Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов (1854-1936)

Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов машҳур ҳофиз ва бастакор сифатида шуҳрат қозонган бўлиб, Самарқанд, шаҳрида кўк масжид маҳалласида тўқувчи оиласида таваллуд топган. Унинг мусиқага бўлган ҳаваси ёшликдан бошланиб, танбурчи Ҳожи Раҳим­қулга шогирд бўлиб тушади ва мақом йўл­ла­рини ижрочиси Боруҳ ҳофиздан ашулалар ўрганади ва бирга куйлай бошлайди. Кейин­чалик «Шашмақом»ни мукаммал ўрганиш мақсадида Бухорога бориб, машҳур мақомдон устоз Ота Жалол Носировдан сабоқ олади.

Абдулазиз икки марта Маккага ҳаж сафарига боради ва сафар давомида турли миллат куй ва қўшиқлари билан танишади. Ҳожи Абдулазиз танбурни жуда яхши чертсада, ашулаларни кўпроқ дуэтлар жўрлигида ижро этарди. Унинг дастурларидан юзлаб ашулалар ўрин олган бўлиб, ҳофизликдан ташқари бастакорлик билан ҳам шуғулланарди. У яратган «Гулзорим» «Бозургоний», «Бебокча» «Қурбон ўлам» ашулалари эл орасида машҳур ижро саналади. 1909 йилда унинг ижросида Рига «Грамафон» фирмаси «Ироқ», «Насруллойи», «Ушшоқлар»­ни ёзиб олган.

1928 йилда Самарқанд мусиқа ва хареография институтига ишга олинади ва у ерда бўлғуси машҳур санъаткорлар М.Ашрафий, Т. Содиқов, М.Бурхонов, Д.Зокиров ва бошқалар унинг ижодидан баҳраманд бўладилар. Устоз санҳаткор мақом ижроларини бойитиб, жумладан «Ушшоқ»ни «Самарқанд ушшоқи», «Қашқарчаи ушшоқ» йўлларини ва яна бир неча ижроларини яратади. Устоз жуда кўп шогирдлар етиштиради.

Машҳур санъаткор Юнус Ражабий шундай эслайди: «Пойтахт Cамарқанд шаҳридаги пайтларда, Ризқи Ражабий, Имомжон Икромов, яна бир қанча санъаткорлар Ҳожи аканинг уйларида яшаб қўшиқ ўрганардик. Мен Ҳожи ака айтган қўшиқлардан таъсирланиб эрталабгача ухлай олмасдим. Ва бирорта куйни дилимга жойлаш учун секин хиргойи қилиб такрорлардим. Борди-ю, бирор жойни хато қилсам борми, Ҳожи ака ётган жойида менга қайрилиб, «Ҳой Юнусвой, ундоқ эмас мана бундоқ бўлади» деб ўзлари айтиб берар­дилар».

Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ижросида қатор қўшиқлар грампластинкаларга, радио тасмаларига ёзиб олинган. Устоз ҳофиз саксон ёшда ҳам 1933 йил феврал ойида бўлган Ўзбекистон санъаткорларини биринчи слётида қўшиқ айтиш бахтига муяссар бўлган. Шу куни ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ва домла Ҳалим Ибодовга «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвони берилди. Мустақиллик йилларида «Буюк хизматлари учун» ордени берилди. Унинг номида Самарқанд шаҳрида ёш хонандалар­нинг республика кўрик танлови ўтказиб турилади.

Султонали Маннопов