Саъдулла Кароматов (1928-1987)

Кароматов Саъдулла Музаффарович (1928.14.7, Бухоро – 1987.21.8, Тошкент) — журналист, ёзувчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978). Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факультетини тугатган (1949).

Ўзбекистон радиоэшиттириш қўмитасида ходим (1949—51), «Совет Ўзбекистони» газетасида адабий ходим, бўлим мудири (1954—57), «Ўзбекистон маданияти» (1957—59), «Совет Ўзбекистони» (1959—66) газеталарида масъул котиб, «Тошкент оқшоми» — «Вечерний Ташкент» газеталари бош муҳаррири (1966— 82), Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси котиби (1982—85) бўлиб ишлаган.

1963 йилда эса унинг биринчи йирик насрий асари — «Тоғлар табассуми» ҳужжатли қиссаси майдонга келди. Сўнг «Амунинг зар кокиллари», «Гўзаллик рамзи», «Кумуш камар» сингари очерклар тўпламлари босмадан чиқди. Шундан сўнг у моҳир ҳикоянавис ва қиссанавис сифатида қалам тебратди. «Бир томчи қон», «Эътиқод» (1970) каби қиссаларини яратди. У сўнгги йилларда геологлар ҳаётидан олиб ёзилган «Олтин қум» ва чўлларни ўзлаштираётганларга бағишланган «Сўнгги бархан» романларини яратди.

Саъдулла Кароматов моҳир таржимон сифатида ҳам баракали қалам тебратиб келди. У Жюль Верннинг «Сув остида 8000 милл», туркман ёзувчиси Қилич Қулиевнинг «Қора карвон» романларини, Эрон ёзувчиларининг ҳикоялар тўпламини, тожик ёзувчиси Юсуф Акобировнинг «Тегирмон тўхтагач» қиссасини, Вадим Кожевниковнинг «Пешин чоғи кунгай томонда» романини ўзбек тилига ўгирган.