Янги топишмоқлар

Ақлли темир олам кезар.
(Ер сунъий йўлдоши)

Шохи бор, ҳўкиз эмас,
Эгари бор, от эмас,
Хоҳлаган манзилингта
Етказади, минсанг бас.
(Ракета)

Пўлат қушим учди-кетди.
Бир зум ўтмай Ойга етди.
(Ракета)

Шамолдай учқур,
Йўқ оёғи ва қўли.
Кўзга кўринмас,
Чароғон юрган йўли.
(Электр токи)

Сув эмас, симда оқар,
Ўт эмас, чироқ ёқар.
(Электр токи)

Ўзи қатор жойланган,
Бир-бирига бойланган.
Бир-бирини кузатар,
Беҳисоб нур узатар.
(Электр столбаси, ток)

Ўзи турар ўрнида,
Қўли кетган ҳар ёққа.
(Электр столбаси, ток сими)

Кечаси офтобдек,
Кундузи коптокдек.
(Лампочка)

Уйга осдик битта нок,
Ёп-ёруғ бўлди ҳар ёқ.
(Лампочка)

Уйимизга ин қўйган,
Тилла қушу тилла қуш.
Кеч кирганда яшнасанг,
Одамларнинг кўнгли хуш.
(Лампочка)

Тагида таглик,
Бошида қалпоқ,
Қалпоқ тагидан
Мўралаб чиқар.
(Стол лампаси)

Ўчоғи бор, мўриси йўқ,
Чўғи бору куяси йўқ.
(Электр плитка)

Ортиб, аччиқ қизил мева,
Оқ денгизда сузар кема.
(Дазмол)

Ташқари ёз, дим-олов,
Уйчамизда муз, қиров.
(Холодильник)

Бир ажойиб ишхона, ичи доим қишхона.
(Холодильник)

Тинмас битта,
Тинглар мингта.
(Радио)

Катта қути, кўзи бор,
Кўп томоша, сўзи бор.
(Телевизор)

Радио десам, радио эмас,
Кино десам, кино эмас.
Эшитасан сўзини
Ҳам кўрасан ўзини.
(Телевизор)

Жонсиз, тинглайди,
Қўлсиз, ёзади,
Тилсиз, сўзлайди.
(Магнитофон)

Бир туям бор, гулдироқ,
Ҳамма ери ялтироқ.
(Трактор)

Денгизда кема сузар,
Кетма-кет олтин узар.
(Пахта териш машинаси)

Уради ўроғи йўқ,
Йиғади тирноғи йўқ.
Дони бўлар қоп-қоп,
Янчади, тўқмоғи йўқ.
(Комбайн)

Гуриллаши тегирмондай,
Лекин тегирмон эмас.
Учишлари ғажирдай,
Лекин ғажир эмас.
(Самолёт)

Гур-гур этар, учар кетар,
Юртдан юртга одам элтар.
(Самолёт)

Узоқларга учса ҳам,
Талпиниб қанот қоқмас.
(Самолёт)

От миндим ола қашқа,
Чопдим тоғу тошқа.
(Самолёт)

Йўқдур қўлу оёғи,
На кўзи, на қулоғи,
Аммо унга бир қадам
Ер шари, Ою, Зуҳро.
(Космик кема)

Ғилдираксиз паровоз,
Паровозки жуда соз.
Денгизларда сузади,
Балиқлардан ўзади.
(Пароход)

Чўзилиб ётар нарвон,
Ундан ўтар уй-карвон.
(Темир йўл, поезд)

Кичик темир устида,
Шамолдек елиб юрар.
Эгаларим келсин, деб
Ҳар доим кутиб турар.
(Трамвай)

Кўзи ялтирайди,
Ичи қалтирайди.
(Автомашина)

Ёзда тойча,
Қишда хуржун.
(Велосипед)

Баланд темир уй юрар,
Бурни тоғларни сурар.
(Экскаватор)

Сен ичида турсанг тикка,
Олиб чиқар юксакликка.
(Лифт)

