Ўлмас Умарбеков (1934-1994)

Ўлмас Умарбеков (1934.25.1, Тошкент — 1994.10.11) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1992). Ўзбекистонда хизмат курсатган санъат арбоби (1984). Ўрта Осиё университетининг филология факултетини тугатган (1956).

Республика телевидение ва радиоэшиттириш давлат қўмитасида муҳаррир, бош мухаррир (1956—71), Ўзбекистон КП МКда сектор мудири (1971—74), «Ўзбекфильм» киностудияси директори (1971—81), Ўзбекистон Маданият ишлари вазирининг биринчи ўринбосари (1982—86), вазири (1987—89), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси (1985—89), Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари (1989—91) бўлиб ишлаган.

Илк китоби — «Ҳикоялар» (1958). «Хатингни кутаман», «Юрак сўзлари» (1960); «Бобоёнғоқ» (1961), «Юлдузлар», «Менга ишонмайсанми?» (1962), «Ҳаёт абадий» (1964), «Чарос» (1966), «Кўприк» (1968), «Болгар қўшиқлари», «Олтин япроқлар» (1972), «Қиёмат қарз» каби ҳикояларида кишиларнинг маънавий-ахлоқий гўзаллигини тасвирлашга, инсоннинг жамият ва табиат олдидаги бурчини, масъулиятини кўрсатишга алоҳида эътибор берган. «Болгар қўшиқлари» (1972) туркум ҳикоялари ҳам ихчамлиги, драматизмга бойлиги, шеърий-ритмик хусусиятлари билан ажралиб туради.

Ўлмас Умарбековнинг «Севгилим — севгилим» (1963), «Кимнинг ташвиши йўқ» (1965), «Уруш фарзанди» (1972), «Ёз ёмғири» (1973), «Оқ қалдирғоч» (1974) ва б. қиссалари жанрий ранг-баранглиги, қаҳрамонлар руҳий оламининг теранлиги, бадиий тасвир усулларининг такрорланмаслиги билан диққатга сазовор. «Одам бўлиш қийин» (1970) ва «Фотима ва Зуҳра» (1994) романларида ёшлар, кишиларнинг хулқ-атворида кўринган салбий жиҳатларни тасвирлаш оркали совет даври маънавиятидаги камчиликлар ҳаққоний очиб берилган.

Ўлмас Умарбеков ижодида драматургия муҳим ўринни эгаллайди. 70-йилларда ўз истеъдодини театр санъати соҳасида синаб, «Оқар сувлар» (1971), «Суд», «Ёшлик денгизи» (1972), «Комиссия» (1974) сингари пьесаларни ёзган. У 80 йилларда «Ўз аризасига кўра», «Кузнинг биринчи куни», «Қиёмат қарз», «Ассалом, қуёш» сингари етук саҳна асарларини яратди. Айниқса, машҳур театр артисти Ш.Бурҳонов ижросидаги Сулаймон ота образи туфайли Ўлмас Умарбеков пьесаси асосида саҳналаштирилган «Қиёмат қарз» спектакли томошабинлар ўртасида катта шуҳрат қозонди. Ўлмас Умарбеков Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)да саҳналаштирилган бу ва бошқа пьесалари билан шу давр ўзбек драматургияси тараққиётига муҳим ҳисса қўшди.

Ўлмас Умарбеков «Қизимга мактублар» («Мангу ҳаёт бўсағасида») деб номланган сўнгги публицистик асарида ҳаётга, ўткинчи умрга чуқур фалсафий назар ташловчи, ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаётий тажрибасидан юксак хулосалар чиқарувчи ёзувчи даражасига кўтарилганини намойиш этган. Умрининг сўнгги йилларида ёзган «Туҳмат» (1987), «Оқсоқол» (1991), «Ўзинг учун ўл етим» (1992, тугалланмаган) драмалари ҳам эътиборга лойиқ.

Ўлмас Умарбеков «Йигит ва қиз» (1967), «Асосий кўн» (1971), «Икки солдат қиссаси» (1973), «Чангалзордаги ов», «Севги афсонаси» (1985) ва бошқа киносценарийларнинг муаллифларидан бири.

Ҳаётнинг ботиний қатламларини чуқур ўрганиш ва таҳлил этиш, инсон тақдирида рўй берган зиддият ва ҳолатларни, белгиларни умумлаштириш, бадиий тафаккур тарозисига қўйиш, лиризмга мойиллик, инсон характерини унинг руҳий ҳолати, ҳистуйғулари орқали очиб бериш Ўлмас Умарбековнинг ижодий услубига хос хусусиятлардир.

Асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1980).