Золим подшо

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир подшо бор экан. У, шу қадар золим ва жоҳил эканки, таъбига келган ҳар қандай номаъқул ишни ҳам қилаверар экан.
Бир кун подшо жарчи қўйиб чақиртирибди: “Кимки ўлса, эгаси уни мозорга томма-том элтиб қўйсин. Агар шундай қилмаса боши ўлимда, моли талонда!”
Подшонинг бу амри эл-юртни жуда қийнаб юборибди. Подшодан ҳамма безор бўлибди. Бир камбағал кекса шоир бор экан, у подшонинг ҳузурига борибди. Подшо:
— Ҳа, нимага келдинг? — деб шоирга ўдағайлабди. Шунда шоир шеър ўқиб, камбағал, бева-бечораларнинг хонавайронлигини, оч-яланғочлигини, тортаётган азоб-уқубатларини тасвирлаб, подшонинг “Ўликни томдан олиб юрилсин!” деган амри халқни қийнаб қўйганлигини, битта ўликни кўмиш учун одамлар беш-ўн кун сарсон бўлаётганлигини айтибди ва шеърининг охирида подшодан:
— Бундан сизга нима фойда? — деб сўрабди.
Шоирнинг бу шеъри подшони ғазаблантирибди. “Бу миясини еган чол менга насиҳатгўйликка келибди!” деб дарҳол шоирни зиндонга ташлатибди ва “Олтмиш ёшдан ошганларнинг боши кесилсин!” деб иккинчи фармон чиқарибди.
Жаллодлар уйма-уй юриб, қаерда олтмиш ёшдан ошган одам бўлса, тутиб ўлдираверибдилар. Олтмишдан ошганлардан баъзилари турли йўллар билан ўлимдан қочиб қутулибдилар.
Бир кун подшо ўттиз ёшгача бўлган лашкарларини отланишга амр қилибди ва “Ўттиз бир ёшга чиққани бўлса ҳам қолдирилсин: унинг ақли анча қисқа бўлади”, дебди. Подшонинг бир вазири бор экан. У подшодан:
— Шоҳим, нега бундай дейсиз? — деб сўрабди.
— Э, аҳмоқ, нодон, сен нимани биласан? — дебди бўғилиб подшо. — Мен тажрибамдан ўтказганман: ўттиздан ошган одамнинг ақли паст, эси кам бўлади. Оғзига нима келса, шуни сўзлайверади. Ундай одамнинг нима кераги бор! Иккинчи бу гапни гапирма, оғзингга қўрғошин қуйдираман!
Подшо лашкарлари билан узоқ сафарга отланибди. Улар юриб-юриб бир тоғга етибдилар. Тоғ ёнида бир катта дарё ҳайқириб оқар экан. Подшога бу ер ёқиб қолиб, шу ерда қўнишга амр қилибди. Подшо кечаси дарё лабида сувни томоша қилиб ўтирса, дарё ичидан бир жуфт гавҳар шамчироқ кўринибди. Подшо лашкарларнинг бирига ўша гавҳарни олиб чиқишни буюрибди. У подшонинг айтганини қилиш учун дарёга шўнғибди, лекин қайтиб чиқмабди. Подшо иккинчи кишини чақириб, дарёга шўнғишга буюрибди. У ҳам бедарак кетибди. Қўйинг-чи, шу кеча юзга яқин одам бирин-кетин сувга шўнғиб, бирортаси ҳам қайтиб чиқмабди. Сўнгра лашкарлардан бири:
— Шоҳим, дарё тагига етиб бўлмайди. Шунча шўнғиган кишилардан бирортаси ҳам чиқмади. Бекорга ўлишдан нима фойда? — деган экан, подшо ғазабланиб:
— Э, эси паст, дарё таги чуқур бўлса, гавҳар кўриниб турармиди! — деб даҳшат қилиб, уни ўлимга буюрибди.
Лашкарлар орасида бир йигит бўлиб, унинг саксон яшар отаси бор экан. Подшо олтмиш ёшдан ошганларни ўлимга буюрган вақтда ҳалиги йигит отасини яшириб қўйган экан. Чолнинг шундан бошқа ўғли йўқ экан. Йигит подшо билан сафарга чиқиб кетаётганда чол йиғлаб бундай дебди:
— Болам, бугун сен узоқ сафарга жўнаб кетасан. Менинг сендан бошқа ҳеч кимим йўқ. Келгунингча аҳволим нима кечади? Подшога бориб айт, мени ўлдирсин, сен мени кўмиб кет. Ё бўлмаса бир илож қилиб мени ҳам олиб кет.
Йигит отасининг ҳолига раҳми келиб, бир сандиқ ясатиб, отасини шу сандиққа солиб, олиб кетган экан.
Дарёга шўнғиш навбати шу йигитга келганда, дарров келиб сандиқни очиб, йиғлаб:
— Ота, мендан рози бўлинг, — деган экан, отаси:
— Нима бўлди, болам? — деб сўрабди.
Ўғли воқеани отасига айтиб берибди.
Чол ўйлаб туриб:
— Дарё лабида дарахт борми? — деб сўрабди. Ўғли:
