Турғун Пўлат (1928-1974)

Ёзувчи Турғун Пўлат 1928 йили Наманганда туғилган. Ёзувчи сифатида 50- йилларда матбуотда кўрина бошлаган. Дастлаб «Бизнинг бобо» (1951), «Буюк савдо» (1952), «Мангу қўлдошимсан» (1956), «Фестивал қўшиғи» (1959) каби шеърий асарлар ёзган. Айни чоғда «Аёллар исёни» (1967), «Жиғилдон қори» (1970), «Тўра ҳужжат» (1970) каби ҳажвий ҳикояларини эълон қилган. 1971 йилда унинг «Водийларни яёв кезганда» очерклар, 1973 йилда «Миррихдан келган меҳмон» ҳажвий ҳикоялар тўпламлари, 1975 йилда эса «Ичкуёв» қиссаси чоп этилган.

Турғун Пўлат публицист ва очеркнавис сифатида ўнлаб асарлар яратган. Унинг «Табаррук заминда» (1970), «Хотинбоз» (1972), «Яловбардор» (1986) каби асарлари шулар жумласидан.

Ёзувчи ўзининг очерклари, ҳикоя, қиссаларида ҳаётда ва одамлардаги нуқсонлар устидан кулиб, уларни бартараф этиш йўлини излаган. Шу жиҳатдан унинг айниқса, «Ичкуёв» қиссаси эътиборга сазовор. Турғун Пўлатга шу номдаги телевизион бадиий фильм учун 1979 йили (вафотидан сўнг) Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган.