Ойдин (1906-1958)

Ўзбек хотин-қизлари орасидан етишиб чиққан адиба Ойдин (Манзура Собирова) 1906 йил 20 ноябрь куни Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. Ойдин 1919 йили Тошкент хотин-қизлар билим юртига ўқишга киради. Уни 1923 йили тамомлаб, ўқитувчилик қилади. Ёшликдан адабиётга ҳавас қўйган Ойдин кичик-кичик шеърлар билан матбуотда кўрина боради. Самарқанддаги Педагогика академиясида ўқиб юрган пайтларида (1927—1933) Ҳамид Олимжон, Уйғунлар билан яқиндан танишуви Ойдин ижодида катта роль ўйнайди.  Унинг «Янгиликка қадам» номли биринчи пьесаси 1925 йилда босилиб чиқади. «Тонг қўшиғи» (1931), «Чечан қўллар» (1932), «Ойдин шеърлари» (1937) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган.

Адиба 30-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳикоя жанрида ижод эта бошлайди. Ойдиннинг «Эслаш ёки виговор» (1938) номли дастлабки ҳикоясида озод меҳнатнинг янги инсонни тарбиялаб етиштиришдаги роли, меҳнат жараёнида ўзбек хотин-қизлари онгида рўй берган ўзгаришлар ифодаланган. Унинг «Чақалоққа чакмонча», «Ширин-шакар», «Уялди шекилли, ерга қаради», «Садағанг бўлай, командир» ҳикояларида янгича оила, севги-муҳаббат, садоқат мотивлари акс эттирилган. Адибанинг ўтмишга бағишланган «Ямоқчи кўчди», «Ҳазил эмиш», «Гулсанам» (1938) асарларида ўзбек халқининг ҳаққоний ҳаёти тасвирланган.

Ойдиннинг уруш ва ундан кейинги тинч қурилиш йилларида ижод этган «Қизлархон» (1943), «Мардлик-мангулик» (1947), «Ҳикоя ва очерклар» (1952), «Ҳикоялар» (1954) каби тўпламларида замонамиз кишисининг ватанпарварлиги, қаҳрамонлик фазилатлари, фронт ва мамлакат ичкарисидаги жонбозликлар, тинч яшаш давридаги меҳнати ўз ифодасини топган.

Ойдин бу даврда очеркнавис сифатида ҳам танилди. Унинг «Чўллари обод, қуллари озод бўлган элда», «Эл қувончи», «Менинг қаҳрамоним», «Ватан учун жон фидо» каби очеркларида замондош, фидойи ўзбек аёллари образи яратилган.

Ойдин «Ўзбекистон хотин-қизлари» («Саодат») журналининг биринчи муҳаррири бўлган.

Ойдин 1958 йил 30 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.