— Ҳа, бир туп катта чинор бор, — дебди.
— Бўлмаса, — дебди чол, — гавҳар ўша дарахтда бўлса керак, иложи бўлса, ўша дарахтни бир қараб боқ, ўғлим, сенга навбат келса, югуриб ўша дарахтга чиқ, агар гавҳарни топсанг уни лирпангга тугиб, ўша ердан туриб сувга шўнғи, кейин сувдан чиқ! Гавҳарни подшо қўлига шундай қилиб опчиқиб бермасанг, у нодон сенга азоб беради.
Йигит отаси билан рози-ризолик тилашиб, подшо қошига келибди. Подшо уни кўриши билан:
— Гавҳарни олиб чиқ! — дебди. Йигит тўппа-тўғри дарахт устига чиқиб кетаётган экан, подшо:
— Сувга туш, дедим сенга, нега дарахтга чиқасан?! — деб дўқ урибди. Йигит айтибди:
— Шоҳим, мен жуда қаттиқ шўнғийман. Шунинг учун сувга ўзимни дарахт тепасидан туриб ташламоқчиман. Гавҳар етти қават ернинг тагида бўлса ҳам уни албатта олиб чиқаман!
Йигит дарахтга чиқиши билан бир жуфт гавҳарнинг бир қуш уясида ярқираб турганини кўрибди. Уни дарров олиб, белига тугибди-ю, ўзини дарёга отибди, бир шўнғиб, қуруққа чиқибди.
Подшо: “Кимки гавҳарни олмасдан чиқса, терисини шилдираман, минг хил азоб билан ўлдираман!” деган экан.
Йигит дарёдан чиқиб, бир жуфт гавҳарни подшо олдига қўйибди.
Подшо йигитни хурсанд қилиш ўрнига, унга бир хўмрайибди-да:
— Атиги шуми, бошқа йўқ эканми! Агар шуни олиб чиқмаганингда каллангни сапчадай узардим! Бўлди, тур, йўқол! — деб йигитни ҳайдаб жўнатибди.
Сўнгра подшо бу ердан кўчишга буйруқ қилибди. Кўчиб бир жойга борибдилар. Қарасалар, сув лабида жуда кўп чумоли юрган эмиш. Подшо:
— Чумолилар бу ерда нима қилади? — дебди. Бунга ҳеч ким жавоб бера олмабди. Кейин подшо ҳаммани йиғиб:
— Ҳар куни иккита одамдан сўрайман. Таъбимга ёқар жавоб қилса, хўп-хўп, бўлмаса уни ўлимга буюраман! — дебди.
Буни эшитган ҳалиги йигит яна отаси олдига бориб, воқеани сўзлаб берибди. Чол:
— “Бир куни туғилмоқ, бир куни ўлмоқ бор” деганлар, ўғлим, — дебди, — сен подшога бориб: “Мен жавоб бераман”, дегин. Агар сўраса: “Дарёнинг тагида ёғлиқ хумча бўлса керак, чумолилар шунга айланиб юрибди”, дегин. Агар “Хумчани олиб чиқиб кўрсатасан”, деб қолса, хўп дегин-у, бир дарахт устига чиқ, қўлингга ўқ-ёйни олиб, подшонинг оғзини пойлаб отки, тил тортмай ўлсин. Битта подшо деб шунча навқироннинг бекорга нобуд бўлиши яхши эмас.
Йигит отасининг олдидан чиқиб, подшо ёнига келиб:
— Шоҳим, бу саволингизга мен жавоб берай, — дебди ва отаси ўргатган сўзларни айтибди. Подшонинг аччиғи келиб:
— Чумоли дарёнинг тагидаги ёғлиқ хумчага айланишиб нима қилади?! Бу жавобинг жуда бемаза жавоб! — дебди ва жаллод чақириб:
— Ўлдир буни! — деб буюрибди. Йигит:
— Шоҳим, мен ўша хумчани дарёдан олиб чиқиб кўрсатсам бўладими? — деб сўраса, подшо:
— Олиб чиқиб, кўрсат! — дебди. Йигит дарҳол дарахт устига чиқибди.
Подшо: “Бу йигит дарёга ўзини дарахт устидан ташлайди”, деб қараб турибди. Йигит дарахтга чиқибди-да, қўлига ўқ-ёйни олиб, подшонинг оғзини мўлжалга олиб, ўқ узибди. Ўқ подшонинг оғзидан кириб, орқасидан чиқибди. Подшо ўша заҳотиёқ тил тортмай ўлибди. Ҳамма ундан безор бўлган экан. Лашкарлар келиб йигитни қучоқлаб “Хўп иш қилдинг”, деб хурсанд бўлибди. Шунда йигит:
— Бу ишни мен саксон яшар отамнинг маслаҳати билан қилдим. Афсуски, қанча-қанча оталаримизни бу золим подшо бекорга ўлдириб юборди, — дебди-да, отасининг насиҳатини уларга бирма-бир айтиб берибди. Йигитлар чолнинг бу ажойиб маслаҳатидан миннатдор бўлишиб, уни ўзларига бошлиқ қилиб кўтарибдилар. Улар ичида бир шоирнамо одам бор экан. У ҳалиги чолнинг бунчалик ўткир ақлига қойил қолиб:
— Қари билганни пари билмас, — деган экан.