Бир уй бор:
Кўр бўлиб кирасан,
Кўзли бўлиб чиқасан.
(Мактаб)

Уйимиз нурдан,
Ўрганиш биздан,
Ўргатиш сиздан.
(Мактаб, ўқувчи, ўқитувчи)

Сандиқ тўла писта-бодом,
Очиб кўр, бўлсанг одам.
Хосияти кўп, олам-олам,
Териб ол уни ҳар дам.
(Китоб)

Қўл билан экилади,
Кўз билан терилади,
Оғиз билан ўрилади.
(Дафтар, ёзув)

Ранги ҳар хил,
Номи бир хил.
(Рангли қалам)

Тили пўлат шоввоз,
Сўзлай олмас беқоғоз.
(Ручка)

Худди бир айри у,
Қайси ҳарф экан бу.
(«Ш» ҳарфи)

Олмасанг ярим нафас,
Йўлдан ўтгани қўймас.
(Вергул)

Тим қора кичкина хол,
Тўхтатар йўлда дарҳол.
(Нуқта)

Шакли ўхшар ўроққа,
Доим тутар сўроққа.
(Сўроқ белгиси)

Худди ўхшар мирза теракка,
Йўлда доим турар тикка.
(Ундов белгиси)

Шаҳари бор, одами йўқ,
Дарёси бор, суви йўқ.
(Карта)

Тилла ёзувли дафтар,
Ичида гавҳар гаплар.
(Диплом)

Қўли йўқ, ликоп ушлар,
Қўшиғи дилни хушлар.
(Патефон)

Патниси бор, нони йўқ,
Ашулачи, жони йўқ.
(Патефон)

Бир вақтда олади,
Кўланкангиз қолади.
(Фотоаппарат)

Тарвузим бор уруғсиз,
Пичоқ билан кесилмас.
Кесганингда ҳам уни
Маза қилиб еб бўлмас.
(Копток)

Укамга ўхшар ўзи,
Асло юмилмас кўзи.
(Қўғирчоқ)

Тойим бор, кишнамайди,
Ез чоғи ишламайди.
(Чана)

Сув остида турар пойлаб,
Ўлжага найзасин шайлаб.
(Қармоқ)

Сувга солсам ботмайди,
Балиқлар ҳам ютмайди.
(Қармоқ пўкаги)

Тепамда кўк дастурхон,
Дастурхонда ширмой нон.
Ширмой нон бир донадир,
Синдирилмас ҳеч қачон.
(Осмон, ой)

Кундуз куни ўчириб,
Тунда ёқа олмайсан.
(Қуёш)

Оламни кезиб бир-бирини излар,
Уларни юлдузлар кузатар.
(Қуёш, ой)

Кўкда қилич ярқирайди,
Сувда акси ялтирайди.
(Ой)

Тўнтарилган кўк қозонда
Олтин танга қайнайди.
(Осмон, юлдуз)

Кундузи кўрпа ёпар,
Кечаси очиқ ётар.
(Юлдуз)

Тунда чиқар онаси,
Неча минглаб боласи.
Бекинишар қўрққандан
Келиб қолса отаси.
(Ой, юлдуз, қуёш)

Оёғи йўқ, қўли йўқ,
Шошиб чопиб чиқар у.
Улкан замин бағридан,
Салом олиб чиқар у.
(Булоқ)

Оппоқ сочли бошлари,
Дарё бўлар ёшлари.
(Қорли тоғ)

Бола келар, бола келар,
Илк меҳр ола келар,
Силаб-сийлаб дарахтларга,
Гулдан маржон тақа келар.
(Баҳор)

Қишда оқ гул,
Баҳорда сув сочади.
Ел эсганда,
Тумтарақай қочади.
(Булут)

Осмон чироғи
Ёнди-ю ўчди.
(Чақмоқ)

Чирмандаси осмонда,
Рақси ерда, ҳар ёнда.
(Момақалдироқ, ёмғир)

