Усмон Қўчқор (1953-2017)

Шоир, таржимон Усмон Қўчқор 1953 йилнинг 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎЗМУ)нинг филология факультетини тугатган.

Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (1975—1977), Шофирконда она тили ва адабиёти ўқитувчиси (1977—1979), «Ўзбекистон» нашриётида муҳаррир (1979—1986), «Чўлпон» нашриётида (1986—1988), «Ёшлик» журналида, «Маънавият» нашриётида бош муҳаррир лавозимида (1988—1996) ишлаган.

Усмон Қўчқорнинг биринчи шеърий тўплами 1982 йилда «Ҳаяжонга кўмилган дунё» номи билан чоп этилган. «Акссиз садолар» (1986), «Уйқудаги минора» (1987), «Оғир карвон» (1991), “Чамангул”, “Широқ” каби шеърий китоблари чоп этилган.

Усмон Қўчқорнинг «Оғир карвон» номли шеърий тўпламига кирган кўпчилик шеърлари инсон руҳияти, руҳий олами, маънавияти ҳақида битилган гоҳ қасида, гоҳ памфлет бўлиб янграйди. Шоир «Қувғин» достонида қатағонлик даври азиятлари, изтироб ва аламлари ҳақида ҳикоя қилади.

У озарбайжон адибларидан Саййид Имоддиддин Насимийнинг “Мен бу жаҳонга сиғмасман” шеърлар тўпламини, Ҳусайн Жовиднинг “Амир Темур” драмасини, Жалил Маммадқулизоданинг қисса ва ҳикояларини, Юсуф Самад ўғлининг “Қатл куни”, Анорнинг “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” ва бошқа асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Унинг «Чамангул» (1996) номли болалар учун ёзилган шеърий гулдастаси Республика Давлат матбуот қўмитаси мукофотига сазовор бўлган.

2017 йил 21 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.