Золим подшоҳ

Ажам шоҳларидан бири халқ мулкига зўрлик билан қўл чўзди. Бу ҳам етмагандай, азият бера бошлади. Жабр-зулмлардан тўйиб кетган халқ ўз ерини, юртини ташлаб чиқиб кетди. Одамларнинг у ёқдан бу ёққа кўчиб юриб, ғурбат йўлини тутишларидан ўзга чоралари қолмади. Борган сари аҳоли камайиб, мамлакат даромади тушиб кетди. Султоннинг хазинаси бўшаб қолди. Шу пайт душманлар ҳам ҳар томондан ҳужум қила бошлашди. Бир кун султоннинг мажлисида, ҳукмдорлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Шоҳнома” китобидан: “Заҳҳок салтанатининг таназзулга юз тутиб, Фаридуннинг тахтга чиқиши” ҳақидаги ҳикоят ўқилди. Шу пайт вазир султонга:
–Афандимиз, – деди. Мамлакати, хазинаси ва қўшини бўлмаган Фаридун, шоҳликка қандай қилиб эришди?
–Эшитганингдек, бир тўда оломон унинг ёнини олди. Халқ йиғилиб, уни қўллаб-қувватлади ва у шоҳлик даражасига кўтарилди, – деб жавоб берди султон.
Шунда вазир:
–Модомики, – деди. – Халқнинг кучи шоҳликни таъминлар экан, унда нега сиз халқни паришон қилмоқдасиз, шоҳим? Ёки подшоҳлик қилиш фикридан йироқмисиз?
Султон сўради:
–Сенингча, уларни бир ерга жамлаш учун нима қилишим керак?
Вазир жавоб берди:
–Аввало, подшоҳ одил бўлсагина оломон унинг атрофида йиғилади. Сўнгра, марҳаматли бўлсагина шу давлатнинг ишонч соясида хотиржам ўтиради. Аммо сизда бу хислатларнинг биронтаси ҳам кўринмайди.
Доно вазир сўзларига қўшимча қилди:
–Бўридан чўпон чиқмаганидек, золим киши зинҳор шоҳлик қила олмайди. Шоҳнинг зулм уруғини экиши, ўз салтанати пойдеворини қулатиши демакдир.
Султон вазирнинг аччиқ сўзларидан ниҳоятда ғазабланди. Ва бошқаларга ибрат бўлсин дея уни жазога тортди. Вазир хибсга олиниб, зиндонга ташланди. Орадан анча вақт ўтди; подшоҳнинг жиянлари унга қарши бош кўтаришди. Султоннинг адолатсиз ҳаракатларини, ўлкани бошқара олмаётгани ҳамда фалокат ёқасига олиб келганини айтишиб, ундан қутулмоқ учун қўшин тўплашган эди.
Султоннинг зулмидан паймонаси тўлган халқ, исёнчиларнинг даъватига эргашишди. Доно вазир айтганидек, мазлум кишилар султонга бутунлай душман бўлиб қолди. Ва исён кўтарган шоҳнинг жиянларига кўмакчи бўлиб, золим подшоҳ салтанатини вайрон қилишди. Ўлка золим подшоҳ зулмидан қутулиб, бутунлай озодликка эришди.

Ҳикмат

Кучли инсон зулм қилмайди. Золим бир куни албатта жазосини олади. Мазлумнинг оҳи, золимга яхшилик олиб келмайди.

«Гулистон»дан
Кавсар Шодиева таржимаси