Усмон хўжа Пўлатхўжаев (1878-1968)

Усмон Хўжа, Пўлатхўжаев Усмон хўжа (1878, Бухоро — 1968.28.7, Истанбул) — давлат ва жамоат арбоби. Бухородаги жадидчилик ҳаракати намояндаси. Бухоролик савдогар оиласида туғилган. Бухорода Мадраса таҳсилини олган ва дастлабки янги усул мактабларидан бирини очган. 1908 йилда Истанбулда ўқиган. 1912 йил бошларида Усмон хўжа Бухорога қайтгач, «Тарбияи атфол» махфий ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланган.

1917 йилда Усмон хўжа Ёш бухороликлар партияси МК таркибига киритилган. Колесов воқеасиаан сўнг, Тошкентда Ёш бухороликларнинг сўл эсерлар гуруҳини тузган (1918 йил апрель). Ёш бухороликлар партияси Туркистон Марказий бюросининг аъзоси (1920 йил февраль).

Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилгач, Усмон хўжа БХСР молия нозири (1920), Давлат назорати нозири (1921), БХСР Марказий Ижроия Кўмитасининг дастлабки раиси (1921 йил август — 1922 йил бошлари).

Усмон хўжа БХСР ҳукуматининг аксарият арбоблари сингари Бухоро Республикасининг ўз миллий армияси, миллий ҳукумати бўлган мустақил республикага айлантирмоқчи эди. Усмон хўжа БХСРдан совет Россиясининг қизил аскарлари олиб кетилиши ҳамда Бухоронинг мустақиллиги учун изчил курашди. Усмон хўжа 1922 йилдан шўролар билан алоқасини узиб, Кобулга келгач, Россияга қарши кураш олиб бориш учун БХСР нинг давлат бошлиғи сифатида Афғонистон амири Омонуллахон билан шартнома имзолаган (1922 йил 29 апрель). У Бухоронинг миллий армияси учун хорижий давлатлардан қурол-яроғ сотиб олишга ҳаракат қилган.

Усмон хўжа Анқарада Турк Култури (Турк Маданияти) институтини ташкил қилишда катта жонбозлик кўрсатган. Туркистон тарихига оид кўплаб асарлар, жумладан, «Туркистон» (Истанбул, 1936) рисоласининг муаллифи.