Шавкат Солиҳов (1944)

Солиҳов Шавкат Исмоилович (1944.12.12, Тошкент) — кимёгар олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1995). Ўзбекистон Республикаси фан арбоби (1998). Биология фанлари доктори (1984), профессор (1984).

Ўрта Осиё университетини тугатган (1967). ТошДУ табиий бирикмалар кимёси кафедрасида илмий ходим (1967 —73), Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё бўлимида катта илмий ходим (1973—92), Ўзбекистон Фанлар академияси О.С.Содиқов номидаги Биоорганик кимё институти директори (1993 йилдан), айни вақтда, оқсиллар ва пептидлар кимёси лабораторияси мудири. Ўзбекистон миллий университети табиий бирикмалар кимёси кафедраси мудири (1998 йилдан), Ўзбекистон Фанлар академияси президенти (2006 йилдан).

Асосий илмий ишлари оқсиллар ва пептидлар тузилиши ҳамда хоссаларини ўрганишга оид. С. Ўрта Осиё жониворлари заҳари таркибидаги токсинлар, ферментлар ва ш. к. биологик фаол моддаларнинг тузилиши ҳамда функциясини ўрганди, 50 дан ортиқ физиологик фаол оқсиллар ва пептидларни ажратиб одни, булардан 15 тасининг кимёвий структурасини аниклади. Шавкат Солиҳов раҳбарлигида ғўза фитогормонининг таъсир механизми урганилиб, этилен, ауксин, цитокинин рецепторлари функциясини текшириш асосида дефолиациялаш ва ўстириш фаоллигига эга моддаларнинг скрининг мезони, кам госсиполли кунжара олиш технологияси ишлаб чиқилди.