Пақири йўқ, сув сепар,
Тут қоққандай дув сепар.
(Булут, ёмғир)

Ерга тушса лой қилар,
Деҳқонларни бой қилар.
(Ёмғир)

Катта челак тешилди,
Ундан кўп сув тўкилди.
(Ёмғир)

Беқасамдан йўли бор,
Осмон-фалакда чиқар.
(Камалак)

Ёзиб кумуш поёндоз,
Совуқда элар шакар.
Шарбатсиз ясар новвот,
Топинг сиз бермай шаҳар.
(Қор)

Январь бобо новвот сотди,
Олган эдим қўлим қотди.
(Муз)

Меҳмон бўлиб боғима,
Ҳид пуркар димоғима.
(Шамол)

Жўшиб куйлар акаси,
Рақсга тушар укаси.
(Шамол, ўсимлик)

Менинг битта ошнам бор:
Тўртта ўғли бор,
Ун иккита невараси бор,
Ҳар қайсисининг номлари бор.
(Бир йил, тўрт фасл, 12 ой)

Бир шаҳар, шаҳарда ўн икки минора,
Минорада ўттиз дераза,
Ҳар деразадан йигирма тўрт ўқ узилади.
Бу нима?
(Бир йил. 12 ой. 30 кун. 24 соат)

Келиб кетар бир йилда,
Тўрт оғайни ҳар хилда.
(Тўрт фасл)

Кўриниши ёйсимон,
Остида сонсиз тикан,
Жуда нозик чашмага,
Шу тикан эрур посбон.
(Қош, киприк)

Икки қўшни, икки дўст,
Ёнма-ён туришади.
Йиғлашса бирга йиғлаб,
Баравар кулишади.
(Кўз)

«О» — десам, очилади,
«Б» — десам, беркилади.
(Лаб)

Ақлга дўст тутсанг, аъло сўзлар,
Йўқса у суяксиз бало сўзлар.
(Тил)

Бири сўзлар, бири эшитар,
Бири уни ипдай пишитар.
(Оғиз, қулоқ, мия)

Асал эмас, ёқади,
Ари эмас, чақади.
(Гап, сўз)

Минглаб игнани кўрдим,
Тешиги йўқ ҳеч бирин.
(Кирпитикан)

Кўриниши калта арқон,
Қўл-оёқсиз чопар чаққон.
(Илон)

Кийган кўйлаги ўзига фойдасиз.
(Ипак қурти)

Қўшнимникига кирсам,
Икки минг ишчиси ишлаяпти.
(Асалари)

Икки япроқ бир танда,
Кезар ёзда чаманда.
(Капалак)

Сочнинг толидан ҳам ингичка,
Ипнинг устида юрар.
(Ўргимчак)

Қишда ухлаб яланғоч,
Баҳор қўяр яшил соч.
(Тол дарахти)

Бир дарахт бор, барги кумушдан,
Меваси олтиндан.
Бу нима?
(Жийда)

Дарахтда тўқ-қизил,
Бир олма пишди.
Иккига ажратсам,
Мунчоқлар тушди.
(Анор)

Қип-қизилу, анормас,
Чўғга ўхшар, ёнолмас.
Мўралайди эгатдан,
Жой олади саватдан.
(Қулупнай)

Олтин косада тошиб турар,
Дала ҳуснин очиб турар.
(Пахта)

Онасидан кийим-бошим,
Боласидан ёғли ошим.
(Пахта)

Бирини ерга тиқдим,
Бир ховуч бўлиб чиқди.
(Буғдой)

Йўргакланган маликам,
Тилла сочи бир тутам.
(Маккажўхори)

Бошида бор кокили,
Белидадир ҳосили.
(Маккажўхори)

Кийик кўзли, қалам қош,
Ундан бўлар ширин ош.
(Ловия)

Чети гулли патир нон,
Ичи тўла ғиж-ғиж дон.
(Кунгабоқар)

Ўзи пиллага ўхшар,
Ичи тиллага ўхшар.
(Ер ёнғоқ)

