Абдулла Шер (1943)

Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманининг Йўлтушган қишлоғида ҳунарманд-мисгар оиласида туғилган. Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган.

1969 йилдан бошлаб “Гулистон” журналининг адабий ходими, бўлим мудири, масъул котиби, “Ўзбекистон физкультурачиси” газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаган. 1970-81 йилларда Москвадаги Олий адабиёт курсида таҳсил олган. 1981-1984 йиллар мобайнида “Ёшлик” журналининг масъул котиби, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси биринчи котиби ўринбосари, Ёзувчилар Уюшмаси Тошкент вилояти бўлимининг масъул котиби лавозимида ишлади. 1989 йилдан 2011 йилгача Ўзбекистон Миллий Университети Фалсафа факультети Этика ва эстетика кафедрасида катта ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири лавозимларида фаолият юритди.

Абдулла Шер 1975 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг, 1977 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси. 2000 йилда унга “Олий таълим аълочиси” унвони берилди.

Унинг биринчи шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” 1973 йили чоп этилган. Шундан кейин у “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010) тўпламлари нашр этилди. Шунингдек у, “Гул йиллар, булбул йиллар” (2012) “Сайланма” номли ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўпламининг муаллифи.

Абдулла Шер турли йилларда Байроннинг Дон Жуан, Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби”ни олмон тилидан таржима қилган. Шунингдек, рус тилидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Ахматова, Чаренц, Твардовский асарларини ўзбек тилига ўгирган. Айни пайтда Абдулла Шер файласуф олим сифатида “Аҳлоқшунослик”, “Эстетика” фанларидан ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи ҳамдир.