Тоҳир Малик (1946-2019)

Тоҳир Малик (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) (1946.27.12, Тошкент – 2019.16.05, Тошкент) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (2000). Ўзбек адабий фантастикасининг асосчиларидан бири. Тошкент давлат университетининг кечки журналистика факултетини тугатган (1969).

Қурувчи (1963—64), мактабда ўқитувчи (1965—66) бўлиб ишлаган. «Ленин учқуни» газетаси, «Гулистон» (1975—78), Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир (1981—82), «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир (1985—87), «Шарқ юлдузи» (1982—85), «Ёшлик» (1989—91) журналиларида адабий ходим, масъул котиб, бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1988—90) бўлиб ишлаган.

Биринчи йирик асари — «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада қолган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур. «Сўнгги ўқ» қиссаси асосида 7 қисмли телефильм (1994) яратилган. «Қалдирғоч» (1987) эпик асари Абдулла Авлоний тақдири мисолида 20-йиллар ўзбек зиёлиларининг шаклланиши ҳақида баҳс юритади.

«Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000; 5-китоб, 2011) Тоҳир Маликнинг йирик асарларидан. Асар асосида кўп серияли телефильм яратилди. Романда турли қиёфадаги замондошларимизнинг образлари ёрқин лавҳаларда катта маҳорат билан чизилган, муҳим маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилган. Асарда жиноят оламидаги воқеалар фонида асосий эътибор асар қаҳрамонларининг руҳий дунёсини таҳлил этишга қаратилган.

Кишиларни жиноятнинг разил оламидан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ушбу огоҳлантирувчи асар мазмуни Тоҳир Маликнинг «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласида давом эттирилган. «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўпламида адабий жараёндаги муаммолар акс этган.

Тоҳир Маликнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ижодий фаолиятини ёритувчи «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги» (1988), Асқад Мухтор ижодини тахлил этувчи «Собир» (2003), Ўлмас Умарбеков ижодига бағишланган «Қиёмат қарз» (2002) ҳамда Абдулла Қодирий романлари тахлил этилган «Ибрат мактаби» (1993) бадиалари хам бор.

Тоҳир Малик ҳужжатли кино соҳасида ҳам фаолият кўрсатган. Унинг «Амир Темур даври адабиёти» (1998), «Варахша» (1999), «Унвони инсон» (1999), «Соҳилсиз дентиз» (2000), «Зулмат салтанати» (2001), «Моштабиб» (2002) сиенарийлари асосида ҳужжатли фильмлар ишланган.

Рус ёзувчиси Ф.М. Достоевскийнинг «Маъсума» киссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.