Рафиқ Мўмин (1900-1951)

Рафиқ Мўмин (тахаллуси; асл исм-шарифи Мўминов Рафиқ, 1900.7.2, Наманган — 1951.5.5) шоир, драматург, педагог. 1917 йилда Кўқондаги дорилмуаллиминни тугатиб, 1937 йил 27 майда қатағон этилгунига қадар ўқитувчилик қилган.

Рафиқ Мўмин Фарғона водийсига илмий экспедиция уюштириб, «Зевак» («Ёзи билан Зебо») ва б. асарларни ёзиб олган (1923). Адабий фаолияти 1920 йилдан бошланган. У 20-йилларнинг бошларида Фарғона водийсида рўй берган фожиали воқеалар таъсирида Ўғузхон (Ҳ. Йўлдошқориев) билан ҳамкорликда «Ёш қурбонлар», шунингдек, «Гулёр» ва «Ёрилтош» пьесаларини ёзган (1921).

Рафиқ Мўминнинг шеърий ижодида «Қапчиғай» достони (1924) алоҳида ўринни эгаллайди. Шоир бу достондан ташқари, кўплаб лирик шеърлар, «Болахўр», «Қизил қиз», «Занглаган пичоқ», «Тяньшан қизи» сингари достонлар ҳам ёзган (1926—27).