Ялтиллама сопол товоқ

Бир замонда бир подшоҳ бор экан. У подшоҳнинг қирқ хотини бор экан. Аммо ҳеч фарзанди йўқ экан. Бир куни подшоҳ хафа бўлиб: “Менга ҳеч нарса керак эмас”, деб тахтига ҳам ўтирмабди. Бир неча кундан бери подшоҳнинг тахтга чиқиб ўтирмаганига ҳайрон бўлган вазирлар мажлис қуриб подшоҳ билан маслаҳатлашибдилар.
— Э, подшоҳим, нимага шунча кундан буён тахтингизга чиқиб ўтирмайсиз,— деганларида подшоҳ вазирларига қараб:
— Э, вазирларим, менинг қирқта хотиним бор, лекин биронта фарзандим йўқ. Мен ўлганимдан кейин менинг тахтимга ўтириб ким юртни сўрайди, шунинг учун мен тахтимга чиқиб ўтирмайман, — дебди. Вазирлари:
— Э, подшоҳим, шу қирқ хотинингизнинг устига яна бир хотин олиб берсак, эҳтимол фарзанд кўриб қоларсиз. Агар шунда ҳам фарзанд бўлмаса ихтиёр ўзингизда, нима қилсангиз ўзингиз биласиз, — дебдилар.
Шу билан қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, яна бир хотин олиб беришибди. Ойдан ой, йилдан йил ўтиб, подшоҳнинг кичик хотини ҳомиладор бўлиб, ой-куни яқин қолганда подшоҳ овга чиқиб кетибди. Подшоҳнинг катта хотинлари қараса, кичик хотини дард тутиб туғай деб ётибди. Дарров бир энагани айттириб келиб, бир уйга йиғилишиб маслаҳат қилишибди. “Кичик кундошимиз фарзанд туғса подшоҳ бизга қарамай, кичик хотини билан бўлиб кетмасин”, деб энагасига бир сирар тилла бериб, “Сиз бир иложини қиларсиз”,— дейишибди.
Энага бир сипар тиллани олиб, суюниб:
— Бунинг иложини мен қиламан, — деб подшоҳнинг кичик хотини олдига борибди ва:
— Эй, синглим, бизнинг расмимизда туғадиган хотинларни тепага чиқариб қўйиб, тагида беш-олтита хотин чодир ушлаб туради, — деб хотинни тахтнинг устига чиқариб қўйибди. Подшоҳнинг барча хотинлари йиғилишиб унинг тагида чодир ушлаб турибдилар. Подшоҳнинг кичик хотини бир ўғил ва бир қиз тиғибди. Кундошлар болаларни олиб бекитишиб, унинг ўрнига икки кучук болани қўйишибди.
Подшоҳ овдан келгач, кундошлар:
— Э, подшоҳим, хотинингиз икки кучуквачча туғди, — дейишибди. Подшоҳ бу сўзларни эшитиб:
— Хотиним икки кучук бола туғган бўлса, уни чўлга олиб чиқиб, ўра қазиб кўмиб ташланглар, — деб буюрибди. Вазирлари подшоҳнинг ҳукми билан, кичик хотинни икки кучук бола билан чўл-биёбонга олиб чиқиб, белидан кўмиб қўйишибди. Ўғил ва қиз чақалоқларни эса бир ўрмонзорга олиб бориб ташлаб келишибди. Кучук болалари ҳар қаердан ҳар нарсалар олиб келиб подшоҳнинг хотинини боқишибди.
