Рамз Бобожон (1921-2008)

Рамз Бобожон (тахаллуси; асл исм-шарифи Бобожонов Рамз, 1921.2.12, Тошкент – 2008) — шоир ва драматург. Ўзбекистон халқ шоири (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1971).

Тошкент педагогика институти (1944) ва шу институт аспирантураси (1955)ни тугатган. «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи») газетсида бўлим мудири, муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи (1949-59), Ёзувчилар уюшмаси правлениеси котиби (1960—63; 1968—80), Бадиий адабиёт нашриёти директори (1963— 67), Ўзбекистон «Ватан» жамияти правлениеси раиси (1981—86) лавозимларида хизмат қилган.

Ижоди 1936 йилдан бошланган. «Шеърлар» (1939), «Ҳадя» (1940), «Олтин камалак», «Водийни кезганда» (1949), «Танланган асарлар» (1958), «Севги сирлари» (1963), «Шеърлар» (1965), «Сенга, севгилим» (1969), «Мухаббатга таъзим» (1980), «Сенинг меҳринг» (1997), «Сурайё юлдузидан шуълалар» (2001) шеърий китоблар муаллифи.

Рамз Бобожон достон жанрида ҳам ижод этиб, «Қадрдон дўстлар» (1948), «Биринчи парвоз» (1955), «Бобом б-н суҳбат» (1967), «Оби ҳаёт» (1969), «Ҳиндистон онаси» (1972), «Баҳс» (1973) сингари лироэпик асарлар яратган.

«Тоға-жиянлар» (1961), «Инсу жинс ёки Тирик мурдалар» (1972), «Зуҳранинг мактублари» (1975) комедиялари, шунингдек, «Юсуф ва Зулайҳо» мусиқали драмаси (1981) республика театрлари саҳналарида қўйилган. «Зуҳранинг мактублари» комедияси «Лўлини алдаб бўлмайди» номи билан Москвадаги «Ромэн» театрида саҳналаштирилган. «Юсуф ва Зулайҳо» мусиқали драмаси асосида эса 5 серияли телевизион фильм яратилган.

Рамз Бобожон Г. Ибсен («Арвоҳлар»), А. Т. Твардовский («Василий Тёркин»), М. И. Алигер («Зоя»), Наби Ҳизрий («Севгим, севгилим») ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (2003).