Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919)

Буюк маърифатпарвар адиб, аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили Самарқанд шаҳрида муфтий оиласида дунёга келди. Зиёлилар оиласидаги муҳит ундаги адабиётга, сиёсатга, маърифатга бўлган қизиқишини тезроқ рўёбга чиқишига етаклади. Унинг отаси ислом ҳуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу ўз навбатида Маҳмудхўжага ўз таъсириги ўтказмай иложи йўқ эди. Кейинчалик бу ҳақда у ўз мақолаларидан бирида отаси таълим берган «Ҳидоя» (Ислом ҳуқуқига шарҳлар) асарининг унинг тақдирида муҳим рол ўйнаганлигини бежиз қайд этмайди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланади. Рўзнома ва ойпомалардан жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб боради. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганишга киришиб, ислом тарихи ва назарияси билан шуғуллана бошлайди. 1902 йилда Маккага бориб, хўжа ва муфти унвонларига эга бўлиб қайтади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Оврўпо маданияти билан ҳам қизиқади. Ўша даврдаги Қозон, Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги журнал ва газеталар билан ҳамкорлик қилади. Унинг қатор мақолалари ҳам мазкур журнал ва газеталар чиқа бошлайди. Мактаб, маориф, маданият, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турарди.

Хусусан, қрим-татар алломаси Исмоил Гаспирали (Гасперинский) ва у бош муҳаррир бўлган «Таржумон» газетаси М. Беҳбудийни буюк маърифатчи ва ўзбек миллий жадидчилик йўналишининг отаси даражасига кўтарди. Беҳбудий дунёқарашида Россиядаги энг нуфузли бўлган кадетлар партияси аъзолари билан учрашув ва улар ҳаракатномаларининг таъсири ҳам катта бўлган. 1912—1913 йилларда Беҳбудий Самарқандда «Самарқанд» газетаси, «Ойна» журналига асос солади. У 1914 йилда яна Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмаларини олиб келади, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ, у турли тўсиқларга учраб, «жадидлар раҳнамоси», «даҳрий» деб эълон қилинади. Шунга қарамай, у татар мутафаккири Исмоил Гаспиралининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб-қувватлаб, ўз ўлкасида ҳам шундай ишларни амалга оширишга киришади ва кўп ўтмай маърифатпарвар сифатида ўз халқи ҳурматига сазовор бўлади. У бир қатор Шарқ ва Ғарб тилларини билган юксак маданият соҳиби бўлиши билан бирга, умуминсоний маданиятнинг толмас тарғиботчиси ҳам бўлган.

Беҳбудий ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Жумладан, «Мунтахаби жуғрофияи умумий» — «Қисқача умумий жуғрофия» (1903), «Китоб-ул-атфол» — «Болалар учун китоб» (1904), «Мухтасари тарихи ислом» — «Қисқача ислом тарихи» (1904), «Амалиёти ислом» (1905), «Русиянинг қисқача географияси» (1908) каби дарслик ва китоблар ёзган. Унинг 1901 йилдан бошлаб «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат», «Тужжор», «Осиё», «Ҳуррият», «Турон», «Садои Туркистон», «Улуғ Туркистон», «Нажот», «Меҳнаткашлар товуши», «Тирик сўз», «Таржумон», «Шўро», «Вақт», «Тоза ҳаёт», «Самарқанд», «Ойна» каби газета ва журналларда чоп этилган мақолалари эса тараққийпарвар кишилар ва айниқса, ёшларнинг диққат-эътиборини қозонган.

Беҳбудий адиб сифатида «Падаркуш» ёки ўқимаган боланинг ҳоли» драмасини яратган. 1913 йилда Самарқандда нашр этилган бу драмада у ёшларнинг (улар хоҳ камбағал, хоҳ бадавлат оилага мансуб бўлсин) илмли, маданиятли бўлишлари лозимлигини қайд этган. М. Беҳбудийнинг «Падаркуш» ёки ўқимаган боланинг ҳоли» драмаси 1911 йилда ёзилган бўлиб, дастлаб 1912 йилда «Турон» газетасида босилган. 1913 йилга келиб китоб ҳолида чоп этилган. Шундан сўнг тез фурсатда Самарқанд, Бухоро ва Тошкент театри саҳналарида ижро этилган. Драма композицион қурилишига кўра оддий бўлган ҳолда, мазмун-ғоя жиҳатдан анча қамровлидир. Хусусан, ундаги характер ва ҳаракат, шакл-шамойил мазкур жанр талабларига анча мос эди. Драмадаги қаҳрамонлар эса икки қутбда — икки хил ҳаракат билан яшайдилар. Бир томонда бой, ўғли ва унинг гумашталари бўлса, иккинчи томонда домла, зиёли образлари асар ғоясини очишда муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбек драматургиясига, умуман, театрига пойдевор қўйган бу асар ўз даврида А. Қодирийнинг «Бахтсиз куёв» драмаси, Мирмуҳсин-Фикрийнинг «Бефарзанд Очилдибой», Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг «Янги саодат» каби қиссаларининг яратилишига туртки берган.

Албатта, Беҳбудийнинг халқ ўртасида ортиб бораётган обрў-эътибори нафақат амирлик раҳбарлари, балки большевикларнинг ҳам режа ва ниятларига зид эди. 1919 йилда хорижий сафарга чиққан Беҳбудий улар чақуви билан Қаршида ушланиб, Саид Олимхон фармони билан қатл қилинади.

С. Айний алломанинг фожеали вафоти муносабати билан бундай ёзган: «Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида ўзининг онги ва инсоний қадру қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди».

Қарши шаҳри 20-30-йилларда Беҳбудий номи билан аталган. Беҳбудий 1937 йилга келиб қатағон қилинади ва 1956 йили оқланади.

1977 йили алломанинг «Сайланма» асарлари чоп этилди. Асарлари дарслик ва қўлланмаларга киритилиб, кўча ва маҳаллалар унинг номига қўйилди. Ҳозирги кунда аллома қолдирган бой ва ранг-баранг адабий, маданий ва маърифий мерос ўз халқининг Истиқлолига хизмат этмоқда.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!