Бўрибой Аҳмедов (1924-2002)

Бўрибой Аҳмедов (1924.12.8, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Қорасув қишлоғи – 2002, Тошкент) — тарихчи, шарқшунос. Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги (1995), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1989), тарих фанлари доктори (1974). Ўрта Осиё университетининг шарқ факультетини битирган (1953).

Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида илмий ходим, илмий котиб, бўлим бошлиғи (1960 — 90). 1991 йилдан бош илмий ходим. Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси (1995 йилдан). Аҳмедовнинг илмий фаолияти ўзбек халқининг этник тарихи ва шаклланиши, манбашунослик, Ўрта Осиё халқларининг 10-19-асрлардаги ижтимоий-сиёсий тарихи, Темур ва темурийлар даври тарихи ҳамда маданияти каби муҳим йўналишларга қаратилган. Бир қанча қўлланма, луғатлар («Тарихдан қисқача изоҳли луғат», 1977) муаллифи.

Амир Темурнинг 660 йиллиги (1996) муносабати билан катта ташкилий, илмий ишлар олиб борди. Амир Темурга бағишланган халқаро анжуманлар (Париж, Самарқанд, 1996)да қатнашиб маърузалар қилди. «Амир Темур» тарихий романини ёзди (1995). Бир канча китобларга масъул муҳаррирлик қилди. Асарлари инглиз, француз, рус ва бошқа хорижий тилларда босилган.

Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989). «Амир Темур» (1997), «Буюк хизматлари учун» (1999) орденлари билан тақдирланган.