Бекжон Раҳмонов (1887-1929)

Бекжон Раҳмонов, Мулла Бекчон (1887, Хива — 1929, Амударё) — Ёш хиваликлар партиясининг арбоби, маърифатпарвар. Хивада мадраса таълимини олиб, Истанбул дорилфунуни (1913—18)да таҳсил кўрган.

Хоразмга қайтгач, жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. Хивада хонлик тузуми ағдариб ташлангач, ХХСРда маориф вазири (1920—21); МИК иш бошқарувчиси (1921 йилдан); «Инқилоб қуёши» газетасининг муҳаррири (1920—1921).

Унинг ташаббуси билан Хоразмда кўплаб мактаблар (ўзбек ва туркман тилларида) очилган, 1921 йил сентябрда Хивада халқ университети ташкил қилинган. Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгач, Хоразм округи (вилояти) халқ маориф бўлими мудири (1925—26) ва бошқа лавозимларда ишлаган. Хоразм ўзбекларининг мусиқа тарихига оид тадқиқотлар ва турли дареликлар муаллифи. Амударё (кеманинг ичи)да совет чекистлари томонидан фожиали ўлдирилган.