Содиқ Азимов (1914-1988)

Азимов Содиқ Азимович (1914.7.11 — Тошкент — 1988.21.12) — физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1962), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1964), физика-математика фанлари доктори (1955), профессор (1958).

Ўрта Осиё давлат университетини тугатган (1940). Ўрта Осиё политехника институтида ишлаган (1940—45), Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти лабораторияси мудири (1948—56), директор ўринбосари (1956-58), директори (1958-62; 1966-88), Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори (1962—66), «Физика — Қуёш» ИИЧБ бош директори (1986-88) бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси, яримўтказгичлар физикаси ва юқори температурали гелиоматериалшуносликка асос солган ва бу соҳаларни ривожлантирган олимлардан бири. Содиқ Азимов ўзи ишлаб чиққан усул ёрдамида космик нурлар таркибида мезонларга дахлсиз электрон ва фотонлар мавжудлигини исботлади (1948). Помир тоғи тепасидаги станцияда (денгиз сатҳидан 3900 м баландликда) Содиқ Азимов ўз ходимлари билан биргаликда космик нурлар ва ядроларнинг ўзаро таъсирини ўрганиш борасида олиб борган илмий изланишлар электрон-ядро оқимларини кашф этиш имконини берди.

Содиқ Азимов электрон-ядро жалаларини ва ядро заррачалари сингишни тадқиқ этган. У ўта юқори энергияли 1012— 1013 эв) ядро жараёнлари ўрганиладиган тоғ станцияси қурилишини ташкил этди. Содиқ Азимов раҳбарлигида Ўзбекистон Фанлар академияси физика-техника институтида қуёш нури энергиясидан фойдаланиш усули асосида ўта соф яримўтказгич материаллар олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди ҳамда 1987 йилда Паркент туманида 1 мегаватт қувватга эга концентратори бор ноёб қуёш печи барпо этилди.

Содиқ Азимов ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси ва юқори температурали гелиоматериалшунослик илмий мактабларига асос солди. У 14 фан доктори ва 70 дан зиёд фан номзодини тарбиялаб, етиштирди. Улар ҳозир ҳам «Физика-Қуёш» ИИЧБ да, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида ва Ўзбекистон миллий университетида халқаро даражадаги илмий ва амалий тадқиқотларни фаол давом эттирмоқдалар.

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970). «Физика-Қуёш» ИИЧБ га ва Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги кўча ва мактабга унинг номи берилган.