Ўрмонга ташланган икки болани бир айиқ бир ғорга олиб бориб боқиб катта қилибди. Болалар кечаси ғорга кириб ётар эканлар, кундузи эса акаси овқат қидириб, синглиси ғорнинг оғзида акасини пойлаб ўтирар экан. Бир куни подшоҳ овга чиқиб ўрмонзорни айланиб юрса, бир ғорнинг оғзида бир қиз ўтирибди. Подшоҳ ғорга яқин бориб қолибди, қиз уни кўриб ғорга қочиб кириб кетибди. Подшоҳ нарироқ кетганда қиз яна чиқибди. Подшоҳ ғорга яқинлашса, қиз яна қочиб кириб кетибди. Подшоҳ бу воқеадан шубҳаланиб, “Бунда бир сир бўлса керак”,— деб уйига қайтиб бу ҳодисани вазирларига айтибди. Буни подшоҳнинг хотинлари эшитиб, дарров энагани чақириб бўлган воқеани гапириб:
— Энди бу ишни ҳам ўзингиз амаллайсиз, — деб бир қанча тилла беришибди. Энага бу тиллани олиб, суюниб, аввал ўзи шу болаларни олиб бориб ташлаган ўрмонга борибди. Ғорнинг яқинидан чиқиб қолибди. Қараса, қиз ғорнинг оғзида ўтирибди, акаси йўқ. Кампир қизнинг олдига бориб:
— Оппоқ қиз, аканг келса, менга ялтиллама сопол товоқ олиб келинг, деб айт. Агар йўқ деса, йиғла! — деб ўргатиб кетибди. Синглиси акасига:
— Менга ялтиллама сопол товоқ олиб келиб беринг, — дебди. Акаси:
— Э, синглим, буни сенга ким айтди? У ерга борган киши ўлмай қолмайди-ку, — дебди. Синглиси тинмай йиғлайверибди, унга акаси:
— Хўп, сен мана бу ғозни кабоб қил, еб бўлгандан кейин борсам борайин, — дебди. Иккови ғозни кабоб қилиб еб, қоринларини тўйғазишибди.
Акаси бир қанча йўл юриб бир қирга чиқибди, қирларда кезиб юрган бир чол олдидан чиқиб:
— Э, болам, қаерга борасан? — дебди. Бола:
— Э, ота, шу ёқда бир ялтиллама сопол товоқ деган нарса бор экан, шуни олиб келишга кетаётибман, — дебди. Чол:
— Э, болам, сен ҳали ёш экансан, бекорга ўлиб кетасан, бормагин. Сендан илгари ҳам жуда кўп подшоҳзодалар шу нарсани оламан деб ўлиб кетишган. Сен ҳам шулар қатори йўқ бўлиб кетасан, — дебди. Шунда бола:
— Отажон, ўлсам ўлиб кетай ёки олиб келай, бораман, — дебди.
— Э, болам, хайр, борсанг боргин, бундан нарироқда бир катта чинорда бир қизил от боғлоқлиқ турибди. Ўша отни мингин. Ана у кўринган тепага борганингдан кейин отдан тушиб шу тепанинг ҳар еридан чуқур қилиб кавлагин. Яна отга миниб “Ялтиллама сопол товоқ, мен сенга ўртоқ”, деб чақиргин. У нарса дарёга ўхшаб бир катта ариқда оқиб туради, ариқдан тошиб чиқиб сени қувлайди, сен орқангга қараб отни қамчилаб қоч. У сенга ета олмагандан кейин яна қайтиб жойига тушиб кетади. Бояги сен кавлаган чуқурларга тушгани чиқа олмай қолади. Сен бориб шу чуқурда қолганини олиб келавер. Агар етиб олса сенинг танларингни эритиб-оқизиб олиб тушиб кетади, — деб ўргатибди чол. Бола тўғри чолнинг айтган жойига бориб отни минибди, тепага бориб отдан тушибди, бир қанча чуқурча кавлаб қўйибди. Яна отига миниб тепанинг устида туриб, “Ялтиллама сопол товоқ, мен сенга ўртоқ”, деб чақирибди. Бирдан алланималар ариқдан тошиб чиқиб болани қувлабди. Яқин қолганда бола отга қамчи урибди. От учиб бориб бир қанча жойга тушибди. Болани қувган нарса унга ета олмай қайтиб тушиб кетибди. Бола қайтиб келиб чуқурчаларда қолганини олиб бир шишага солиб келибди. Синглисига бўлган воқеани гапириб, “Оз бўлмаса ўлай дедим” деб, олиб келган нарсасини синглисининг олдига қўйибди. Синглиси уни олиб, кўриб жуда хурсанд бўлибди. Иккови ғорнинг оғзига чиқиб ўтираверибди. Бир куни подшоҳ яна овга чиқиб, “Ўша куни кўринган қиз ҳали ҳам бормикан?” деб узоқдан қараса бир қиз, бир ўғил ўтирибди. Подшоҳ ғорга яқин келса, болалар ғорга қочиб кириб кетибди.
