Пўлат Мўмин (1922-2004)

Пўлат Мўмин (тахаллуси; асл исм-шарифи Мўминов Пўлат) (1922.24.12— Тошкент — 2004.2.3) — болалар шоири. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1983).

Дастлаб педагогика билим юртини (1939), сўнг Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатиб (1944), ўқитувчилик билан шуғулланган (1944—47). «Ленин учқуни» газетасида адабий ходим (1948—50), Ўзбекистон давлат нашриётида бўлим мудири (1951—52), республика Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1954—60), Маданият вазирлиги кршидаги Санъат ишлари бошкармасида драматургия бўйича бош муҳаррир (1962—64) бўлиб ишлаган.

Илк шеърлар тўплами — «Сайранг, қушлар (1949). Шундан кейин унинг «Тонг куйлари» (1949), «Олтин бошоқлар» (1951), «Тиш чўткаси эртаги» (1955), «Ҳунардан унар» (1958), «Тўғри ўсган гул бўлур» (1960), «Ақл қаерда бўлар» (1962), «Олтин най» (1967), «Яхшиларга ўхшасам» (1968), «Раҳматга раҳмат!» (1969), «Эсон ва Омон» (1973), «Эртақдан эртакка» (1989), «Эртаклар яхшиликка етаклар» (1984), «Юрак завқу дардларим, айтар байту фардларим» (1993), «Буғдой бобо» (1995), «Болажон, болажоним» (2003) ва бошқа болаларга бағишланган шеър ва эртаклардан иборат тўпламлари, «Кулди хиёл» (1964), «Гул ва пиёз» (1971), «Қўшиқ айтиб» (1985) сингари қўшиқлардан ташкил топган китоблари нашр этилган.

Пўлат Мўмин мумтоз ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттириб, ғазал, туюқ, фард жанрларида ҳам кўплаб асарлар яратган. Унинг 500 дан зиёд қўшиқлари ғазал жанрида ёзилган.

Пўлат Мўминнинг болалар ҳаётидан олинган «Қовоқвой билан Чаноқвой», «Суқатой ва Конфетвой» (1970), «Баҳодирнинг ботирлиги» (1972), «Она болам дейди, бола онам дейди» (1975), «Оқ фил йўқолди» (1983), «Туякуш-бояқиш» (1987) пьесалари республика театрларида саҳналаштирилган.

А. С Пушкин, В. В. Маяковский, С. Маршак, С. Михалков, А. Барто ва бошқа рус ёзувчиларининг болаларга бағишланган асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1998).