўқитувчилик қилди, кўзи ожизларга раҳбарлик қилди. 60-йиллар бошларига келиб, унинг игна билан ёзилган «Вафодор» романининг биринчи китоби нашр этилди.

1973 йилда «Вафодор» романининг иккинчи китоби ҳам пайдо бўлди. Асар адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди, рус ва қардош тилларга таржима бўлди. Романда ёзувчининг шахсий ҳаёти тасвири орқали халқимизга хос метин-мустаҳкам ирода, қаҳрамонлик, биродарлик туйғулари улуғланди.

Вали Ғафуров «Вафодор» романидан сўнг «Сўнгги пушаймон», «Ботирга ўлим йўқ» каби қиссалар, «Шохлардаги мезонлар» каби мемуар характеридаги полотнолар ва кўплаб ҳикоялар яратди. Улар орасида «Сўнгги пушаймон» қиссаси алоҳида ажралиб туради. Унда ёшларнинг маънавий-ахлоқий баркамоллашувига тўсиқ бўлаётган айрим эскича урф-одатлар, нуқсонларни бартараф этиш йўллари изланди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Вали Ғафуров 1995 йилнинг 5 августида вафот этган.