Подшоҳ нари кетса, болалар яна ғорнинг оғзига чиқишар эмиш, подшоҳ яқин келса, улар яна ғорга қочиб кириб кетар эмиш. Подшоҳ узоқлашса, улар яна ғорнинг оғзига чиқишар эмиш. Подшоҳ бу ҳолга таажжубланиб, “Бу қандай воқеа бўлди экан”, деб ўйлаб уйига келибди. Вазирларини чақириб бўлган воқеани айтибди. Бу сўзни подшоҳнинг катта хотинлари эшитишибди. Яна энагасини чақириб бир қанча олтин бериб:
— Бир иш қилиб шу болаларни йўқ қил. Агар йўқ қилмасанг, подшоҳ сезиб қолса, ҳаммамизни ўлдириб юборади, — дебди. Энага яна бояги ғорга бориб қараса, қиз яна ғорнинг оғзида ўтирибди. Энага яна қизни алдаб:
— Аканг ялтиллама сопол товоқни олиб келиб бердими? — деб сўрабди. Қиз:
— Ҳа, ўша куни келганда айтган эдим, олиб келиб бериб, ўзи яна овқат излаб кетди, — дебди. Энага айтибди:
— Бўлмаса, аканг келганида сен йиғлаб ўтир. Аканг “Нега йиғлаяпсан?” деса, менга “Ойинайи жаҳоннома”ни олиб келиб беринг, деб айтгин, — деб тайинлаб кетибди.
Бир вақтда акаси икки қуённи ушлаб келса, синглиси йиғлаб ўтирибди.
— Ҳа, синглим, сенга нима бўлди, нимага йиғлайсан? — дебди акаси.
Шунда синглиси:
— Э, акажон, менга “Ойинайи жаҳоннома”ни олиб келиб беринг, — дебди. Акаси:
— Э, синглим, бир иш қилиб мени ўлдирмоқчимисан? Агар ўлсанг майли, десанг, мен бориб олиб келиб бераман. Ёки ўлиб кетаман. Аввал қоринни тўйғазайлик, ундан кейин бораман, — дебди. Икки қуённи кабоб қилиб еб, синглиси билан хайрлашиб:
— Мени бир ой пойлагин, агар бир ойда келмасам ўлган бўламан, — деб айтибди. Кўп йўл юриб, кўп юрса ҳам мўл юриб бир боғга кирганда кун кеч бўлиб қолибди. Бола ўша боғда бир катта чинорнинг тагида ётиб ухлабди. Бир вақт кўзини очиб қараса, кун ёришиб қолибди. Ўрнидан туриб ўтирса, тепасидаги чинорнинг устида парранда боласининг чийиллаган товуши эшитилибди. Ўтирган жойидан туриб дарахтнинг тепасига қараса, бир катта аждар дарахтга чирмашиб чиқаётибди. Бола ердан бир тошни олиб аждарга отибди. Тош бориб аждарга тегибди. Аждар дарҳол тушиб болани дамига тортибди, бола дарров ёнидан қиличини олиб, тикка ушлаб аждарнинг оғзига кириб кетибди. Қилич аждарни икки нимта қилиб ташлабди. Бола аждарнинг терисидан бир камар олиб белига боғлабди. Бир Семурғ қуш келиб бояги чинорга қўнибди. Боласини санаб қараса, бугун болалари бут, камаймабди. Семурғ болаларига қараб: ”Э, болаларим, бугун аждар келмадими, ҳаммангиз саломат қолибсиз”, — деб сўрабди. Семурғнинг болалари:
— Э, она, мана бу тагимизда ётган йигит, бизни аждардан қутқазиб қолди, — дейишибди. Семурғ бу сўзни эшитиб, пастга тушибди ва боладан:
—Э, дўстим, сенинг бошингга нима иш тушиб бу ерга келдинг?, — деб сўрабди. Бола айтибди:
— Э, семурғ, менинг бошимга тушган ишни сўрама ҳам, куйма ҳам.
