Зиёд ботир

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир подшо бор экан. Унинг бир қизи бор экан. Ниҳоятда соҳибжамол, гўзалликда тенги йўқ, ақлли, ҳушёр қиз экан. Уни ким бир марта кўрса, яна бир кўрсам, деб орзу қилар экан. Оти ҳам ўзига ярашган Қамархон экан. Подшо қизини ўғлидан ортиқ кўрар экан. Ўқ отиш, найза санчиш, қилич уришда бу қизга баробар келадиган киши йўқ экан.
Қамархонга ошиқ бўлганларнинг сон-саноғи йўқ экан. Бошқа эл-юртлардан ҳам шаҳзодалар, бекзодалар ошиқ бўлиб совчи юборар эканлар, аммо қиз уларни ёқтирмас экан. Қизнинг берадиган жавоби битта: “Эрга тегмайман”, дер экан.
Подшонинг саройида бир уста ишлар экан. У ҳамма ҳунарни билар экан. Унинг ясаган асбоблари подшога жуда маъқул бўлганидан подшо уни саройдаги барча усталарга бошлиқ қилиб қўйган экан. Халқ орасида устанинг обрўси жуда баланд экан. Сарой хизматидагиларнинг каттасидан кичиги уни ҳурмат қилар экан. Устанинг йигирма яшар навқирон ўғли бўлиб, хушсурат, ўқиган, ақлли, ботир экан. Бу боланинг оти Зиёд ботир бўлиб, баҳодирликда донг чиқарган экан. Зиёд ботир ҳам подшонинг қизи Қамархонга ошиқ экан. Отаси ўғлига ўз ҳунарини ўргатар экан: “Ўғлим, сен менинг ҳунаримни ўрганиб ол, бир кунингга ярайди”, дер экан.
Отаси Зиёд ботир Қамархонни севиб қолганини билмас экан. Йигит кечалари маликанинг ишқида йиғлаб чиқар экан. Зиёд ботир кўп ўтмай, отасининг ҳунарини ўрганиб олибди.
Бир куни малика устага янги ўқ-ёй буюрибди. Уста маликанинг дидига ёқадиган ўқ-ёй қилиш учун бор ҳунарини ишга солибди. Зиёд ботирнинг отаси тез кунда битта ўқ-ёй тайёр қилибди. Ўғли ҳам отасидан яширинча ўқ-ёй тайёрлаган экан. Тайёрланган ўқ-ёйни отасига кўрсатибди. Отаси уни кўриб жуда ҳайратда қолибди. Ўқ-ёй отаси тайёрлаган ўқ-ёйдан анча яхши ишланган экан. Ўқ-ёйнинг қабзасига ажойиб байтлардан нақшинкор қилиб ёзиб қўйилган экан. Ўқ-ёй шундай чиройли чиқибдики, уни қўлга олиб кўрган киши ҳайрон қолар экан. Отаси жуда хурсанд бўлибди ва ўғлининг пешонасидан ўпиб: “Балли, ўғлим, менинг ҳунаримни ўрганиб олибсан, энди то умрингнинг охиригача ҳеч кишига хор бўлмайсан”, дебди. Сўнг ўзи тайёрлаган ўқ-ёйни қолдирибди-да, маликага Зиёд ботир ишлаган ўқ-ёйни юборибди. Малика ўқ-ёйни кўриб қойил қолибди. Ўқ-ёй ўзининг ўйлаганидан ҳам зиёда бўлгани учун устага совғалар берибди.
Уста анча кексайиб қолган экан. Бир кун қаттиқ касал бўлибди, ҳеч қандай дори-дармон кор қилмабди, охири вафот қилибди. Уста ўлгандан сўнг подшо Зиёд ботирни чақириб олиб, уни отасининг ўрнига тайинлаб, усталарга бошлиқ қилиб қўйибди. Зиёд ботир бу янги хизматини қилиб юраверибди.
