Ўктам Усмонов (1938-1990)

Ўктам Усмонов (1938.25.7, Қибрай тумани Байтқўрғон қишлоғи — 1990.3.1) — ёзувчи, журналист. Низомий номидаги Тошкент педагогика институтининг тарих-филология факултетини тугатган (1959).

«Ленин учқуни», «Совет Ўзбекистони» газеталарида адабий ходим ва бўлим мудири (1959—72), Республика партия МКда масъул ходим (1972—82), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1983—86), «Совет Ўзбекистони» газетасида Бош муҳаррир (1987—90) бўлиб ишлаган.

Дастлабки ҳикоялари 50-йилларнинг охирларида эълон қилинган. Биринчи ҳикоялар тўплами — «Гулдаста» (1964). Шундан кейин «Бас бойлашган бола» (1965), «Баҳор чақмоқлари» (1970), «Нотинч кеча» (1976), «Сирли соҳил» (1981), «Кишан» (1984), «Қисмат» (1988) ҳикоялар ва қиссалардан иборат китоблари чоп этилган.

Ўктам Усмонов ижодида «Гирдоб» (1979) романи муҳим ўрин тутади. Роман асосида яратилган видеофильм халқ орасида шуҳрат қозонган. Асарда зиёлиларнинг машаққат ва изланишларга тўла ҳаёти, ҳақиқат ва ноҳақлик ўртасидаги шиддатли курашлар, зиддиятлар маҳорат билан тасвирланган. Азиз, Маҳаматчатоқ образлари ҳаётий, самимий бўёқларда чизилган. Мазкур роман 1980 йили Ойбек мукофотига сазовор бўлган.

Ўктам Усмонов Т. Драйзернинг «Америка фожиаси» романини, А. Ширвонзоданинг «Номус» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.

Ёзувчининг бир қатор асарлари, жумладан, «Честь» (1977), «Рассказы» (1983) рус ва қардош тилларда чоп этилган.