Азиз Абдураззоқ (1928-2007)

Таниқли шоир, таржимон ва муҳаррир Азиз Абдураззоқ 1928 йилда Тошкент шаҳрида туғилди. Аввал Маданий-оқартув техникумида, кейин Москвадаги Адабиёт институтида таҳсил кўрди. Кўп йиллар ёшлар газетасида (ҳозирги “Туркистон”), “Шарқ юлдузи” ва “Гулистон” журналларида адабий ходим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб хизмат қилди.

Азиз Абдураззоқнинг биринчи шеърий тўплами “Дўстларимга” 1959 йилда нашр этилган. Шундан буён ўтган қарийб ярим асрлик ижодий фаолияти мобайнида шоирнинг «Яна баҳор» (1961), «Мавж» (1965), «Бодом гуллади» (1965), «Лирика» (1970), «Азиз одамлар» (1975), «Шўх ёмғир» (1977), «Қалб нури» (1978) каби бир қатор шеърий тўпламлари нашр этилди.

Азиз Абдураззоқ айни чоғда болалар учун ҳам ижод қилган. Унинг болалар учун «Оҳ, қандай ширин» (1.977), «Қиз ва лола» (1979), «Тап-тап элак» (1981) каби ўнлаб асарлари чоп этилган. Уларда беғубор ёшлик манзаралари, гоҳ қувноқ, гоҳ кулгили, гоҳ кинояли тарзда ўз ифодасини топган. Катталар учун ёзилган асарларида ўзбек халқининг миллий хусусиятларини ифодаловчи ҳазил-мутойиба баъзан аччиқ киноя билан алмашиб туради. Китобхонга катта завқ-шавқ бағишлашдан ташқари, уни ҳушёрликка, шижоатга чорлайди.

Сўнгги йилларда унинг «Ёстиқдан чикқан эртаклар» (1988), «Боғда битган эртаклар» (1989), «Тўрт оғайни ботирлар» (1989), «Минг чинор» (1995) шеърий тўпламлари босилиб чиққан.

Азиз Абдураззоқ М.Лермонтов, Т.Шевченко ва бошқа машҳур шоирлар шеърларини, Г.Лонгфеллонинг “Гайавата ҳақида қўшиқ” достонини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фахрий Ёрлиғи билан тақдирланган.