От асбоблари ва йўл

Отдан баланд,
Итдан паст.
(Эгар)

Бўйи паст,        
Отдан тушмас,        
Пиёда юрмас.        
(Эгар)

Узун эдим кесдилар,        
Йўғон эдим йўндилар,        
Ишга лойиқ қилдилар.        
(Эгар)

Том устида сандиқ.
(Эгар)

Тепдим,        
Теракка чиқдим.        
(Отга    миниш)

Тап-тап этиб томга чиқдим.
(Отга миниш)

Тепдим тешик,
Миндим бешик,
Олдим ажриқ,
Кейним тўқай.
(Узанги, эгар, от ели, думи)

Тўрт ой, йигирма тўрт юлдузни
Самарқанд кета туриб саман отда кўрдим.
(От тақаси, михлари)

Етти тешик,
Бир картиқ.
(От хомути)

Қирқ қулоғи,
Икки оғзи бор.
(Хуржун)

Оғилда беш бармоқ,
Иши хас-чўп тўпламоқ.
(Паншаха)

Қўйворсам юз қулоч
Йиғиб олсам бир қулоч.
(Арқон)

Кундузи юради, юради,
Оқшоми икки оёғини
Осмонга тиклаб туради.
(Арава)

Юрганда шақирлаб кулади,
Тўхтаганда жим туради.
(Арава)

Бир эшагим бор ҳанги,
Қулоқлари данги,
Ўт емайди,
Сув ичмайди.
(Арава)

Жонсиз, безабон,
Қайиш чайнаб ютолмас,
Кетида икки юмалоқ,
Югуриб сира етолмас.
(Арава)

Тўрт ака-ука бир-бирига етолмайди.
(Арава ғилдираклари)

Акаси укасини қува олмайди.
(Арава ғилдираклари)

Бир арқоним бор,
Учи-қуйруғи йўқ.
(Йўл)

Икки арқоним бор,
Йиғиб ололмайман.
(Йўл, арава изи)

Узун опам уйга сиғмас.
(Йўл)

Тоғдан баланд,
Патакдан паст.
(Йўл)

Тўрт оғайни йўлга чиқди,
Иккиси олда бораётир,
Иккиси орқада бораётир,
Орқада бораётганлари
Олдидагилардан қолмаётир.
(Арава ғилдираклари)

Чил қазноғу
Чил ҳужра.
(Четан)

Чил ток, чилман ток,
Чил ҳужра-ю, чил қазноқ.
(Четан)

Қовурғаси бор,
Қони йўқ,
Оғзи бор,
Жони йўқ.
(Четан)

Узун-узун улама.
Учига етган бормикан,
Йўлда ётган сополни
Олиб отган бормикан.
(Йўл, от туёғининг изи)

Отган таёғим отганча кетар.
(Йўл)

Узун-узун улама,
Учига етиб бўлама?
Ерда ётган илонни
Илиб отиб бўлама?
(Йўл, арава изи)

Узун ичак,
Учи тугунчак.
(Йўл, бозор)

Узун ичак,
Бели тугунчак.
(Йўл, кўприк)

Тап-тап этар,
Устидан карвон ўтар.
(Кўприк)

Ҳил-ҳил туям,
Бағри ҳўл туям.
(Кўприк)

Кўк устида устунли уй,
Уй устида ҳаёт.
(Кўприк)

Отаси кўтарам,
Онаси йўрға.
Ўғли қўшиқчи,
Қизи ўйинчи.
(Кўприк, сув, бақа, балиқ)