Оёғини ердан узмай чиқар томга,
Карнайлари тебранади ҳар мақомга.
(Карнайгул)

Сон-саноқсиз қиличли,
Узун бўйли баҳодир.
Етар узала тушиб,
Шовиллаб бехавотир.
(Қамиш)

Ётар юмшоқ кўрпада,
Қатор ўсар ҳар сафда.
Барглари ҳам ям-яшил.
Туси тилладан асил.
(Сабзи)

Тўни силлиқ, туки йўқ.
Ичи қизил, кўки йўқ.
Уни чўқолмас чумчуқ.
(Тарвуз)

Бир нечтадан кўзи бор,
Олма каби юзи бор.
(Картошка)

Маконидир далалар,
Ер тагида болалар.
(Картошка)

Юм-юмалоқ, ой эмас,
Сап-сариғу — мой эмас.
Думи ҳам бор, той эмас.
(Шолғом)

Яшаб етмиш етти кун,
Кияр етмиш етти тун,
Кузда узиб олинар,
Овқатларга солинар.
(Карам)

Қизил рангда тугунча,
Ичи тўла кулчача.
(Помидор)

Хўроз десам қанд,
Қанд десам хўроз.
(Хўрозкқанд)

Тўрт ёнида тўртта ой,
Бошимга берар чирой.
(Дўппи)

Боғлаб қўйсанг — юради,
Ечиб қўйсанг — туради.
(Ботинка)

Бирлаштириб кийимни,
Иссиқ тутади бизни.
(Тугма)

Вақти билан соч тишлар,
Ойнага қараб ишлар.
(Тароқ)

Оғзи йўғу тиши бор,
Бошимизда иши бор.
(Тароқ)

Бир тиши бор тишлайди,
Тишлаганда кишнайди.
Кишнаб-кишнаб ишлайди,
Ишлаб кўнглин хушлайди.
(Тикиш машинаси)

Усти берк, таги берк, атрофи девор,
Қишда ҳам, ёзда ҳам одамни ютар.
(Уй)

Қишин-ёзин бир йўлдан юргани-юрган,
Лекин хонага хатлаб кира олмайди.
(Эшик)

Келсангиз ҳам, кетсангиз ҳам ҳар замонда,
Қўл беришни, йўл беришни қилмас канда.
(Эшик)

Бир соқчи бор, туради остонада,
Бир қўли кўчада, бир қўли хонада.
(Эшик тутқичи)

Қумдан ясалган музим,
Уйимни иссиқ тутар.
(Дераза ойнаси)

Ўзи ориқ,
Қорни ёриқ.
(Тарнов)

Посбонидир у уйнинг,
Кўзи, тили йўқ унинг.
(Қулф)

Михланган қулоғидан,
Сув қуяр оёғидан.
(Умивалник)

Елкаси бор, боши йўқ,
Оёғи бор, қўли йўқ.
(Стул)

Ер тагида йўли бор,
Устида пўлат тўни бор,
Шамолдан тез елади,
Бухородан келади.
(Газ)

Катта кўлнинг ўртасида
Ўт ёнар.
(Самовар)

Косага шўнғиб қайтади,
Оғизга бориб етади.
(Қошиқ)

Ҳаммоми бор ўртасида,
Бурнида бир тешикча.
Бошида бор тугмаси,
Бир қўли бор ёнбошида.
(Чойнак)

Беихтиёр лаб ялар,
Киши чанқоғи қонар.
(Пиёла)

Боришда қорни оч,
Қўшиқ айтар.
Келишда қорни тўқ,
Йиғлаб қайтар.
(Пақир)

Икки ўрим сочи бор,
Қотма, қинғир қаноти.
Юкни енгил қилар,
Елка миниш одати.
(Обкаш)

Оз қўйсангиз: «Сол»—дейди,
Кўп қўйсангиз: «Ол!»— дейди.
(Тарози)

Аҳил бўлиб яшар доим етмиш мард,
Тани ёниб, элга қилади хизмат.
(Гугурт)


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!