Кунларнинг бирида подшо ҳарамга кирибди, қизининг бир ўқ-ёйига кўзи тушибди. Ўқ-ёйни қўлига олиб, ишланишини томоша қилиб ҳайрон бўлибди, бирдан унинг қабзасига тикилиб қолибди ва Зиёд ботирнинг нақш билан майда қилиб ёзиб қўйган байтларини ўқибди. Сўнгра бу ёзилган байтни қизига ўқиб берибди. Қизи ҳам ҳайрон бўлибди. Кейин подшо ғазабланиб, Зиёд ботирни чақириб:
— Буни ким ёзган? — деганида, Зиёд ботир:
— Мен ёздим, — дебди. Подшо:
— Ҳали сен шундай ярамас ишларни ҳам қиласанми, кўрнамак! — деб жаллод чақириб, уни ўлимга буюрибди.
Шунда вазирлардан бири подшонинг оёғига йиқилиб, Зиёд ботирнинг гуноҳини сўрабди. Подшо вазирнинг сўзини ерга ташламай, Зиёд ботирни ўлимдан озод қилибди, лекин, шаҳардан ташқарига ҳайдаб юборибди.
Зиёд ботир йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, чўл-биёбонлардан ошиб, бир ҳафта деганда бир тоғга етибди. Бу тоғ кўкаламзор, одамнинг кўнглини очадиган хушҳаво жой экан. Зиёд ботир тоғда айланиб юриб нарироққа борса, бир мўйсафид чол неча минг йилқи-қўйларни ўтлатиб юрган экан. Зиёд ботир чолга салом берибди. Чол йигитнинг чарчаб келганини билиб, бир коса қимиз узатибди ва:
— Қаердан келяпсан, ўғлим? — деб сўрабди. Зиёд ботир бошидан ўтган воқеаларни бирма-бир гапириб берибди. Чолнинг раҳми келиб:
— Ўғлим, энди қаёққа борасан? — деб сўрабди.
— Э, ота, энди қаёққа борар эдим. Ўз юртимдан жудо бўлган бир ғариб-у мусофирман. Ҳозир бошим оғган томонга кетаётибман, — дебди Зиёд ботир.
— Мен шу тоғ халқининг молини боқаман, — дебди чол, — ота-бободан тортиб ҳаммамиз шу касбни қилиб келамиз. Топганимга қаноат қилсанг, менга ўғил бўлақол.
Зиёд ботирга бу гап маъқул тушибди:
— Отажон, агар сиз шуни хоҳласангиз, мен жон-у дилим билан қабул қиламан, — дебди.
Шундай қилиб, Зиёд ботир чўпонга ўғил бўлиб, қўйлар-йилқиларни боқиб юра берибди. Зиёд ботир бу ерда палахмонга тош солиб отишни жуда яхши машқ қилибди. Йиртқич ҳайвонлар молларни таласа, бир тош билан уриб ўлдираверибди. Зиёд ботирдан тутинган отаси ҳам хурсанд бўлибди. Ҳар йили бир қанча молларни йиртқич ҳайвонлар нобуд қилар экан. Зиёд ботир борганидан сўнг моллар тинчиб қолибди. Зиёд ботирнинг таърифи бутун тоғ халқига ёйилиб кетибди. Одамлар Зиёд ботирга “Сангдоз ботир” деб ном берибдилар. Орадан икки йил ўтибди. Зиёд ботир шу ерда отаси билан мол боқиб юраверсин. Энди гапни подшонинг қизи Қамархондан эшитинг.