Семурғ айтибди:
— Э, дўстим, сен айт, агар менинг қўлимдан келадиган иш бўлса, мен ҳам сенга бир ёрдам берай. Сен менга яхшилик қилдинг, мен ҳам сенга бу яхшилигингни қайтаришим керак, — дебди. Бола:
— Хайр, айтсам айтай. Бир подшоҳнинг қўлида “Ойинайи жаҳоннома” деган нарса бор эмиш, шуни қандай қилиб олиб келсам бўлади, — дебди. Семурғ айтибди:
— Э, йигит, бу хизматни мен қилиб бераман. Сен иккита кийикни бир амаллаб тутиб кел. Шу кийикларни сўйиб, тулум қилиб, битта тулумига гўшт, битта тулумига сув ғамлаб менинг устимга ортиб, ўзинг ҳам чиқиб ол. Қолган ишни мен ўзим қиламан. Лекин йўлда овқат, сув бериб борасан! Боргандан кейин “Ойинайи жаҳоннома”ни олиш йўлини ўзим ўргатаман, — дебди. Бола дарров ўрмонга чиқиб иккита кийикни ушлаб тулум қилиб, бир тулумига гўшт, бир тулумига сув тўлдириб Семурғга ортиб, ўзи устига минибди. Семурғ парвоз қилиб учиб, бир подшоҳнинг саройига тушибди. Болага битта патидан юлиб бериб:
— Мана шу ер подшоҳининг қўлига зирапча кириб, жуда кўп азоб берибди. Буни бир қанча ҳакимлар келиб ола олмаган. Зирапча подшоҳнинг қўлида қолиб кетган. Сен бориб “Мен ҳакимман, подшоҳнинг қўлидаги зирапчани олгани келдим”, дейсан. Эшикдан киргизмасалар ҳам қўймасдан кирасан. Кирганингдан кейин, мана шу мен берган пат билан кавлаб ўша зирапчани ол. Ундан кейин подшоҳ сенга “Тила тилагингни” дейди. Шунда сен “Ойинайи жаҳоннома”ни сўрайсан. Подшоҳ илгариги, ўтган воқеаларни ёзиб, ўз муҳрини босиб, бир хотира тайёр қилиб қўйган. Шу нарсани ҳам “Ойинайи жаҳоннома” билан олиб, тез қайтиб келасан. Мен сени шу ерда пойлаб тураман. Қайтиб келганингдан кейин мен сени яна ўз жойингга олиб бориб қўяман, — дебди.
Бу гапларни уқиб олган бола подшоҳнинг олдига бориб, вазирларига:
— Мен ҳакимман, подшоҳнинг қўлига кирган зирапчани олиш учун келдим, — дебди. Вазирлар болага қараб:
— Э, бола, ёш экансан, овора бўлиб, бекорга ўлиб кетасан. Сендан илгари ҳам бошқа ҳакимлар келиб ололмаган эди, — дейишибди.
Бола ўз сўзида маҳкам тургач, вазирлар подшоҳга хабар берибдилар:
— Э, подшоҳи олам, бир ёш ҳаким келиб эшигингизда турибди. Подшоҳнинг қўлидаги зирапчани олишга келдим, дейди. Биз қанча қайтарсак ҳам қўймаяпти, — дебдилар.
