Золим хон билан чўпон

Ўтган замонда бир золим, қонхўр хон бўлган экан. Хоннинг қирқ хотини бўлиб, битта ҳам фарзанд кўрмаган экан. Хон умрининг охирида энг кичик хотинидан бир ўғил кўрибди.
Кундан кун, ойдан ой, йилдан йил ўтибди. Ўғли ўсиб улғайибди, қомати келишган, ақли расо, раҳмдил йигит бўлиб етишибди.
Хон кўзининг оқу қораси, битта-ю битта ўғлига шамолни ҳам раво кўрмас экан. У ўғлининг раҳмдиллигидан ғазабланар экан. Лекин ўғлига ҳеч нима деёлмай, у билан сўзлашган одамни ўлдиртирар экан.
Кунлардан бир куни шаҳарнинг четидаги бир ўрмонда ёввойи тўнғиз пайдо бўлиб, экинларни пайҳон қилиб, халққа кўп зарар етказибди. Ҳеч ким тўнғизни ушлолмабди. Аксинча, тўнғиз ўрмонга борган одамларни ҳалок қилар экан.
Буни эшитган хоннинг ўғли ўрмонга бориб тўнғизни ўлдириб келиш учун отасидан ижозат сўрабди. Хон жавоб бермабди.
Охири хоннинг ўғли отасига билдирмай кийиниб, яроғ-аслаҳа олиб, бир ўзи ўрмонга отланибди. Дарвозада турган соқчилардан бирига:
— Мен уч кунда қайтиб келсам келганим, бўлмаса мени ўлди деб билинглар, — дебди. Йигит ўрмонга қараб йўл олибди.
Ёш йигит ўрмонга бориб икки кеча-ю икки кундуз тўнғиз билан олишибди. Учинчи куни тўнғиз уни эзғилаб, мажақлаб ташлабди. У ҳалок бўлибди. Хон ўғлининг кўринмаганига ҳайрон бўлиб, суриштирибди. Ҳеч ким айтмабди. Охири соқчилардан бири хоннинг ўғли ўрмонга кетганини ва ундан ҳалигача дарак йўқлигини айтибди. Хон хавотир олиб ўрмонга кишилар юборибди. Соқчилар, хизматкорлар ўрмонга бориб уни кўп ахтаришибди, бир жойга бориб қарасалар, йигитнинг кийимлари ва қурол-аслаҳалари ҳар ер, ҳар ерда ётган эмиш, ўзи бир дарахтнинг тагида ўлиб ётган эмиш. Йигитнинг ҳалокатга учрагани маълум бўлибди. Хон:
— Кимки ўғлим тўғрисида совуқ хабар келтирса, қорнини ёриб қўрғошин қуяман, — деган экан. Жуда хафа бўлишибди. Хонга билдириш йўлларини ўйлашибди. Хонга айтсак бизни ўлдиради деб, қўрққанларидан нима дейишларини билмабдилар. Золим хоннинг айтган сўзини эслаб, тоққа чиқиб кетишибди.
Тоғда сўзга чечан, қўшиқчи Али деган чўпон яшар экан. Сарой хизматкорлари бўлган воқсани чўпонга айтиб беришиб:
— Энди сен бизга йўл кўрсат, хонга бу воқеани қандай айтамиз, — дейишибди. Чўпон:
— Хафа бўлманглар, ҳозир бир оз дам олиб туринглар. Бу балони мен даф қиламан, — дебди.
Чўпон бир дарахтдан кесиб олиб, қорни тешик дутор ясабди. Хоннинг хизматкорлари олдига келиб:
— Қани юринглар, хоннинг даргоҳига борамиз, — дебди.
Улар хон саройига келганларидан кейин чўпон дуторни қўлига олиб аста-секин чала бошлабди. Дутор нола қилибди.
Ёш йигитнинг ўрмонга боргани, тўнғиз билан олишгани ва охирида қаҳрамонона ҳалок бўлгани тўғрисида куйлабди. Хон дуторнинг юракни эзувчи ғамли ноласидан ўғлининг ҳалок бўлганини сезиб қолибди. Ғазабланиб бақирибди:
— Жаллод, ўрмонга бориб келган бу кйшиларнинг қорнини ёриб, қўрғошин қуй, — дебди.
Чўпон ўрнидан туриб:
— Эй хон, сен эсингни еб қўйибсан? Бу хабарни сенга биз эмас, мана бу дутор етказди. Қўрғошинни дуторнинг қорнига қуявер, — дебди.
Золим хон нима қилишини билмай, ғазабига чидолмай дуторнинг қорнига қўрғошин қуйдирибди.
Шундай қилиб, хизматкорлар золим хон зулмидан қутулиб қолишган экан.