Ҳазиний (1867-1923)

Ҳазиний Хўқандий (тахаллуси; асл номи Зиёвуддинхон Каттахожа ўғли Ҳазиний тўра) (1867 — Қўқон яқинидаги Катта Кенагас қишлоғи — 1923) — шоир ва шайх. Қўқондаги Жомеъ мадрасасида таҳсил олган. Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, адабиёт илмларини чуқур ўзлаштирган. Тасаввуф таълимоти билан изчил шуғулланган.

30 ёшида муршидидан иршод (тариқат раҳнамолигига рухсат) олиб, «Ҳазиний тўра» ва «Эшонбува» номлари билан халқ орасида эъзозланган, уз даврининг етук қодирия тариқати шайхи сифатида эътироф этилган ва «Муршиди Фарғона» номига мушарраф — валий зот бўлиб танилган.

Деҳқончилик билан кун кечирган. Боғлар барпо қилган, бинолар қурдирган. Қабри ўз қишлоғида. Бу қабр — мақбара ва унинг атрофидаги обидалар меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган.

19-аср 2-ярми ва 20-аср бошларида кўчирилган кўплаб қўлёзма баёзлар ва мажмуалардан Ҳазиний шеърлари ўрин олган. 1910—15 йилларда Тошкентнинг Орифжонов, Порцев ва Лахтин матбааларида «Баёзи Ҳазиний» тўпламлари бир неча бор нашр этилган.

Ҳазиний мумтоз шеърият жанрларидан ғазал, мураббаъ, мухаммас ва мусаддаслар ёзган. Адабий мероси 4000 мисра атрофида. Шоир асарларини ғоявий мавзуи бой. Унинг тасаввуф руҳидаги асарларида соф сўфиёна маъно ва мазмун тараннум этилса, ахлоқий мавзудаги битикларида поклик, одамийлик, саҳоватпешалик каби юксак инсоний фазилатлар улуғланган.

Ҳазинийнинг ўндан ортиқ ғазалларига мухаммас боғланган ва назиралар қилинган.

«Баёзи Ҳазиний»нинг тошбосма нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. № 12665, 14850, 15197). Фарғона шаҳрида уй-музейи ташкил қилинган, Ҳазиний номида жамоа хўжалиги, боғ, мактаб, кутубхоналар бор.

Отабек Жўрабоев.