Қамархон Зиёд ботирни севиб қолган экан, ичида: “Агар отам мени эрга берса, шунга берса”, деб юрар экан. Отаси Зиёд ботирни шаҳардан ҳайдаб юборгандан кейин ёруғ дунё Қамархоннинг кўзига қоронғи бўлиб, эрта-ю кеч Зиёд ботирни ёдлаб, кечалари йиғлаб, тонг оттирар экан. Аммо дардини ҳеч кимга айтмас экан. Қамарнинг қирқ канизи бўлиб, уларнинг бошлиғи Ҳумоюн деган бир қиз экан. Қамархон ўз сирини ахири шунга айтибди. Малика ўз хафалигини тарқатиш учун тез-тез овга чиқиб турибди. Баҳор кунларининг бирида отасидан ижозат олиб, йигитлар кийимини кийиб, қирқ каниз билан овга чиқибди. Бир неча кун юргандан сўнг бир ўрмонга етибди. Тустовуқ ва турли қушларни овлабди, лекин тузукроқ ов учрамабди. Қамархон бошқа бир жойга бориб қараса, осмон билан ўпишган баланд бир тоғни кўрибди. Қиз тоғга чиқиб кетаётган пайтда олдидан бир бўри чиқиб қолибди. Қамархон бир ўқ билан бўрини ўлдириб, битта қизнинг қўлига бериб, олдинга қараб юрган экан, бир кийикнинг ўтлаб юрганини кўрибди. Кийикнинг қулоғига тилла ҳалқа осилган, шохига тилладан муҳр босилган, бўйнига ҳар хил асл тошлар тақилган экан. Қамархон кийикни яхши кўриб қолибди. Қизларга “Шу кийикни ўраб олиб, тириклай тутинглар, кийикни ҳеч ким қочирмасин, агар кимки қочирса, юзига қора суртиб, овдан ҳайданглар”, дебди.
Қизлар Қамархоннинг айтганини қилиб қўлларига каманд олиб, кийикнинг атрофини ўрабдилар. Ҳумоюн ўртага тушиб кийикка каманд ташлабди. Кийик чап бериб, маликанинг ёнбошидан ўтиб кетибди. Малика кетма-кет уч марта каманд ташлабди, кийикни илинтиролмабди. Қизлардан уялиб, аччиғи келиб, кийикнинг орқасидан қува кетибди. Кийик ҳам отган ўқдай визиллаб, учар қушдай пириллаб кета берибди. Маликанинг минган оти учқур отлардан экан. Шундай бўлса ҳам кийикка етолмабди, лекин кийикнинг кетидан қолмабди. Кийик ҳам, от ҳам ниҳоятда чарчабди. Кийик тўппа-тўғри бир ғорга кириб кетибди. “Ҳа, сени энди тутдим”, деб малика севиниб, ғорга кириб қараса, ғор тешик экан, кийик ундан чиқиб кетибди. Қиз яна отга миниб, кийикнинг орқасидан қорама-қора қувиб кетаверибди. Кийик тоғ ёқалаб кетаётган пайтда Зиёд ботирга дуч келиб қолибди. Зиёд ботир шу тоғда йилқиларини ўтлатиб юрган экан. Палахмонга тош солиб, кийикнинг шохини мўлжаллаб урибди. Тош кийикнинг бир шохини учириб юборибди. Жонивор кийик тил тортмай ўлибди. Кетма-кет малика ҳам қувиб келибди, қараса, кийик ўлиб ётибди. Ғазаб билан қиличини қинидан суғуриб:
— Ҳой, номард чўпон! Менинг мақсадим кийикни тириклайин тутмоқ эди. Сен нега бировнинг овини отдинг! — деб қилични айлантириб, отининг бошини Зиёд ботир томонга бурибди, отга бир-икки қамчи бериб, Зиёд ботирни ўлдириш учун келаётган пайтда тоғнинг бир чеккасидан бир йўлбарс чиқиб, қиз томон югурибди. Маликанинг оти йўлбарсни кўриши билан қўрқиб орқасига тисланибди. Малика от устидан учиб кетибди. Қиличи чап қўлининг тирсагига тегиб, ерга йиқилибди.
Зиёд ботир йўлбарс пайдо бўлиши биланоқ палахмонга тош солиб, мўлжаллаб турган экан. Йўлбарс маликага човут солмоқчи бўлиб сакраганда, Зиёд ботирнинг отган тоши йўлбарснинг бошига тегибди ва уни ўлдирибди. Зиёд ботир малика ёнига келиб қараса, юзига ниқоб тутган бир чиройли йигит отдан йиқилиб, беҳуш бўлиб ётган эмиш. Қиличи қўлидан тушиб, ерга санчилиб қолган эмиш. Дарров кўйлагининг енгини йиртиб олиб қизнинг ярасини боғлаб қўйибди. Йигит: “Инсоф юзасидан иш қилишим керак, бу бечора бекорга ўлиб кетмасин”, деб сув келтириб, унинг юзига сепибди. Қиз шунда ҳам ўзига келмабди. Ботир: “Унинг юзидан ниқобини олиб, озгина сув ичириб кўрай-чи”, деб қараса, қора сочлари жингалак-жингалак бўлиб кетган Қамархон экан. Йигит ўзини йўқотиб қўйибди.
