Шароф Бошбеков (1951-2022)

Истеъдодли драматург Шароф Бошбеков 1951 йили Самарқандда дунёга келган. Дастлаб ҳикоя жанрида ўз истеъдодини синаб кўрган. Бинобарин, унинг «Г» варианти» ҳикояси (1981), «Жумбоқ» (1986), «Ғурур» (1982) каби ҳажвий ҳикоялари юзага келган.

Шундан сўнг унинг кетма-кет ранг-баранг мавзудаги саҳна асарлари яратилди. У «Тушов узган тулпорлар» (1983) ҳамда «Эшик қоққан ким?» (1987) каби комедия, «Қасосли дунё» қисқа метражли фильм сценарийсини ёзди. Шунингдек, «Эски шаҳар гаврошлари» (1988), «Темир хотин» (1989) каби жиддий комедияларни, «Тақдир эшиги» драмасини яратди.

«Темир хотин» пьесаси адибга катта шуҳрат келтирди. Унда фан-техника ривожи даврида инсон онги, дунёқараши, руҳиятида содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар ҳажвий йўсинда умумлаштириб берилган. Адибнинг шу асари асосида кинофильм ҳам яратилди (1990).

Шунингдек, у «Шариф ва Маъриф», «Юзсиз» (1993), «Тилла бола» (1994) каби фильмларнинг сценарийларини ёзишда ҳам иштирок этди. У «Масхарабоз» (1996), «Фарҳод ва Ширин» фильмларининг сценарийсини ёзиш баробарида ўзи режиссёр сифатида ҳам ижод қилди. «Чархпалак» номли 60 лавҳали видеофильмни тайёрлаган. Шунингдек, «Тентак» фаришталар» (1995), «Зўрдан зўр чиқса» (1996) каби саҳна асарларини ёзган.

Унинг «Темир хотин» асари 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг М. Шайхзода мукофотига лойиқ деб топилди. 1990 йилда эса унга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. 2022 йил 26 январь куни вафот этди.