Шайх Исмоил Махдум (1893-1976)

Шайх Исмоил Махдум 1893 йил Наманган шаҳрида диний оилада таваллуд топдилар. Оталари Мулло Сотти Охунд Мулло Абдурозиқ Охунд ўғли ўз замонасининг машҳур уламоларидан бўлиб, Наманган шаҳрида узоқ йиллар Ҳазрати Ҳизр масжидида имомлик қилиб, масжид қошидаги мадрасада дарс ҳам берганлар. Оилада беш ўғил, уч қиз бўлиб, Исмоил Махдум иккинчи фарзанд эдилар. Акалари Иброҳим Махдум ва укалари Исҳоқ Махдумлар илм соҳиблари бўлиш билан бирга мураттаб қорий сифатида Ўзбекистоннинг бир қанча масжидларида узоқ йиллар давомида имом-хатиблик вазифасида хизмат қилишган.

Исмоил Махдум бошланғич маълумотни ўз оталари ва маҳаллий диний мактабда олдилар. Ўн уч ёшларида Намангандаги машҳур Ғофир қори домлада Қуръони Каримни тўла ҳатм қилиб, ёд олдилар ва кўзга кўринган ҳофизи Каломуллоҳлардан бўлдилар. Мулло Қирғиз мадрасасида таҳсил кўрган талабалар орасида ўзларининг зеҳн ва муҳофаза қувватлари билан ажралиб турар эдилар. Исмоил Махдум машҳур Собитхон Тўра ва бошқа устозлардан тафсир, ҳадис, фикҳ, сарфу наҳв ва балоғат фанларидан дарс олдилар.

1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ташкил қилишда, масжидлар ва 1974 йилга қадар собиқ Шўролар иттифоқида ягона диний ўқув юрти бўлган Бухоро “Мир Араб” мадрасасини очишда Исмоил Махдум фаол қатнашдилар. 1943 йилда диний идоранинг биринчи раислари муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчиликларидаги биринчи ҳаж сафарида иштирок қилдилар. Бу Шўролар даврида рухсат этилган илк ҳаж сафари эди.

Шу йилларда Исмоил Махдум Наманган шаҳридаги “Шайх Эшон” масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаб, 1952 йилдан бошлаб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида муҳтасиб, ундан сўнг Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида мудир бўлиб ишладилар. 1957 йилдан то ҳаётларининг охирига қадар идора раиси ноиби – қозий лавозимида хизмат қилдилар. Шу муддат давомида диний идора фаолиятининг барча соҳаларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келдилар.

Исмоил Махдум Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси, сўнгра 1974 йилда ташкил этилган Тошкентдаги “Имом Бухорий” номли олий мадрасадаги таълим-тарбия ишларига катта эътибор бериб, умрларининг охиригача мазкур олий мадрасада талабаларга тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа диний фанлардан дарс беришни тўхтатмадилар. У зотдан сабоқ олган кўплаб талабалар ҳозирги кунда Марказий Осиё жумҳуриятларида, Русиянинг Татаристон, Бошқирдистон ва бошқа минтақаларида, Озарбайжонда юқори диний лавозимларда ишлаб келмоқдалар. Умрларининг охиригача диний идора тақвими (календари)ни тузиб, уни нашр қилдириб турдилар.

Диний идора томонидан бир неча марта чоп этилган Қуръони Карим нашрларини тайёрлашда Исмоил Махдум таҳрир ишларига бошчилик қилганлар. Муфтий ноиблари бўлмиш юқори лавозимда ишлаш даврларида чет мамлакатлар билан дўстона алоқалар ўрнатиш мақсадида Осиё, Африка ва Европа мамлакатларига қилинган амалий сафарлар ва расмий гуруҳлар таркибида иштирок этиб, у ердаги йирик диний муассасалар раҳбарлари, давлат арбоблари, кўзга кўринган диний уламолар ва жамоат намаёндалари билан учрашиб, диний идора билан борди-келди ва мактублар алмашиш ишларига асос солинишига Исмоил Махдум катта ҳисса қўшдилар.

Шайх Исмоил Махдумнинг мусулмонлар ҳаётига оид диний долзарб масалаларни ҳал этиш ва фатволар ишлаб чиқишдаги хизматлари ҳам катта бўлган. Кўп масалаларни китоб кўрмай, ўз ўрнида ҳал қилиб берардилар. «Совет шарқи мусулмонлари» журналининг таъсис этилишида жонкуярлардан бири бўлиш билан бирга, журнал саҳифаларида у кишининг тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид мақолалари мунтазам босилиб турар эди. Шайх Исмоил Махдум олти марта ҳожиларга бош бўлиб, муборак ҳаж сафарини адо этганлар.

Шайх Исмоил Махдум 1976 йил 22 январда Тошкентда вафот этдилар.

Ўзбекистонимиз истиқлолга эришиб, мустақиллик туфайли диёримиздан етишиб чиққан машҳур фидоий инсонлар, шу жумладан дин арбоблари ҳам муносиб тақдирланмоқдалар. Наманган аҳли ва шаҳар ҳокимияти раҳбарияти томонидан шайх Исмоил Махдум хизматларини эътиборга олиниб, у киши туғилиб ўсган кўчага ва шу кўчадаги масжидга шайх Исмоил Махдум номлари берилди.

Шайх Исмоил Махдум нафақат диний арбоб, балки, араб, форс ва қадимги ўзбек тилларини мукаммал билган, араб, эрон ва Ўрта Осиё халқлари тарихи, маданияти ва адабиёти бўйича мутахассис эдилар. Булардан ташқари табобат, фалсафа, илми ҳайъат (астраномия)га оид манбаларнинг ҳам билимдони эдилар. Қадимий табобат усули асосида доридармон тайёрлаш, яъни табиблик ҳам у кишининг қўлидан келар эди. Исмоил Махдум Ўзбекистон ФА академиги И.М.Мўминов, шу академия Шарқшунослик институтининг машҳур олимлари, академиянинг мухбир аъзолари У. Каримов, П.Г.Булгаков, ТошДУ шарқ факултети доценти, «Араб тили дарслиги» (рус тилида) муаллифи, марҳум Б.З.Холидовлар билан яқин муносабатда бўлганлар. Мумиё ҳақидаги асар муаллифи М.Муминов ҳам Исмоил Махдумдан кўп маслаҳатлар олган.

Исматуллоҳ Абдуллоҳ