Раҳмат Файзий (1918-1988)

Таниқли адиб Раҳмат Файзий 1918 йил 10 сентябрь куни Тошкентда Бешёғоч даҳасининг иккинчи тиконли мозор маҳалласида майда косиб оиласида дунёга келди. У ўрта мактабни тугатиб, электр-механика техникумида ўқиди. Сўнг «Ленин учқуни», «Ёш ленинчи» газеталари муҳарририятларида ишлади. Унинг дастлабки шеърий машқлари, лавҳа ва очерклари мазкур газеталар саҳифаларида (1937) эълон қилинди.  Раҳмат Файзий «Қизил Ўзбекистон», «Ўзбекистон маданияти» (1957—1959) газеталари, «Шарқ юлдузи» (1951 — 1954) журналида ишлаган пайтларида унинг қалами янада чархланди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тинч қурилиш йилларида ёзувчи «Тўй тўёнаси» (1951), Мирзачўлни ўзлаштираётган ёшларга бағишланган «Чўлга баҳор келди» (1951), «Повесть ва ҳикоялар» (1954), «Шоҳи дарпарда» (1958) каби қисса, очерк ва ҳикоя тўпламларини яратиб, элга танилди.

Ижодкорнинг «Текин музқаймоқ», «Менинг бобом», «Чўнтак», «Нафиса» каби ҳикоялари болаларни миллий руҳда тарбиялашга хизмат қилди.

Раҳмат Файзий 1962—1965 йилларда «Ўзбекфильм» киностудиясида ишлади. Унинг «Сен етим эмассан» (1962), «Ёр-ёр» киносценариялари асосида ишланган фильмлар ўзбек миллий киноси ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Айниқса, ёзувчининг «Сен етим эмассан» киносценарийси бўйича суратга олинган фильм қатор хорижий мамлакатлар экранларида намойиш этилиб, томошабинларга манзур бўлди.

Раҳмат Файзий 1969 йили шу сценарий асосида яратган «Ҳазрати инсон» романида темирчи Маҳкам ота ва Меҳринисо опа фаолияти орқали оддий кишилар қаҳрамонлигини кўрсатди.

Раҳмат Файзий Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1968), Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1968), Польша Халқ Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби фахрий унвонлари билан такдирланган. Ёзувчининг қатор асарлари рус ва бошқа қардош тилларга ўгирилган. У 1988 йилнинг куз кунларида вафот этган.