Жўра Абдуллаев (1927)

Абдуллаев Жўра Абдуллаевич (1927, Тошкент) — энергетик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1989), техника фанлари доктори (1973), профессор (1982). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1980).

Ўрта Осиё политехника институтини битирган (1953). Ўзбекистон Фанлар академияси Энергетика ва автоматика институтида катта илмий ходим (1959-60), Ўзбекистон энергетика ва автоматика илмий тадқиқот институтида лаборатория мудири (1960—76), Тошкент электротехника алоқа институти ректори (1971—92), шу институтда маслаҳатчи (1996 йилдан). Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири (1992—94). Ўзбекистон Фанлар академияси президенти вазифасини бажарувчи (1994—96).

Асосий илмий ишлари бошқариш тизимларида ахборотларга тезкор ишлов бериш ва ахборотларни узатиш назарияси, кўп бўғинли тизимларда хатоларни аниқлаш ва бартараф килиш, кўп бўғинли элементлардаги рақамли қурилмаларнинг ишончлилигини таъминлаш, алоқада рақамли тизимларни қўллаш масалаларига бағишланган. Космонавтикага доир ишлари ҳам бор.