Ҳайдар Муҳаммад (1936-2022)

Ҳайдар Муҳаммад 1936 йили Тошкентда таваллуд топган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг кечки филология бўлимини тугатган (1966). Ўзбекистон телерадиосида муҳаррир (1965—1976), Маданият ишлари вазирлигида масъул вазифаларни (1976—1980) бажарган. Кўп йиллар Ҳамза номли Академик драма театрида адабий эмакдош вазифасида хизмат қилган.

Унинг биринчи шеърий тўплами «Кўнглим менинг» номи билан 1975 йилда нашр бўлган. Шундан сўнг «Олчамнинг туғилган куни» (1978), «Йўлларингга муштоқман» (1979), «Ипак гиламлар» (1990), «Ҳазилкаш шоҳ» (Сайланма, 1994) каби шеърий ва драматик асарлари, тўпламлари чоп этилган.

Ҳайдар Муҳаммад мусиқа жанрининг жуда кўп турлари учун шеърлар ёзган, «Шоир овози» достони (Сайфи Жалил мусиқаси), «Ёшлигим» сюитаси (Д. Зокиров), «Менинг оппоқ қўшиғим» каби туркумлари (Баҳрилло Лутфуллаев мусиқаси) шулар жумласидандир. Унинг «Тошкентнинг нозанин маликаси» (Манас Левиев мусиқаси), «Кўнгил— чинни пиёла» (1987, Комил Кенжаев мусиқаси), «Куёвлар конкурси» (1991, Р. Азизхўжаев билан Т. Ҳасанов мусиқаси), «Ҳар кимки вафо қилса…» (1994, Бобур ҳақида. А. Исмоилов, С. Ҳайитбоев мусиқаси) каби мусиқали драма ва комедиялари томошабинларга манзур бўлган.

Ҳайдар Муҳаммаднинг «Хотинлар «гап»идан чиққан ҳангома» (1990), «Сабъаи сайёр» (1991, Навоий достони асосида), «Ҳазилкаш шоҳ» (1994), «Сеҳргар ва айёр» (1994), «Жиноят устида ушлансин» (1996), «Элёр ботир» (1985) каби драма ва комедиялари Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри, Муқимий номли республика мусиқали театри, вилоят театрларида саҳналаштирилган. «Тошкентнинг нозанин маликаси», «Кўнгил — чинни пиёла», «Куёвлар конкурси» асарлари эса Тожикистон, Қирғизистон театрларида ҳам саҳна юзини кўрган.

«Хотинлар «гап»идан чиққан ҳангома» комедияси асосида суратга олинган «Темир эркак» фильми республикамизда энг кўп томошабин кўрган асарлардан биридир.

Ҳайдар Муҳаммаднинг қатор латифа, интермедия, ҳажвий ҳикоялари «Муштум» журнали ва газеталарида чоп этилиб, «Табассум» радиостудияси ҳамда телевизион миниатюралар театрида фойдаланиб келинади.

Республикамиз халқ театрлари адибнинг «Ипак гиламлар», «Навоий бир куни», «Улуғбек шарофати», «Берунийнинг бахт эшиги», «Севги жазаваси», «Собир Раҳимов ва хоин», «Чиройли аёлнинг илтимоси» каби асарларини ҳам саҳналаштирган.

Ҳайдар Муҳаммад таржимасида озарбойжон драматурги Анорнинг «Занжир ёки қиёфалар» (Муқимий театри), туркман драматурги Ҳ. Мухторнинг «Неварали келин» (Самарқандаги Ҳ. Олимжон номли театр), бошқирд драматурги Фарид Богдановнинг «Тунги меҳмон» (Ҳамза номли ўзбек Давлат академик драма театри) каби асарлари ўзбек саҳнасига чиққан.

2022 йил 9 октябрда вафот этган.