Шунда подшоҳ:
— Ҳакимни олиб келинглар, — дебди. Вазирлар болани олиб киришибди. Бола подшоҳ олдига кириб, ер ўпиб салом берибди:
— Э, подшоҳим, сизнинг жонингизга ором берай деб келдим, — деб ҳалиги семурғнинг пати билан кавлаб подшоҳнинг қўлидаги зирапчани чиқариб олибди. Шу онда подшоҳнинг кўзи очилиб кетиб:
— Э, йигит, нима тилагинг бор, тила тилагингни, — дебди. Бола айтибди:
— Э, подшоҳим, менинг тилагим шуки, менга “Ойинайи жаҳоннома”ни берсангиз. Ундан кейин яна шу “Ойинайи жаҳоннома”да ўтган воқеаларни ёзиб, муҳр босиб қўйган хатингиз бор экан, шуни ҳам беринг, — дебди. Подшоҳ:
— Мендан дунё сўрасанг-чи, камбағал нарса ”Ойинайи жаҳоннома”ни нима қиласан? —дебди. Бола айтибди:
— Э подшоҳи олам, “Ойинайи жаҳоннома”ни берсангиз, менга дунё қаторига ўтади, — дебди.
— Хайр, бўлмасам, — деб подшоҳ “Ойинайи жаҳоннома” билан воқеаларни ёзиб муҳрини босган воқеаномани болага берибди. — Сен кимнинг ўғлисан? — деб боладан сўрабди.
Унга жавобан бола:
— Мен ота-онамни танимайман, ким эканини билмайман. Бир ўрмонда ака-сингил яшаймиз, — дебди. Подшоҳ илгари бу воқеани “Ойинайи жаҳоннома”да кўрган экан. Дарров тушуниб олиб, шаҳзодани ҳурмат билан эшикка олиб чиқиб қўйишибди. Шаҳзода “Ойинайи жаҳоннома”ни олиб бориб, Семурғга минибди. Бир қанча йўл босиб Семурғнинг уясига келиб, у билан хайрлашиб, синглиси олдига келибди. Қараса, синглиси очликдан қийналиб, сулайиб ётибди. Шаҳзода синглисига овқат бериб, унга:
— Мана, синглим, эсон-омон, ўлмасдан буни ҳам олиб келдим, — деб “Ойинайи жаҳоннома”ни берибди.
Эртасига подшоҳ яна овга чиқибди. Ғор ёнига келиб қараса, яна ғор оғзида бир ўғил, бир қиз ўтирибди. Подшоҳ ғорга яқин келибди.
Болалар бу сафар қочмасдан ўринларидан туриб, подшоҳга салом бериб, уни ўтқазишибди. Бола ўзининг бошидан ўтганларини бирма-бир подшоҳга айтиб берибди. Подшоҳ:
— Менинг ўғлим-қизим йўқ, бўлмаса бирингиз ўғил, бирингиз қиз бўлинглар, — дебди. Болаларни олиб ўз шаҳрига борибди. Бола ҳалиги ҳамма воқеани ёзиб, муҳр босган хатни подшоҳга берибди. Подшоҳ бу воқеаномани бутун вазирлари ичида ўқиб берибди. Бу хатдаги воқеани эшитгандан кейин подшоҳ қирқта хотинини зиндонга солишга буйруқ берибди. Буйруқ дарров бажарилибди. Подшоҳ кичик хотинини топиб келишга буйруқ берибди. Вазирлари кичик хотинни олиб бориб ташлаган жойга бориб қарасалар, хотин бир баланд тепада икки ёнига икки итни қўйиб ўтирибди. Вазирлар хотинга яқинроқ бориб:
— Э, синглим, подшоҳ сизни чақиряпти, — дейишибди. Хотин уларга қараб:
— Подшоҳга бориб хотинингиз келмас эмиш, денглар. Агар иккинчи марта одам юборсангиз итларга талатар эмиш, деб айтинглар, — дебди.
