Неъматулла Иброҳимов (1945)

Неъматулла Иброҳимов (1945.8.8, Марғилон) — шарқшунос, манбашунос олим, жамоат арбоби. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1990). Филология фанлари доктори (1984), профессор (1985).

Тошкент университетининг шарқ факултетини тугатган (1970). Шу университетнинг араб филологияси кафедрасида ўқитувчи, доцент, профессор (1970—85), кафедра мудири (1986 йилдан), шарқ факултети декани (1989-91), Тошкент шарқшунослик институти ректори (1991 йилдан) бўлиб ишлаган.

Неъматулла Иброҳимов араб манбалари бўйича Ўрта Осиё тарихини ўрганиш, араб халқ романлари жанр ва услубий қурилиши бўйича илмий тадқиқотлар олиб борди. Неъматулла Иброҳимовнинг асарлари Шарқ ва Ғарб тилларидаги нодир манбаларнинг чуқур таҳлилига асосланган.

Неъматулла Иброҳимов манбашуносликда янги йўналишлардан бири — Шарқ бадиий тафаккури ва элитар маданиятларнинг узвий ягоналиги ҳақидаги концепция асосларини яратди.

“Арабский народный роман” (1984), “Ибн Баттута ва унинг Ўрта Осиёга саёҳати” (1993), “Ўрта аср араб халқ адабиёти” (1994) “Позднесредневековый арабский книжный эпос” (1994) каби китоблари чоп этилган.

Неъматулла Иброҳимов Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқалар жамияти кенгаши раиси (2001 йилдан), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Ўзбекистондан четга олиб кетилган ва халқ бойлиги бўлган архив ҳужжатларини қайтариб олиб келиш бўйича махсус комиссия раиси (2001), Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати (1995) бўлган.