Омон Мухтор (1941-2013)

Шоир ва носир Омон Мухтор 1941 йил 16 июлда Бухорода таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, бир неча вақт газеталар таҳририятларида адабий ходим, Ўзбекистон радио ва телевидение Давлат Қўмитаси, «Ўзбекфильм» ҳамда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, «Шарқ юлдузи» журналида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Унинг ижоди гарчи 50-йилларнинг охирларидан бошланган бўлса ҳам, биринчи «Чорлар қуёшли йўллар» шеърий тўплами 1966 йилда чоп этилади. Шундан сўнг у шоир, ҳикоянавис, қиссанавис, романнавис сифатида йигирмадан ортиқ китоб нашр эттирди. Жумладан, «Нигоҳ» (1968), «Қушлар ва тушлар» (1971), «Шаҳарлик келинчак» (1973), «Ҳаёт дарвозаси» (1978), «Бухоролик донишманд» (1973), «Болаликка саёҳат» (1984) каби ҳикоялар тўпламлари, шунингдек, «Учқур поездлар» (1981), «Вазифа» (1988) каби ҳикоялар, қиссалар мажмуасини чоп эттирди. У айни чоғда «Йиллар шамоли» (1976), «Эгилган бош» (1989), «Минг бир қиёфа» (1992) каби романларини яратди. Шунингдек, «Оҳанг» (1974), «Ёғду» (1979), «Марварид» (1985), «Шиддат» (1990) каби шеърий тўпламлар ҳам О. Мухтор қаламига мансуб.

Омон Мухтор сўнгги йилларда «Минг йилдан сўнг» (1991), «Минг бир қиёфа (1994), «Ўлмаган жон» (1995), «Кўзгу олдидаги одам» (1996) каби ҳикоя, қисса ва романларни ҳам яратди.

Унинг «Тепаликдаги одам», «Минг бир қиёфа», «Кўзгу олдидаги одам» романлари яхлит ҳолда «Тўрт томон қибла» трилогиясини ташкил этган. Яна «Ффу», «Аёллар мамлакати ва салтанати», «Афлотун» романлари ҳам чоп этилган.

Унинг «Тўрт томон қибла» трилогияси янгича услубда ёзилган бўлиб, китобхон ва адабий жамоатчилик эътиборини тортган.

Айни чоғда у болалар учун «Бувим эртак айтади» (1971), «Кунлардан бир кун» (1985), «Минг йилдан сўнг» (1991) каби шеър, эртак ва ҳикоялар тўпламларини ҳам ёзган. Омон Мухтор «Эгилган бош» романи учун 1990 йилги Ёзувчилар уюшмасининг йиллик адабий мукофотига сазовор бўлган. Адиб таваллудининг эллик йиллигида (1991) унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвони берилган.

Пьесалари Хоразм театрида саҳналаштирилган («Бош масала» ва бошқа). Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (2009), «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997). 2013 йил 10 май куни Тошкент шаҳрида вафот этган.