Шукур Холмирзаев (1940-2005)

Шукур Холмирзаев (1940.24.3, Бойсун тумани – 2005, Тошкент) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). «Меҳнат шуҳрати» орденига эгаси (1999). Тошкент университетининг журналистика факултетини тугатган (1963). «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир (1963—67), Муқимий номидаги мусиқали драма театрида адабий эмакдош (1967—69), «Гулистон» (1969—75) ва «Шарқ юлдузи» (1978—80) журналларида адабий ходим, бўлим мудири бўлиб ишлаган.

Шукур Холмирзаевнинг дастлабки ҳикоя ва очерклари 1958 йилдан нашр этила бошлаган. Шукур Холмирзаев ижодининг илк давридаёқ ҳикоя билан бир қаторда қисса жанрида ҳам калам тебратиб, «Оқ отли» (1962), «Тўлқинлар» (1963), «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» (1965) қиссаларини яратди. Бу асарлар 60-йиллардаги ўзбек қиссаларининг энг яхши намуналаридан бўлиб қолди. Ёзувчининг шу даврда ёзган ҳикоялари кейинчалик «Олис юлдузлар остида» (1971), «Ҳаёт абадий» (1974), «Оғир тош кўчса…» (1980), «Йўллар, йўлдошлар» (1984), «Бодом қишда гуллади» (1986), «Тоғларга қор тушди» (1987) сингари тўпламларидан ўрин олди.

Шукур Холмирзаевнинг ҳикоя ва қиссаларида, бир томондан, ёшлик ва талабалик йилларининг ўзига хос романтикаси ифодаланган бўлса, иккинчи томондан, ёзувчи туғилиб ўсган Бойсун туманида яшовчи турфа табиатли кишилар ҳаёти, жамиятда ва улар руҳий оламида кечган кураш ва ўзгаришлар ўзининг бадиий талқинини топди. Кейинчалик Бойсун ва бойсунликлар ҳаёти Шукур Холмирзаев ижодининг асосий мавзуси даражасига кўтарилиб, ёзувчи ижодида реалистик тасвирнинг устувор йўналишга айланишида муҳим омил бўлди. Шукур Холмирзаев воқеликдаги мураккаб ҳаётий жараёнлар ва кишиларнинг зиддиятлардан иборат руҳий оламини кашф эта боргани сайин унинг дастлабки ҳикоя ва қиссаларидаги романтик пафос энди ўз ўрнини реализмга бўшатиб берди ва ёзувчининг ўзбек адабиётига «шафқатсиз реализм» унсурларини олиб киришига имконият яратди. Шукур Холмирзаев 80—90-йилларда яратган асарларида мазкур даврдаги жамият ва халқ ҳаётининг чуқур бадиий таҳлилини берди.

Шукур Холмирзаев «Сўнгги бекат» (1976), «Қил кўприк» (1984), «Йўловчи» (1987), «Олабўжи» (1992), «Динозавр» (1-китоб, 1996) сингари романларини ёзди. Шукур Холмирзаевнинг «Сўнгги бекат», «Йўловчи» ва «Олабўжи» романларида шўро жамиятининг 70—80-йилларга келиб ичдан емирила бошлагани ёрқин бадиий образлар орқали акс эттирилди. Бу романларда кўтарилган ижтимоий масала ёзувчининг «Динозавр» романида ўзининг янгича бадиий талқинини топди. Шўро давлатининг халқпарвар давлат эканига, у олиб борган ички ва ташқи сиёсат халқ ва мамлакат манфаатига хизмат қилувчи сиёсат эканига астойдил ишонган кишининг ҳаёти ва руҳий оламидаги зиддиятлар кураши тасвири мазкур романнинг марказида туради.

Шукур Холмирзаев ёзувчилар орасида биринчилардан бўлиб ўзбек халқи тарихининг «босмачилик ҳаракати» деб атаб келинган даврини ўргана бошлади. Ёзувчининг «Қил кўприк» романи ва «Қора камар» (1987) пьесасида шу мавзу ўз ифодасини топди. Уларда адашган кишилар фожиаси образларда ёрқин гавдалантирилган. Шукур Холмирзаев пьесаси асосида Аброр Ҳидоятов номидаги Ёшлар театрида саҳналаштирилган «Қора камар» спектакли ёш авлодда тарихий ўтмишга янгича ёндашиш майлининг пайдо бўлишида муҳим роль ўйнади. Шукур Холмирзаев инг ўзбек хотин-қизларининг шўро давридаги фожиали тақдирига бағишланган «Зиёфат» пьесаси ҳам Ёшлар театрида саҳналаштирилган (1990).

Шукур Холмирзаев сўнгги йилларда Ш. Бурҳонов, Б. Зокиров, Р. Чориев, Шуҳрат, О. Ёқубов, Ў. Умарбеков, А. Орипов, М. Қўшжонов сингари таниқли адабиёт ва санъат намояндалари ҳақида эсселар ва адабий-танқидий мақолалар ёзди.

Шукур Холмирзаев — роман жанрида бир қатор асарлар ёзгани ва бу асарлар шу давр ўзбек романнавислиги тарихида муайян ўринга эга бўлишига қарамай, аввало ҳикоянавис. У ўз ҳикояларида А. Қодирий, А. Қаҳҳор каби ўзбек ёзувчиларининг энг яхши анъаналарини давом эттириш билан бирга ўзбек ҳикоянавислигини рус ва Европа ёзувчиларининг бадиий тажрибалари билан ҳам бойитди. Шукур Холмирзаевнинг энг яхши ҳикоялари қаҳрамон образининг янги ва ёрқинлиги, композициясининг ўзига хослиги, қаҳрамонлар тилининг рангбаранглиги билан ажралиб туради.

Наим Каримов.