Жўра Саидов (1909-1999)

Саидов Жўра Камолович (1909, Қўқон шаҳри — 1999.9.4, Тошкент) — ботаник олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1968), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1977), биология фанлари доктори (1960), профессор (1967).

Самарқанддаги Ўзбекистон педагогика академиясини тугатган (1932). Қўқон шаҳри пахтачилик институти ботаника кафедраси ассистенти (1932—35), Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ботаника кафедрасида доцент ва мудир (1941—43), институт директори (1943—52), ботаника ва ўсимликлар физиологияси кафедраси мудири (1952—60), Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги Фанлар Академияси академиги-котиб (1960—61), Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институтида ўсимликлар морфологияси, анатомияси ва эмбриологияси лаборатория мудири (1962— 88), институт директори (1964-86), 1988 йилдан бош илмий ходим бўлиб ишлаган.

Илмий ишлари ўсимликлар анатомияси, морфологияси ва физиологиясига оид. Жўра Саидов карбонат ва магнийли, хлорид ва сульфатли тузлар билан шўрланган тупроқнинг ғўза ва маккажўхори анатомияси ҳамда физиологиясига таъсирини тадқиқ қилган. Ўргимчаккана билан зарарланган ғўза баргининг анатомия ва морфологиясидаги ўзгаришларни ўрганган. Ўзбекистон фойдали ёввойи ўсимликлари анатомияси, цитоэмбриологияси ва чўл яйловларининг фитомелиорацияси мактаби асосчиси.

Жўра Саидов раҳбарлигида 12 жилдли «Фойдали ўсимликлар морфобиологияси» (Т., 1964—93) нашр этилган.