Бироздан сўнг у ўзига келиб:
— Э, пари, бошингни кўтар, тургил, мени куйдирмагил. Сен мени чопсанг чоп, аммо беҳуш ётиб ўлдирмагил, — деб шунча ялинса ҳам, қиз ҳушига келмабди. Бир фурсатдан кейин қиз ўзига келибди. Қараса, тепасида чўпон кўз ёшларини тўкиб турган эмиш. Қиз тикилиб йигитни танибди. Севинганидан яна ҳушини йўқотиб қўйибди. Шу пайтда Қамарнинг канизаклари уни қидириб келиб қолибдилар. Қарасалар, бир йўлбарс ўлиб ётган эмиш. Малика беҳуш, бир чўпон тепасида дам-бадам сув бериб турган эмиш. Қизлар дарров отларидан тушибдилар. Ҳумоюн югурганича келиб, маликанинг бошини тиззасига олиб, кўзидан ёш тўкиб турган пайтда малика яна ҳушига келибди.
Ҳумоюн маликанинг қўлини ечиб, ярасига дори суриб, уни яна боғлаб қўйибди. Маликани саройга олиб қайтишмоқчи бўлганларида у унамабди:
— Мен то тузалгунимча шу юртдан кетмайман, — дебди. Ўша ерда бир булоқ ёнида икки туп катта дарахт бор экан, икки ботмон ерга соя берар экан. Маликани ўша ерга ётқизиб қўйи-шибди. Малика
“Зиёд ботир мени танирмикин”, дегандек қилиб ундан сўрабди:
— Сиз бу ерда қачондан бери чўпонлик қиласиз?
Зиёд ботир “Қамархон мени танимаганга ўхшайди, ростини айтиб қўя қолай”, деб:
— Сизнинг отангиз ҳайдаб юборгандан бери, — дебди. Малика Зиёд ботирга кулимсираб қарабди. Ботир севинганидан юраги ўйнаб кетибди. Малика Зиёд ботирдан узр сўраб:
— Ҳақиқатан айб менда, сизни отамдан сўраб, азобдан қутқариб қололмадим, — дебди.
— Айб сизда эмас, отангизда, — дебди йигит.
Зиёд ботир терисига сиғмай, қувониб, чўпон отасини чақириб келибди. Отаси “Бу азиз меҳмонларни зиёфат қилишимиз керак”, деб қишлоқдан бир катта қозон келтириб, бир неча қўйни сўйиб, қозонларга олов ёқиб юборибди. Чўпон қизларга:
— Чанқагандирсизлар? — деб чораларда қимиз қуйиб бериб турибди. Орадан бир қанча кун ўтибди. Маликанинг яраси ҳам тузала бошлабди.
Энди сўзни маликанинг отасидан эшитинг.
Малика овга чиқиб кетгандан кейин беш кун ўтибди, маликадан дарак бўлмабди. Отаси бир паҳлавонни чақириб, унга бундай дебди:
— Беш кун бўлди, ҳалигача маликадан дарак йўқ, бориб бир хабар олиб кел-чи, қаерда экан? Уни қаерда учратсанг ҳам олиб кел.
Бу паҳлавон маликани севар экан. Шунинг учун ҳам подшога астойдил хизмат қилиб юрар экан. Подшонинг сўзини эшитиб паҳлавон бениҳоят хурсанд бўлибди. У йигитлар билан отланиб “Маликани қаерда ёлғиз топсак, у билан суҳбат қурамиз”, деб бир хум шароб олиб, сафарга чиқибди. У беш кун деганда маликани топибди. Қараса, малика Зиёд ботир билан суҳбат қилиб ўтирган эмиш. Буни кўриб паҳлавоннинг жони чиқиб кетибди. Бир нарса дегани маликадан қўрқиб, отдан тушибди, улар билан сўрашиб бўлиб маликага:
— Отангиз сиздан хавотир олиб, мени юбордилар, — дебди.
