Ашурали Жўраев (1956)

Ашурали Жўраев 1956 йил 8 августда Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Жалойир кишлоғида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1999). Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат маданият институтини тамомлаган (1978).

«Ташсельмаш» заводида йиғувчи-чилангар, Тошкент технология билим юртининг кечки бўлимида тарбиячи, ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими мастери, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида бўлим мудири (1983—1996), Республика Президенти девонида, «Муштум» журналида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.

Ашурали Жўраевнинг публицистик мақолалари, илмий ва муаммоли очерклари газетхон эътиборини қозонади. Жумладан, «Илтимосга кунинг қолмасин», «Қайта қуриш ва санъатдаги муаммолар» туркум мақолалари ўзининг долзарблиги, кескинлиги ва ҳужжатлилиги билан фарқланади.

«Тошбақалар пойгаси» (1986), «Юрак бўронлари» (1989), «Ўқ узган ким?» (1994), «Сенга кўнгил берсам» (1999), «Дил гавҳари» (2001), «Танимадинг-а?» (2005) каби китоблари нашр этилган.

Унинг «Юрак бўронлари» номли ҳужжатли қиссасида Ботир Зокировдек ноёб санъаткорнинг фожеавий тақдири, буюк ва такрорланмас санъаткорлиги ишончли тарзда бадиийлаштирилган. У шу асарлари учун Республика Ёшлар мукофотига сазовор бўлган.