Охунжон Ҳакимов (1934)

Охунжон Ҳакимов 1934 йилнинг 20 февралида Фарғонанинг Лоғон қишлоғида дунёга келган. Ўзбекистон халқ шоири (2006). Фарғона давлат педагогика институтини тугатган. «Коммуна» номли вилоят, «Совет Ўзбекистони» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») республика газеталарида, «Меҳнат ва турмуш» журналида фаолият кўрсатган.

«Достонлар» (1970), «Кўлларим кўксимда» (1976), «Тафаккур боқий» (1982), «Ватан қасидаси» (1984), «Ўшал кун келур» (1990), «Кўзларингни ўзи қаро» (1992), «Қизлар хаёл сурсалар» (1995), «Муҳаббатни кўзлардан изланг» (1996), «Малаклар сурати» (2004), «Дунё, дунё…» (2005) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

Насрий асарлари ҳам бор («Баҳор ҳиди», 1971; «Бургут ҳамласи», 1972). «Қўш кабутарлар» (2001), «Бақироқ туянинг тушлари» (2003), «Бу чоллар ёмон чоллар» (2004) каби пьесалари республика театрларида саҳналаштирилган.

Охунжон Ҳакимовнинг ҳазил-мутойибалари ҳам ажойиб. Уларда ўша водий қизиқчилиги, аскиячилиги анъаналари янгидан туғилган, жонлангандай бўлади. Бу жиҳатдан шоирнинг «Яшасин, довдирлар», «Яша, сўрғич», «Қатиқхўр», «Қадр», «Хотинимнинг муовини» каби ҳикоялари эътиборга лойиқдир.

Шоир яратган «Қўлларим кўксингда», «Тафаккур боқий», «Ўшал кун келур» каби достонлар ҳам китобхон томонидан илиқ қарши олинган.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган (1998). 2006 йилда «Ўзбекистон халқ шоири» унвони берилган.