Абдулла Қодирий (1894-1938)

Ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Абдулла Қодирий (Жулқунбой) 1894 йил 4 октябрда Тошкент шаҳрида туғилди. Унинг таржимаи ҳолидаги қуйидаги сўзлар ёзувчининг 1926 йилга қадар кечган ҳаётига ойдинлик киритади: «Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргучи бир оилада… туғилғонман. Ёшим тўққиз-ўнларга борғондан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқиб, кейинги вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқ кун кечиргани важҳидан ўн икки ёшимда мени бир бойга хизматчиликка бердилар.  Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув билатурғон одамга муҳтож эди. Шу таъма бўлса керак, мени ўрис мактабига юборди… 1912 йилда манфактур билан савдо қилувчи бир кишига йилиға 50 сўм баробарига приказчик бўлуб кирдим… Шу миёналарда бозор воситаси билан татарлардан чиқадиғон газеталарни ўқиб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтирдим, 1913 йилда ўзбекча «Садои Туркистон», «Самарқанд», «Оина» газеталари чиқа бошлағоч, менда шуларга гап ёзиб юриш фикри уйғонди… 1913 йилда чиққан «Падаркуш» таъсирида «Бахтсиз куёв» деган театр китобини ёзиб юборғанимни ўзим ҳам пайқамай қолдим (1915 йилда). Яна шу йилда театрларда чиқиб турғон ҳикоя ва рўмонларга тақлидан «Жувонбоз» отлиқ ҳикоячани ёзиб, ношир топилмоғонидан, ўзим нашр қилиб юбордим. Николай тахтдан йиқилғондан кейин оддий халқ милициясига кўнгилли бўлиб ёзилдим…

1918 йил бошларида Эски шаҳар озиқ комитети бойлар қўлидан олиниб, комитетнинг раислиғига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев тайин қилинғон эди ва мен мазкур комитетнинг ўзбекча саркотиблиғига кирдим. 1919 йилнинг аввалларида озиқ комитетининг исмидан чиқарилмоқчи бўлғон «Озиқ ишлари» газетасига муҳаррир бўлиб тайинландим… Шу кунгача шўро идораларида қилғон хизматларимни бирма-бир санаб ўлтиришим узоққа чўзиладурғон бўлғонлиқдин мундан кейин муассаса исмларинигина аташ билан кифояланаман: «Русто» деворий газетасига мухбир бўлиб, «Иштирокиюн» ва «Қизил байроқ» газеталарида сотрудник… «Муштум» журналининг муанниси ва таҳририя аъзоси бўлиб, то 1924 йилгача меҳнаткашлар манфаатига холис ишлаб келдим. Шу ўтган етти йил орасиа Шўролар ҳукумати ва фирқадан бир оғиз танбеҳ олмадим. Хулоса — бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, менинг хизматларим матбуот билан равшандир… Ишчи-деҳқонлар ёзғон асарларимни суюниб ўқийдилар ва мени ёзувчилар қаторига киргаздилар ва мени ҳамон ўқирлар ва унутмаслар…».

Адибнинг илк ижоди 1913 — 1914 йилларда бошланган бўлиб, дастлаб у шоир сифатида қалам тебратган. Унинг «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Тўй», «Фикр айлағил» (1914 — 1915) каби шеърлари «Садои Туркистон» газетаси ва «Оина» журналида босилган. А. Қодирий шу шеърларида миллатдошларини жаҳолат ва хурофотга қарши курашга чақириб, маърифатпарвар шоир сифатида майдонга чиққан. Бу йилларда у «Бахтсиз куёв» (1915), «Ҳеч ким билмасин» каби саҳна асарларини ҳам ёзган. Унинг «Жувонбоз» (1915), «Улоқда» (1916) каби ҳикояларида ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.

Адиб дастлабки асарларини турли тахаллуслар остида эълон қилган. Шу тахаллуслардан бири ва халқ ўртасида машҳур бўлгани Жулқунбойдир.

1924 йили Абдулла Қодирий Москвага бориб, Журналистлар институтида таҳсил олди. Москвадан қайтиб, «Муштум» журналида штатсиз мухбир бўлиб ишлай бошлади. Унинг «Тошпўлат тажанг нима дейди?» ва «Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан» туркумидаги ҳажвий ҳикоялари шу журналда илк бор босилди.

Абдулла Қодирий 1917-1918 йиллардан бошлаб «Ўтган кунлар» романи учун материал йиғишга киришди. 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари «Инқилоб» журналида чоп этила бошланди. 1925 — 1926 йилларда «Ўтган кунлар» уч бўлим ҳолида китоб бўлиб нашр этилди.

1928 йил ёзувчининг иккинчи тарихий романи «Меҳробдан чаён» нашрдан чиқди.

1934 йилга келиб, Абдулла Қодирий қишлоқ хўжалиги мавзуига бағишланган «Обид кетмон» қиссасини яратди. Ундан ташқари, у Гоголнинг «Уйланиш» комедияси ва Ғарб ёзувчиларининг сатирик ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилди.

Абдулла Қодирий «Амир Умархоннинг канизи», «Намоз ўғри», «Даҳшат» каби романлар яратиш орзусида бўлган. Аммо мустабид тузум бу орзуларининг тўла рўёбга чиқишига имкон бермади.

Абдулла Қодирий 1926 йилда «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли қисқа муддат ҳибсга олинган. 1937 йилнинг 31 декабрида эса «халқ душмани» сифатида қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда Тошкентда отилган.

Унинг асарлари 1956 йилдан бошлаб янгидан нашр этила бошланди. 1990 йилда Республика Президентининг фармони билан А. Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти таъсис этилди. 1991 йили эса А. Қодирийга Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди. 1994 йили — Мустақилликнинг учинчи йилида унга «Мустақиллик» ордени тақдим қилинди.

Ҳозирги кунда эса бир қатор кўчалар, боғлар, мактаблар, кутубхона ва институтлар ёзувчининг табаррук номи билан аталади. Адиб номидаги Тошкент Давлат Маданият институтида энг билимдон талабаларга Абдулла Қодирий номидаги стипендия белгиланган.

Собир Мирвалиев