Шунда пишиб турган шўрвани сузиб, меҳмонларга тортишибди. Паҳлавон ҳам олиб келган шаробини ўртага қўйибди. Қизлардан бир-иккиси косагул бўлиб шаробни қуйиб турибди. Малика ҳам кўпдан бери хумор экан. Малика шароб ичганидан кейин Зиёд ботир ҳам ичибди. Паҳлавон бир-икки коса шароб ичгандан сўнг боши айланиб кўзи қизарибди, арзимаган нарсадан баҳона топиб, Зиёд ботирга дўқ қилибди.
“Менинг сўзимни нега қайтарасан!” деб ўрнидан туриб, Зиёд ботирга бир мушт урибди. Зиёд ботир аччиқланиб, паҳлавонни бир урган экан, чакаги тушиб, оғзидан кўпик оқиб, ўша ондаёқ ўлибди. Паҳлавоннинг йигитлари Зиёд ботирга ёпиша кетибдилар. Зиёд ботир жанг қилиб, уларни енгибди. Жанг тугагандан кейин малика: “Энди бу ерда туриб бўлмас, бошқа бир юртга кетайлик” дебди, кейин қизларга жавоб бериб:
— Отам мени сўраса, “Малика бошқа юртга кетган”, деб айтинглар, — дебди.
Малика қизлар билан хайрлашибди, қизлар хафа бўлиб, шаҳарга қайтибдилар.
Зиёд ботир ва малика чўпон отаси билан хайрлашиб, ҳар иккаласи икки отга миниб йўлга равона бўлибди. Улар ов қила-қила бир неча кун деганда бир шаҳарга борибдилар. Бу шаҳарнинг номи Ҳирот экан. Ана шу ерда Султон Ҳусайн мирзо подшо экан. Булар келиб бир саройга тушибдилар. Бир неча кун ўтгандан кейин Зиёд ботир қизни никоҳлаб олиш учун одам ахтарибди. Шу саройга яқин жойда бир шайх бор экан. Ботир шайхникига борибди. Шайх уйда йўқ экан. Унинг ўғли чиқибди. Зиёд ботирнинг сўзини эшитиб. “Мен ўзим никоҳлаб қўя қолай”, дебди ва Зиёд ботир билан саройга келибди. Никоҳ пайтида кўзи қизга тушиб: “Аттанг, шундай чиройли қизни никоҳлаб қўлдан бериб қўйдим”, деб афсусланиб, уйга қайтибди.
Қиз дардида Зиёд ботир билан оғайни бўлиб қолибди.
Шайхнинг ўғли:
— Мусофирни сийламоқ керак, деганлар, — деб уларни тез-тез кўргани келиб турибди. Зиёд ботир қиз билан маслаҳатлашиб, бир темирчига шогирд тушибди. Темирчига унинг хизмати ёқиб қолибди. Темирчи қарасаки, йигит ўзидан ҳам ҳунарманд уста, инсофли одам экан.
Уни ўзига шерик қилиб олибди.
Бир куни шайхнинг ўғли Зиёд ботирга қараб:
— Биродар, сиз саройда ётманг, мен ўз маҳалламдан бир ҳовли топиб қўйдим. Шуни сизга олиб бераман, — дебди.
Зиёд ботир ҳовлини кўриб ёқтирибди. Ишлаб орттирган пули бор экан, пулни нақд санаб бериб, ҳовлини олибди. Ҳовлига хотини билан кўчиб келибди. Кейин шайхнинг ўғли Зиёд ботирга:
— Хотинингиз ёш, сиз ишга кетган пайтда у ёлғиз қолади. Бизникида бир яхши кампир бор, ўзи бефарзанд. Шу кампирни сизникига юборсам қандай бўлади? — деб сўрабди.