Вазирларни ҳам ҳайдаб юборибди.
Вазирлар барча воқеани подшоҳга келиб айтибдилар. Подшоҳ яна:
— Боринглар, алдаб-сулдаб, яхши сўзлар билан олиб келинглар. Агар олиб келмасангиз, ҳаммангизни ўлдириб юбораман, — дебди.
Вазирлар подшоҳдан қўрқиб, яна қайтиб боришибди. Хотин вазирларни кўриб:
— Яна мени олиб кетишга келдингларми, — деб иккита кучугига, — бориб шу келган одамларни талаб ташланглар! — дебди. Итлар бирдан келиб вазирларни талаб ташлабди. Вазирлар итдан зўрға қутулиб, кийим-бошлари йиртилиб, ҳамма жойлари тирналган ҳолда подшоҳнинг олдига келиб воқеани айтишибди. Подшоҳ буларнинг аҳволини кўриб, бўлган воқеани эшитиб, қандай олиб келиш чорасини ўйлаб хафа бўлиб турганда, ўғли шаҳзода кириб:
— Э, ота, нимадан хафа бўлдингиз? —деб сўрабди. Подшоҳ ўғлига бўлган воқеани айтибди:
— Э, ҳимматли ўғлим, онангни қандай қилиб олиб келишни ўйлаб, йўлини топа олмай турибман, — дебди. Шаҳзода ўрнидан туриб:
— Э, ота, бу хизматни мен ўзим қиламан, — деб отасидан фотиҳа олиб, онасининг олдига жўнабди. Бориб, узоқдан туриб:
— Эй, она, мен сизнинг болангизман. Мен сизни олиб кетгани келдим, — дебди. Итлар шаҳзоданинг овозини эшитиб, бирдан келиб шаҳзодани талай бошлабди. Шаҳзода итларнинг тагида ётгани ҳолда баланд овоз билан:
— Эй, жониворлар, мен бир мусофир бечораман. Мен ҳам онамга ўхшаш саргардонман. Унинг устига сизлар ҳам талайсизларми? — дебди. Боланинг овозини онаси эшитиб, раҳми келиб, итларни чақириб олибди. Шаҳзода ўрнидан туриб кўйлаклари йиртилган ҳолда онасига қараб:
— Э, онажон, сиз бормасдан бизни тирик етим қилиб қўясизми, жон она, юринг, олиб кетай, — дебди. Онаси шаҳзодадан бу гапни эшитиб раҳми келиб, болаларим етим бўлиб қолмасин, деб болага қараб:
— Бўлмаса бориб отангга айт, менга бош-оёқ сарпо қилиб бир от-аравани қўшиб юборсин. Мен аравадан тушадиган жойимдан то уйгача оёғимнинг остига гилам солсин. Борганимдан кейин бошимдан олтин сочиб, қайтадан никоҳ қилиб, тўй-томоша қилиб олсин, — дебди.
Шаҳзода онасидан бу сўзни эшитиб, отаси олдига келиб, онасининг айтган шартларини айтибди. Подшоҳ дарров вазирларни чақириб хотини айтган шартларни муҳайё қилишни буюрибди.
Вазирлар бориб подшоҳнинг хотинига сарполар кийдириб, аравага ўтқазиб олиб келишибди. Подшоҳ хотинини яхши кутиб олибди.
Хотини аравадан тушиб, ирак гиламдан юриб уйга кирибди. Подшоҳ хотинининг устидан олтинлар сочиб, қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб, қайтадан никоҳига олибди. Ўғлига Шаҳзода Ботир деб ном қўйибди. Қизига Гулпарах деб ном қўйибди. Шу билан ҳаммалари мурод-мақсадларига етибдилар.