Тўра Мирзо (1956)

Тўра Мирзо (Тўрамирза Жабборали Дадамирзо ўғли) 1956 йили Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги Пешкўрғон қишлоғида туғилган. Маннон Уйғур номидаги Тошкент санъат институтининг театршунослик бўлимини тугатган (1979). 1989 йилда Москвадаги Олий Адабиёт курсида ўқиган.

Биринчи шеърлар тўплами — «Майсалар хайқириғи» (1983). «Гўрўғлининг беланчаги», «Тонгги мактублар», «Кулгихона», «Амир Темур васияти», «Муҳаббатга ўқ теккан кун», «Тўхтамишхон» (1994) каби шеърий ва драматик асарлари нашр этилган. «Добрый знак», «Возврашение в Фергану» тўпламлари рус тилида, «Билга Тўнюқуқ васияти» манзумаси ва туркум шеърлари Туркияда нашр қилинган.

Тўра Мирзо истеъдодли шоир бўлиши билан бирга таниқли драматург ва таржимон ҳамдир. Унинг «Бекат», «Тонгги трамвай», «Пойтахт латифалари», «Саратондаги изғирин» каби драматик асарлари совринларга сазовор бўлган.

Шунингдек, адибнинг «Қоврилган ўрдак парвози», «Муҳаббатга ўқ теккан кун», «Аҳмад ва Оқбилак» сингари драмалари республика ва вилоят театрлари саҳнасидан муносиб ўрин олган.

3 драмадан иборат «Амир Темур» трилогияси учун халқаро Фузулий мукофотига сазовор бўлган.

Жон Глойл Пристлининг «Хазина», Агата Кристининг «Қопқон», Азиз Несиннинг «Яшасин, сарғиш пушти ранг» каби драматик асарларини ўзбек тилига таржима қилган.