Зиёд ботир ундан хурсанд бўлиб, розилик берибди.
Шайхнинг ўғли бир маккор кампирни топиб, унга бир қанча пул берибди ва “Ишқилиб шу Қамархонни йўлдан чиқаринг”, деб уни Зиёд ботирнинг уйига обориб қўйибди.
Кампир Қамар билан она-боладай бўлиб кетибди. Кампир эрта-ю кеч қўлида тасбеҳ, ибодат қилар экан. Қамар эри ишга кетгандан кейин гилам тўқир, зерикса, ашула айтар экан. Кампир аста-секин қизнинг пинжига кириб, шайхнинг ўғлини мақтай бошлабди. Қамар маккор кампирнинг ҳаракатини сезиб қолибди. Эрини кампирнинг айтганларидан хабардор қилибди. Шунда Зиёд ботир:
— Мен ҳам ўйлаган эдим-а, бу менга нега мунча дўст бўлиб қолди, деб, дўстлик бу ёқда экан-да, майли, ҳозирча индамай тургин-чи, яна нима дер экан, — дебди.
Эртасига маккор кампир яна шайх ўғлидан гап бошлаб:
— Сизни у киши жуда яхши кўрар эмиш, шу киши билан бир гаплашсангиз нима қилади? — дебди.
Қамарнинг аччиғи келиб, кампирнинг лунжига бир туширибди. Кампир ғўлдираб, шайх ўғлининг ёнига борибди ва бўлган воқеани айтиб берибди. Шайхнинг ўғли аччиқланибди. Одам ўлдириб юрган бир кишиси бор экан, уни чақириб:
— Бу кеча ҳеч қаерга борма, бир иш бор, шуни бажарасан, — дебди.
Шайхнинг ўғли ярим кечада хизматкори билан Зиёд ботирнинг уйига келибди. Буларнинг ухлаганини билиб, иккиси девордан ошиб тушибди, у Зиёд ботирни ўлдириб хотинини олиб чиқиб кетмоқчи экан. Қамар одам шарпасини сезиб, Зиёд ботирни уйғотибди. Зиёд ботир ўрнидан туриб қараса, айвон олдида икки одам турган эмиш. Ёстиғи тагидан ханжарини олиб, шайхнинг хизматкори билан олишибди. Қамар югурганича бориб, шайхнинг ўғлини бир мушт уриб, лунжини шишириб қўйибди. Зиёд ботир эса, шайх ўғлининг одамини ўлдириб, унга ҳамла қилмоқчи бўлиб турган шайх ўғлини ҳам даст кўтариб ерга урибди, лекин шайхнинг ўғли ялиниб-ёлвора бергандан кейин, уни бўшатибди. Шунда шайх ўғли Зиёд ботирнинг оёғига йиқилиб, иккинчи бундай номаъқулчилик қилмасликка сўз берибди.
Малика “Ўлдирайлик”, деса ҳам, Зиёд ботир: “Майли, кетсин бу номард! Иккинчи бундай ишни қилмасин!” деб уни уйдан чиқариб юборибди.
Шайх ўғли бу ердан чиққандан кейин “Нега шуни подшога бориб айтмайман?” деб, лунжини танғиб, подшо саройига борибди.
Султон Ҳусайн мирзо ўз яқинлари билан ўтирган экан, улар орасида бунинг отаси шайх ҳам бор экан. Шайхнинг ўғли подшога таъзим қилиб:
— Шоҳим, яқинда юртимизга бир бепадар йигит бир қиз билан келган эди. Мен уларни дуруст одам деб никоҳлаб қўйган эдим. Кейин ҳовли ҳам олиб бердим. Шу кеча кўчадан ўтиб кетаётсам, шу ҳовлида бир қанча йигитлар ўртасида ҳалиги бепадарнинг хотини ўйнаб турган экан. Аччиғимга чидолмай йигитни чақирдим ва ”Бу нима бузуқлик, уялмайсанми?” деган эдим, у менга бир мушт солди. Шоҳим, шу ярамас йигитни шаҳардан бадарға қилишга фармон беришингизни сўрайман. Бунинг касофати ҳаммамизга тегмаса деб қўрқаман, — дебди.
Подшо ғазабланиб:
— Уни шаҳардан ҳайдаб юбориш бир ёқда турсин, ҳозир чақиртириб ўлдираман! — дебди ва одам юборибди. Подшо юборган кишилар Зиёд ботир билан Қамархоннинг қўлларини орқаларига боғлаб олиб келишибди. Подшо Қамарни кўриши биланоқ ўзини йўқотиб қўйибди.
Лекин уларни ярамас иш қиладиган одамга ўхшатмабди.
Подшо Зиёд ботирдан:
— Сен бу қизни қаердан олиб келган эдинг? — деб сўрабди. Зиёд ботир:
— Ўзидан сўранг, — дебди.
Подшо саройни ҳоли қолдириб, Зиёд ботирга:
— Сен қизни ташлаб кетавер! — дебди.
Зиёд ботир унамабди. Подшо аччиқланиб:
— Жаллод! Олиб чиқ буни, дорга ос, — дебди. Ботирни жаллодлар олиб чиқиб ўлдирмоқчи бўлганда Зиёд ботир чаққонлик билан улар қўлидан чиқиб қочибди ва тўппа-тўғри ҳалиги темирчи устанинг уйига бориб, бўлган воқеани унга сўзлаб берибди. Темирчи “Фалон жойда бир ғор бор, сен ўша ерга бориб турасан, мен шаҳарда нима гап бўлганини эртага бориб сенга айтаман”, дебди.
Энди гапни маликадан эшитинг:
Подшо Қамарга яхши гапириб: “Мен сизни маликаларнинг маликаси қилай, сиз мен билан бўлинг”, деб кўп ялинса ҳам бўлмабди. Подшо ғазабланибди. Подшонинг боғида яширин бир зиндон бор экан, уни ҳеч ким билмас экан. Қамарни шу зиндонга солибдилар. Зиёд ботирнинг қочганини эшитиб, уни кўп қидирибдилар, лекин топа олмабдилар. Эртасига кечқурун темирчи уста Зиёд ботир яширинган ғорга бориб, иккиси узоқ маслаҳат қилишибди.
Зиёд ботир:
— Энди нима қиламиз, бир тузукроқ йўл кўрсатинг, — дебди.
Темирчи ўйлаб-ўйлаб:
— Бир йўл бор, — дебди, — у ҳам бўлса подшонинг вазири Алишер Навоий билан учрашасан, бутун сирни унга айтасан, дардингга ўша киши даво топа олади.
Зиёд ботир “Хўп”, деб ярим кечада ғордан чиқиб, Навоийнинг уйига борибди. Эшикда турган мулозимга салом бериб:
— Мен Навоий ҳазратлариникига узоқ ердан меҳмон бўлиб келдим, — дебди.
Навоий кечалари ухламасдан ишлар экан. Мулозим Навоий ҳузурига кириб: “Бир меҳмон йигит узоқдан сизни кўргани келибди”, деган экан, Навоий:
— Чақир, кирсин! — дебди.
Зиёд ботир Навоий билан кўришиб-сўрашиб бўлгач, бошидан ўтган воқеаларни бирма-бир баён қилибди. Навоий уни юпатиб:
— Хотиржам бўлинг, подшо Қамарни ўлдирмайди, мен унинг хабарини эртага олиб келаман, — дебди.
Навоий эртаси подшо саройига борган вақтида боғга кирибди. У подшонинг шу ерда яширин зиндони борлигини билар экан. Боғни айланиб юрганда уни боғбон кўриб қолибди, Навоийга таъзим қилиб бир даста гул тутибди. Бу киши ҳам боғбонлик, ҳам зиндонбонлик қилар экан. Бу сирни ҳеч ким билмас экан.
Навоий боғбонга қараб:
— Қиздан хабар олиб турибсизми? Ёшлик қилиб тағин ўзини ўзи ўлдириб қўймасин, — дебди. Боғбон:
— Ҳа, тақсир, хабар олиб турибман, подшонинг ўзлари ҳам ҳозир келиб кетдилар, — дебди.
Шу билан Навоий хотиржам бўлиб, уйга қайтибди ва Зиёд ботирга қизнинг соғ-саломатлигини билдирибди. Ўзи шу кундан бошлаб одамларга подшо боғига томон лаҳим ковлатибди. Уч кун деганда лаҳим ковланиб бўлибди. Навоий Қамарни зиндондан чиқарибди, ўз уйига олиб бориб, унга бир яхши жой тайин қилибди. Сўнгра Зиёд ботирга.
— Сенинг биродарингман, Қамар бажонидил синглим, менинг уйимда бир умр турсангиз ҳам бемалол, биров сизларга дахл қилмайди, — дебди. Қамар билан Зиёд ботир хурсанд бўлиб Навоийнинг уйида яшабдилар. Орадан уч йил ўтибди. Қамар бир ўғил туғибди. Боласи юрадиган бўлибди. Бир кун Навоий боғдан чиқиб кетаётганда бола йўлда сув ўйнаб турган экан. Навоий уни кўтариб, қўлига гул бериб, Зиёд ботирнинг эшиги олдига етганида ичкаридан Зиёд ботирнинг овози эшитилибди:
— Нега йиғлайсан, онангни соғинганинг билан бориб кўролмайсан. Қўй, йиғлама, юрагимни эзма!
Навоий буни эшитиб ҳовлига кирибди. Қамар кўз ёшини артиб ўрнидан туриб, Навоийга салом берибди. Навоий:
— Хафа бўлманг, синглим, яна бир ой сабр қилинг, юртингизга ўзим обориб қўяман, отангизга ҳам тушунтираман, — дебди.
Орадан бир ой ўтибди. Навоий подшодан саёҳат баҳонаси билан ижозат олиб, ўзининг яхши сирдош йигитларидан тўрттасини ҳамроҳ қилиб, сафар жабдуғини ростлабди. Йигитлар бир ҳафта илгари Қамар билан Зиёд ботирни шаҳардан чиқариб, бир тоғнинг бағрига қўйиб келишибди. Навоий бир ҳафтадан сўнг йўлга чиқибди. Қамар билан Зиёд ботирни олиб, тўппа-тўғри уларнинг юртига жўнабди.
Бир неча кун йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб, ахири Қамарнинг юртига етибдилар. Подшо Навоий келганини эшитиб бир қанча меҳ-монларни чақирибди. Навоийни бир неча кун меҳмон қилгандан кейин:
— Хуш келибсиз, хизмат, — дебди подшо. Навоий:
— Сиздан икки гуноҳкорнинг гуноҳини кечишингизни сўрагани келдим. Шуларнинг гуноҳини ўтсангиз, бир неча кун тураман, бўлмаса ҳозир қайтиб кетаман, — дебди. Подшо:
— Агарда гуноҳкорлар отамни ўлдирган бўлсалар ҳам сиз туфайли уларнинг гуноҳини кечдим, ким экан улар? — дебди.
Навоий Қамар билан Зиёд ботирни чақирибди. Қамар келиб, отасига ўзини ташлабди.
Подшо севинганидан ҳушидан кетаёзибди.
— Қаерда эдинг, болам? — деб йиғлаб юборибди. Қамар йўқол-ганидан сўнг подшонинг дарак солмаган жойи қолмаган экан.
Навоий буларнинг бошига тушган ҳамма кулфатларни бирма-бир айтиб берибди.
Подшо шаҳар халқига етти кун зиёфат берибди. У Зиёд ботирни ўзига лашкарбоши қилиб тайинлабди. Зиёд ботир тоғда чўпонлик қилиб юрган отасини чақиртириб келиб, бир боғ олиб берибди. Зиёд ботир халққа меҳрибонлик қилиб, камбағал, оч-яланғоч, бева-бечораларга қўлидан келганича ёрдам қилибди. Навоий бир неча кун тургач, Ҳиротга қайтибди, Зиёд ботир билан Қамархон шод-хуррамлик билан умр кечирибдилар.